muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 22 августь 2016 00:00

26.08.2016 й. Истиқлол улуғ неъмат

بسم الله الرحمن الرحيم

 Муҳтарам жамоат! Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида турибмиз. Бу кунларни кўриш орзусида бир неча авлод вакиллари умид ва хасратда дунёдан ўтиб кетишди. Дархақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди.

Халқимиз ўз ҳаётини буюк аждодларимизга муносиб тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлди. Муқаддас динимиз ботил мафкуралар ва даҳрийлик тазйиқидан ҳалос бўлди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлмиш Истиқлол шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди.

Кўп йиллар давомида даҳрийлик сиёсатини ўтказиб, фуқароларни диндан узоқлаштиришга қилинган хатти-ҳаракатларга барҳам берилиб, юртимизда ислом дини таълимоти, буюк аждодларимиз, диний арбоб ва уламоларимиз меросининг қайта тикланишига эришилди.

Ҳақиқат қиёсда очилади, деган машҳур ақида бор. Истибдод йилларида        халқимизнинг Рамазон ва Қурбон ҳайитларини қандай нишонлаганлигини бир эслайлик. Масжидда ҳайит намозини ўқиш, мозорларга бориб, яқинларини қабрини зиёрат қилиш қанчалар мушкулот билан амалга оширилган ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Истиқлол туфайли мамлакатда ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Барча миллий-диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонлар ихтиёрига қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлари учун барча шароитлар яратилди. Рўза хайити (Ийдул-фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийдул-адҳа)ларнинг биринчи кунлари дам олиш кунлари деб белгиланиб, байрам сифатида эълон қилинди.

  Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид фаолият кўрсатмоқда. Ҳар йили беш минг нафар ҳамюртимиз Исломнинг асосий арконларидан Ҳаж ибодатини, минглаб ватандошларимиз умра зиёратини адо этишга муяссар бўлмоқдалар.

  Юртбошимиз ташаббуслари билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида ката воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, турли халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда, масжидлар имом-хатибларининг малакаси оширилмоқда.         

  Жаҳон ислом ҳазорасига, фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби атоқли ислом олимлари ва тасаввуф уламоларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Ўтган ушбу давр мобайнида диний-маърифий мазмундаги бир қанча адабиётлар нашр этилди. Қуръони карим ва унинг маънолари, ҳадислар тўпламлари бир неча марта чоп қилинди.

  Булардан ташқари ойлик “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газеталари кўп сонли тиражда мусулмонлар ҳукмига хавола этиб келинмоқда, Телевидение орқали “Ҳидоят сари” ва “Зиё” дастурлари мунтазам равишда бериб келинмоқда.

  Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг халқаро алоқалари кундан-кунга ривожланиб, бугунги кунда 30дан зиёд мамлакат билан ҳамкорлик ришталарини ўрнатган, унинг вакиллари, диний ходимлар жаҳоннинг турли мамлакатларида бўлиб ўтаётган турли, халқаро анжуман ва йиғилишларда иштирок этмоқдалар. 

  2007 йилда Ислом конференцияси ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича АЙСЕСКО ташкилоти Тошкентни Ислом маданиятининг пойтахти, деб эълон қилгани Ўзбекистоннинг ислом оламидаги нуфузи ва обрўси ошиб бораётганининг яна бир ёрқин кўриниши бўлди.

  Азизлар, мустақиллик йилларимизда мамлакатимизда амалга оширилган барча соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришларга диққат билан назар солсак, уларнинг марказида инсон манфаатлари, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан тараққиёти, фарзандларимизнинг  дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги каби бир-биридан буюк мақсадлар турганига гувоҳ бўламиз.

Бинобарин, бундай ёндошув мазмун-моҳиятига кўра ислом дини таълимотларида ҳам ўз аксини топгандир. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни ер юзида бошқа жонзотлардан устун қилиб яратган.

Агар биз мана шу ато этилган Аллоҳнинг неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада:

... لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ ...  (سورة إبراهيم/7

яъни: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” – деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир.

Муҳтарам азизлар!  Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Албатта, бу Аллоҳ таолога ҳуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида:

قال النبي صلى الله عليه وسلم: "من أصبح منكم آمناً في سربه، معافى في جسده عنده قوت يومه، فكأنّما حيزت له الدنيا" (رواه البخاري والترمذي

яъни: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, - деганлар (Имом Термизий ривояти).

Давлатимизнинг ислом динига нисбатан ғамхўрона муносабатига жавобан, биз ҳам, ўз навбатида ислом динининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган фаол тарғибот олиб бормоғимиз, турли зарарли ҳаракатлар динимизга ёт эканини, муқаддас ақидамизда бегуноҳ инсонларни ўлдириш ёки уларнинг ўлимига сабаб бўлиш ҳаром эканини барчага етқазмоғимиз лозим.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.):

" مَنْ لَّمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ " (رواه الترمذى

яъни: “Кимики инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди”, - деганлар.

Муҳтарам жамоат! Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:

" نِعْمَتاَنِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ ، اَلصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ"

яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.

Халқимизнинг янг яхши кўрган ва энг кўп такрорлайдиган дуоси “Илоҳо, хонадонларимизни тинч ва осойишта, юртимизни обод қил” деган дуодир.  Доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади”, “Тинчлигинг – хурлигинг”, “Уруш томошабинга осон”  каби мақолларда ҳам тинчлик  қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Оқсоқоллар насиҳатида, оналар айтган аллаларида бежизга тинчлик, хотиржамлик кўп тилга олинмайди.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувват-ларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ  (سورة البقرة/208

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.

Қуръони карим таълим берадики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига тубдан қарама-қаршидир ва биронта мусулмон ана шундай жиноятни содир этиши мумкин эмас. Бундан ташқари мусулмонлар Парвардигорлари олдида бошқа одамларни жиноят содир қилишдан қайтаришга масъулдирлар. Ҳар бир имонли кишининг бурчи – “ер юзида бузғунчиликка” йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.

Яна бир хадису шарифда айтилганидек, “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар”. Дарҳақиқат, қўпорувчи кучларнинг фитналарига учиш, қизиққонлик ва жоҳиллик оқибатида азиз юртимизнинг тинч-осуда ва гўзал ҳаёти, мусаффо осмонини бир лахзада йўқотиш, оилаларга ўлимдай мусибат келтирувчи офатга дуч келиш мумкинлигини асло унутмаслигимиз даркор. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

яъни: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюрар ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтарур. ...” (Наҳл, 90). Кўриниб турибдики, Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда жаннат аҳлининг абадий ҳаёти тинчлик, осудалик ва саломатликда кечиши ҳақида шундай марҳамат қилган:

ادْخُلُوهَا بِسَلَامٍ آَمِنِينَ

яъни: “У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон кирингиз!” (Ҳижр,46).

Демак, бу оят бизга тинчлик ва омонлик нафақат бу дунёда қадрли, балки жаннатда ҳам жуда улуғ неъмат эканини ҳамда Ер юзи инсониятнинг фаровон, ўзаро тотув ва ҳамжиҳат яшаши учун яратилганини билдиради. Шунинг учун ҳам бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, вазминлик ҳар қачонгидан кўра муҳимдир.

Қадрли намозхонлар! Истиқлолнинг илк кунлариданоқ жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида катта ишлар олиб борилмоқда. Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик.

Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Яратганга минг шукрким, мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга эришиш, камолотга етишиш бирданига бўлиб қолмайди. Бунинг учун фарзандларимизни сабр-бардошли бўлишга, илм йўлларини осонлаштиришга, илм олишга қизиқтириш, рағбатлантириш томонларига ҳам катта аҳамият беришимиз даркор.

Азизлар, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Ҳақиқий инсонийлик сифати Парвардигор ҳузурида чексиз ажру савобларга, икки дунё саодатига муяссар этади. Бинобарин, бу ҳаётда инсондан фақат савобли амал ва яхшиликкина қолади. Яхшиликнинг мукофоти эса фақат жаннатдир.

Муҳтарам жамоат! Албатта, юртимизда бўлаётган бу юксалиш ва тараққиётимиз юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва ҳотиржамликнинг эвазига бўлаётганини, тинчлик эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслигини унутмаслик керак.

Мана шундай саодатли кунда жаннатмакон диёримизда яшовчи барча юртдошларимизни мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз. Аллоҳ таолодан бу улуғ байрамни барчамиз учун хурсандчилик, шоду хуррамлик ва ҳамжиҳатликда ўтказишликни сўраймиз.

Аллоҳ таоло жаннатмонанд юртимиз тинчлигини барқарор айлаб, халқларимизнинг фидокорона қилаётган меҳнатларига муносиб ажр-мукофотлар ато этсин! Омин.

Субота, 20 августь 2016 00:00

Умумхалқ ҳашари – савоб гавҳари

Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 20-21 август кунлари юртимиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ ҳашарида 20 август куни эрта тонгдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча бўлинмалар, Масжидлар ва Имом Бухорий халқаро марказида умумхалқ ҳашари қизғин ўтказилди. Жума намозида эълон қилинган ҳашарда ихлосманд халқимизнинг ёшу-кексалари сидқидилдан иштирок этиб, ўз ҳиссаларини қўшишди. Унда масжидлар хонақоси, айвони, қўшимча хизмат хоналари ҳамда бинолар бир қатор кўздан кечирилиб озодалигига эътибор берилди. Экин майдонларидаги мевали ва манзарали дарахтлар оқланиб, кўркам шаклга келтирилди.  

Шунингдек, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўчалар ва гузарлар ҳашарчилар билан гавжум бўлди. Ушбу умумхалқ ҳашарида барча масжид ходимлари ҳамда маҳалла аҳллари биргаликда фаол хизмат қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча ташкилотларда байрамни интиқлик билан кутиш билан бир қаторда унга юқори даражада тайёргарлик кўриш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Буни, биноларнинг кириш қисмига қадалган байрам табриги ва мустақиллик шиорларидан ҳам билса бўлади.

Имом Бухорий халқаро марказида ташкиллаштирилган ҳашарда иштирок этаётганларга ҳомийлар томонидан дастурхон ташкил этилди. Зиёфат якунида юртимизда хукм сураётган тинчлик ва осойишталик, асрий орзу-интилишларимизнинг маҳсули бўлган мустақилликнинг абадий бўлишини сўраб дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Масжидлар бўлими

П'ятниця, 19 августь 2016 00:00

ҚАДИМИЙ МАСЖИД

Саудия Арабистонида бир қатор француз ҳамда саудиялик археолог олимлар томонидан илк Ислом тарихига оид бўлган масжид топилди. Археологларнинг фикрича ушбу масжид ҳижрий I-V асрларга тегишли. Масжид Арабистон ярим оролида катталиги бўйича Маккадаги Масжидул Ҳарам ҳамда Мадинадаги Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг масжидларидан кейинги учинчи ўринда туради.     

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Саудия – Фаластин компанияси зиёратчиларга ҳаж мавсумида иссиқни енгишга ёрдам берувчи вентиляторли, навигация тизими ва USB ўрнатилган қуёш нуридан қувват олувчи қуёш батареяли соябон ихтиро қилишди. Қуёш нуридан олинган қувват ёрдамида мобил қурилмаларни қувватлантиришда ёки бошқа мақсадда ишлатса бўлади.

Бугунги кунда антиқа соябон ихтирочилари бошланғич ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун инвестор қидирмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, синоптиклар бу йилги ҳаж мавсуми иссиқ келишини айтмоқдалар.

   

                                                                       Халқаро алоқалар бўлими 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top