muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 17 августь 2017 00:00

Ҳажжи мабрур жаннат калити

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):Ким Аллоҳ учун холис ҳаж қилиб, фаҳш сўзларни гапирмаса ҳамда гуноҳ қилмаса, у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаж луғатда бир нарсани қасд қилиш маъносини англатади. Шарий истилоҳда махсус макон, аниқ вақт ва ўзига хос амаллар билан Аллоҳ таолога ибодат қилишга ҳаж дейилади.

Ҳаж буюк ибодат бўлиб, у Ислом арконларидан биридир. Балоғатга етган, ақлли, ҳур ҳамда йўлига қодир бўлган барча мўмин ва мўминаларга умрида бир бор ҳаж қилиш фарздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли имрон, 97).

Банда ҳаж қиларкан ёлғиз Аллоҳ таолони ният қилиши лозим. Унинг розилигини қасд қилиб, савоб беришини умид қилиши керак. Ҳаж сафарида тижорат, саёҳат ва шунга ўхшаш ўзга нарсани ният қилса, ҳадиси шарифда ваъда қилинган гуноҳлар кечирилиш мақомига эришолмайди. Чунки ким нимани ният қилса ўшанга етади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биринчи умра иккинчи умрагача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир”, деганлар (Имом Бухорий, Муслим ривояти). Ҳаж сафарига Аллоҳ таолодан ўзга нарсани қасд қилган кимса, ният қилган нарсасига эга бўлиб, буюк мукофотдан маҳрум бўлади.  

Ҳадиснинг “фаҳш сўз” деб таржима қилинган қисми ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи муҳаддислар “Ундан фаҳш сўз тушунилади”, деганлар. Бошқа олимлар “жимо” ёки “жимога ишора қилиш” маъноси англанади дейишган. Ҳофиз ибн Ҳажар ва Имом Қуртибий (раҳматуллоҳи алайҳума): “Бу сўз умумий бўлиб, ёмон, фаҳш ва уят каби кўплаб маъноларни ўз ичига олади”, деб фикр билдирганлар. 

Ҳадиснинг “гуноҳ қилмаса” деган қисми луғатда чиқиш маъносини англатади. Бу ерда Аллоҳ таолонинг итоати ва ҳақ йўлдан чиқиш, Унинг буйруқларига бўйсунмай, исён қилиш каби маънолар тушунилади. Ҳадисда бошқалар билан тортишмаса, жанжаллашамаса деб зикр қилинмади. Чунки “гуноҳ қилмаса” жумласининг маъноси умумий бўлиб, у барча гуноҳларни ўз ичига олади. Яъни тортишиш, озор бериш, ғийбат ва бўҳтон каби гуноҳлардан сақланиши ҳожига лозим бўлади. 

Ҳадиснинг умумий маъноси каттаю кичик гуноҳ ва маъсиятларни барчасини қамраб олади. Ҳажжи мабрур сабабли Аллоҳ таолонинг фазли-карами билан олдинги барча гуноҳлар соқит бўлади. Бундан банданинг ҳақига бўғлиқ гуноҳлар мустаснодир. Чунки банданинг ҳақи тавба билан кечирилмайди.

“…у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади” ҳадиснинг бу қисмида гуноҳлари кечирилган инсонни янги туғилган чақалоққа ўхшатилмоқда. Чақалоқ Ислом фитратида туғилиб, у барча гуноҳлардан маъсум бўлади. Ким мазкур ҳадисдаги каби холис Аллоҳ таолони ният қилиб, тилини чақимчилик, бўҳтон, ғийбат, тилёғламалик ҳамда масхара каби фаҳш сўзлардан тийиб, барча гуноҳлардан сақланган ҳолда ҳаж ибодатини бажарса, у чақалоқ каби маъсум ва гуноҳлардан фориғ бўлади.   

Ҳажжи мабрур бандани Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борувчи йўл экани ҳадисда ифодаланмоқда. Аллоҳ таолонинг фазли билан банда жаннат аҳли бўлади. Жаннатда Набийлар, сиддиқлар ва солиҳлар билан бирга бўлади. 

  

Манбалар асосида

Баҳриддин Жўрабек ўғли

тайёрлади

 

Хиромантия сўзи қадимги грек тилидаги χείρ-қўл ва μαντεία-фол очиш, гумон қилиш, тахмин қилиш сўзларидан келиб чиққан бўлиб, истелоҳда қўл тузилиши ва кафт изларига қараб инсон тақдирини олдиндан айтиб бериш билан шуғулланишликка айтилади.

Хиромантия, яъни қўл кафтига қараб инсоннинг келажагини башорат қилиш фақатгина тахмин-гумонларга асосланган бўлиб, ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Хиромантия  ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи билиши мумкин бўлган нарсалар ҳақида бўлгани ҳамда гумонга асослангани учун динимизнинг асосий таълимоти – тавҳидга зиддир. Ислом дини ақидасининг асосларидан бири ғайбга, яъни кўз кўриб, қўл билан тутиб бўлмайдиган нарсаларга ишонишдан иборат.

Ислом манбаларида мунажжим ва келажак ҳақида хабар берадиганларга мурожаат қилиш тақиқланади. Зеро, фақат Аллоҳ таологина ғайб илмларини билувчидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади:

«Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир», (Ал-Аном сураси, 59-оят).

«Айтинг: Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас», (Ан-Намл сураси, 65-оят).

«Дарҳақиқат, Аллоҳнинг ҳузуридагина қиёмат (қачон бўлиши тўғрисида) билим бордир. У (хоҳлаганича) ёмғир ёғдирур ва бачадонлардаги нарса (ҳомила)ни билур. Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир, (Луқмон сураси, 34-оят).

Аллоҳ таоло ҳатто пайғамбарларига ҳам ғайб ишларини билдирмаган экан, энди фолбинларнинг ғайбни билишликни даъво қилишликлари  мутлақо ҳақиқатга зиддир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг муборак ҳадисларида сеҳр ва фолдан қайтарганлар ҳамда сеҳргар ва фолбин олдига бориш, уларнинг гапини тасдиқлаш куфрга олиб боришлиги ҳақида кўп бора таъкидлаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Кимки башоратгўй ёки фолбиннинг олдига бориб, айтаётган гапини рост деб билса, у шубҳасиз, Муҳаммадга тушган нарсага куфр келтирибди” (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можа ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтдилар: Кимки башоратгўйнинг олдига бориб, ундан бирон нарсани сўраса ва уни тасдиқласа, қирқ кунгача унинг биронта ҳам намози қабул қилинмайди”. (Имом Муслим ривояти).

 Шунингдек, хиромантия билан жуда кўп салбий ҳолатлар боғлиқ бўлиб, бу ҳақда Канаданинг Торонто Ислом университетининг катта устози Аҳмад Катти қуйидаги фикрларини баён этади: “Хиромантия-лоқайдлик ва дангасаликка олиб келади. Ишонувчан одамлар фирибгарларнинг бойишларига сабаб бўладилар”.

Дархақиқат, фолбин ва сеҳргарлар зарари фақат одамларнинг вақти, моли ва ҳаракати бекорга кетаётгани билан чегараланиб қолмайди. Бу зарар жиддий ижтимоий зиддатларга ҳам сабаб бўлади. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар ўртасида душманлик руҳи, ишончсизлик пайдо бўлиши ҳисобланади.

Фолбин, коҳиннинг ғайбдан берган хабарини тасдиқлаш ояти карима ва ҳадиси шарифга асосан куфр ҳисобланиши юқорида айтиб ўтилди. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин, эътиқодимизга футур етишига сабаб бўладиган амаллардан Ўзи сақласин.                  

    

 Даврон Нурмуҳаммад

тайёрлади

 

Жорий йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республикамизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга бағишланган “Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, диний конфессия раҳбарлари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ва фуқароларнинг эътиқодий эҳтиёжларини тўла-тўкис қондириш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг моҳият-мазмуни ва ҳуқуқий асослари, сўнгги йилларда диний таълим тизимини ривожлантириш, муқаддас ҳаж амаллари ва умра зиёратларини ташкил этишни янада такомиллаштириш, бой меросимизни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимизда етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий-ижодий фолияти билан кенг жамоатчиликни таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган сермаҳсул ишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Анжуманда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида сўнгги даврда ислом дининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтиҳор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этилиш юқоридаги эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилиши таъкидланди.

Анжуман сўнгида эркин савол-жавоблар бўлди. Унда оммавий ахбарот вакиллари ва анжуман иштирокчилари, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Середа, 16 августь 2017 00:00

ЧИРОЙЛИ ИСМ – БОЛАГА ЗИЙНАТ

 Аллоҳ таоло:  «Албатта биз инсонни энг гўзал шаклу шамоилда яратдик» (Тин сураси, 4-оят), деб марҳамат қилган.

Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло кўп турдаги гўзал махлуқотларини яратган ва уларнинг орасида энг гўзали инсондир. Раббимиз бизга ақл юритиш, ўйлаш, сўзлаш ва бошқа қобилиятлар ҳам ато қилган. Инсон барча махлуқот ва мавжудотнинг чиройлиси бўлгани каби унинг исми ҳам чиройли ва маънодор бўлмоғи лозим.

Фарзанд дунёга келгач, унга чиройли исм қўйиш отанинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Зеро, исм ўз эгасининг хулқ атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилиши мумкин. Бола туғилганида баъзи ота-оналар қандай исм қўйишга ўйланиб қолади. Айримлар эса бош қотириб ўтирмасдан тўғри келган нарсаларнинг исмини қўяди. Ўша исм бола билан нафақат фоний дунёда, балки қиёматда, жаннат ёки дўзахда ҳам бирга бўлишига эътибор қилмайди. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Батаҳқиқ, қиёмат куни сизлар ўз исмларингиз билан ва оталарингизнинг исмлари билан чақириласизлар, исмларингизни гўзаллаштиринг”, деганлар. Ушбу ҳадисда бандалар қиёмат куни ўз исми ва отасининг исми билан чақирилиши таъкидланиб, фарзандларга чиройли ва маънодор исмлар қўйишга тарғиб қилинмоқда.

Олдинлари болага Ўроқбой, Тешавой, Болтабой каби исмлар қўйилган, бунда ўша исмли бола қиёматда ҳам кўпчилик ўртасида исмидан уялиб ота-онасига даъво қилиши мумкинлиги ўйлаб ҳам кўрилмаган. Болага чиройли исм қўйсак, албатта, фарзандларимиз бу дунёда ўз ўртоқлари орасида ҳам хурсанд бўлиб юради.

Шунингдек, уларнинг исмларини тўлиқ айтиб чақирсак, яхши исм болани, албатта, яхшиликка етаклаб, кўринишига кўрк ва зийнат бўлади.

 

Ҳамроқул ХОЛБОЕВ,

Бекобод туманидаги “Улуғбек” жоме масжиди имом-хатиби

 

Сторінка 89 з 264

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top