Мақолалар

Фарзандингиз касал бўлса

Қизим қаттиқ бетоб бўлиб шифохонага тушиб қолди. Унинг аҳволидан жуда хавотирландим. Шифокорлар томонидан барча муолажалар қилинди. Қизимнинг соғайишини сўраб тинмай дуо қилдим. Шифо берувчи бу дуо қуйидагича эди:

“Асьалуллоҳал ъазийма, Роббал ъаршил ъазийми ан яшфияка”.

“Аллоҳумма, Роббан нааси, азҳибил баъса. Ишфи, анташ-шаафий лаа шифааъа илла шифааъук. Шифааъан лаа юғодиру сақоман.

Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!”.

Вақт ўтиб қизимнинг аҳволи кундан-кунга яхшиланиб борди ва буткул соғайиб кетди. Қизим аввалгидан ҳам менга меҳрибон бўлиб қолди. “Ойижон, сизнинг меҳрингиз дуоларингиз сабаб мен соғайиб кетдим. Ҳолсиз ҳолда ётсам-да, сизнинг дуою илтижоларингизни эшитиб, ҳис қилиб турдим. Мен сизни жуда яхши кўраман. Сиз дунёдаги энг меҳрибон онасиз”, деди. Ҳаяжондан кўз ёшларимни яшира олмадим ва уни қаттиқ қучоқлаб бағримга босдим. Касаллик ҳам бир неъмат экан. У қалбларни бир-бирига меҳр-шафқатли қилишини тушуниб етдим. Қизимнинг соғайишини сўраб Аллоҳга яқинлигим ортган бўлса, қизим дуоларим сабаб шифо топганидан менга бўлган муҳаббати янада зиёда бўлди.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

 

Read 672 times

Мақолалар

Top