muslimuz

muslimuz

Вівторок, 11 июнь 2024 00:00

“Сен туфайли, болажоним”...

Ривоят қилишларича Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу тунда намоз ўқир ва ором олаётган ўғлига қарата: “Сен туфайли, болажоним”, дея йиғлаб, ...Уларнинг оталари солиҳ киши эди... (Каҳф сураси, 82-оят) оятини тиловат қилар эдилар.

Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади: Қанчадан-қанча тунлари бедор кишилар бор, уларнинг амаллари қабул бўлган ва қанчадан-қанча ухлаб ётганлар бор, уларнинг гуноҳлари кечирилган. Бунинг боиси шуки, икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашадилар. Улардан бири тунларни ибодат билан ўтказади, Аллоҳ таоло унинг намози ва дуосидан рози бўлади. Бирор дуосини рад қилмайди. У эса (ухлаб ётган) биродарини тундаги дуосида эслаб: “Эй Парвардигорим, биродарим фалончини ҳам гуноҳларини кечир”, дейди. Аллоҳ эса ухлаб ётган биродарининг ҳам гуноҳларини кечириб юборади.

Улуғ тобеъин Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен мана бу ўғлимни деб ҳам намозимни узунроқ қилиб ўқийман”.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу бир кишини қисқа намоз ўқиётганини кўриб, уни чақирдилар ва: “Биродар, намозда Парвардигорингдан сўрайдиган ҳожатинг йўқми? Мен намозимда Аллоҳдан, ҳатто тузни ҳам сўрайман”, дедилар.

Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.

Вівторок, 11 июнь 2024 00:00

Ҳаж кимларга фарз?

Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси.

Cавол: Ҳурматли Фатво ҳайъати уламолари! Маълумки, бизни юртдан ҳаж ибодатига борган зиёратчилар таматтуъ ҳажини қиладилар ва таматтуъ қилганлари учун жонлиқ сўядилар. Мана шу жонлиқни сўйган ҳожилар қурбонлик кунларида алоҳида қурбонлик ҳам қилишлари керакми ёки шу сўйган бир жонлиқлари кифоями?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аввало шуни билиб олиш керакки, ҳожиларнинг қурбон ҳайити кунлари Минода сўйдирадиган қурбонликлари “Ҳайит қурбонлиги” эмас, балки икки улуғ ибодат – умра ва ҳаж ибодатларини жамлаганликлари учун вожиб бўлган “Шукрона қони” қурбонлигидир. Шунинг учун у ҳайит қурбонлигидан саналмайди.

Энди саволга бевосита жавоб берадиган бўлсак, ҳаж қилувчи эркак ёки аёл қурбонлик сўйиладиган кунларнинг охиригача муқим бўладиган бўлса ҳамда бой бўлса (яъни, унинг ҳожати аслиясидан ташқари закот нисоби миқдорича ёки ундан ортиқ маблағи бўлса) унга таматтуъ жонлиғидан ташқари қурбонлик ҳам сўйиши вожиб бўлади. Аммо мазкур муқимлик ва бойлик шартларидан ҳар иккиси ёки бири ҳаж қилувчида топилмаса унга қурбонлик сўйиш вожиб бўлмайди. Бу ҳақида “Ғунятун-носик” китобида бундай дейилган:

“Ҳаж қилувчи мусофир бўлса, унга қурбонлик вожиб бўлмайди. Аммо, муқим бўлса, худди Макка аҳлига вожиб бўлгани каби ҳаж қилувчига ҳам қурбонлик сўйиш вожиб бўлади. Мазкур ҳукм “Баҳрур-роиқ”, “Раддул-мухтор” ва “Хония” китобларида зикр қилинган” (“Ғунятун-Носик” китоби 276-бет).

Демак, Ҳаж арконлари бошланиб, Минога боришларидан олдин Макка шаҳрида ўн беш кун ва ундан ортиқ турадиган ҳожилар бой бўлсалар ва қурбонлик кунларининг охирги вақтида ҳам муқим бўлсалар, уларга таматтуъ жонлиғидан ташқари алоҳида қурбонлик қилишлари вожиб бўлади.

Шунингдек, қурбонликнинг охирги куни – Зулҳижжа ойининг ўн иккинчи куни қуёш ботишидан олдин Маккага қайтиб, у ерда ўн беш кундан кўп туриши аниқ бўлган бой ҳожиларга ҳам таматтуъ жонлиғидан ташқари алоҳида қурбонлик қилишлари вожиб бўлади. Чунки қурбонлик вожиб бўлиши учун қурбонлик сўйиладиган вақтнинг охири эътиборга олинган.

Шундай экан, қайси ҳожига қурбонлик вожиб бўладиган бўлса, хоҳласа қурбонлигини Саудия Арабистонида сўйдирсин, ҳоҳласа ватанларидаги вакилларига айтиб қурбонлик сўйдиришлари мумкин. Чунки ҳаммамизга маълум бўлган қурбонликни исталган жойда сўйиш жоиз бўлиб, ҳарамда сўйилиши шарт қилинмаган. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Вівторок, 11 июнь 2024 00:00

Тарозингиз қай ҳолатда?

Бир одам айтади: “Мен оғир вазнли эди. Шифокорим менга озишни буюрди. Бир куни торозига чиқиб қараб, қўрқиб кетдим, вазним доим шундай турармикин, ҳеч озмасмикинман ёки аксинча янаям семириб кетармикинман деб ваҳимага тушдим. Бир ойдан кейин яна ўзимни тарозига тортиб кўрдим, қарасам бир килограммга озибман. Кўриб кўзларим қувнаб кетди. Хурсандлигимдан “Аллоҳу акбар, Алҳамдулиллаҳ деб юбордим. Кейин ўйга ботдим, иш бунданда каттароқ бўлиб, шу тарози қиёматдаги амалларим тарозиси бўлганда нима қилардим? Амалларим тортилишини қандай ҳадик ва ҳаяжон билан кўриб турардим? Яхши амалларим вазни оғирроқ бўлармиди ёки ёмон амалларим вазними? Бу жуда дақиқ тарозидирки, энг майда зарралар ҳам унда тортилади: “Биз қиёмат куни учун адолат тарозиларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам, келтирурмиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз” (Анбиё сураси, 47-оят).

Бу тарозининг натижаси қоғозга ёзиб менга кўрсатилмайди, китобларда учиб юради, китобимни ё ўнг тарафимдан оламан ёки чап тарафимдан оламан: “Бас, кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, у, мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар... Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим, дейдир. Бас, у розилик ҳаётидадир. Олий жаннатдадир. Унинг мевалари яқиндир. Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Ва аммо кимнинг китоби чап тарафдан берилса, у, вой шўрим, кошки менга китобим берилмаса эди. Ва ҳисоб-китоб қандоқлигини билмасам эди. Қани (бу дунёдаги ўлим) охиргиси бўлса эди” (Ҳаққо сураси, 19-27-оятлар).

Ҳаётдаку вазнингиз ортиб кетганини билсангиз, тезда саъй-ҳаракат қилиб, ширинликлар, ёғли овқатлар ейишни тўхтатиб, спорт билан шуғулланиб озишга ҳаракат қилишингиз ва бунинг уддасидан чиқишингиз мумкин. Лекин охиратда-чи?! Амалларингиз тарозиси ёмон натижа кўрсатаётганини кўрсангиз: “Афсуски, (охират) ҳаётимга ҳам бирор нарса тақдим қилсам бўлар экан” (Фажр сураси, 24-оят) дейишдан уёғига ўта олмайсиз.

Шу гуноҳларга қўл урмаганимда эди, гуноҳларни истиғфор айтиб ўчириб юрганимда эди, тилимни, қулоғимни, кўзимни Аллоҳ ҳаром қилган ҳамма нарсадан тийганимда эди, деб қоласиз! Лекин бу ўкинчлар фойда берадими?!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг Метин қоялар китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази бош мутахассиси.

Сторінка 9 з 259

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top