muslim.uz

muslim.uz

 

Азиз юртдошлар!

Юртимиз мўмин-мусулмонлари ва бутун халқимизни ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Эл-юртимиз учун инсонпарварлик, сабр-қаноат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган ушбу қутлуғ байрам кунларида барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, кейинги бир йилдан зиёд вақт давомида бутун дунё мамлакатлари қатори жонажон Ўзбекистонимиз ҳам пандемия билан боғлиқ мураккаб синовларни бошидан ўтказмоқда.

Бундай шароитда Рамазон ойи ва ҳайит байрамининг моҳиятида мужассам бўлган меҳр-мурувват, эҳтиёжманд тоифаларга ҳар томонлама кўмак ва ёрдам кўрсатиш, ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини биргаликда, ўзаро елкадош бўлиб ҳал этишдек олижаноб қадриятлар айниқса муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзининг миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ, меҳнаткаш, ва саховатли халқимиз ана шундай юксак фазилатларни яққол намоён этиб, муқаддас Рамазон ойини тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитида ўтказгани ҳамда ушбу эъзозли айёмни катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётгани унга алоҳида файзу шукуҳ бағишламоқда.

Бугунги кунда кенг кўламли ислоҳот ва туб ўзгаришлар натижасида янгиланиб бораётган юртимизда халқ билан мулоқот, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини, жумладан, виждон эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада улкан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, халқимизнинг бой ва қадимий диний-маънавий меросини тиклаш ва фаол тарғиб этиш, буюк аждодларимизнинг табаррук қадамжоларини обод қилиш бўйича олиб борилаётган салмоқли ишларни алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан, Қашқадарё вилоятида – калом илмининг атоқли намояндаси Абу Муин Насафий, Наманган вилоятида – тасаввуф таълимотининг йирик вакили Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида Сузук ота ёдгорлик мажмуалари бунёд этилди. Кўплаб масжидлар, мадраса ва диний обидалар қайта қурилмоқда ва таъмирланмоқда, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши жадал давом эттирилмоқда.

Муборак Рамазон ойида яна бир улкан хайрли ишни бошлаганимиз – буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Самарқанд вилоятидаги ёдгорлик мажмуасини ул зотнинг мусулмон оламидаги беқиёс обрў-эътибори ва нуфузига муносиб ҳолда барпо этишга киришганимиз сизларга яхши маълум, албатта.

Миллий тарихимизда биринчи марта кўп жилдли “Ислом” энциклопедияси нашр этила бошлагани ҳам муқаддас динимизнинг асл мазмун ва моҳиятини халқимиз ўртасида кенг тарғиб этиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бундай амалий ишларимиз янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатимизда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларимизга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, барча юртдошларимизни ана шу ғоялар атрофида янада бирлаштиришга хизмат қилаётгани айниқса эътиборлидир.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги шиддатли замон барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда.

Айниқса, дунё миқёсида рақобат тобора кескин ва шафқатсиз тус олаётгани, барқарорликка нисбатан таҳдидлар жиддий тус олаётгани бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга, фарзандларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялашдек ғоят масъулиятли ишга ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият беришга даъват этмоқда.

Зеро, ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий бурчимиздир.

Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур”, деган сўзлари бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Бинобарин, диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак.

Ҳурматли уламоларимиз, имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз – кенг жамоатчилик яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ишонаман.

Қадрли юртдошлар!

Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғиладиган ушбу барокатли ва нурафшон кунда сизларни яна бир бор азизу мукаррам Ийд ул-Фитр билан чин дилдан табриклайман.

Дунёнинг узоқ-яқин мамлакатлари мусулмонларини ҳам самимий қутлаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва фаровонлик ёр бўлишига тилакдошман.

Меҳнаткаш ва оқкўнгил халқимизнинг мўътабар моҳи Рамазонда қилган барча эзгу ният ва дуолари ижобат бўлсин!

Жонажон Ватанимизни, азиз халқимизни Яратганнинг Ўзи паноҳида асрасин!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

 

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим!

«Эй имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, унда рўза тутсин» (Бақара сураси 183-оят) деб марҳамат қилиб, муборак Рамазони шариф ойининг рўзасини сизу бизга меҳр-мурувват тариқасида фарз қилган Парвардигори оламга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин!

«Ким Рамазон рўзасини имон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» (Имом Бухорий ривоятлари) деб марҳамат қилган ҳабибимиз, кўзимиз нури, бошимиз тожи Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга чексиз салавот-шарифларимиз ва саломларимиз бўлсин!

 

Қадрли юртдошлар!

Кечагина орзиқиб кутилган “ойлар султони” муборак Рамазони шарифни интиқиб кутиб олган эдик... Бугун эса бу қутлуғ ойни кузатиб қўймоқдамиз... Меҳрибон Парвардигоримизга беадад шукрларки, муборак Рамазони шариф рўзасини адо этишни насиб қилди. Мўмин-мусулмонларимиз субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида жамулжам бўлиб, қалбларидаги энг буюк орзулар, эзгу мақсадлар рўёбга чиқишини Яратгандан сўрадилар. Худди шундай файзли оқшомларда ифторлик қилиб, таровеҳ намозларига ошиқдилар, Қуръони каримни эшитиб, кўзларида ҳалқаланган ёшлар билан Оламлар Парвардигорига муножотлар қилдилар. Зеро, Муборак Рамазони шариф ойи – дуолар шак-шубҳасиз ижобат бўладиган ойдир.

Минг шукрлар бўлсинки, бу йил мамлакатимиз бўйича 2000 мингдан зиёд масжидларимизда таровеҳ намозлари ўқилди, 1400 га яқин масжидда хатми Қуръонлар бўлиб ўтди. Юртимиздаги қориларимиз йилдан-йилга кўпайиб бориши билан бирга, хориж мамлакатларида, хусусан, Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерацияси ва Украина давлатларида хатми Қуръонга ҳам ўтдилар.

Халқимиз меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик сингари ўзига хос ззгу фазилатларни асрлар давомида қадрлаб келади. Айниқса, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлашдек эзгу амаллар сўнгги йилларда янада ривожланиб, тараққий этиб, янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда.

Муборак Рамазони шариф ойи халқимизнинг маънавий-руҳий ҳаётида алоҳида ўрин тутади. «Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табрик»ларида муҳтарам Юртбошимиз ҳар биримизга қарата шундай дедилар: “...Ислом дини – аввало, тинчлик ва дўстлик, аҳиллик ва бирдамлик, билим ва маърифат динидир. Мана шу олий ҳақиқатни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз лозим.

Бугунги осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, жамиятимизда ҳукм сураётган турли миллатлар ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги бағрикенгликни, фуқаролар орасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш барчамизнинг асосий бурчимиздир.

Бинобарин, диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак.

Ҳурматли уламоларимиз, имом-хатибларимиз, ота-оналар, устоз-мураббийлар, муҳтарам нуронийларимиз – кенг жамоатчилик яқин ҳамкорликда бу борада янада фаол ва самарали иш олиб борадилар, деб ишонаман”.

“Мен ҳам шу халқнинг фарзандиман, шу юртнинг боласиман!” деган ҳар бир инсон учун Президент билдирган ўта катта ишонч ва жуда ҳам юксак ҳурматни оқлаш – ҳам фарзи, ҳам қарзи, ҳам бурчидир

Муқаддас ислом динининг устунларидан бири бўлган бу файзу баракотли ой ўзининг шукуҳ ва таровати билан кишиларни ҳидоятга чорлайди. Муборак Рамазон ҳайити юртимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши юртимизда муқаддас динимизга давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Муборак Рамазони шариф ойлари давомида хайрия тадбирлари доирасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга саҳоватпеша ва савобталаб юртдошларимиз томонларидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, нуронийлар ҳолидан хабар олиниб, Меҳрибонлик, Мурувват ва Саҳоват уйларига моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

Хайр-саҳоват, меҳр-мурувват ойи бўлмиш муборак Рамазони шарифда мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, беморлар, муҳтожлар кўнгли олиниб, Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилиб, фитр садақа ҳамда фидялар берилди.
Муҳтарам азизлар, йил давомида мана шундай олийҳимматлик ва қўли очиқлик қилишда бардавом бўлайлик!

 

Муҳтарам азизлар!

Муборак Рамазон ҳайити – эзгу амаллар айёмидир! Уни ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва саҳоват руҳида кутиб олишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари жуда ҳам фаол иштирок этмоқдалар.

Ушбу улуғ айём миллатимиз маънавиятига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат-иззат сингари фазилатларни юртдошларимиз қалбида янада мустаҳкамлаб, ёш авлод онгига сингдириб, эртанги кунимизнинг янада чароғон бўлишини, эзгу мақсадларимиз ижобатини таъмин этиш учун қулай фурсатдир. Шу боис, энг катта бойлик – тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир!

Муборак Рамазон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини тарғиб этиш, ёш авлодни истиқлол ғоясига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилди.

Чинакам Қуръон ва сабр ойи, ибодат ойи бўлган муборак Рамазони шарифнинг файзи, шукуҳи келаси муборак Рамазони шариф ойигача татисин. Бу ойда курраи заминга бутун борлиқдан раҳмат нурлари, мағфират нурлари ёғилади, чунки файзли Рамазон оқшомларида масжидларимиз тўлиб-тошиб, таровеҳ намозларида Қуръон тиловатлари ўқилади.

Бу ойда ер юзига баракот ёғилади. Чунки муборак Рамазони шарифнинг имтиёзларидан фойдаланиб, ажру савобларни минглаб чандон ошириб олиш ниятида закот, фитр, фидя каби молиявий ибодатлар, садақалар, хайру эҳсонлар айнан шу ойда кўпроқ адо этилади. Аллоҳ таолонинг синовида матонат кўрсатаётган муҳтожлар, кўнгли яримлар, ризқи тор одамларга меҳр-мурувват кўрсатилади, беморлар, нуроний отахон-онахонлар зиёрат қилинади, аразлашганлар яраштирилади.

Бир ойлик эртаю кеч қилинган ана шундай қизғин ибодатларга мукофот ўлароқ, гуноҳларимиз мағфират қилиниб, айбу нуқсонларимиз кечирилиб, уларнинг ўрниларига беҳисоб-беҳисоб савоблар ёзилади. Шунинг учун ҳам бу ойнинг аввали – раҳмат, ўртаси – мағфират, ниҳояси эса – дўзахдан нажотдир.

Аллоҳ таолонинг энг улуғ фариштаси Ҳазрати Жаброил алайҳиссалом айтар эканлар:

"Агар Аллоҳ таоло менга “дарё, денгиз, океанларда қанча сув борлигини ўлчаб кел”, деса, ўлчаб кела оламан.

Агар “саҳрою, чўлларда қанча тупроқ зарраси борлигини санаб кел”, деса, санаб кела оламан.

Агар дунёдаги ҳамма ўсимлик ва дарахтлардаги баргларини сонини санашни буйирса, уни ҳам уддасидан чиқаман...

Лекин Муҳаммад саллаллоҳу алайхи васалламнинг рўзадор умматларига бериладиган савобини асло санай олмадим!"

Меҳрибон Парвардигоримиз ҳаммаларимизга ҳам мана шундай улуғ ва беқиёс савобларидан ато этсин!

Барча юртдошларимизни муборак Рамазон ҳайити билан самимий қутлаймиз! Аллоҳ таоло бу улуғ ойда ўқилган Қуръон тиловатлари шарофатидан юртимизга файзу илоҳий, хайр-барака ёғдирсин!

Муҳтарам азизлар, бундай фазилатли улуғ муборак кунларни ғанимат билиб, юртимизнинг, эл-халқимизнинг, оиламизнинг, яқинларимизнинг, Ер юзидаги барча инсонларнинг ҳақларига Яратгандан яхши тилаклар сўрайлик...

Меҳрибон Парвардигоримиз оилавий ҳаёт, ўқиш, иш, деҳқончилик, касб-корларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар, хайр-баракалар, бахт-саодатлар, хурсандчиликлар ато этсин!

Халқимиз бошидан коронавирус балосини тезроқ кўтарсин! Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимиз ҳаётини, турмушини бундан-да маъмур ва фаровон айласин! Меҳрибон Парвардигоримиз келаси муборак Рамазони шариф ойларига ҳам сиҳат-саломатликда, тинчлик-хотиржамликда, ҳузур-ҳаловатда, бағрибутунликда етишимизни насиб қилсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, азиз Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги, муборак динимиз камолоти йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

Парвардигори олам барча беморларимизга Ўзи шифосини берсин!

Коронавирус инфекциясини тез фурсатда даф этиб, турли бало-қазо, офату кулфат, дардлардан, турли вируслардан Ўзи асрасин!

 

Иброҳимжон  ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Четвер, 13 май 2021 00:00

Президент афв эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаролар афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди,43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди,10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 44 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари,4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар,6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати

     بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ الَّذِي خَلَقَ الكَوْنَ فَنَظَّمَهْ، وَخَلَقَ الإِنْسَانَ وَكَرَّمَهْ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي سَنَّ الدِّينَ وَعَظَّمَهْ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِينْ، اَمَّا بَعْدُ

Ислом динида атроф-муҳитни асрашга эътибор

Муҳтарам жамоат! Табиат – Аллоҳ таолонинг улкан неъматларидан биридир. У Зот бизга атроф-муҳитни озода сақлашни, муҳофаза қилишни, ифлослантирмасликни буюрган. Аллоҳ таоло бизнинг бахтиёр, қулай яшашимиз учун тайёрлаб, жиҳозлаб берган бу сайёрани ифлослантирмаслигимиз, унда бузғунчилик қилмаслигимиз ёки унга нисбатан ёмон муомалада бўлмаслигимиз лозим. Акс ҳолда ердаги бузғунчилик, табиатни асрамаслик даҳшатли фалокатларга олиб келади. Дарҳақиқат, бугунги кунда сайёрамизда бўлаётган кўплаб фалокатларни кўриб турибмиз. Масалан, сувларнинг ифлосланиши, ҳароратнинг кўтарилиши, атмосферага турли заҳарли газларнинг кўп миқдорда чиқарилиши ва ҳоказо. Олдинлари бу каби нохуш олатлар кузатилмаган эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُمْ بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ

яъни:Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир (Рум сураси 30-оят).

Яъни қаҳатчилик, қурғоқчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша жазо ҳисобланиб, шу билан бирга, уларни огоҳлантириш учундир.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган давр инсоният ақлини жоҳилият тушунчалари эгаллаган эди. Одамлар ҳайвонларга қийматсиз, ҳис-туйғусиз махлуқлар деб қарашарди. Лекин Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни ўша ҳайвонларга эътиборли бўлишга чақирдилар, шунга буюрдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз ҳақли равишда оламларга раҳмат дея мадҳ этилганлар.

Расули акрам алаҳиссалом Ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ، نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ، كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ، جَوَادٌ يُحِبُّ الْجُودَ

(رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)

яъни: Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни севади, покизадир – покизаликни севади, карамлидир – карамлиликни севади, ўта сахийдир – ўта сахийликни севади (Имом Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат, Набий саллаллоҳу алайиҳи васаллам бизга йўлларни, кўчаларни озода тутиш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлашга буюриб, бу иш садақанинг бир тури эканлигини таъкидлаганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

وَإِمَاطَةُ الأَذَى عَنِ الطَّرِيْقِ صَدَقَةٌ

(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)

яъни: “Йўлдан азият берувчи нарсанинг олиб ташлашингиз ҳам – садақадир” (Имом Бухорий ривоятлари).

Йўлларни ифлос қилмаслик, унга чиқиндилар, пўчоқлар, ичимлик суви идишлари ва шуларга ўхшаш нарсаларни ташламаслик – динимизнинг талабидир. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган. Аллоҳ таоло ер юзини ислоҳ қилишга амр этган:  

  وَلاَ تُفْسِدُواْ فِي الأَرْضِ بَعْدَ إِصْلاَحِهَا وَادْعُوهُ خَوْفاً وَطَمَعاً إِنَّ رَحْمَتَ اللّهِ قَرِيبٌ مِّنَ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тамаъ ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Муҳтарам жамоат! Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам бир муборак ҳадиси шарифларидан бирида: 

جُعِلَت ليَ الأرضُ مسجدًا وطَهورًا

(رَوَاهُ الإمَامُ البَزَّارُ)

яъни: “Мен учун ернинг ҳаммаси сажда қиладиган жой ва покловчи қилиб берилди” деганлар (Имом Баззор ривоятлари).

Бу ҳадиси шарифда тупроқнинг поклигига, уни муҳофаза қилиш зарурлигига ажойиб тарзда ишора қилинмоқда. Чунки мўмин-мусулмон одам тупроқ устида намоз ўқийди. Шу боис уни ифлос қилмаслик лозимдир.

Шунингдек, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик пайтида ҳам, уруш асносида ҳам дарахтларни кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлар. Бу эса атроф муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидир.

Қолаверса, Қуръони каримда барча махлуқотлар Аллоҳга тасбеҳ, ҳамд айтишининг хабари берилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

  تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ

وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

яъни: “Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир” (Исро сураси 44-оят).

Араб тилида тасбеҳ айтиш “Аллоҳни поклаб ёд этиш” маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбеҳ айтишини таъкидламоқда. Дарахтларни сабабсиз кесиш, экинларни пайхон қилиш, ер юзида ва сувда яшаётган жонзотларни қирилиб кетишига сабабчи бўлиш нафақат ер юзида бузғунчилик қилиш, қолаверса, Аллоҳ таолога тасбеҳ айтаётган махлуқотларни бехуда нобуд қилишга тенгдир.

Муҳтарам жамоат! Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин ўсимликлар зикр қилиниб, “карамли” дея васф этилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

 أَوَلَمْ يَرَوْا إِلَى الْأَرْضِ كَمْ أَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ  

яъни: “Улар ерга қарамайдиларми?! Биз унда гўзал навлардан қанчаларини ундириб қўйибмиз” (Шуаро сураси 7-оят).

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда бундай деган:

 وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ

яъни: “Ва осмондан сув тушириб, у билан ун(ер юзи)да турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик” (Луқмон сураси 10-оят).

Ушбу ояти каримада аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйилмоқда. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга замонавий илм-фан яқиндагина кашф қилди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ таоло қодир.

Бугунги кун инсонлари сувсизликдан, қурғоқчиликдан қийналмоқда. Озгина фикрлаб кўрсак, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бугунги инсонлардан анча олдин сувни исроф қилмаслик ҳақида кўп таъкидлаганларини кўрамиз. У Зот алайҳиссалом таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бирини сувни исроф қилишдан қайтариб шундай деганлар: 

وَإِنْ كُنْتَ عَلَى نَهْرٍ جَارٍ

(رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)

яъни: “Агар оқиб турган дарё лабида бўлсангиз ҳам, сувни исроф қилма!” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз оқмай турадиган, кейинчалик унда ғусл қиладиган сувга зинҳор бавл қилмасин”, деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Қуръони Каримда махлуқотларнинг аҳамияти таъкидланиб, улар ҳам биз каби уммат эканини эълон қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلاَ طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلاَّ أُمَمٌ أَمْثَالُكُم مَّا فَرَّطْنَا فِي الكِتَابِ مِن شَيْءٍ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِمْ يُحْشَرُونَ

яъни: “Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар”.

Ҳар бир инсон мана шу оятда айтилганидек, ҳайвонларни алоҳида уммат эканини ҳис қилса, уларга ёмон муомала қилмайдиган, балки меҳр кўрсатадиган бўлади.

Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида фарз намозлардан кейинги зикрлар ҳақида суҳбатлашамиз. Намоздан кейин ўқиладиган Оятал Курси ва зикрлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга қилган тавсиялари бўлиб, мустаҳаб даражасидаги амаллардир. Уларга доимий амал қилиб юриш катта савоб ва ажрларга сабаб бўлади.

Намоздан кейинги тасбеҳлар. Намоздан кейинги тасбеҳлар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

 مَنْ سَبَّحَ اللَّهَ دُبُرَ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَحَمِدَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ وَكَبَّرَ اللَّهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ

(رواه الامام مسلم)

яъни: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта “Субҳаналлоҳ”, ўттиз уч марта “Алҳамдулиллаҳ”, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар” деса, бу тўқсон тўққизта бўлади, юзинчисида “Лаа илааҳа иллаллооҳу ваҳдаҳу лаа шарикалаҳу луҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” деса, агарчи гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечирилади” (Имом Муслим ривоятлари).

Намоздан кейин "Оятал Курсий" ўқиш. Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин "Оятал курсий"ни ўқишнинг фазилати ҳақида шундай дейдилар:

مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ في دُبُرِ الصَّلاَةِ المَكْتُوبَةِ، كَانَ في ذِمَّةِ اللهِ إِلَى الصَّلاَةِ الأُخْرَى

 (رواه الامام الطبراني)

яъни: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал Курсини ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари). Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади:

مَنْ قَرَأَ آيَةَ الْكُرْسِيِّ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ مَكْتُوبَةٍ لَمْ يَمْنَعْهُ مِنْ دُخُولِ الْجَنَّةِ إِلَّا أَنْ يَمُوتَ 

(رواه الامام النسائي)

яъни: “Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал Курсини ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривоятлари).

     Демак, намоздан кейинги зикру тасбеҳлар тилга осон бўлишига қарамай, Қиёмат куни амаллар тарозусини тўлдириб, оғир босади. Бу – Аллоҳ таолонинг биз Ислом умматига берган катта имтиёзи ва марҳаматидир! Диёримизда қадимдан ушбу гўзал Набавий тавсияларга амал қилиб келинмоқда ва бунинг, баъзилар даъво қилгани каби шариатимизга зид келадиган жойи йўқ.

Ҳозирги кунда сохта салафийлар ва бемазҳаблар томонидан “Оятал Курсий”ни ва намоздан кейинги зикрларни жамоат бўлиб адо этишимизни бидъат дейиш ҳолатлари учрамоқда. Бунга жавобан шуни маълум қиламизки, уламоларимиз ҳеч қачон Исломда бидъат бўлган ишга тарғиб қилмаганлар. Балки, асли шариатда машруъ бўлган амалга буюрганлар. Қолаверса, жамоат бўлиб зикр қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида ҳам бор эди. Бунга жуда кўп ҳадиси шарифлар далолат қилади. Қуйида фақат биргина ҳадис шарифни келтириш билан кифояланамиз. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳисалом айтадилар:

مَا جَلَسَ قَوْمٌ يَذْكُرُونَ اللهَ، إلاَّ حَفَّتْهُمُ الْمَلاَئِكَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ

(أخرجه الامام الترمذي)

яъни: “Қайси бир қавм Аллоҳни зикр қилиб ўтирсалар, албатта, уларни фаришталар қуршаб олади ва уларни раҳмат ўраб олади” (Имом Термизий ривоятлари).

Аллоҳ таоло ҳолатимизни Ўзи ислоҳ қилиб, мўмин-мусулмонлар ўртасида турли ихтилофлар келтириб чиқарадиганлардан бўлиб қолишимиздан паноҳида асрасин. Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келаси жума маърузаси “Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик ва алдовлардан огоҳ бўлинг!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида ожизона бажарган ибодатларимизни қабул қилсин. Ўзининг ибодатига тавфиқ бергани учун Раббимиз Аллоҳга беадад ҳамду саноларимиз бўлсин!

Бугун Ислом динимиздаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр куни. Бу вақт – бениҳоя хурсандчилик, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.

Бу йил Рамазон кечаларида ўқилган таровеҳлар, хатми Қуръонлар жуда файзли ўтди. Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар. Ваҳоланки, ўтган йиллар пандемия сабабли бу неъматларга ета олмаган эдик. Аллоҳга беадад шукрки, жорий йили пандемия шароитида бўлса ҳам, карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, таровиҳ намозларини адо қилиш, хатми Қуръонларни амалга ошириш имкониятига эга бўлдик. Халқимизнинг тартибли, масъулиятли экани яна бир бор исботини топди. Хатми Қуръонлар чиройли тартиб билан ниҳоясига етди. Уламоларимиз ва имом-хатибларимиз намозхонларга ўзларининг ваъз-насиҳатларини бу ойда кўпроқ қилишга ҳаракат қилдилар.

Хуллас, бу муборак ойни ўзига яраша ҳурмат ва эҳтиром билан кўнгилдагидек кутиб олиб, рисоладагидек кузатишга муваффақ бўлдик, иншааллоҳ.

Мана шундай хурсандчилик кунларга эсон-омон, хотиржамликда етиб келганимиз учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз. Зеро Парвардигоримиз шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилади, ношукрликнинг эса охири жуда ёмондир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

 وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ   

яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).

Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари айтилган бўлиб, унинг ҳукми то Қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши мумкин бўлиб қолади.

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса, қайтариш – айнан олижанобликдир. (Шайх Абдулазиз Мансур).

Бошқа ояти каримада шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُوا لِلَّهِ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси 172-оят)

Бизга берилаётган яхшиликларга имконимиз борича яхшилик, солиҳ амаллар билан жавоб қайтармоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу маънони таъкидлаб, айтадилар:

مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ

(رَوَاهُ الإمام التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ الله عَنْهُ)

яъни: “Одамлардан миннатдор бўлмайдиган киши, Аллоҳга ҳам шукр қилмайди” (Имом Термизий ривоятлари).

Азиз юртдошлар! Юрт тинчлиги ва фаровонлиги – катта неъматлардан биридир. Мана шундай юртда дин-диёнат, фан ва илм-маърифат, иқтисодий ҳаёт ривожланади. Халқимиз бекорга: “Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади” – демаган. Нотинчлик, уруш-жанжал бўлган юртларда жамият ҳаётини қайта мўътадил ҳолатга келтириш учун узоқ йиллар талаб қилинади ва уруш-жанжалнинг асоратлари кўп муддатга чўзилади. Шундай экан тинчлик ишига ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши – зиммасидаги бурчдир. Бунинг учун ҳар бир киши ўзига лойиқ ҳалол касб қилиши билан бирга, оиласи, жамият ва ватани олдидаги бурчларини виждонан бажариши керак.

Зеро, барчамиз юрт тинчлигига раҳна соладиган ҳар қандай фитналардан сақланишимиз ва юрт тинчлигини дадил ҳимоя қилишимиз шарт. Юрт ташқарисидан ёки ичимиздан чиқиб, халқ билан давлатни қарама-қарши қўймоқчи бўлган, ўртага совуқчилик, ўзаро ишончсизлик солмоқчи бўлганларга ҳеч ҳам ён бермаслигимиз керак. Яқинда икки қўшни мамлакат ўртасида рўй берган фожиали воқеалар, чегарадош Афғонистон мамлакати ҳудудида кун сайин рўй бераётган, ҳатто ёш гўдакларнинг ўлимига сабаб бўлаётган террорчилик ҳаракатлари барчамизга аччиқ сабоқ бўлиши керак. Доим Ватанимиз ва одамларга фойдали киши бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Шундай экан, ён-атрофимизда кечаётган, жамиятимиз барқарорлиги ва тақдири учун муҳим бўлган ижтимоий-сиёсий жараёнларга бепарво ва лоқайд бўлмаслигимиз, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни авайлаб-асрашда барчамиз ғайрат қилишимиз даркор.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ، وَأَحَبُّ الأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ سُرُورٌ تُدْخِلُهُ عَلَى مُسْلِمٍ، أَوْ تَكْشِفُ عَنْهُ كُرْبَةً، أَوْ تَطْرُدُ عَنْهُ جُوعًا، أَوْ تَقْضِي عَنْهُ دَيْنًا، وَلأَنْ أَمْشِيَ مَعَ أَخٍ لِي فِي حَاجَةٍ، أَحَبُّ إِلَيَّ مِنْ أَنْ أَعْتَكِفَ فِي الْمَسْجِدِ شَهْرًا، وَمَنْ كَفَّ غَضَبَهُ سَتَرَ اللَّهُ عَوْرَتَهُ، وَمَنْ كَتَمَ غَيْظَهُ، وَلَوْ شَاءَ أَنْ يُمْضِيَهُ أَمْضَاهُ، مَلأَ اللَّهُ قَلْبَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ رِضًا، وَمَنْ مَشَى مَعَ أَخِيهِ فِي حَاجَةٍ حَتَّى يُثْبِتَهَا، أَثْبَتَ اللَّهُ قَدَمَيْهِ يَوْمَ تَزُولُ الأَقْدَامُ، وَإِنَّ سُوءَ الْخُلُقِ يُفْسِدُ الْعَمَلَ، كَمَا يُفْسِدُ الْخَلُّ الْعَسَلَ

(رواه الامام الطبراني في الكبير، والامام ابن أبي الدنيا)

яъни: “Одамларнинг Аллоҳ таолога энг севимлиси – одамларга энг фойдаси кўп тегувчисидир. Амалларнинг Аллоҳ таолога энг севимлиси бир мусулмоннинг қалбига киритадиган хурсандчилигингиз ёки уни бирор ғамини кетказишингиз, ё унинг номидан қарзини адо қилишингиз, ё уни тўйдиришингиздир. Мусулмон биродаримнинг ҳожатини раво қилиш учун у билан юришим – масжидда бир ой эътикоф ўтиришимдан кўра менга севимлироқдир. Ким ғазабини тийса, Аллоҳ таоло унинг айбини яширади. Ким ғазабини сочишга қодир бўла туриб ҳам ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг қалбини розилик билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиш учун, унинг ҳожати раво бўлгунча бирга юрса, Аллоҳ таоло қадамлар тойиладиган Кунда унинг қадамини собит-мустаҳкам қилади. Сирка асални бузгани каби ёмон хулқ амални бузади(Имом Табароний ва Имом Ибн Абуд-дуня ривоят қилишган).

Инсондаги шукроналик қаноат ва сабр каби сифатлар билан камолига етади. Чунки одам ҳар қанча неъматлар ва ютуқларга эришмасин, қаноатли бўлмас экан, ношукрликдан қутула олмайди. Сабр-тоқатли бўлмас экан, яхши кунларга ета олмайди. Ояти каримада сабр ҳақида шундай дейилади:

 إِنَّهُ مَنْ يَتَّقِ وَيَصْبِرْ فَإِنَّ اللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “...Дарҳақиқат, кимки Аллоҳдан қўрқиб, сабр қилса, албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчиларнинг мукофотини зое қилмагай” (Юсуф сураси 90-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қаноат ҳақида шундай деганлар:

قَدْ أَفْلَحَ مَن أَسْلَمَ، وَرُزِقَ كَفَافًا، وَقَنَّعَهُ اللَّهُ 

(رواه الامامُ مسلم عن عبد الله بن عمرو)

яъни: “Мусулмон бўлган, етарли ризқ билан насибаланган ва Аллоҳ унга қаноат берган киши нажот топибди” (Имом Муслим ривоятлари).

Азизлар! Маълумки, Юртбошимиз томонидан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. Ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажаги бўлмиш ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши муҳим ҳисобланади. Муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига чиройли хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади (Имом Бухорий “Ал-Адаб ал-муфрад” асари).

Ёшларимиз жамиятда ўзига муносиб ўринни эгаллагач, Ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишини, фарзанд ўстирган ҳар бир ота-она албатта ният қилади. Ана шу орзу кўрсатма ва иршодларга амал қилиш – бахт-саодат гаровидир. Демак, ота-оналар ва устозлар ёш фарзандларга одоб-аҳлоқ, илм ва касб ҳунарларни мукаммал ўргатиб қизиқтиришлари лозим. Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар очиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, муқаддас динимиз таълимотларида инсон саломатлигига сабаб бўлувчи нарсаларга буюрилган ва ўз навбатида саломатликка зарар етказувчи ҳар қандай ишлардан қайтарилгандир. Хусусан, соғлиққа зарур берувчи барча амаллар ояти карима билан очиқдан-очиқ ҳаром қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва У Зотнинг саҳобалари бу борада умматга чиройли ўрнак бўлишган. Дарҳақиқат, халқимиз “Соғлом танда – соғ ақл” деб бежиз айтмаган. Албатта, инсоннинг тани соғлом булса, бор куч-қувватини, вақтини ва молини илм ўрганишга ва ўргатишга сарф қилади. Фарзандларимизни ёшлигидан соғлом турмуш тарзига ўргатиб, шунга мувофиқ тарзда ҳаёт кечиришга одатлантириш – биз ота-оналарнинг бурчимиздир.

Ҳурматли жамоа! Рамазон ойи – хайру саховат ойидир! Ислом динимиз наздида “хайру саховат” деганда, албатта, биринчи галда “муҳтожларга ёрдам бериш” тушунилади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُ حَبَّةٍ

وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

яъни: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир(Бақара сураси 261-оят).

Аллоҳ таоло Ўз фазли билан бой қилган кишилар молларидан муҳтож ва камбағалларга закот, хайр эҳсон қилишлари – жамиятда бой ва фақир ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келтириш, Ислом динининг нақадар инсонпарвар, меҳр-мурувватга тарғиб қилувчи дин эканини намойиш қилиш, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, яна ҳам кўпайишига замин тайёрлашдир.

Шу боис бу улуғ кунларни ғанимат билиб, савоб ва фазилатларидан умидвор бўлган ҳолда оиламиз, яқинларимиз, қўни-қўшни ва қариндошларимиз ҳолларидан хабар олишимиз даркор бўлади. Зеро яхшиликнинг ажри – фақат яхшиликдир! Бундай эзгу ишларимиз учун хонадонимиз ва юртимизга Меҳрибон Парвардигоримиз файзу футуҳ ва баракотларини ато этади.

Қадрли юртдошлар! Ҳайит бу – хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишлардан иборатдир! Ҳайит намозини адо этгандан сўнг, биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз ҳамда ёру-биродарларимизни зиёрат қиламиз. Улардан ҳол-аҳвол сўраш ва кўнгилларига хурсандчилик киритишга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечирсинлар, Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб бўлмасинлар.

Бугун – мусулмонларга қувонч улашиладиган кун! Шунинг учун бу улуғ кунларни азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал. Аммо булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур. Айниқса, ҳайит кунлари фотиҳахонлик мақсадида хонама-хона юришларимизни қисқартириб, кишиларга озор бермайдиган тарзда ўтказсак, маъқул бўлади.

Умуман, ҳайит кунлари карантин талабларига риоя этишни унутмаслигимиз зарур. Ўзини беҳол сезаётган фуқаролар, айниқса, ковид аломатларини ҳис қилаётган юртдошларимизни уйда ўтириш, шифокорларга мурожаат қилиш ҳамда жамоавий тадбирларда қатнашмасликка чақирамиз. Шунингдек, ёши улуғ отахон-онахонлар бор оилаларда зиёратлар давомида кексаларга коронавирус юқтириб қўйишни олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўриб қўйишимиз зарур.

Ҳурматли азизлар! Маълумки, Шаввол ойи ҳижрий сананинг унинчи ойи ҳисобланади. Бу ойда соғлиги ва имкони бўлган киши нафл рузасини тутса, Аллоҳ таоло у бандага кўп ажру мукофотларни беришини ваъда қилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتْبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ

(رَوَاهُ الإمام مسلم عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)

яъни: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шаввол ойидан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, киши Рамазон рўзасини тутиб, шавволнинг олти кунида рўза тутса, бир йил давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан.

Бу олти кунлик рўзани Рамазон ҳайитининг эртасидан бошлаб тутиш мумкин. Шунингдек Шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Бу ҳақда “Зоҳирийя” ва “Хулоса” номли фатво китобларимизда айтиб ўтилган.

Азизлар! Энди ҳайит намози қандай ўқилиши ҳақида суҳбатлашамиз. Биринчи, ният қилиб намозга киришилади. Яъни “Рамазон ҳайити намозини  Қиблага юзланган ҳолда, имомга иқтидо қилиб, ўқишни ният қилдим” деб, “Аллоҳу акбар”ни айтиб қулоқ қоқилади.

Кейин қўлни қовуштириб, ҳар ким ичида сано (Субҳанакаллоҳумма...) дуосини ўқийди. Сўнгра имом қўлларини қулоқларига кўтариб, уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам уч марта такбир айтади. Такбирлар орасида қўллар боғланмайди, ёнга ташланади. Тўртинчи такбир айтилгач, қўллар боғланади, қиём ҳолида турилади.

Кейин имом ичида “Аъузу”ни ва “Бисмиллаҳ”ни айтиб, овоз чиқариб “Фотиҳа” сурасини ва зам сурани ўқийди. Қавм жим эшитади. Қироатдан сўнг такбир айтиб, руку ва саждалар қилиниб, иккинчи ракатга турилади.

Иккинчи ракатда имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқийди. Қироатдан сўнг рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби, имом ва жамоат биргаликда уч марта такбир айтадилар. Такбирлар орасида қўлларини боғламай, ёнга ташлайдилар. Ва тўртинчи такбирни айтиб, рукуга борадилар ва сажда қиладилар. Саждадан сўнг ўтириб, ташаҳҳуд, саловат ва дуо ўқиб, салом бериб, намозни тугатадилар.

Яна бир-бор барча мўмин-мусулмонларни Рамазон Ҳайити билан самимий муборакбод этамиз! Аллоҳ таолодан юртимиз ҳамиша обод, ҳалқимиз тинч ва иттифоқликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб дуои хайрлар қиламиз! Омин! 

 

2021 йил Рамазон ҳайити куни ва намозининг вақти

Муҳтарам имом-домла! Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий 2021 йил Рамазон ҳайити (Ийдул фитр)нинг биринчи куни 13 май (шаввол ойи 1 куни) пайшанба кунига тўғри келиши тўғрисидаги қарорини қабул қилди.

Шунга кўра, 2021 йил 13 май пайшанба куни Рамазон ҳайити намози Тошкент вақти билан соат 05:30 да, бошқа вилоятларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.

Аллоҳ таоло Рамазон ҳайити намозини барчамиздан қабул айлаб, бу куннинг шарофати билан юртимизни файзу баракотга тўлдирсин! Омин!

 

Рамазон ҳайити намозини вилоятларда

ўқиладиган вақтлари ҳақида

МАЪЛУМОТ

 

Вилоят

Намоз вақтлари

1.      

Андижон вилояти

05:20

2.      

Бухоро вилояти

05:50

3.      

Жиззах вилояти

05:40

4.      

Навоий вилояти

05:50

5.      

Наманган вилояти

05:20

6.      

Самарқанд вилояти

05:40

7.      

Сирдарё вилояти

05:35

8.      

Сурхондарё вилояти

05:40

9.      

Тошкент вилояти

05:35

10.            

Тошкент шаҳри

05:30

11.            

Фарғона вилояти

05:20

12.            

Хоразм вилояти

06:05

13.            

Қашқадарё вилояти

05:45

14.            

Қорақолпоғистон Республикаси

06:10

 

Эслатма: Ушбу жадвалда кўрсатилган вақтлар қуёш чиққанидан кейин 15-20 дақиқалик фарқни инобатга олиб белгиланди.

 

Top