muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 28 февраль 2017 00:00

Ўзганинг ҳаққи

Бугунги кунда ҳаётимизни электр энергияси, табиий газсиз тасаввур қила олмаймиз. Хонадонларимизга зиё таратиб, тун зулматини ҳам бизга сездирмайдиган, қишнинг совуқ кунларида уйларимизни иссиқ ҳарорат билан таъминлайдиган бу икки неъмат Яратганнинг бандаларига берган буюк инъомларидан бири бўлиб, улардан оқилона фойдаланишга, исроф қилмасликка буюрилганмиз. Ҳаёт манбаимиз бўлган ичимлик сувининг қадри ҳақида эса гапириб ўтиришнинг ўзи ноўрин ва бунингсиз тириклигимиз душвор экани барча англаб етган ҳақиқатдир.

Юқорида келтириб ўтилган ва булардан бошқа неъматлар инсонларга дунё ҳаётини ислоҳ қилиш, қийинчиликларини кўтариш, қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш учун берилган ва шунинг билан бир қаторда Қуръони каримда "(Ер) юзидаги барча нарсалар фонийдир", (Раҳмон сураси 26-оят) демоқлик билан неъматлар абадий эмаслиги, маълум миқдор ва ўлчов билан чегаралаб қўйилгани маълум қилинган. Шундай бўлгач, бу табиий неъматлардан талаб этилган кўринишда фойдаланиш, уларда ҳамманинг ҳам бирдек ҳаққи борлигини унутмаслик лозим.

Ҳаётимиз давомида оммавий ахборот воситаларида, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви истеъмолининг тўловини амалга оширмаган, оширишга ҳаракат ҳам қилмаётганлар орамизда кўпчиликни ташкил этаётгани бугун айни ҳақиқатдир. Ёки бўлмаса ҳисоблагич асбобларини ортга қайтариш ҳам тобора одат тусига кириб бормоқда. Бу ишларнинг ортида эса алдов, ўзганинг ҳаққига хиёнат, бошқанинг мулкини ҳақ-ҳуқуқсиз ўзлаштириш каби динимиз томонидан буткул қораланган иллатлар ётади.

Газ ва электр токи давлатнинг мулкидир ва давлат асосини эса халқ ташкил этиши эътиборидан, ушбу неъматларнинг ҳаққини адо этмасдан фойдаланиш халқ мулкига хиёнат бўлади. Давлатнинг бюджетида шу чегара ичида яшаётган барча фуқаронинг, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳаққи бор. Коммунал тўловларни амалга оширмаётганлар зикр этилган қатламлар ҳаққини ўзлаштириб юбораётганлари, бу ишлари билан ўзганинг ҳаққини ноҳақ еяётганларини эсдан чиқармасликлари лозим. Зеро Қуръони каримда: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг", (Нисо сураси 4-оят) дея бизларни бошқанинг мулкига кўз олайтиришдан қайтарилган.

Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзига юклатилган вазифаларни астойдил бажариши, зиммасидаги масъулиятга виждонан ёндошиши лозим ва ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслик, молига хиёнат этмаслик керак бўлади. Бунинг натижаси эса шу фуқаронинг ўзига, жамиятга, давлатга фақат ва фақат манфаат келтириши шубҳасиз. 

 

                               Зайниддин Эшонқулов:

Самарқанд вилоят бош имом хатиби ўринбосари,

Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби

Вівторок, 28 февраль 2017 00:00

Фикр ва шукр

Тафаккур ақлга сайқал берадиган муҳим восита. Аслида “тафаккур” сўзининг ўзаги “фикр” бўлиб, бу сўз  астойдил фикр юритиш маъносини англатади.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида тафаккур қилишга тарғиб қилинар экан, инсон ақлининг баркамоллигига зикрга фикрни қўшиш билан эришилиши баён этилган.

Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида: Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз”, деган (24 -оят).

Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, улғайиб вояга етади. Тиним билмай ҳаракат қилади. Қандайдир натижаларга эришади ҳам. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришдим деб юрган нарсани олиб қўяди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам тафаккур алоҳида эътибор ила тилга  олинган.

Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонлар Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар: 

“Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайрлар Оишанинг олдиларига кирдик. Ибн Умар: “Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг”, деди. У киши йиғладилар, сўнгра дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча ўринларидан туриб таҳорат олдилар ва намоз ўқидилар. Намозларида кўп йиғладилар. Соқоллари ва саждага бош қўйган ерлари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетди. Бомдодга азон чақириш учун келган Билол: “Эй Аллоҳнинг элчиси, ўтмиш ва келажак гуноҳларингиз кечирилгани ҳолда сизни нималар бунчалик йиғлатди?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу кеча Аллоҳ таоло бир оят туширди”, дедилар ва уни (Оли Имрон сурасининг 190-191-оятларини) ўқидилар: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Роббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу оятни ўқиб, тафаккур қилмаган кимсаларга вой бўлсин!” дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти, “Саҳиҳ”).

Уламоларимиз ҳам тафаккур ҳақида ажойиб фикрлар айтганлар.
Жумладан, Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ “Иҳёу улумиддин” асарида: “Ҳазрати Луқмон узоқ вақт ёлғиз ўтирар эди. Хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: “Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан узоқ ўтирасан. Бундан кўра, одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?” дер эди. “Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса, жаннат йўлининг кўрсаткичидир”, дея унга жавоб қиларди ҳазрати Луқмон”, деб ёзган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ислом ақидасига кўра, қалбда тасаввур қилиш мумкин бўлган нарсалар ҳақидагина тафаккур қилиш мумкин. Шунинг учун Аллоҳнинг яратганлари ҳақида тафаккур қилинади – Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилинмайди. Чунки Аллоҳнинг сурати васф қилинмайди ва шакли хаёл қилинмайди.

Тафаккур ҳақида Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу (ваф. 720 й) “Буюк Аллоҳнинг неъматини тафаккур қилиш энг фазилатли ибодатлардандир”, деган. 

Аллоҳ таоло барчамизни атрофимиздаги ҳар бир нарса ҳақида фикр юритиб, ибратланишга, биз учун яратиб қўйилган беҳисоб неъматлар учун шукрона айтишга буюрган.

Шоир Рудакийнинг қуйидаги байти бизни “Бирни кўриб фикр қил, юзни кўриб шукр қил”  деган ҳикматнинг мағзини чақишга чақиради:

Борига қаноат қил, озод яша,

Эй Рудакий, одил ва обод яша.

Ўзингдан ортиқни кўриб ғам ема,

 Сендан ожизлар бор, кўриб шод яша.

Аллоҳ таоло бизга берган неъматларни эслайлик. Ўша неъматлар устимиздан ҳам, оёғимизнинг остидан ҳам бизни ўраб олган-ку. Роббимиз Иброҳим сурасининг 34-оятида ўз неъматларини эслатиб бундай дейди: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”.

Тана соғлом, юрт тинч, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар муҳайё, ҳаво ва сув... Демак, дунё бизнинг қўлимизда-ю, биз уни ҳис қилмаяпмиз.

Тўрт мучамиз соппа-соғ – шундай тугал ҳаётга эгамиз-да, унинг қанчалик бебаҳо неъмат эканини ҳис қилмаётгандекмиз. Тасаввур қилинг: мажруҳ оёқ билан юриш осонми? Оғриқ забтига олиб турса кўз юмиб ухлай олармидик ёки иштаҳа тусаган овқатни  еб ёки совуқ сувни ича  олармидик? Шундай одамлар борки, овқат уларнинг кўнглини хира қилади, ичган суви заҳар бўлиб, касалга мубтало этади. Биз ўзи аслида энг афзал неъматлар ичидамиз, лекин ўзимиз билмаймиз. Доим арзимаган нарсалар дардида куйиб-пишиб юрамиз, ўзимизни тушкунлик ва маҳзунлик домига ташлаймиз.

Олдимизда иссиқ нон, совуқ сув, тинч уйқу – бениҳоя офият турса-да, йўқотган арзимас нарсаларимизни ўйлаб уларга ачинамиз, борига шукр қилмаймиз. Аслида ихтиёримизда саодат калити, ҳисобсиз яхшилик, иқтидор, неъмат ва бошқа эзгу нарсалар бор.

Демак, илоҳий қудрат тимсоли бўлган еру осмонлар, жамики мавжудотлар, хусусан,  мукаррам зот бўлган инсон ва унга ато этилган неъматлар ҳақидаги тафаккур ва тасаввуримиз натижаси сифатида Аллоҳ таоло берган барча неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилишимиз керак бўлар экан.

            Муҳаммади ҚОРАЕВ,

“Хожа   Бухорий”   ўрта    махсус   ислом   билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

Вівторок, 28 февраль 2017 00:00

Мазҳабсизлик – очиқ залолат

  Мазҳабсизлик – шариатимизга таҳдид соладиган хатарли бидъат. Бу борада сўз юритар эканмиз, аввало, “мазҳаб” сўзининг маъносини аниқлаштириб  олмоғимиз зарур. “Мазҳаб” сўзи араб тилидаги “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир.

Ўтган аср сўнггида дунё юзида исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир қатлами пайдо бўлдики, у – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.

Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади. Ушбу тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақат Китоб (Қуръон) ва  сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга  эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди. Қолаверса, уларнинг наздида исломдаги фиқҳий мазҳаблар ҳижрий III асрдан сўнг пайдо бўлгани боис бидъат ишлардан саналиб, сунна таълимотига кўра ҳар бир динга киритилган янгилик шубҳасиз залолатга  маҳкумдир. Саҳобаи-киромларнинг барчаси Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатигагина мурожаат қилганлар. Ўзларини ислом динининг фидойилари деб эълон қилаётган бу тоифа тарафдорлари Қуръон ва сунна турганда фиқҳий мазҳабларга эргашиш мусулмонлар ўртасида ихтилофлар пайдо бўлишига замин яратиб, бирлигига раҳна туғдираётгани ҳақида жар солмоқда. Аслида-чи?!

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари  йўқлигини билдиради.

Фикримизнинг далили, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”(Наҳл, 43), деган амридир. Уламолар ижмоъ қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобе бўлишга буюрмоқда.

Дарҳақиқат, барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.

Аллоҳ таолонинг “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашмангки, сизни унинг йўлидан ажратурлар”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ва хулафоий рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар” деб марҳамат қилганлари мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг гаплари пуч эканига далил бўлади.

Тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Ҳатто Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.

Бундан мазҳабсизлик жуда оғир гуноҳ экани аён бўлади. Унинг яна бир хатарли жиҳати, олдинроқ айтиб ўтганимиздек, мазҳабсиз одам фиқҳий масалаларга ўзининг билими етиб ечим топа олмагани боис гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бу мазҳабдан далиллар қидиради. Яъни ўзи инкор этган мазҳабларнинг ҳаммасининг ичида довдираб юради. Лекин аниқ бирини ушламагани боис эътибор қозона олмасдан умрини залолатда ўтказиб қўяди.

 

Хайруллоҳ  МАРДОНОВ,

 “Хожа   Бухорий”   ўрта   махсус   ислом   билим

юрти  ўқитувчиси

Вівторок, 28 февраль 2017 00:00

Мевалардан тотиб кўрмаган боғбон

Фарзанд болалигида ота-онанинг кўзларининг қувончи, қариган чоғида суянчи бўлишини ҳамма ҳам орзу қилади. Бироқ бу сабаб дунёда ҳамма нарсанинг ҳам тадбир ва чорасини кўриш лозим. Айнан фарзанд қобил бўлиши учун унинг тарбиясини нафақат туғилганидан, балки оила қурганидан бошлаш керак десак ҳам камлик қилади. Негаки, инсон оила қургунга қадар ҳалол ва софдил бўлиб умр ўтказмаса, анча нарсани қўлдан бой берган бўлади. Инчунун фарзандим қобил бўлсин деган инсон фарзанд тарбиясини оила қурмасдан аввал бошласа, унинг қон томирларига сингиб кетган юксак инсоний туйғулар фарзандига ўтади.

Ривоят қилишларича, Муборак исмли одобли йигит бир бойнинг боғида кўп йиллар боғбон бўлиб xизмат қилган экан. Бир куни боғ эгаси кeлиб унга:

— Мeнга анорнинг энг ширинидан олиб чиқ, — дeди. Муборак унга анор узиб кeлди. Xўжайин анорни еб кўрса, нордон экан. Боғ эгасининг жаҳли чиқиб:

— Мeн сeнга анорнинг ширинини олиб кeл дeдим десам, сeн нордонини олиб кeлибсан! Бор, мeнга ширин анор кeлтир! — дeди. Шунда Муборак бориб бошқасини олиб келди. Бой еб кўрса, у ҳам нордон экан. Бой дарғазаб бўлиб, учинчи марта юборди, бу сафар ҳам олиб келган анори нордон чиқди. Шунда xўжайин ҳайрон бўлиб сўради:

— Нима, сeн ширин билан аччиқнинг фарқига бормайсанми?

— Фарқига бораман, аммо анорларнинг қайси бири ширин, қайси бири нордон эканини билмайман-да, — жавоб берди Муборак.

— Нeга билмайсан?

— Мeн шу пайтгача бу боғда пишган анордан татиб кўрмаганман.

— Нима учун тотиб кўрмагансан? —сўради бой.

— Чунки бу боғ сизники, сизнинг рухсатингизсиз боғнинг мeваларидан ейишим ўғирлик бўлади-ку! Сиз менга боғни парвариш қилишни айтгансиз. Еб кўришга буюрмагансиз, —жавоб бeрди Муборак.

Боғнинг эгаси суриштириб кўрса, ҳақиқатдан ҳам бу йигит ҳали бирон марта ҳам боғнинг мeваларидан татиб кўрмаган экан. Шундан сўнг xўжайиннинг боғбон йигитга ҳурмат-эътибори ошди.

Xўжайиннинг бир қизи бор эди. Бой боғбоннинг ҳалол-покиза, тақводор йигит эканлигини билиб, ундан маслаҳат сўради:

—    Эй Муборак. Менинг қизим балоғатга етиб қолди. Қандай инсонга турмушга беришимни маслаҳат берасан?

Муборак жавоб берди:

—    Жоҳилият даврида одамлар қизи бор xонадоннинг шону-шуҳратига қизиқиб уйланар эди. Ҳозирда ҳам айримлар мол-дунёсига, бошқа бировлар ҳусни-жамолига қараб уйланади. Ваҳоланки, ислом динида қизнинг дину диёнатига, ақл-фаросатига қараб уйланиш тавсия этилади.

Боғбоннинг бу таxлит мулоҳазалари бойга жуда ёқди. Оила аъзолари билан маслаҳатлашиб қизини унга никоҳлаб берди. Вақти-соати кeлиб улар фарзанд кўришди. Фарзанд бутун Ислом оламига машҳур тақводор ва олим бўлиб етишди. Ўша туғилган фарзанд – мағрибу-машриқда бирдай машҳур инсон, Марв шаҳрида таваллуд топган Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий эди.

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Алиййев Абдулҳамид Неъматжон ўғли

 

Заъфарон (Crocus sativus – лотин.) –сапсаргулдошларга мансуб кўп йиллик ўтсимон туганак пиёзли ўсимлик. Ёввойи ҳолда учрамайди. Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжонда катта майдонларда экилади. Пиёзининг диаметри 1-2 сантиметр. Барги 5-15 та, оч сариқ рангда; эни 2 мм, туксиз. Гули 1-4 та, гултожи оқиш, пастки қисми (ташқи томондан) бинафша ранг, узунлиги 2-4 см. Чангчилари гулқўрғондан қисқа. Кўсаги чўзиқ, эни 6-7 мм. Февраль-июлда гуллайди, апрель—августда мева беради. Таркибида эфир мойи бўлгани учун ҳиди жуда ўткир ва ёқимли. 90-100 минг дона заъфарон гулидан 1 кг қуриган гул тумшуқчалари олинади. Заъфарон гулининг қуритилган тумшуқчалари мураббо, тортлар ранги ва таъмини яхшилаш, озиқ-овқат (пишлоқ, сариёғ, ликёр ва бошқаларда ранг бериш учун), парфюмерия (атир-упа) саноатида ишлатилади. Табобатда дори-дармон сифатида қўлланилади.

Заъфарон ўрта асрлардан бери баҳоси ва қадри тушмай келаётган ягона зиравордир.  Ўрта асрларда бир қадоқ (450 г) заъфаронни зотли араб чопқир отига айирбошлаш мумкин бўлган.

Бу зираворнинг номи деярли ҳамма тилларда арабча “сариқ” маъносини берадиган “za’faron” сўзидан  олинган бўлиб, қадимда мазкур ноёб ўсимлик-дан бўёқлаш моддаси сифатида фойдаланилганидан далолат беради.   Ҳозирги даврда заъфарон ўзининг азалий аҳамиятини йўқотиб, асосан пазандаликда ишлатилади ва олтин билан тенг баҳоланади. Ер юзида бугунги кунда йилига фақат уч юз  тонна заъфарон етиштирилади.

Маълумки, заъфарон инсониятга зираворсифатида истеъмол қилиниши тўрт минг  йилдан кўпроқ тарихга эга бўлиб, бўёқ сифатида  неолит даврида тоғларда қоя тошларига расм чизишда ишлатилган. Қадимги Месопотамияда   уни таомда ишлатилган излари археологлар томонидан аниқланган. Ёзувларда у ҳақда биринчи эслатмалар  Шумер цивилизацияси қолдиқларида кузатилади. Эронда эрамиздан аввалги X асрда заъфарон толаларини қурбонлик ўраладиган матоларни бўяшда ишлатилган, ундан шунингдек кучли томизғи сифатида фойдаланиб,  атторлик моллари ва лаззатли ёғлар тайёрлашган.  Искандар Зулқарнайн армиясида  жароҳатларни даволашда ишлатилган. Қадимги Аҳдда (Тавротда) заъфарон қурбонлик қилишда ёрдамчи восита, бўёқчилик ва атторлик  моддаси сифатида ишлатилиши ҳақида битилган. Қадимги Хитой манбаларида  шифобахш дори воситаси сифатида эслатилган. Шарқда  будда монахлари либосларини бўяш учун  ишлатилган. Европада уни ишлатган бойлар жамиятда киборлар табақасига мансублигини ифодалаган. Рим аркони давлати заъфаронни дори сифатида, тери ва матоларга бўёқ,  атторлик моддаси сифатида ишлатган. У – энг мазали зиравор, сифатли табиий бўёқ моддаси  ва  қимматбаҳо атторлик воситаси, ҳамма дардларга даво  бўлувчи  моддадир.

Шарқда илгарилари у  “қизил олтин” деб номланган. Заъфарон  қим-матбаҳолигининг сабаби  иккита:  биринчидан, уни етиштириш жуда машақ-қатли иш, иккинчидан, хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусиятлари  бўйича заъфарон зираворлар орасида тенгсиздир.  Заъфарон – йилига бир марта 10-15 кун оммавий гуллайдиган, ҳар бир гул очилишининг давомийлиги  фақат 2-3 кун бўлган  қирмизи “крокус” (лотинча номи) оналик гули тумшуқлари-нинг қуритилганидир.Заъфарон гуллари ва хусусан оналик гулларини  қайта ишлаш фақат қўл меҳнати билан амалга оширилади.     Оналик гуллари тум-шуғи фақат гулларнинг биринчи очилган куни қирқиб олиниши лозим. Унинг сифати терим  ва уни қуритишнинг тезлиги билан боғлиқдир. Бир килограмм заъфарон йиғиш учун тонгда қуёш ҳали оналик гулларини қуритиб улгурмасидан, 150 минг дона атрофидаги гули териб олиниши лозим. Бир гектар ер майдонидан теримчиларнинг маҳорати ва об-ҳавонинг муносиб шароитига қараб 8-12 килограмм заъфарон йиғиб олиш мумкин.

Заъфароннинг кимёвий таркиби 10-12 % сув, 5-7 % минерал моддалар, 5-8 % мой ва мўм , 12-13 % оқсил ва энг оз миқдорда ёғ экстрактидан иборат ўзига хос ва хушбўй ёқимли моддалардан таркиб топган.

Қадимги замонлардан маълумки, у нодир ва бемисл хусусиятларга эга. У оғриқни қолдирувчи, қувонч ва хурсандчилик бахш этувчи,  тушкунликдан чиқарувчи, қувонч гормони – серотонин ишлаб чиқариш хусусиятига эгадир. Шундай қилиб, заъфарон – инсон доимий истеъмол қилишга ўрганиб қолмайдиган, енгил психотроп моддадир. Ҳаким Аюрведа заъфаронни  ҳазм таомни яхшилашга, сезги ва нафас олиш органларини мустаҳкамлашга, жигар, буйраклар, лимфа безларини тозалашга, титроқни босишга, томирларда тўхтаган қонни юргизишга, юз рангини тиниқлашга, жинсий қувватни фаоллаштиришга ҳам хизмат қилишини таъкидлаган. Қадимда киборлар жамиятига мансуб аёллар туғиш олдидан оғриқни енгиллаштириш мақсадида заъфарон эритилган сувни ичишган. 

Замонавий тиббиётда у кўзга томизиладиган дори тайёрлашда ва умумий қувватлантирувчи турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Заъфароннинг антиканцероген ва антимутаген хусусиятларга эгалиги исботланган. Уни қайноқ сут билан ичилса,бош мия фаолиятини мустаҳкамлаб, хотирани кучайтиради. Агар  асал билан истеъмол қилинса, буйракдаги  тошларни майдаланишига ёрдам беради.  Заъфарон гули тумшуқлари эритмаси инсон организмига зарур бўлган каротин, тиамин, рибофламин, флавоноидлар, кальций, фосфор каби моддаларга ва турли витаминларга бой.Тўрт минг йиллик   ишлатиш тарихида унинг тўқсон хил турли касалликларни даволашда  қўлланиши аниқланган.

Заъфароннинг хушбўй ҳидини ҳидлаш  инсонни нафас олиш органларига ижобий таъсир қилиб тинчлантиради ва уйқусизликдан қутилишга ёрдам беради. Кучли бош оғриғида ва қулоқ шамоллаганида заъфарон сувида пахта ёки юмшоқ матони ҳўллаб касал аъзога босилса, оғриқни қолдиради. Бундан ташқари у қорин очиш ҳиссини ҳам камайтиради. Заъфарон  меъёридан ошириб ишлатилса, сезги органларини қаттиқ зўриқишига олиб келиши мумкин. Меъёрдан кўп овқатга қўшилган заъфарон  таомни бузишдан ташқари инсонни заҳарланишга олиб келиши мумкин. Бир неча грам янги узилган сифатли заъфарон истеъмол қилинса, ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мутахассис маслаҳатисиз  ҳомиладор аёлларга тинчлантирувчи  восита сифатида истеъмол қилиш  тавсия этилмайди.

Заъфарон саноатда ипак, тўқилган толалар, гиламларни бўяшда, сариқ рангли сиёҳ тайёрлашда, қимматбаҳо қоғоз ишлаб чиқаришда, рассомликда, терига ёзув ишлаш ва бошқаларда ҳам ишлатилади.

У пазандачиликда мислсиз воситадир. Унинг кичкина толасини   қўшиб пиширилса, таом ёқимли олтин рангида товланиб, ўзига хос хушбўй таъмга эга бўлади ва осон ҳазм бўлади.

Заъфарон тўқ қизил ва жигар ранг-қизил, майин ингичка ипга ўхшаш бў-либ, орасида сариқ рангли бир нечта толалар  бир-бирига ўралиб, чирмашиб турган ўсимлик гули оналикларидир. Таомни ўзига хос майин, хуштаъмлик ва ноёб аралаш ўткир аччиқ-ширин мазали қилишга заъфароннинг битта ингичка толаси ҳам етарли бўлади. Нозик  дидли хўрандалар заъфарон қўшилган таом мазасини янги ўрилган ўт,  темир-асал таъмини беришини таъкидлашади.

Пазандачиликда заъфарон суюқ овқатлар, балиқ, гўштли, сабзавотли таомлар ва ширинликлар пиширишда уларга нозик таъм, доривор мазаси, чиройли олтин ранг бериш учун ишлатилади. Заъфаронни чой, кофе ва алкоголсиз ичимликларга  қўшилса, инсонни  тинчлантириб, осойишталик бағишлайди. Одатда заъфароннинг сувдаги эритмаси таом тайёр бўлиши олдидан қўшилади.   Ҳар 1 литр тайёр таомга заъфарон эритмасидан 5-6 томчидан кўп бўлмаган миқдорда  қўшиш кифоя қилади. Бундай эритма тайёрлаш учун майдалаб упа ҳолига келтирилган заъфарондан чорак чой қошиғи миқдорида 50 г қайнатилган сувга қўшиб худди чой дамлаганга ўхшаш услубда 30 дақиқа тиндириб, дамланма тайёрланади.

Заъфарон харид қилишда  янчилиб майдаланганини эмас, балки бутун толали гулларини    олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан икки минг йил аввал Плиний янчилган заъфарон қалбаки бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлан-тирган. Ўрта асрларда заъфаронни сохталаштирган киши гулхан  ўтида ёқилган. Ҳақиқий заъфарон ҳеч қачон арзон нархда сотилмаган. Уни  узоқ сақлаб бўлмайди, шунинг учун  олдиндан олиб қўйиб бўлмайди

Заъфароннинг шифобахш хоссалари 

Заъфарон овқат ҳазм қилишни яхшилаб, иштаҳани очади, организмнинг ҳаётий фаоллигини яхшилайди, кишилар ундан ошқозон, юрак, жигар нафас олиш аъзолари ва асаб тизимини мустаҳкамлашда, буйракларни тозалашда, оғриқни қолдиришда, тинчлантирувчи, пешоб, ўт ва тер ҳайдовчи восита сифатида фойдаланишади. Лекин ҳомиладорликда уни истеъмол қилиб бўлмайди, чунки у ҳомилани муддатидан олдин тушишига сабаб бўлиши мумкин.

Заъфарон доришунослик саноатида кенг ишлатилади, у шарқ табобатининг 300 дан ортиқ дори-дармонлари таркибига киради. Унинг дамламаси билан қадимда катарактани даволашган, ҳозирги вақтда ҳам у кўзга томизиладиган дорилар таркибига қўшилади.

Заъфарон бутун организм ҳужайраларини озиқлантиради, терини силлиқ қилади, рангни тиниқлаштиради, хотира ва ақлий фаолиятни яхшилайди, кайфиятни кўтаради. Заъфарон 100 дан ортиқ хасталикларни даволовчи шифобахш хоссаларга эга. Амалда ҳар қандалик хасталик, у бошланиш босқичидами ёки ривожланган охирги босқичидами, бундан қатъий назар, заъфарон ёрдамида 85-87 % га шифо топади. Тадқиқотлар буни қайта-қайта исботлаган.Заъфароннинг шифобахш хоссалари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Онкологик касалликларни даволашда (ҳатто касалликнинг охирги босқичида саратон ўсимталарига қаршилик кўрсатади ва уларнинг ҳужайралари ўсишини тўхтатади);
  • Қонни тозалашда (уни янгилайди ва тозалайди, демак юрак қон томир тизимини мустаҳкамлайди, организмнинг барча ҳужайраларини озиқлантиради);
  • Мия фаолияти активлигини яхшилайди (бош мия тўқималарини ўстиради, хотирани яхшилайди);
  • Невроздан фориғ қилади;
  • Бош оғриғи ва уйқусизликдан халос этади;
  • Ошқозон-ичак фаолиятини меъёрга келтиради;
  • Ортиқча ўтдан халос этади;
  • Буйрак ва қовуқни даволайди(асал аралаштирилган заъфарон буйрак ва қовуқдаги тошларни майдалайди);
  • Антиоксидант таъсирга эга (энергетик модда алмашинувини яхшилайди, зарарли моддаларни чиқариб юборади);
  • Организмни қувватлайди;
  • Кўриш қобилиятини тиклайди, кўз тўрпардасидаги иллатларни даволайди;
  • Эрекцияни яхшилайди;
  • Ҳайз циклида оғриқни енгиллаштиради;
  • Терининг куйган ва шиш пайдо бўлиш ҳолатларида уларни даволайди;
  • Аллергиядан халос этади;
  • Ичкиликбозлик иллатидан халос этади;
  • Шамол ва спазмаларни чиқариб юборади; 
  • Бутун организмни ёшартиради;
  • Организмдаги радиация даражасини пасайтиради.

    Заъфаронни истеъмол қилиш универсал рецепти

Таъсири: организмни умумий мустаҳкамлаш ва фаоллаштириш. Қонни яхши тозалайди. Иммунитетни мустаҳкамлайди. Онкологик касалликларнинг олдини олади.

Таркиби: Заъфароннинг 2-3 гул оталиги ва 10 дона майиз олиб, ярим стакан совуқ сувга солинади, тун давомида тиндирилади— сув қўнғир-тилла ранг тус олади.Эрталаб наҳорга ичилади, худди шу йўсинда кечқурун ичишга кейинги меъёрдаги дори  эрталаб тайёрлаб қўйилади.Муолажа давомийлиги – 2 ой. Бу дорини ичиш учун энг муносиб вақт баҳор  ва ёз фасллари.

Заъфарондан бебаҳо дори-дармон рецептлари

  • Жигар фаолиятини меъёрига келтириш ва уни даволаш мақсадида заъфарон ун каби янчилиб, майдаланади ва овқатлангандан 20 минут ўтказиб истеъмол қилинади.Услуби: чой қошиғи учидан тил билан ялаб истеъмол қилинади.
  • Эркаклар қувватини ошириш учун заъфарон, занжабил дориворларини ва қора муручни сабзавотли, гўштли ёки балиқли таомлар пиширилиб тайёр бўлгач, қўшилади.
  • Юрак, буйрак, жигар касалликларини даволашда, конъюнктивит, кератит ва йирингли жароҳатларни даволашда заъфароннинг сувдаги аралашмасидан фойдаланилади. Бунинг учун бир чой қошиғи заъфарон толалари устидан қайнаб турган бир стакан сув қуйилади, 20 минут тиндиради, 3 қават докадан ўтказиб, совутилади ва кунига уч маҳал овқатдан олдин 15 грамдан ичилади ёки бу сувга дока ҳўллаб жароҳатга қўйилади.
  • Томирлар хасталиклари, катарактада, глаукомада, юрак қон томир касалликларида ва ошқозон-ичак касалликларини даволашда, буйрак тошларини майдалашда заъфароннинг қуритиб майдаланган ва асалга аралаштирилган толалари тил тагига қўйиб шимиб истеъмол қилинади.
  • Заъфаронни қайноқ сутга қўшиб ичиш бош мия тўқималарининг ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Бу хотирани яхшилайди, ақлий фаолият ва сезги органлари фаолиятини яхшилайди.
  • Асабларни тинчлантириш ва уйқуни яхшилаш, шунингдек, пешоб ажралишини яхшилаш учун заъфарон ёғини истеъмол қилиш яхши натижа беради.
  • Бош оғриғидан фориғ бўлиш учун заъфароннинг 3 дона толасини олиб, 3-4 томчи эритилган (топленый) ёғга аралаштирамиз. Яхшилаб аралаштириб бурун катаклари устидан суртамиз, қолганини бурун ичига тортамиз.
  • Ички қон кетишини даволашда.Бир чой қошиқ зарчавани  6-7 та заъфарон толаси билан аралаштириб, аралашмани қайноқ сутга солиб ичамиз.
  •   Ҳайз циклини меъёрига келтириш ва оғриқни пасайтириш учун кунига 5-10 та тола заъфарон истеъмол қилинади. Бунда толаларни аста-секин ялаш ёки олмага, асалга ва чойга қўшиб истеъмол қилиш мумкин.
  • Жигар хасталикларини ва қонга оид касалликларни даволаш мақсадида 10 дона майиз, 3 та тола заъфарон ва оқар сувдан олиб тиндирилган 100 г сувдан фойдаланамиз. Бу аралашмани 8-9 соат давомида тиндирилади. Бир ярим ой давомида ҳар сафар мазкур йўсинда янги тайёрланиб тиндирилган аралашмани ичилади.
  • Иммун тизимини меъёрига келтириш учун чойга заъфарон толаларини қўшиб ичилади. Бунинг учун чойнакка 7-15 та тола заъфарон солинади ва устидан 200 г қайноқ сув қуйилади, оловга қўйиб яна 5 минут давомида қайнатилади, яна 400 г қайнаб турган сув қўшилади, қайнаб чиқиши билан оловдан олинади. Толалар чойнак тагига чўккунича тиндириб, сўнг ичилади. Бундай чой икки ой давомида кунига уч маҳал овқатланишдан олдин ичилади. Битта дамланган заъфарон толаларидан икки марта бундай чой дамланади.
  • Кўзни даволаш учун майдалаб ун ҳолига келтирилган 5 та заъфарон толасини олиб, шунга тенг миқдорда атиргул суви (гулоб) аралаштириб, кўзга суртилади.
  • Буйракдаги тошларни тушириш учун ундай янчилган 50 та заъфарон толасини 100 г тоза табиий асал билан аралаштирилади. Бу аралашмани овқатланишдан олдин кунига 2 маҳал ярим десерт (чой қошиқ эмас!) қошиқдан истеъмол қилинади.
  • Бронхитни даволашда заъфарондан 1 десерт қошиқ олиб, устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб дамлама тайёрланади. Дамламадан кунига 3 маҳал 30 г дан ичилади.
  • Пешоб йўлларидаги тош касаллигини даволаш учун 1 десерт қошиғида заъфарон олиб, устидан 250-300 г қайноқ сув қуйилади. Дамлама тўлиқ тиндирилади. Кунига уч маҳал овқатдан олдин 15 г дан ичилади.
  • Саломатликни умумий мустаҳкамловчи дори-восита:бунинг учун 7-15 дона заъфарон ип толаси олиниб, қайноқ сувда чайилади, сўнг устидан 250 мл қайноқ сув қуйилади ва паст оловдаги конфоркага қўйилади. 3-5 минут ўтгач, устидан 500 мл қайноқ сув қуйиб, қайнай деганда олинади (дори қайнаши керак эмас). Суткасига 3 маҳал 250 мл дан овқатланишдан ярим соат олдин ичилади. Бу дорини тайёрлашда ишлатилган заъфарон толаларини худди шу йўсинда иккинчи марта дори тайёрлаш учун ишлатиш мумкин.
  • Хотирани яхшилаш учун:заъфароннинг янчиб майдаланган 3 дона толасини 250 мл сутга аралаштириб ичилади.
  • Аллергик реакцияда:5 г майдаланган заъфарон толалари  чой қошиғининг 1/3 ида олинган янчилган занжабил аралаштириб устидан 500 мл қайноқ сув қуйилади. Суткасига 3-4 маҳал 125 мл дан ичилади. Даволаниш муддати 1 ой, сўнг зарур бўлса, бир неча кун танаффус қилиб, муолажа яна такрорланади.
  • Тушкунликка тушиш, хафақонликдан, заифлашган кўриш қобилиятини тиклаш, қонни тозалаш учун ширин дори: 3-4 та заъфарон толасига2-3 дона янчилмаган қора муруч ва 15 дона майиз олинади, устидан 1 стакан қайноқ сув қуйилади ва наҳорга ичилади.
  • Бронхитни даволаш учун 2 чой қошиқ заъфарон толалари 1 стакан қайнаган сувга аралаштириб, 15 минут давомида (манти қасқонда) буғланади. Тайёр бўлган дорини докадан ўтказиб, 2 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади.
  • Ички қон кетишини тўхтатиш учун: 5-7 та заъфарон толаси 1 стакан илиқ сутга солиб ичилади. Бу дори ичдан қон кетишини тўхтатади.

Жалолиддин Нуриддинов

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top