Мақолалар

Ташриқ кунларини ғафлатда ўтказмайлик!

Сир эмаски, ҳайит куни инсонлар шоду хуррам бўлиб, бир-бирларига ҳадя, табрик улашадилар. Каттаю кичик кўнглига хурсандчилик киритишга уринадилар. Ҳа, ҳайит кунлари шодлик кунларидир. Лекин кўпчилик ҳайит кунини хурсандчиликда, зикру тоатда ўтказади-да, кейинги кунларни ғафлатда ўтказиб юборади. Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун ибодат, зикр кўпайтириладиган, еб-ичиш кунлари ҳисобланади. Бу кунлар ташриқ кунлари деб юритилади.

Савол: “Ташриқ”, “Наҳр” нима дегани ва у кунлар қайси?

Жавоб: “Ташриқ” сўзи арабча бўлиб, “офтобда гўштни қуритиш” маъносини билдиради. Қурбонлик қилингандан сўнг гўштлар офтобда қуритилгани учун шундай аталган. Илгари ўша кунлари ҳожилар Минода туриб, қурбонликлари сўйилганидан кейин гўштини қуёшга қўйиб қуритиш билан машғул бўлишган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ташриқ кунлари рўза тутишдан қайтарганлар. Бу кунлар Зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунларидир. “Наҳр” кунлари эса “қурбонлик қилиш” кунлари бўлиб, бу Зулҳижжанинг 10, 11, 12-кунларидир. Қурбоникни шу кунлар давомида қилиш мумкин. 

Савол: Ташриқ кунларининг фазилати ҳақида оят ва ҳадислар ворид бўлганми?

Жавоб: Ташриқ кунларининг фазилати ҳақида бир қанча оят ва ҳадислар ворид бўлган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга ҳам гуноҳ йўқ. Бу – тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз» (Бақара сураси, 203-оят).

Ушбу оятдаги “саноқли кунлар” ташриқ кунларидир. Аллоҳ таоло «ташриқ кунлари»да Ўзини кўп зикр қилишга амр қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташриқ кунларининг фазилати ҳақида шундай деганлар: “Ушбу (ташриқ) кунларда рўза тутманглар! Чунки бу кунлар еб-ичиш ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш кунларидир”.Имом Аҳмад  ривоят қилганлар.

Савол: Бу кунларда қандай зикрлар қилинади?

Жавоб: Бу кунларда Аллоҳ таолони зикр қилиш қуйидагича кўринишларда бўлади:

Ташриқ кунларида фарз намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожибдир. Ташриқ такбирининг лафзлари қуйидагилардир:

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар валиллаҳил ҳамд».

Ушбу такбирларни муқим, мусофир, эркак, аёл, ёлғиз намоз ўқувчи, жамоат билан намоз ўқувчи, шаҳарлик, қишлоқлик, хуллас, ҳамма баробар айтади. Эркаклар баланд овозда, аёллар эса паст овозда айтади. Агар имом айтишни унутса, қавм имомнинг эсига солади. Ташриқ кунларида бу такбирларни фарз намоз ортидан айтиш вожибдир. Агар шу кунларда намозини қазо қилса, кейин қазони ўқиётганда ташриқ такбирларини ҳам айтади.

Шунингдек, қурбонлик қилиш асносида Аллоҳ таолони зикр қилинади. Қypбoнлик қиблaгa қapaтилиб: «Биcмиллaҳи, вaллoҳy aкбap. Aллoҳyммa ҳазa минкa вa лaкa» дeб сўйилади. Қурбонлик кунлари ўнинчи зул-ҳижжадан ўн иккинчи зул-ҳижжагача, яъни уч кундир.

Шунингдек, Аллоҳ азза ва жаллани таомланиш ва ичимлик ичиш пайтида зикр қилинади. Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бу кунлар еб-ичиш... кунларидир” деганларини келтирдик. Демак, бу кунларда рўза тутиб бўлмайди, ҳамманинг оғзи очиқ бўлади, таомланади. Таомланишнинг аввалида Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм деб, охирида Алҳамдулиллаҳ деб Аллоҳни зикр қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла таом еб, унинг учун У Зотга ҳамд айтган, ичимлик ичиб, унинг учун У Зотга ҳамд айтган бандасидан рози бўлади”. Имом Муслим ривояти.

Савол: Ҳожиларимиз бу кунларда қандай амаллар бажарадилар?

Жавоб: Ташриқ кунларида ҳожиларимиз Минода шатонга тош отаётганда такбир айтиб, Аллоҳни зикр қиладилар.

Умар розияллоҳу анҳу Минода чодирда ўтирганларида баланд овозда такбир айтар, буни атрофдаги одамлар эшитиб, улар ҳам баланд овозда такбир айтишар эди. Натижада Мино такбир садоларига тўлиб кетарди.

Ташриқ кунларида ҳожиларимиз ҳаж амалларини охирига етказадилар. Улар ана шу пайтда Аллоҳ таолони кўп зикр қиладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

“Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир” (Бақара сураси, 200-оят).

Ҳожиларимиз Зулҳижжанинг 10-куни “Жамратул ақаба” (катта шайтон)га тош отадилар. Шунингдек, соч олдириш, қурбонлик қилиш ва тавофи зиёратни ушбу уч кун (Зулҳижжанинг 10, 11, 12-кунлари)нинг охирги кунигача кечиктириш мумкин. Агар охирги кун ўтиб кетса, ушбу уч ишдан бирортаси боқий қолмайди ва жаримаси учун қурбонлик қилиш лозим бўлади. 

Минода турган ҳожининг агар жуда шошилинч ва узрли сабаби бўлмаса, Минода уч кеча тунайди, агар ўта зарур сабаби бўлса, икки кеча – Зулҳижжанинг ўн биринчи ва ўн иккинчи кечалари тунайди.

Агар ўн иккинчи кеча ҳам тунаб, ўн учинчи куни заволдан кейин учала жамра (тош)ни отиб, кейин кетса, афзалроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга ҳам гуноҳ йўқ. Бу – тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз» (Бақара сураси, 203-оят).

Ҳожилар намозларни жамламасдан, ҳар бир намозни ўз вақтида қаср қилиб ўқийдилар.

Ташриқ кунлари ҳар куни заволдан кейин ҳожилар уччала жамарот (тошлари)ни отадилар. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни чошгоҳ вақтида тош отдилар, қолган кунлари эса, қуёш тиккадан оғганидан сўнг отдилар» (Муслим (1299), Бухорий (3/731) «Китобул-ҳаж»да таълиқ қилган, Абу Довуд (1971), Термизий (894), Насоий (3063), Ибн Можа (3053) ривоятлари).

Шунингдек, бу кунларда барча инсонлар такбирни кўп айтишлари ҳамда дуога ҳарис бўлишлари ҳам мустаҳабдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ушбу (ташриқ) кунларда рўза тутманглар! Чунки бу кунлар еб-ичиш ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш кунларидир” деган гапларида ҳайит ва ундан кейинги уч кун давомида рўза тутмай, таомланиб, Аллоҳни зикр қилиш, Унга кўп дуо ва ибодат қилиш учун куч тўплашга ишора бордир. 

Аллоҳ таоло биз мусулмонларга байрам қилиб берган Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун (Зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунлари)ни шодлик ва қувонч ила, ибодат, зикр ва дуо билан ўтказишимизни насиб этсин!

 

Интернет манбалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Read 3590 times

Мақолалар

Top