www.muslimuz

www.muslimuz

Ислом – илм-маърифат дини. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръони карим оятларида 811 маротаба илмга ундаш бор. Ҳадиси шарифда: “Илмни талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимига фарздир”, - деб таъкидланган (Ибн Можжа ривояти).

Инсон ўзи билмаган нарсасини уламолардан сўраб ўрганиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз!”, деб буюрган (Наҳл, 43). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билимсизликнинг давоси саволдир”, – дея баён қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бир неча ойдан бери мўмин-мусулмонларнинг шаръий масалаларига илмий ва асосли жавобларни туну кун “@SavollarMuslimUzBot” ва savollar.muslim.uz сайти орқали тақдим этиб келмоқда. Ҳар куни 110-120 дан, ҳафтасига 700-750 та, ойига эса 3500 тага яқин турли мавзудаги саволлар келиб тушмоқда. Саволларга кучли уламолардан иборат бўлган Фатво ҳайъати аъзолари томонидан жавоблар бериб келинмоқда.

Ҳаттоки, саволлар қўшни Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон фуқароларидан, шунингдек, АҚШ, Россия каби хорижий давлатларда меҳнат қилаётган ўзбек ватандошлар томонидан ҳам келиб тушмоқда.

Мухлисларнинг талаб ва истакларини инобатга олиб, Фатво ҳайъати тамонидан “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли расмий @diniysavollar телеграмм канали ишга тушди ва саволларга қулай услубда жавоб олиш имконияти йўлга қўйилди. Бунинг учун savollar.muslim.uz сайти ёки телеграмдаги “@SavollarMuslimUzBot”ига савол йўллаш кифоя қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўтган куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти уламолар, таниқли ватандошлар ва талаба-ёшлар иштирокида тақдимот қилинди. Маросимда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халиловнинг Фонд ташкил этилиши, хайрия ишлари ва янги лойиҳалари ҳақида маърузаси тингланди, ўн дақиқали видеолавҳа намойиш этилди ва фикр-мулоҳазалар айтилди. Шунингдек, Фонд фаолиятига бағишланган баннерлар, лойиҳалар альбоми, буклетлар ва флешкалар тарқатилди.

Саудия Арабистонидаги ватандошлар қилинган ишлардан жуда ҳам хурсанд эканликларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлари билан Фонд раҳбарига мурожаат қилишди. Жумладан, ватандошлардан бири Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги бетоб қариндошига қандай кўмак бериши мумкинлигини сўраган-да, “Вақф” фондининг “Малҳам” акцияси орқали даволаниши учун ёрдам бериши айтилди. Бундай қулайлик ажиб бир гўзал иш бўлганини ватандошлар билдирдилар.

 

Яна бир ватандош тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулжаббор Абдуллоҳ юртимизда масжид-мадраса ёки инсонлар учун фойдали бирор иншоот қуриш тўғрисида берилган саволга, Фонднинг “Масжидлар қуриш” акцияси доирасида алоҳида ҳисоб рақами бўлиб, унга келиб тушган маблағни вебсайт орқали қаерга сарфланганини шаффофлик асосида онлайн тарзда кузатиш мумкинлиги айтилди. Шунда профессор энди қанча маблағ йўналтирсак, барчаси ўз ўрнига тушар экан деган фикрларни билдирди.

 

Маросимда “Вақф” саноат шаҳарчаси лойиҳаси ҳам тақдим этилди. Ушбу мажмуада ичимлик суви ишлаб чиқариш, қуруқ мевалар етиштириш ва қурилиш молларини ишлаб чиқариш тармоқларини йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бу борада ҳам ватандошлар режалаштирилган ишларнинг жуда фойдали бўлиши, бу йўлда ҳамкорлик қилиш жуда яхши натижаларни беришини таъкидлашди.

 

Тақдимотда Абдулаҳад Андижоний сўз олиб, отаси илгари Макка шаҳрида масжид қургани, кейинчалик ўша масжид бузилгани сабабли Саудия Арабистонидаги Вақф вазирлиги томонидан алоҳида ер майдони ажратилиб, янги масжид қуриб берганини айтиб, энди юртимизда ҳам мана шундай улуғ ишлар бўлаётганини билдирди.

Абдурашид Андижоний ва Аҳмад Муҳаммад Абулқосим сингари бир гуруҳ ватандошлар, албатта, келгусида Ўзбекистонга келишларини билдириб, ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ таклифлари борлигини таъкидладилар.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг Саудия Арабистонидаги учрашув ва мулоқотларини ташкил этишда Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги бош консулхонаси яқиндан кўмак бермоқда.

 
 
 
 

 

Сафар давом этмоқда, тафсилотларни бизнинг сайтимизда кузатинг!

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

 

*****

Барча ишлар селфи қилиняпти. Ибодат қилиш, овқатланиш, соқол қўйиш, соқол олиш, оиласи билан ўтириш, улфатлар билан ўтириш, бозорда юриш, аэропортда юриш, пахта даласида юриш...

 

*****

ИСТИҒФОР (АСТАҒФИРУЛЛОҲ)

Инсонларнинг гултожи, Пайғамбарларнинг имоми, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот кунига юз марта истиғфор айтганларидан кейин мен ким бўлибманки, истиғфор айтмасам!

Нимамга кериламан?!

Қайси гуноҳларим кечирилгани хабар қилинди?!

Шундай экан, кунига юз марта эмас, беш юз марта, минг марта истиғфор айтишим керак!

*****

Чуқур ерда сув кўпроқ ўрнашганидек, илм талабида тавозеъли кишида илм кўпроқ ўрнашади.

«Ал-калимут тоййиб»

*****

Таслим бўлай-бўлай деганингда, банкрот бўлиб, муваффақиятсизликка учрашингни кўриш орзусида турганлар ҳам борлигини эсла!

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

 

*****

Қалбингни уч ўринда қидир:

  1. Қуръон тинглаётганингда.
  2. Зикр мажлисларида.
  3. Холи қолган пайтларингда.

Агар ушбу ўринларда қалбингни топмасанг, Аллоҳдан сенга қалб ато этишини сўра! Чунки, сенда қалб йўқ экан.

«Ал-калимут тоййиб»

*****

Солиҳ мўминнинг қўлидаги солиҳ мол

Ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор, ҳалол, тақволи, пулдор, бировга муҳтож бўлмайдиган, фақир диндошларига моддий кўмак берадиган, айниқса, маҳалладошларининг меҳрини қозонган, мусулмонлар учун иш ўринлари ҳосил қилишга интиладиган, янгиликлар, қулайликлар ҳосил қилишга уринадиган мусулмон қандоқ яхши!

*****

Борлигингда сени қадрламайдиган инсонга йўқлигинг оғриқли бўлмайди.

«Тарих муҳрлаган сўзлар»

*****

Қаноат ва тамаъ бойлик ва фақирлик демакдир. Кўп фақирлар бор, сендан бойроқдир. Кўп бойлар бор, сендан фақирроқдир.

Мустафо Сибоий

*****

Ёмон хулқ кўплаб яхшиликларни ёпиб турганидек, гўзал хулқ кўплаб ёмонликларни ёпиб туради.

Мустафо Сибоий

*****

Гап дори кабидир.

Агар уни озайтирилса, фойда беради.

Агар уни кўпайтириб юборилса, ўлдиради.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу

 

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Бугун, 8 январь куни Ўзбекистон делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференция ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни имзолаш, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ва ал-Азҳар университети ректори билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон делегацияси ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасаларда кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида такдимотлар ўтказиши мўлжалланган.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

“Мовароуннаҳр” нашриёти юртимиз мусулмонлари эътиборига ҳар йили икки миллиондан ортиқ ададдаги газета ва журнал маҳсулотларини тақдим этиб келмоқда. Ушбу нашриётда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг нашрлари - “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетаси чоп этилади.

Чоп этилган маҳсулотларни ўз вақтида юртимиз мусулмонларига етиб боришини таъминлаш тизимини яхшилаш мақсадида нашриёт томонидан етказиб берувчи тадбиркорлик субъектларини танлаш бўйича тендер эълон қилди.

“Мовароуннаҳр” нашриёти 2019 йилда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятининг шаҳар ҳамда туман марказий масжидларига, Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамизнинг барча вилоятлар марказига арзон ва тез етказиб бериш имкониятига эга бўлган матбуот тарқатувчи юридик шахсларни ҳамкорлик қилишга таклиф этади.

Тендер 2019 йил 10 январь куни соат 14:00 да “Мовароуннаҳр” нашриётида ўтказилади.

Етказиб берувчига қўйиладиган талаблар:

“Ҳидоят” журнали ҳар ойда бир марта 100 000 (бир юз минг) дона;
“Мўминалар” журнали ҳар чоракда бир марта 50 000 (эллик минг)дона;
“Ислом нури” газетаси ҳар ойда икки марта 40 000 (қирқ минг) донани белгиланган манзилларга 48 (қирқ саккиз) соат ичида етказиб бериш.

Мурожаат учун телефон: +99871-227-34-30; +99871-240-08-23

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top