muslim.uz

muslim.uz

Юртимизда мустақилликнинг йигирма беш йиллиги мобайнида эришилган муваффақиятлар асрларга татигуликдир. Хусусан, динимиз равнақи, унутилган алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, уларнинг нафақат мусулмон олами, балки бутун жаҳон офкор оммаси тан олди. Исломий билимларни теран ўрганиш имконини берувчи янги билим даргоҳларининг очилиши, хорижий давлатлар билан турли соҳаларда кенг алоқалар боғлаш бўйича юз йиллар қамраб олмас миқёсда хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз истиқлол неъматига мушарраф бўлгач, халқимиз барча соҳада камоли ҳуррият ила сайъ-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлди. Жумладан, динимизга ҳам кенг йўл очилиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Ўз эътиқодини ошкор қила олмаган, ибодатларини ҳузур-ҳаловат билан адо эта олмаган ота-боболаримиз эриша олмаган ҳуррият неъматидан Яратган бизларни баҳраманд қилди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ўтган йиллар давомида ҳукуматимиз томонидан диний соҳага тааллуқли бўлган бир нечта қонун ва қарорлар қабул қилинди. Бу эса мамлакатимиз ҳукуматининг дин ва диндорларга нисбатан нақадар ҳурмат ва эҳтиром кўрсатаётганининг ёрқин мисолидир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида Тошкент ислом институти  ва 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият олиб бормоқда. Мазкур Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида диний ва дунёвий илмлар уйғунлаштирилган ҳолда ўргатилиб, етук мутахассислар тайёрлаб келинмоқда.

Жумладан, Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларида ҳам янги 2016 – 2017 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари ўтказилиб, 254 нафар абитуриент талабалар сафига қабул қилинди. Талабалар сафига қабул қилинган абитуриентлар 1 сентябрга қадар билим юртларини ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этиб келмоқдалар.

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

 

 

Вівторок, 16 августь 2016 00:00

МАЛАКАЛИ ИМОМЛАР

“Италия Ислом маданият маркази” томонидан янги лойиҳа йўлга қўйилмоқда. Бунга кўра, мамлакат имомлари малакасини ошириш ҳамда Италия тилини ўрганиш бўйича ўқув курси жорий этилади. Бу ҳақда марказ бош котиби Абдуллоҳ Редуан маълум қилди.

Ҳар шанба имомларни малакасини ошириш бўйича ўқув курслари мамлакат пойтахтида жойлашган энг йирик масжидлардан бирида бўлиб ўтади. Юртимизда фаолият юритаётган имомлар давлатимизнинг она тилида ҳам фуқароларимизга ваъз-насиҳат, маъруза қила олишлари лозим, дея қўшимча қилди Редуан.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Вівторок, 16 августь 2016 00:00

Эй фарзанд, ота-онангни лаънатлама!

Абу Туфайл (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Алидан “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизларга кўпчилик одамларга хос қилмаган нарсани хослаб берганми?” деб сўралди. “Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларга хос қилмаган нарсаларини бизга хослаб берган эмаслар. Фақатгина “Қиличим қинидаги нарса бор”, деб бир саҳифани чиқарди. Қарасак унда “Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишни Аллоҳ лаънатлайди. Ер белгиларини ўғирлаганни Аллоҳ лаънатлайди. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатлайди. Ким муҳдисга жой берса, уни Аллоҳ лаънатлайди”, дейилган экан».

Ҳадисдаги “Ота-онани лаънатлаганни Аллоҳ лаънатлайди” жумласига қисқа шарҳ:

Бу иш икки хил бўлиши мумкин: биринчисида фарзанднинг ўзи ота-онасига лаънат сўзларини айтади, сўкади, яъни ота-онасига ғазаб қилади, гап қайтаради, ҳатто ҳақоратлашгача бориб етади. Натижада, ота-онанинг фарзанддан кўнгли қолиб, норози бўлади. Иккинчиси – фарзанд бошқа бировларни хафа қилади, ота-онасини сўкади-да, ота-онангга лаънат, сени туққан онангга лаънат, боққан отангга лаънат, деса, ўша ҳам ўз ота-онасини лаънатлаш бўлади. Айниқса, бугунги кунда ғазаби тез тарбиясиз баъзи жоҳиллар бирон нарса устида озгина тортишиб қолса, дарҳол сўкишга ўтади. Заиф ёки ўзидан камбағалроқ одамларни таҳқирлайди ва уларнинг лаънатларига қолади, ота-онасига лаънат ёғдиради ва ўша фарзанд Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Аллоҳ таолонинг лаънатига учраш унинг умрини, ризқини қияди, оташи дўзахга мустаҳиқ қилади. Ҳеч бир ота-она фарзандини лаънатга учрашини истамайди, Шундай экан, лаънатга сабабчи бўладиган амаллардан сақланинг.

ЭЙ ФАРЗАНД ОТА-ОНАНГНИ ЛАЪНАТЛАМА ВА ЛАЪНАТЛАНТИРМА. АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЛАЪНАТИГА УЧРАБ ИККИ ДУНЁНГНИ КУЙДИРМА.

Алишер Шермурод ТОҒАЙ,

Чилонзор тумани “Тинчлик” масжиди имом-хатиби

Вівторок, 16 августь 2016 00:00

Оила қуриш ҳам ибодатдир

Никоҳ барча пайғамбарларнинг суннати ҳамда азиз-авлиёларнинг одатидир. Зеро, у Аллоҳнинг амри, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари ҳамда мўмин-мусулмонларнинг гувоҳликлари асосида қурилади.

Имом Шофиъийдан бошқа барча уламолар: “Никоҳ ибодатдир. Зотан, оила қуришни Аллоҳ ва Расули буюрган. Аллоҳ ва Расули амр этган амал, албатта, ибодат бўлади”, дейишган. Мужтаҳидларнинг пешвоси, мазҳаббошимиз, имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) “Никоҳ ибодатдир” дея ҳукм чиқарганлар.

عن أبي ذر رضي الله عنه: أنّ أناساً من أصحاب رسول الله صلى الله عليه وسلم قالوا للنبي صلى الله عليه وسلم: يا رسول الله، ذهب أهل الدثور بالأجور، يصلون كما نصلي ويصومون كما نصوم ويتصدقون بفضول أموالهم. قال: «أو ليس قد جعل الله لكم ما تصدقون به: إن لكم بكل تسبيحة صدقة، وكل تكبيرة صدقة، وكل تحميدة صدقة، وكل تهليلة صدقة، وأمر بالمعروف صدقة، ونهي عن منكر صدقة وفي بضع أحدكم صدقة». قالوا: يا رسول الله، أيأتي أحدنا شهوته ويكون له فيها أجر؟ قال: «أرأيتم لو وضعها في حرام أكان عليه وزر؟ فكذلك إذا وضعها في الحلال كان له أجر». رواه مسلم.

Абу Зар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир гуруҳ фақир саҳобалари Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: «Ё Расулуллоҳ! Моли кўп кишилар ажр-савобларни эгаллаб қўйишмоқда. Улар биз намоз ўқиганимиз сингари намоз ўқийдилар, рўза тутганимиз каби рўза тутадилар ва сармояларининг ортиқчасини садақа қиладилар», дейишди. Шунда у зоти бобаракот: “Аллоҳ сизларга садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймадими?” Албатта, сизлар учун ҳар бир тасбеҳ[1] садақа[2]дир, ҳар бир такбир[3] садақадир, ҳар бир таҳмид[4] садақадир, ҳар бир таҳлил[5] садақадир, амри маъруф (яхшиликка чақириш) садақадир, наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш) садақадир. Ҳар бирингизнинг (жуфти ҳалоли билан бўлган жинсий) яқинлиги ҳам садақадир», дедилар. Улар: «Ё Расулуллоҳ! Биримиз шаҳватини қондирса, унга ҳам шу ишида ажр бўладими?» дейишди. У зот: «Айтинглар-чи, агар у ўша (шаҳвати)ни ҳаромга қўйса (зино қилиб қондирса), унга гуноҳ ёзилармиди? Худди шундай. Қачон у (шаҳвати)ни ҳалолга қўйса (никоҳидаги аёли билан яқинлик қилиб қондирса), бу унинг учун ажр бўлади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Зотан, никоҳ давомида эр-хотин бир-бирини ислоҳ этишга ва Аллоҳ таолонинг ибодатида бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Динимизда уйланмаса, зинога кетиш хавфи аниқ бўлган кишиларга оила қуриш фарз ҳисобланади. Зеро, у шу орқали иффатини сақлайди. Шу боис, бундай кишига уйланиш ҳатто ҳаж ибодатидан ҳам олдинга қўйилган. Зотан, оила қурганлар катта бахт-саодатга эришадилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): 

مَنْ رَزَقَهُ الله امْرَأَةً صَالِحَةً فَقَدْ أَعَانَهُ عَلَى شَطْرِ دِينِهِ فَلْيَتَّقِ الله فِي الشَّطْرِ الْبَاقِي

«Аллоҳ кимни солиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, ҳақиқатан, унга динининг ярмига ёрдам берибди. Қолган ярмида эса, Аллоҳга тақво қилсин», дедилар (Имом Табароний ва Ҳоким ривоятлари).

Яна Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): 

إذا تزوج العبد فقد استكمل نصف الدين فليتق الله في النصف الباقي

«Қачон банда оила қурса, ҳақиқатан, диннинг ярмини мукаммал қилибди. Қолган ярмида эса, Аллоҳга тақво қилсин», дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, уйланмоқчи киши оила қуришдан олдин шариатимиз кўрсатмаси бўйича қуйидагиларга амал қилишимиз лозим:

  1. Уйланишдан фақат Аллоҳнинг розилигига эришишни мақсад қилиш керак. Зеро, ният ҳар бир амал учун муҳимдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг буйруғига амал қилиш, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш нияти билан оила қурган одам исломий одоблар, айниқса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ахлоқлари билан зийнатланади. Зеро, оила барча инсонийлик фазилатлар шаклланадиган макондир.
  2. Оилавий ҳаётдан, эр-хотинлик муносабатларидан фақат эзгу мақсадларни кўзлаш керак. Зеро, оила эр-хотинга масъулиятли вазифаларни юклайди. Жумладан, солиҳ ва солиҳа фарзандлар етиштиришда эркакка ўзига хос, аёлга эса ўзига мос вазифаларни белгилайди. Ана шуларни виждонан бажарган оила аъзолари динлари ҳамда ватанларига катта ҳисса қўшган бўладилар.
  3. Эру хотин орасидаги оилавий муносабат меҳр-муҳаббат асосида бўлиши керак. Зеро, никоҳ кўнгил таскинидир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

هُوَ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَجَعَلَ مِنْهَا زَوْجَهَا لِيَسْكُنَ إِلَيْهَا

“У (Аллоҳ) сизларни бир жондан яратиб, ундан унинг жуфтини унга (уйланиб) таскин топиши учун пайдо қилган зотдир” (Аъроф сураси, 189-оят).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло уйланмаганларга динининг ярмини топишни, оила қурганларга эса, динининг қолган ярмига эришишни насиб қилсин!

 

Толибжон ҚОДИРОВ

тайёрлади.

 

 

 

 

 

[1] Тасбеҳ – “Субҳаналлоҳ” – Аллоҳ барча нуқсон-камчиликлардан покдир, дейиш.

[2] Яъни, садақа берганчалик савобга тенгдир.

[3] Такбир – “Аллоҳу акбар” – Аллоҳ буюкдир, дейиш.

[4] Таҳмид – “Алҳамду лиллаҳ” – Аллоҳга ҳамд бўлсин, дейиш.

[5] Таҳлил – “Ла илаҳа иллаллоҳ” – Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, дейиш.

 “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов билан суҳбат



Азиз юртимиз ўз мустақиллигига эришиб, ота-боболаримизнинг азалий орзу-умидлари рўёбга чиқди. Истибдод исканжасидан озод бўлиб, миллатнинг том маънода эзилишига, ҳуқуқлари поймол этилиб, ҳар томонлама камситилишига чек қўйилди. Мустақиллик шарофати сабаб бугун юртимиз обод, оилаларимиз тинч. Ватанга муҳаббат ҳар бир инсонга хос туйғудир.   

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Чиндан ҳам, юртимиз, қолаверса, бутун дунё тарихига бир назар солсак, Ватанга муҳаббат туйғулари ривожланган жойда ҳар тарафлама бунёдкорлик, ободончилик, тўкинлик, мўл-кўллик ва фаровон турмушнинг гувоҳи бўламиз. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): «Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди», деганлар. Ва яна: «Агар Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди», деганлар.

Зотан, инсоннинг ўз Ватанига, яшаб турган гўшасига меҳр-муҳаббати бўлмаса, ҳеч қачон ўзи яшаб турган жойда ҳар тарафлама қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар бўлишига эътибор бермайди. Бундай инсонлар учун нафақат Ватан туйғуси, балки бошқа барча ижобий ҳиссиёт ва муқаддас туйғулар бегонадир. Бундайлар учун Ватан деган тушунчанинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу ҳолат эса бизнинг шариатимизда қаттиқ қораланади. Аксинча, динимизда Ватан ва унга боғлиқ бўлган қадриятларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш мадҳ этилади, ҳатто бу борада қилинган ҳаракатлар ва шу йўлда жон фидо қилиш охиратда буюк мақомларга эришиш учун восита экани зикр қилинади.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: Инсон ўзи туғилиб-ўсган юртни, ундаги барча нарсаларни севади, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам. Ватанни севиш инсон қалбидаги асл, туғма табиатдир. Ушбу туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам қилади, ундан йироқда бўлганда эса соғинтиради, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.

Имом Ғаззолий ушбу ҳикматли сўзларидан Ватанни севиш инсоннинг туғма табиати, инсонийлик фитратида бор хислат экани маълум бўлади.

 Ватан ободлиги – тараққиёт ҳамда юксалишларнинг асосидир.

Аллоҳ таоло инсон қалбига ўз Ватани бўлмиш хонадонини обод қилиш туйғусини солмаса нима бўлар эди? Ҳаётда бундай мисолларни оз бўлса-да учратамиз. Шундай лоқайд, дангаса, ялқов ва ҳеч қандай ижобий ҳиссиёти, ғайрати бўлмаган инсонлар ҳам борки, ўзи яшаётган, оиласи ва фарзанд-зурриётлари яшаб турган хонадонни, ҳовли-жойини ҳам обод қилишга мутлақо қизиқмайди, ҳаракат ҳам қилмайди. Мана шундай инсонлар бутун жамиятга, атрофидагиларга нафақат моддий, балки маънавий, ахлоқий ва тарбиявий жиҳатдан зарар келтирадилар. Натижада, нафақат ўзининг хонадони харобазорга айланади, балки бошқаларнинг хонадони обод бўлишига ҳам раҳна солади. Бундай хонадон бир маҳаллада бир нечта бўлса, билингки, бутун бошли маҳалла харобазорга айланади. Бу зарарнинг доираси катталашиб борган сари унинг касофати ҳам кенгайиб, бутун бошли қишлоқ, шаҳар ва гоҳо юртни ҳам ўз домига тортиши мумкин.

Бу борада ўз юртини обод қилишга бор вужуди билан ҳаракат қиладиган, аммо тақдир тақозоси ила бирор ижобий натижага эриша олмаётганларни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак. Булар ўз саъй-ҳаракати ва ниятларига яраша ажр-савоб оладилар, уларнинг номлари асл ватанпарварлар сифатида зикр қилинади. Зеро, булар ўзларидан талаб қилинган ишни бажаришга ҳаракат қилган, имкони борича тер тўкиб, меҳнат қилган. Аслида буларнинг қалбида Ватан муҳаббати, юртини обод қилиш туйғуси жўш уриб туради. Лекин сабаблар амалга оширилгани билан натижа Аллоҳ таолодан бўлганлиги туфайли биз билмаган илоҳий ҳикматлар сабабидан буларнинг ҳаракати натижа бермаган бўлиши мумкин.

    Яна бир тоифалар борки, уларнинг қалбига Аллоҳ таоло Ватан муҳаббатини солиб қўйган. Улар ана шу муҳаббатнинг натижаси ўлароқ ҳаракат қиладилар. Уларнинг мазкур ҳаракати, жонкуярлиги, ғайрат-шижоати туфайли, аввало, ўзининг оиласи, яшаб турган хонадони ҳар тарафлама обод бўлади, ташқи ҳужум ва тажовузлардан ҳимояланган бўлади. Бу ерда Ватанни, юртни обод қилиш деганда фақатгина зоҳирий, моддий ва молиявий ободликни назарда тутмаслик керак. Том маънодаги ободлик, аввало, маънавий, ахлоқий, тарбиявий бўлади, чунки инсоннинг асл мукаррамлилиги ҳам унинг маънавияти, ахлоқ-одобига тегишлидир. Аксинча, инсон моддий ва молиявий тарафдан ҳар қанча обод бўлиши мумкин, лекин маънавий ва эътиқодий тарафдан қашшоқ бўлса, унинг нафақат хонадони, балки бутун вужуди ва қалби ҳам обод бўлмайди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди”, деганлар.

Шунинг учун ҳам деярли барча саҳобаи киромлар моддий ва молиявий тарафдан тўлиқ таъминланиб, уй жойлари қасру саройлар каби бўлмаса-да, қалблари ва бутун вужудлари имон-эътиқод, илм-маърифат, ихлос-муҳаббат ила тўлиб тошган. Шу туфайли улар яшаб турган манзиллар ҳар тарафлама ҳақиқий обод юртлар бўлган.

Ватан ҳимояси – олий бурч, юксак масъулиятдир. Зотан, Ватанни мардлар қўриқлайди. Ватан ҳимояси, мудофааси йўлида хизмат қилишни шараф ва ифтихор деб билиш лозим. Бу ҳақда, яъни Ватанни ҳимоя қилиш тўғрисида динимизда қандай кўрсатмалар баён этилган?

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, бундай деганлар:

“Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур” (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда моли, жони, дини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилишнинг нақадар улуғлиги таъкидланмоқда. Инсон Ватан деганда, аввало, шуларни тушунмайдими? Албатта, Ватан деганда зоҳиран инсоннинг аҳли аёли, фарзанду зурриётлари, мол-дунёси ва жонининг ҳимояси тўлиқ таъминланган жой тушунилади. Шунинг учун ҳадиси шарифда ўзининг бутун борлиғи, дин-диёнати ва барча қадр-қийматга эга бўлган нарсаларини ҳимоя қилиш йўлида жон фидо қилиш шаҳидлик мақомига эриштирувчи воситаларидан бири, деб таърифланмоқда. Бу эса ҳар бир йигитни ватанпарварликка, она юрт учун фидокор фарзанд бўлишга чақиради.

Яна бир ҳадисда бундай марҳамат қилинган:

“Кимки Аллоҳ йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифда Ватанпарварликка янада аниқ ва муфассалроқ тарғибот ва ташвиқот маънолари бор. Қолаверса, мазкур ишлар ибодатларнинг энг савоби кўпроғи бўлмиш тунги ибодатларга қиёс қилинаяпти.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кўзга дўзах ўти тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга”, деганлар.

Чегара ва сарҳадлар хавфсизлигини таъминлаш учун сергак турган аскар барча юртдошларини тинч-хотиржамликда, осойишталикда дам олиб, роҳатланишлари учун бедор бўлади. Шунингдек, ана шундай Ватан хизматида турган ҳолатда ҳалок бўлганларга шаҳидлик мақоми берилиши, уларнинг ҳар хил фитналардан омонда бўлиши кафолатланмоқда. Шу қадар буюк ажр-мукофотлар, мақом ва мартабалар асл Ватанпарвар бўлган кишига берилишини билган бирор мусулмон Ватанпарвар бўлмаслиги мумкинми?

Аллоҳ таолодан илтижолар қилиб сўраймизки, барчамизни Ватанига садоқатли, эл-юрти, халқи ҳамда дини йўлида хизмат қиладиган ҳақиқий ватанпарвар мўмин-мусулмон бўлиб яшаш бахтига муваффақ айласин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди

 

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top