muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 26 августь 2016 00:00

Қадди ва қадри баланд

Мана йигирма беш йил тўлиб бормоқдаки, жаннатмакон гўзал Ватанимизда барча соҳаларда эришилган ютуқлар қалбимизга ғypyp ва ифтихор туйғуларини бахш этмокда.

Истиклол туфайли миллий ва диний кадриятларимиз ҳаётимиздан муносиб ўрин олди. Бунинг аҳамиятини куйидаги рақамлардан ҳам билса бўлади: жумладан, собиқ шўро тузуми даврида вилоятимизда учта масжид фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 186 тани ташкил этади.

Яқин ўтмишда ҳам виждон эркинлиги масаласи фақат коғозда бор эди, холос. Мустақиллик туфайлигина диний қадриятлар учун кенг имкониятлар, шароитлар яратилди. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди ва унда фуқароларнинг виждон ва эътикод эркинлиги билан боглик ҳуқуқ ҳамда бурчлари аник-равшан белгилаб кўйилди.

Бизнинг қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарк, балки жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини бутун дунё тан олмоқда ва эътироф этмоқда. Аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мустақиллик йилларида Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби улуғ мутафаккирларнинг абадий қўним топган қабрлари обод қилинди, уларнинг асарлари нашр этилди.

Яна бир қувонарли жиҳати ҳозирги кунгача фаолият юритиб келган Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз номидаги ўрта махсус ислом билим юрти жорий йилда шаҳримизнинг энг сўлим масканида жойлашган, яқин ўн беш гектар ер майдонига эга бўлган, энг замонавий коммуникациялар билан жиҳозланган ётокхона ва ўкув биносига кўчирилиши барчамизни беҳад мамнун этди.

Чорак аср давомида эришилган ютуқларимиздан яна бири юртимиз мусулмонларининг ҳар йили Ҳаж сафарига бориб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб келишлари ҳам мусулмонларга бўлган катта эътибор намунасидир. Хусусан, мустабид шўро тузуми даврида ҳар йили уч -турт кишига Ҳаж зиёратини амалга оширишга рухсат берилган булса, ҳозирда йилига беш минг икки юз нафар киши Ҳаж қилиш, олти минг нафар киши Умра зиёратини амалга ошириш имкониятига эга булмоқда. Чунончи, мустақилликнинг илк йилларида Ҳажга борувчилар сони 1500 киши бўлган бўлса, 2015 йилга келиб бу рақам 5200 кишини ташкил этди.

Жаннатмонанд юртимизда диний бағрикенгликнинг тўғри йўлга қўйилгани ҳам мамлакатимизда тинчлик- осойишталикнинг барқарорлигини таъминлашда муҳим омил булаётир. Юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда. Конституциямизда ҳам “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирки, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътикоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатьи назар қонун олдида тенгдирлар", - деган қоиданинг мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга замин яратди.

Ўзбекистоннинг анъанавий диний бағрикенглик ўлкаси экани, ислом фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этиб, нуфузли халқаро ташкилот - Ислом конференцияси ташкилотининг таълим, фан ва маданият буйича Бошқармаси (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳрини 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганлиги ҳам бунинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Хуллас, истиқлол туфайли биз юқорида санаб ўтилган ютуқларга, диний қадриятлар бардавомлигига эришдик. Шундай экан, истиқлол берган бу улуғ неъматларни қадрлаш, шукронасини қилиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Мусохон  Аббаситдинов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Наманган шаҳар вакили.

 

 

 

П'ятниця, 26 августь 2016 00:00

Улуғ неъмат...

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, уни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Балки, уни Ўзининг чексиз неъматлари билан баҳраманд қилди...

Мана шу улуғ неъматлардан бири – ота-боболаримиз орзу қилиб ўтган ИСТИҚЛОЛ неъматидир.

Инсоннинг бахтлилигига далолат қиладиган ишлардан бири бу – унинг ЭРКИН яшамоқлигидир...

Биз бугун ИСТИҚЛОЛ шарофати билан энг улуғ неъмат – ЭРКИН ва ТИНЧ яшамоқдамиз. ҲА, БУГУН БИЗ ЖУДА ҲАМ БАХТЛИМИЗ!

Азизлар, бизлар ҳам ўзимиз баҳраманд бўлиб, турган неъматлар устида бир мулоҳаза қилиб кўрайлик, Аллоҳ таолонинг сизу бизга берган энг улуғ неъматларидан бири – юртимизнинг 25 йиллик тўйини нишонлаш арафасида турганимиз, ватанимизнинг истиқлолга эришиши шарофати билан қанчадан қанча неъматларга мушарраф бўлдик.

Мустақилликдан олдин ҳозирги кунимиздагидек масжидларни тўлдириб, ёшу-қарилар эмин-эркин ибодатларимизни адо этишлигимиз қаёқда эди. Мозийга назар соладиган бўлсак, мустақилликдан олдин тилимиз, динимиз, осори-атиқаларимиз қай аҳволда эди?...

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири –юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни турли балолардан сақлаб турганлиги учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтмоғимиз лозим. Бугун буни жаннатмонанд диёримизда истиқомат қилаётган ҳар бир чин маънодаги илмли, уйғоқ қалб эгалари, беғубор нигоҳ соҳиблари чуқур ҳис қиладилар...

Мана, бугун бу юртнинг азиз фарзандлари атрофига биргина назар солиб кўрсинчи... Шундан кейин ҳам кўз олдида содир бўлаётган улуғ ишларни кўрмайдими, ҳис қилмайди...

Агар биз мустақиллик шарофати билан юртимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, қадриятларимизнинг тикланиши ва эътиқод эркинлиги бўйича эришган ютуқларимизга шукр қилиб, доимо хайрда бўлиб, жаннатмакон Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб унинг қадрига етсак, албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати, мағфирати ва баракотларини юртимиз узра нозил қилаверади.

2-давра 7-босқич тингловчиси

Искандар ХАЛИЛОВ

Бектемир тумани бош имом хатиби

 

П'ятниця, 26 августь 2016 00:00

Келин танлашда тавсиялар

 Келин танлашда қуйидагиларга аҳамият бериш лозим:

  1. Оҳ-воҳ қилиб, ҳамма нарсадан нолийверадиган;
  2. Қилган ишини миннат этадиган;
  3. Бегона эркакларга – кўз учида бўлса ҳам – шаҳват билан қарайдиган;
  4. Ташқарида безаниб-ясаниб, уйида бефаросатлик билан кийинадиган;
  5. Итоатсиз, кибрли, қўпол қизларни асло жуфтликка танлаб бўлмайди.

 Имом Ғаззолий “Никоҳ одоби”да жуфт танлашда қуйидаги саккиз жиҳатга аҳамият бериш лозимлигини таъкидлаган: 

  1. Бўлғуси келиннинг дин-диёнатли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ҳақиқий солиҳа, диёнатли аёлда кейинчалик бошқа ибратли, яхши жиҳатлар ҳам жамулжам бўлади. 
  2. Яхши ахлоқли бўлиши ҳам муҳим. Зеро, маҳмадона, шаллақи, қаноатсиз, бузуқи аёлдан солиҳ фарзанд дунёга келиши даргумон. Шу боис бўлажак куёвларга миннатни хуш кўрадиган, шаҳватпараст, молпараст, бесабр, кўча учунгина безанадиган хулқи ёмон қизлар билан оила қурмаслик тавсия этилади. 
  3. Келиннинг гўзал, хушрўй бўлиши ҳам зарурий шартлардан саналади. Чунки муҳаббатни алангалантирувчи омиллардан бири чеҳра гўзаллигидир. Кўримсиз аёл чеҳраси кўнгилни тезда зада қилиши мумкин. Шу билан бирга, гўзаллик диёнат ҳамда хушхулқлик билан айро бўлмаслиги лозим. Диёнатсиз, бадхулқ аёлнинг чеҳра гўзаллиги бузуқликка етаклаши хавфи бор. 
  4. Келинга бериладиган маҳрнинг оз бўлиши ҳам мақсадга мувофиқдир.
  5. Келиннинг туға олиш қобилиятига эга бўлиши ҳам ўта муҳим. Ҳақиқатан, ҳомиладор бўлиш имкониятидан маҳрум аёлларга уйланмасликни кўп олимлар маъқуллашган. Чунки уйланишдан кўзланган мақсадлардан бири ўзидан зурриёт қолдириш, наслни давом эттиришдир. 
  6. Жуфтликка танланган қиз бокира бўлгани яхши. Сабаби:
    – Бокира келинчак илк дўст қадрини англаши боис фақат ўзи билган эрини сева олади, одатда, у билан кифояланади, олдин эркак синаган аёлга нисбатан эрига муҳаббатли бўлади;
    – бокира аёл эри томонидан кўпроқ севилади. Чунки рафиқасининг олдинги турмушини эслаш эркак кўнглини ғаш қилиши, эҳтиросини сусайтириши мумкин;
    – олдин турмуш қурган аёл биринчи эрини кўпроқ эслайди. Зеро, муҳаббат илк жуфт билан жўшқинроқ бўлади, хотирада яхшироқ сақланади. 
  1. Аёлнинг насл-насабли бўлиши ҳам турмушда муҳим ўрин тутади. Ўзбекчиликда етти аждодни суриштирилиши бежиз эмас. Зотан, таг-тугли, зоти асл, диёнатли қизларгина келажакда иффатли, ҳаёли муслима аёл бўлиб, солиҳ ва соғлом фарзандларни тарбиялашга қодир бўлади. Бу ўринда наслий касалликларни суриштириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
  2. Жуфтликка танланган аёл яқин қариндош бўлмагани маъқул. Чунки шаҳват қуввати ҳам эҳтиросли назар, эркалашлар шижоатига узвий боғлиқ. Замонавий тиббиёт илми эҳтирослар жўшқинлиги аёлнинг нотанишлигига боғлиқ эканини эътироф этмоқда. Аниқланишича, яқин қариндошлардан тузилган оиладаги эркакларда “руҳий мижоз сустлиги” дарди анча кўп учрар экан. Бунинг яна бошқа салбий жиҳатлари бор. Бу ҳақида қуйида тўхталиб ўтамиз

 (Манба: Ўктам Муҳаммад Мурод, “Эр-хотинлик бахти ёхуд жинсий маданият”).

 Одилхон қори Юнусхон ўғли/Muxlis.uz

 

 “Йил имоми – 2016” кўрик танловининг вилоят босқичи ғолибилари аниқланди.

“Йил имоми – 2016” кўрик танловини ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йил 15 апрелдаги 01А/19 сонли буйруғи ҳамда Низомидан келиб чиққан ҳолда вилоят вакиллиги қошида ташкил қилинган “Махсус Ҳайъат” томонидан 2016 йилнинг  22 август куни Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжид биносида шаҳар ва туман босқичида ғолиб бўлган имом-хатиблар ўртасида ўтказилди. Мазкур босқичда жами 15 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Ҳакамлар имом-хатибларни билет саволларига жавоблари, шунингдек, ўз устида ишлаши, изланиши, ОАВда долзарб мавзуларда чиқишлари, масжидда амалга оширган ободонлаштириш ишлари, имомнинг фаолияти давомида эришган ютуқлари, маърузаларининг таъсирчанлиги ва бошқа фазилатларини инобатга олиб, баҳоладилар.

Танлов якунига кўра 50 баллик тизимда Оҳангарон туман “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби, Акмалов Абдулхаким Мажитович 45.4 бални қўлга киритиб 1-ўринни эгаллади. Қибрай тумани “Саъдулла ота” жоме масжиди имом-хатиби, Мирхамидов Обид Мирғофир ўғли 45 бални қўлга киритиб 2-ўринни эгаллади. Зангиота тумани “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби, Шокиров Илёс Абдисаидович 44 бални қўлга киритиб 3-ўринни эгаллади. Танлов ғолиблари – Оҳангарон тумани “Абдуқаххор Махсум” жоме масжиди имом-хатиби, Акмалов Абдулхаким Мажитович танловнинг республика босқичига иштирок этиш учун йўлланма олди.

ЎМИ Тошкент вилоят вакиллиги

 

 

Четвер, 25 августь 2016 00:00

Ватанни севмоқ иймондандир

Ватан – инсон туғилган гўша, киндик қони тўкилган маскан, у масканда улғаяди, оила қуради, эсдан чиқмайдиган хотиралар унда рўй беради, яқинлар, қариндошлар, ота-боболар барча барчаси инсон учун муқаддас хотиралардир. Зотан, Ватанни севиш инсон табиатини бир бўлагидир. Шунинг учун, ундан узоқлашганда уни қумсайди ва соғинади. Аллоҳ инсонга мана шу табиатни ато этган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетишни хоҳламадилар, фақат Макка мушрикларининг у зотга зулмлари ҳаддан ошгандан сўнгина Роббиларининг изни ва кўрсатмаси билан ундан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллар бўшашиб кетадиган сўзлар айтдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Макка сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ. Агар қавмим сени ташлаб чиқишимга мажбур қилмаганида асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”, дея Макка шаҳридан чиқиб кетаётганларида марҳамат қилган экан. (Термизий ривояти).

Ҳабиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ватанларига нисбатан айтган бу гўзал сўзга эътибор қилинг! Ватанни ҳавоси, суви, тупроғи барчаси бамисоли  шифодек. Бежизга доно халқимиз: “Она ернинг тупроғи она сутидан азиз”, деб айтмаган.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши бетоблигидан шикоят қилганда бармоқларини муборак сўлаклари билан хўллаб, сўнгра бармоқларини ердаги тупроққа ботириб ўша бетоб одамга бармоқларини суртиб дам солганлар. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

كَانَ إِذَا اشْتَكَى إِنْسَانٌ شَيْئًا أَوْ كَانَتْ بِهِ قَرْحَةٌ أَوْ جُرْحٌ قَالَ النَّبِيُّ  بِإِصْبَعِهِ هَكَذَا ثُمَّ رَفَعَهَا وَقَالَ: بِاسْمِ اللهِ تُرْبَةُ أَرْضِنَا بِرِيقَةِ بَعْضِنَا لِيُشْفَى بِهِ سَقِيمُنَا بِإِذْنِ رَبِّنَا

Қачон бир инсоннинг тоби йўқ бўлса ёки ярами, жароҳатми ориз бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бундоқ қилиб кўтарар ва: “Бисмиллаҳи, турбати арзина. Бирийқоти баъзина. Лиюшфа биҳи сақиймуна. Би изни Роббина (Яъни: “Аллоҳнинг исми ила дам солурман. Еримизнинг тупроғи ва биримизнинг туфургиси ила. У ила беморимиз шифоланиши учун. Роббимиз изни ила”)”, дер эдилар” (Бухорий ривояти).

Инсон ўзи яхши кўрган нарсасини ҳидласа ҳам шифо бўлади. Шунинг учун яхши кўришганлар бир-бирлари билан кўришишлари даво турларидан ҳисобланади. Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари Юсуф алайҳиссалом соғинчида кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларини бошларига ташлаганларида кўрмай қолган кўзлари шифо топган.

                   

Ҳудди шунингдек, пайғамбарлар отаси Иброҳим ҳалилуллоҳ ватанлари Маккаи мукаррамa учун дуо қилгандилар:

وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَـَذَا بَلَداً آمِناً وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُم بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ قَالَ وَمَن كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلاً ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ

“Иброҳимнинг: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла...”. (Бақара сураси, 126-оят.)

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари қалбларидан тошиб чиққан муҳаббат эди. Маккага тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро, бу икки неъмат Ватан фаровонлиги омилларидандир. У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади.

Инсон аввал ўзи туғилиб ўсган она заминига муҳаббат ва садоқатли бўлишига Ислом дини ўргатади. Сўнг бутун дунё ва башариятга. Яъни, аввал инсон ўз яқинларига, қариндошларига яхшилик қилишга чақирилади. Кейин атрофини ўраб турган Аллоҳ яратган мавжудотларни ҳаққини адо этиш уларга раҳм қилишга чорлайди. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким ер аҳлига раҳм қилмаса, осмон аҳли раҳм қилмайди”. (Бухорий ривояти). Бу доира кенгайиб бораверади. Хоҳ у инсон бошқа дин вакили бўлсин, албатта унга яхшилик қилишга чақиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким аҳдлашган (аҳли китоб)га зулм қилса, ё унинг тоқатидан ортиқ нарсага буюрса, ё уни рози қилмай ундан бирор бир нарсасини олса мен қиёмат куни уни сўровчиси бўламан”,-деганлар.

Тобора доира катталашиб ҳайвонот, набодот, жамодот оламларининг  ҳар бирига яхшилик қилишга амр этар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло ҳар бир нарса учун яхшилик ёзгандир”, деб айтганлар.

Динимиз ислом ҳар бир ишда Аллоҳга тақво қилишга буюради. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан бирингизнинг Унга тақво ила қилган амалларингизни яхши кўради”,-деб марҳамат қилдилар.

Исломда ватанга муҳаббат бу – “асабият” эмас, яъни инсон ўзини бошқалардан устун қўйиш, адоват қилиш, нафратланиш, бошқаларга ҳийла найранг ўтказиш дегани эмас. Худди шунингдек, тафриқа ёки тарафкашлик дегани ҳам эмас. Балки туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир.

Демак, мусулмон киши ватанини севади. Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, ҳурсанд бўлса ҳурсанд, ҳафалик етса қайғуради. Инсон Ватан менга нима берди, деб эмас, балки мен ватанимга нима қилдим, деган олий туйғу билан яшамоғи лозим. Зеро, авлиёлар пешвоси Иброҳим ибн Адҳам “Мен йўқотган нарсаларим ичида энг қадри баланди – бу ватанимдан айро яшаганимдир”, деган эканлар.

Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз Ватан муҳаббати ва унга садоқат маъноларини ўз рубоийларида қуйидагича гўзал ифода қилганлар:

Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмуш,

 Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмуш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикандек ошиён бўлмас эмуш.

Эй, Аллоҳим! Азиз ва мўътабар ватанимиз – жонажон Ўзбекистонни ўзинг бунданда фаровон қилгин, осмонини мусаффо айла, халқимизни тинчлиги ва бахтини зиёда қил.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
 “Новза” жоме масжиди имом хатиби

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top