
muslim.uz
Олимлар аниқлашди: ёлғиз таомланиш зарарли...
Ҳар бир жонли мавжудот сингари инсон ҳам яшаш учун озиқланади ва бу орқали сарфланган куч манбасини қайта тиклайди. Ҳайвонлардан фарқли ўлароқ инсон таомланишда ҳам ўзига хос одобларга риоя этади. Илм-фаннинг сўнги тадқиқот натижаларига кўра овқатланишда фақатгина одобнинг ўзи камлик қилар экан.
Жанубий кореялик олимлар маълумотларни таҳлил қилиш йўли билан четдан қараганда қулай ва безарар кўринувчи ёлғиз танавул қилиш ҳолати аслида ўзида яширин хавфни акс эттиришини аниқлади. Мазкур хавф яширин бўлса-да, аммо баъзи тана қисмларида вақт ўтиши билан сезила бошлайди. Нонушта, тушлик ва кечликни ёлғиз тановул қилиш метаболизм синдроми хавфини келтириб чиқаради. Бу синдром эса инсон организмида ортиқча ёғ тўпланишига олиб келар экан. Мазкур хулосага келиш учун олимлар 7752 нафар кўнгиллилар ўртасида сўровнома ўтказади. Сўровнома иштирокчиларидан уларнинг нима сабабдан ёлғиз овқатланиши ва бу ҳол қанчалик тез-тез такрорланиши сўралган. Шунингдек, уларнинг тана вазни ҳақидаги маълумотлар ўрганилган. Шу тарзда ёлғиз тамадди қилувчилар “метаболизм синдроми”га чалингани аниқланган. Мазкур синдром асосан эркакларда (64 фоиз) кўп учраши маълум бўлди. Аёлларда эса бу кўрсаткич уч марта камроқ учрар экан. Мунтазам ёлғиз таомланиш натижасида инсон марказий нерв ҳужайраларида ҳам ноқулай ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Айниқса бундай тоифадаги инсонлар асаб билан боғлиқ касалликларга мойил бўлиш эҳтимоли юқори. Психологларнинг таъкидлашича ёлғиз тамадди қилувчиларда эгоистик кайфият яъни худбинлик характери ривожланиб борар экан. Кўпчилик бўлиб, оила, дўстлар, қариндошлар ва яқинлар даврасида таомланиш ва бундан роҳатланиш орқали инсон танасида серотонин – “бахт гормони”, эндорфин – “бахтиёрлик ёки хурсандчилик гормонлари”, окситотсин — меҳр ва муҳаббат гормони ҳамда вазопрессин – ишонч гормонлари фаол ишлаб чиқарилар экан. Шунингдек, жамоавий овқатланиш асабийликни камайтириши ҳам олимлар томонидан ўз исботини топди. Яна бир муҳим маълумот – кўпчилик бўлиб таомланиш оилавий ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди ва болаларда соғлом овқатланиш одатларни шакллантиради. Таъкидлаш жоизки юқоридаги илмий таҳлиллар 21 асрга келиб ўз исботини топди. Аммо, мусулмонлар учун жамоавий яни кўпчилик бўлиб таомланиш одати қадриятга айланган десак муболаға бўлмайди. Чунки севикли Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан сал кам бир ярим минг йил аввал ўз ҳадиси шарифларида: “Бирга таомланинглар, якка холда эмас жамоатда барака бор” дея таъкидлаганлар.
Анас ибн Молик айтадиларки: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳеч ёлғиз овқатланмас эдилар”. Шу маънодаги бошқа бир ҳадиси шарифларида эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Таомнинг яхшиси кўпчилик билан баҳам кўрилганидир”, дея биз мусулмонларга иймонимиз ва саломатлигимиз учун жуда фойдали бўлган таълимни берганлар.
Мақола интернет ва тиббиётга оид манбалар асосида тайёрланди.
Саидаброр Умаров тайёрлади
Филиппинда миллий Қуръон мусобақаси ўтказилади
Яқин кунларда мусулмонлар мамлакат аҳолисининг беш фоизини ташкил этувчи Филиппин давлатида ҳам Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Бу ҳақда IQNA хабар беради.
Хабарда айтилишича, 27 январь куни Манилада жойлашган “Мовий жоме”да бошланадиган Қуръон мусобақасида мамлакатнинг 17 та ҳудуд ва шаҳарларидан вакиллар иштирок этади. Шу кунгача мусобақанинг маҳаллий босқичлари ўтказилиб, ғолиблар республика босқичига йўлланма олганлар.
Филиппин мусулмонлари ишлари бўйича комиссия марказий ҳудуд бош директори Салсалуна ушбу мусобақа халқаро мезонлар асосида ўтказилишини, икки нафар ғолиб эса Малайзия ва Эронда бўладиган халқаро Қуръон мусобақасига юборилишини эътироф этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳаж делегацияси зиёратчиларимиз билан учрашди
“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамда делегация аъзолари Саудия Арабистонига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.
Делегация аъзолари Саудия Арабистони вазирлиги раҳбарияти билан учрашувдан кейин ўзбекистонлик зиёратчилар ҳолидан хабар олиш мақсадида Макка шаҳридаги “Кисва” меҳмонхонасига ташриф буюрди.
Умра зиёратига келган ватандошларимизнинг яшаш шароити, ибодатлари, озиқ-овқатлари ва бошқа шарт-шароити билан танишиб, меҳмонхонани кўздан кечирдилар. Маккаи мукаррамада бўлиб турган ҳожиларимиз, ишчи гуруҳ ходимлари билан суҳбат ўтказдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири билан учрашди
“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши раиси Жасур Акрамов бошчилигидаги делегация аъзолари Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазири билан учрашди.
Шунингдек учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита зиёрат туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ҳамидбек Ҳасанов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими бош мутахассиси Абдулҳаким Арипов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи Рустам Жамилов иштирок этди.
Ушбу учрашув якунларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида Ҳаж шартномаси имзоланди ва хаж тартиботлари ва жадвали буйича Ўзбекистон ҳожиларини ҳаракатланиши юзасидан барча масалалар муҳокама этилди.
Учрашувдан сўнг икки мамлакат вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситалари учун Матбуот анжумани ташкил этилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизги учрашув чоғида ҳаж вазири Ўзбекистон ҳаж ишларини ташкиллаштириш бўйича ҳеч қандай эътирозлар йўқлиги аксинча, барча ташкилий ишлар ўз вақтида ва ўрнида ҳал қилинаётганлигини эътироф этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Самарқандлик имомлар таълим муассасаларида диний-маърифий суҳбатлар ўтказмоқда
Эртанги кунимиз эгалари бўлмиш – ёш авлодни соғлом эътиқод ва қатъиятли фикр эгалари этиб тарбиялаш, уларнинг дунёвий билимлари билан бир қаторда диний билимларини тўғри шакллантириб бориш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланган. Чунки ҳозирги глобаллашув ҳамда ҳамда эътиқод ниқоби остидаги қарама-қаршиликларга тўла мураккаб давр кишини огоҳ ва маънан етук бўлишга ундайди.
Бу борадаги тарғибот тадбирларида Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиблар ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Вилоятда диний соха ходимлари учун "Душанба – таълим муассасалари билан ишлаш куни" деб белгиланган.
Жорий йилнинг 21 январ куни вилоятнинг Каттақўрғон, Нарпай, Ургут, Пайариқ, Иштихон, Жомбой туманларида ҳам шу кунларда мактаб ўқувчилари билан “Исломнинг илм олишнинг фазилатлари”, Интернетдаги тармоғидаги таҳдидлар, “Исломда вақтнинг қадри”, “Тинчлик-улуғ немат” каби мавзуларда суҳбатлар ўтказилди.
Ушбу учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ўқувчи ёшларга мусаффо исломни етказиш, дунёдаги ягона нажот илму-маърифатнинг инсониятга зарурати, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, “оммавий маданият” кўринишидаги миллий ўзлигимиз, турмуш ва ҳаёт тарзимизга мутлақо зид бўлган кийиниш ва хулқ-атвор кўринишларидан қайтариш, ёшларга қаратилган турли таҳдидлар, диний ақидапарастликка йўналтирилган таълимотларидан огоҳ этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати