muslimuz

muslimuz

П'ятниця, 31 май 2024 00:00

Видеоўйинлар фойдалими?

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларидан видеоўйинлар оммалаша бошлади. Айниқса, бу ўйинлар ёшларни ўзига жалб этиб, уларда дангасалик, ялқовликни кучайтирди. Aмерика Педиатрия академияси профессорлари бундай ўйин билан машғул бўлишнинг давомийлиги икки соатдан ош­са, салбий оқибатлар келиб чиқишидан огоҳлантирган эди. Аммо…

Баъзи ўйинлар вақтни унумли ўтка­зишга хизмат қилса, аксари террористик зоналар, қотилликлар, жамият тартиб-қоидаларини беҳурмат қилиш, жинсий эксплуатация ҳамда аёлларга нисбатан зўравонлик, миллатлараро низони тарғиб қилади

Тадқиқотлар видеоўйинларга ружу қў­йиш болаларнинг ақлий ва руҳий ҳола­тига салбий таъсир кўрсатишини исботлади. Хусусан, носоғлом ўйинлар уларда зўравонликни дўстлари билан синаб кў­риш хоҳишини пайдо қилади. 

Aгар фарзанд видеоўйинларга кўп вақт сарфлаётган бўлса, ота-она унга нисбатан баъзи чекловларни ўрнатиши керак. Бунинг учун смартфонда мавжуд бўлган “Play market” ёки “App Store” иловаларида болалар режимини ёқиб қўйиш тавсия этилади. Яна бир фойдали усул боланинг вақтини тўғри тақсимлаш, яъни кундалик юмушларини белгилаб беришдир. Чунки ўсмирлик даврида уларда ҳиссиётлар жиловини йўқотиш, шу билан бирга, вақтни бошқаролмаслик, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари жуда кўп кузатилади. 

Кўпчилигимиз видеоўйинлар ҳақида фақат салбий тасаввурга эгамиз. Aслида, фойдалилари ҳам мавжуд. Мисол учун, Untitled Goose Game – паррандачиликка ўргатса, Nintendo Labo пианино чалиш, балиқ овлаш, роботлар ясашни акс эттиради. 

Splatoon 2 – аниме қаҳрамонлари: ёвузлик билан эзгулик ўртасидаги кураш ва алалоқибат эзгуликнинг ғалабаси ифода эттирилган видеоўйин ҳисобланади.

Super Mario 3D World – тангачаларни ақл билан тутиб олиш вазифаси ўйинчига юклатилади.

Overcooked – ошхонада овқат пишириш: бургер, ширинликлар ва ҳоказоларни ўз ичига олади.

Minecraft – болада фикрлаш ва креа­тивликни оширади. Ўйин мавзуси уйлар қуриш, уларни безаш ва бошқалар.

TowerFall – ўз ҳудудини ҳимоя қилиш, қўшни қиролликларга ёрдам бериш тарзида ташкил этилган, шу билан бирга, ўйинчиларга чет тилини ўрганиш имконини беради.

Captain Toad: Treasure Tracker – болаларда изланувчанликни оширишга қаратилган бўлиб, маълум бир ҳудудлар­да топилиши керак бўлган буюмларни қидиришга асосланади.

Word Game – сўз ўйини, ўзбек, инглиз, рус, араб ва бошқа тилларда сўз бойлигини оширишга ёрдам беради.

Ушбу видеоўйинлар график жиҳатдан ҳақиқий ҳаётдан фарқ қилмайди ва ўйнаш вақтида болага нафақат кўтаринки кайфият бағишлайди, балки унда муаммони тезлик билан ҳал қилиш, мақсадга эришиш, янги билим ва кўникмаларни шакллантиришга ҳам хизмат қилади. Бироқ бу ўйинлар ҳам меъёрида ўйналгани маъқул. 

Муҳаммад Умар БАХТИЁРОВ

П'ятниця, 31 май 2024 00:00

Фарзандингиз касал бўлса

Қизим қаттиқ бетоб бўлиб шифохонага тушиб қолди. Унинг аҳволидан жуда хавотирландим. Шифокорлар томонидан барча муолажалар қилинди. Қизимнинг соғайишини сўраб тинмай дуо қилдим. Шифо берувчи бу дуо қуйидагича эди:

“Асьалуллоҳал ъазийма, Роббал ъаршил ъазийми ан яшфияка”.

“Аллоҳумма, Роббан нааси, азҳибил баъса. Ишфи, анташ-шаафий лаа шифааъа илла шифааъук. Шифааъан лаа юғодиру сақоман.

Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!”.

Вақт ўтиб қизимнинг аҳволи кундан-кунга яхшиланиб борди ва буткул соғайиб кетди. Қизим аввалгидан ҳам менга меҳрибон бўлиб қолди. “Ойижон, сизнинг меҳрингиз дуоларингиз сабаб мен соғайиб кетдим. Ҳолсиз ҳолда ётсам-да, сизнинг дуою илтижоларингизни эшитиб, ҳис қилиб турдим. Мен сизни жуда яхши кўраман. Сиз дунёдаги энг меҳрибон онасиз”, деди. Ҳаяжондан кўз ёшларимни яшира олмадим ва уни қаттиқ қучоқлаб бағримга босдим. Касаллик ҳам бир неъмат экан. У қалбларни бир-бирига меҳр-шафқатли қилишини тушуниб етдим. Қизимнинг соғайишини сўраб Аллоҳга яқинлигим ортган бўлса, қизим дуоларим сабаб шифо топганидан менга бўлган муҳаббати янада зиёда бўлди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

 

П'ятниця, 31 май 2024 00:00

Мўмин мисоли – асалари каби

 قال رسول الله صلى الله عليه وسلم

مَثَلُ المُؤمِنِ مَثَلُ النَّحلةِ لا تأكُلُ إلَّا طيِّبًا ولا تضَعُ إلَّا طيِّبًا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг мисоли асалари кабидир. У фақат покиза нарсаларни ейди ва (ўзидан) пок нарсаларни қолдиради”, дедилар.

Асалари бор-йўғи 30-35 кун умр кўради. Аммо шу миттигина ҳашорат 1 килограмм асални йиғиш учун 4 миллиондан ортиқ гулга қўнади, 400 минг километр масофани босиб ўтади.

Асалари қисқа умри давомида фақат покиза нарсага қўнади ва ўзидан пок, одамлар учун шифо бўлган нарса қолдирар экан. Биздан нима қолади? Сиз ҳам асалари каби бўлинг! Ўзингиздан одамлар учун манфаати тегадиган нарсалар қолдиринг! Унутманг, қилган ҳар бир амалингиз ёзиб борилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Биз ўликларни тирилтирурмиз ва уларнинг (ўлимидан олдин) юборган амалларини ҳамда (қолдирган) асоратларини (оммага фойдали ёки зарарли ишларини) ёзиб қўюрмиз” (Ёсин сураси, 12-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

П'ятниця, 31 май 2024 00:00

Инглиз тилидаги арабча сўзлар

 

Ҳозирги кунда дунёда беш ярим мингдан ортиқ тил мавжуд. Араб тили энг кўп тарқал­ганидир. Ер юзида икки миллиардга яқин мусулмон кундалик ибодатлари ва турли диний қадрият ва расм-русумларни адо этиш учун ушбу тилга мурожаат қилади.

Бугунга келиб, тахминан 25 га яқин давлатда араб тили расмий тил сифатида тан олинган. Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг ярим миллиардга яқини араб тилида сўзлашади. Ўз навбатида, бу тил дунёда кўп сўзлашиладиган бешинчи тил.

Инглизлар гапираётганида арабча сўз қўлла­шини биласизми? Араб тилидан инглизчага қандай сўзлар ўтиши мумкин?

Беихтиёр Қуръон, ҳадис, суннат, мазҳабга доир диний атамалар хаёлингизга келади. Лекин инглиз тилидаги мингга яқин сўз араб тилидан келиб чиққани тахмин қилинса-да, уларнинг аксарияти ичимликлар, тиббий ва илмий атамалар, ҳайвонлар ва ўсимликлар, шунингдек, биз фойдаланадиган кундалик ашё ва маҳсулотлар номларидан иборат.

Инглиз тилига кириб келган арабча сўзларнинг катта қисми халқаро савдо, истилолар, кашфиётлар ва миграция натижасидир. Тарихчи ва тилшуносларнинг тахминларига кўра, бир неча асрлар олдин испанлар арабча сўзларни ўзлаштирган ва ишлата бошлашган. Ушбу ўзгариш милоддан олдинги 700-йилларда бошланган бўлиши мумкин. Баъзи инглизча сўзларнинг келиб чиқиши тўғридан-тўғри бўлса, бошқалари билвосита араб тилидан лотин, турк ёки француз каби қадимги Европа тиллари орқали ўтган. Бунга “шакар” ва “адмирал” сўзлари мисол бўлади. Қуйида баъзи мисолларни келтирамиз: sugar – سُكر – шакар, salad – سلاطة – салат, earth – أرض – ер, cotton – قطن – пахта, algebra – الجبر – алгебра, story – أسطورة – ҳикоя, jasmine – ياسمين – ясмин, safari – صفر – сафар, check – صك أو شيك – чек, zero –صفر – нол, alcohol – الكحول – алкогол, soda – صودا – сода.

Манбалар асосида Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Дилфуза ТЎЛАГАНОВА тайёрлади.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Тарбия ҳам ота-оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир.

«Тарбия» сўзи арабча «робба» феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради.

Мусулмон уламолар «тарбия»ни бир неча хил таъриф қилганлар.

Жумладан, имом Байзовий қуйидагича таърифлайди:

«Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир».

Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади:

«Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади.

Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз? дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: (Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг, дер эди» (Тўртовлари ривоят қилишган).

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. “Фитрат” соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».

Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?»

Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси бўйича мутахассисларимиз: Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак, дейишади.

 Бахтиёр оила китобидан

 

Сторінка 27 з 265

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top