muslim.uz

muslim.uz

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Бирортангиз бир иш қилса, Аллоҳ ўша ишни яхшилаб қилишингизни яхши кўради”.

Зеро, ҳар бир ишни энг мукаммал ўринга қўйиб бажариш эҳсондир. 

Ҳадиси шарифлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”.

Ҳар бир ишнинг ўз эгаси – мутахассиси бор. Кучли, билимли, омонатдор ва ҳалол мутахассис ўзига топширилган вазифани маромига етказиб бажаради. Қолаверса касб соҳиби яъни иш эгаси ўз касбини севадиган ва унга умрини бағишлаган бўлади. Айнан мана шу омил касб эгалари учун энг муҳим мезонлардандир.

Зеро, касб танлаш инсон ҳаёти ва тақдирига таъсир этиши мумкин.

Олимларнинг таъкидлашича, ҳар бир инсон касб танлашда ўзининг феъл-атвори, қизиқишларини ҳисобга олиши керак. Касбнинг “обрўли”, “сердаромад” ва “имконияти катта” жиҳатлари эмас, балки ҳар бир инсоннинг феъл-атвори ҳамда дунёқарашига мос келиши – жуда муҳим. Агар аксинча бўлса, ҳар қанча кўп пул тўланмасин, иши унмай, касалликларга чалиниш хавфи шунча кўп бўлар экан. Номақбул иш фаолияти – инсон ҳаётига алькоголь, наркотик моддалари ва урушлардан ҳам кўпроқ хавф солади, дейди олимлар. Бу борада дунё бўйлаб кузатилган статистика қуйидагича:

Ҳар йили ишлаб чиқаришда ва касб касалликларидан 2 миллиондан зиёд инсон нобуд бўлади — шунингдек, уруш ва ҳарбий можаролардан 650 мингга яқин инсон нобуд бўлар экан.

Айниқса, ривожланган мамлакатларда иш учун берилаётган қурбонлар сони юқори. Масалан, ҳар йили бир неча юзлаб япон ўта толиқиш оқибатида тўппа-тўғри иш жойининг ўзида бандаликни бажо келтиради.

Ёкоҳома университети тадқиқотчилариниг ёзишича ҳафтасига ўрта ҳисобда бир нафар одам руҳий зўриқишларга дош бера олмай, депрессия оқибатида турли ноҳушликларга дуч келар экан.

Илгари хавфли касблар ҳақида гап кетганда, журналистика ва кончи-шахтёрлик касблари тилга олинарди. Аслида, бу мезонлар ҳам ўзгарувчандир.

Бизнингча, у ёки бу касбнинг “хавфлилиги”ни аниқлагандан кўра, ҳар ким аввало, ўзига мос касбни танлагани маъқул. Ҳадисда айтилганидек “Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”.  Қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, агар одам ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлса, унга бўлган талаб доимо юқори бўлади. Ўз навбатида бундай кишининг соғлиғи, обрўси, кайфияти ва даромади ҳамиша яхши бўлаверади.

Олимлар ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, қуйидаги касб эгалари руйиҳ зўриқишга ўта мойил бўлар экан:

1 – ўрин. Олимлар ва ўқитувчилар. Узлуксиз изланиш, такрорий тадқиқотлар олимларни, ота-оналар, раҳбарият томонидан назорат ва босимнинг кучайиши, болаларнинг қулоқсизлиги ва бир маромдаги иш эса педагоглар асаб тизимини ишдан чиқариши барчамизга маълум.

2 – ўрин. Ижод аҳли – шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ва режиссёрлар. Бу касбларнинг эгалари аксарият ҳолларда машаққатли ижод қилиб, вақтида дам олмайдилар. Қолаверса бу тоифа кишилари мақтовга ўч ва танқидни суймайдиганлар тоифасига киради. Бундан ташқари, уларга бироз манманлик хусусияти хос бўлиб, бу ҳам ортиқча асаббузарлик келтириб чиқаради.

3 – ўрин. Жамоатчилик фаоллари – телебошловчилар, сиёсатчилар ва шоу-бизнес вакиллари. Сабаби – турмуш тарзидан қатъи назар, улар жамоатчилик олдида доим яхши кайфиятда бўлишга мажбур.

Тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги ўрин хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларига тааллуқли. Баъзи инжиқ мижозларнинг талаблари бу соҳа вакилларининг силласини қуритиб юборади.

Аммо, нима бўлганда ҳам ҳар бир инсон ўзига муносиб, ишидан завқланадиган касб ёки ҳунарни эгаллагани мақсадга мувофиқдир. Шунда, жамият ҳам ривожланиб, мамлакатмиз янада тараққий этади.

         Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

          

        

Олимлардан бири “инсон дунёдаги энг мураккаб механизм қилиб яратилган” дейди. Ҳақиқатдан ҳам, одам ўта аниқ ўлчов билан, ҳаттоки энг кичик ҳужайраларигача махсус дастурга эга қилиб яратилган.

Бир муддат тин олиб, жисмингизга ва тана аъзоларингизга диққат билан эътибор берсангиз ўзингизнинг бетакрор мўъжиза эканлигингизга гувоҳ бўласиз. Аммо, буни ҳар доим ҳам англаб етавермаймиз.

Танишларимдан бири анча йиллардан бери сурункали хасталиклардан азият чекиб келади. Катта-катта шифокорлар кўригига борди, ётиб даволанди, бироқ натижа йўқ. Яқинда бир шифокор, олимнинг ёнига бирга бордик. Танишимни кўриб икки оғиз гаплашди-ю “бор боравер, йўлингдан қолма. Мен ўзига ёрдам беришни хоҳламайдиган, ўлигини дўҳтирларга, яқинларига осиб оладиган чала мурдани даволамайман”, деб қолса бўладими. Очиғи ҳайрон қолдик.

Узоқ ялинишлардан сўнг шифокор “майли бир марта тушунтираман, тушунсанг қоласан йўқса жавоб” дея, сўз бошлади:

“Аллоҳ таоло биз бандаларини онгли, ақлли, билимли қилиб яратган. Шунга яраша тана ҳам берган. Инсон танаси ўз-ўзини даволаш ва қайта тиклаш хусусиятига эга. Лекин, ҳамма ҳам бу имкониятдан фойдалана олмайди. Айниқса касалликни ўзига касб қилиб олган ва шу орқали кишилар эътиборида яшашга ўрганганлар. Улар дарҳол тушкунликка тушиб, ноумид бўлишади ва ҳаёт фақат мусибатлардан, дардлардан иборат деб ўйлашади. Одам қандай дардга чалинишидан қатъий назар аввало руҳан ва фикран хасталикка таслим бўлмаслиги шарт. Шундагина тиббиёт унга ёрдамчи бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг бир одам балчиққа йиқилиб тушди, унга ёрдам беришга ҳаракат қилиб, турғазиб, уст-бошини тозалаб берсангиз-у бир оздан сўнг у яна ўша балчиққа бориб ётиб олса нима дейсиз? Демак унинг ўзи балчиқни ҳушлар экан, ўзига балчиқ ёқар экан дейсиз. Аслида ҳам шундай. Унинг ўзи балчиқда яшайди. Сизнинг ҳаракатингиз ва меҳнатингиз бесамар кетади.

Яна бир ҳақиқат биз танамиз ва онгимизни дангаса қилиб қўйганмиз. УнутмангЎзингга фақат ўзинг ёрдам бера оласан. Натижа эса Аллоҳдан”.

Шифокорнинг ёнидан чиқдим-у менда ҳамма нарса ўзгара бошлади, фикрлар, ўйлар, саволлар...  

Динимизни бизга, тақдирнинг яхши куни ҳам ёмон куни ҳам Аллоҳдан деб билишни таълим беради. Демак, ҳар қандай ҳолатда ҳам шу тақдирни насиб этган Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиб, фақат Ўзидан нажот сўраб тушкунлик ва пессимистик кайфиятни тарк этишимиз, аксинча бу ҳолдан ибрат ва хулосалар чиқаришимиз лозим.

Ҳаётда қийинчилик, мусибат ва дардга дуч келдингизми? Асло, хафа бўлманг! Табассум қилинг ва Аллоҳга юзланинг ва илтижо қилинг:

“Эй Роббим, мағфират қил, раҳм қил. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг яхшисисан” (Мўъминун сураси, 118-оят).

“Менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт” (Исро сураси, 80-оят).

“Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, мен золимлардан бўлдим” (Анбиё сураси, 87-оят).

Дуо қилсангиз албатта Аллоҳ таоло дуоларингизни мустажоб қилади. Ҳеч қачон тушкунликка тушманг, ўзингизни ғам ботқоғига ташламанг, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг!  

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“(Эй, Муҳаммад!) Ўз жонларига (гуноҳ билан) зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи Мағфиратли ва Раҳмлидир” (Зумар сураси, 53-оят).

Яна бир оятда эса:

“Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофирлар қавмигина ноумид бўлур” (Юсуф сураси, 87-оят) деб айтган.   

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

П'ятниця, 19 июнь 2020 00:00

Худо суйган бандамисиз?

Баъзан, муваффақиятга эришган ёки мол-дунёга эга кишиларни кўриб одамлар “Худо суйган бандада” дея эътироф этишади. Мантиқан тўғри фикрга ўхшайди. Чунки, инсонларга барча нарса, омадни ҳам бахтни ҳам Аллоҳ таоло беради. Аммо, неъматларнинг аксари синов учун ҳам берилиши мумкин.

Хўш, унда Аллоҳ суйган банда қандай бўлади? Қуйида шу ҳақдаги уламоларнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

         Уламолар айтади: Аллоҳ суйган банда эканлигини билмоқчи бўлган инсон қалбига ва амалларига қарасин: “Агар қалбида фақат Аллоҳ бўлса ва амаллари қалбидагини рўёбга чиқарса демак у Аллоҳнинг муҳаббати йўлидадир”.

 Ҳазрати шайх Ҳариси Муҳосибий қуддиса сирруҳу айтганлар: “Аллоҳнинг муҳаббатига лойиқ зотларда ўн икки хислат сақланмоғи лозим:

  1. На ёлғон, на рост гапга қасам ичмаслик.
  2. Ёлғондан сақланмоқлик.
  3. Ваъдасидан қайтмаслик.
  4. Махлуққа лаънат ўқимаслик.
  5. Ҳеч кимни дуойибад қилмаслик (яъни қарғамаслик).
  6. Зулм кўрса таҳаммул (сабр) этмоқлик.
  7. Ҳаромдан сақланмоқлик.
  8. Ўзини ҳеч кимсадан улуғ кўрмаслик.
  9. Ҳеч кимсанинг дилини оғритмаслик (ранжитмаслик).
  10. Муридни (илм ўрганувчилар) инжитмаслик (ўзидан совутмаслик).
  11. Қазо келса сабр ва шукр қилиш”.

“Эй кўнгил! Сен Аллоҳ мени севадими, севмайдими, деб қизиқяпсанми? Хўш, бунинг ўлчови борми, бор бўлса нимадан иборат? Сен Аллоҳга қалбан нақадар боғлиқсан? Аллоҳга бўлган ишқинг қай даражада – ўлчов мана шудир. Билким, сенинг Аллоҳга бўлган муҳаббатинг Аллоҳнинг сенга бўлган муҳаббатидир. Бу инсоннинг ботинидаги туйғуларга боғлиқ. Ана шу туйғулар майдонга келсин, қалб нурлансин, деб зикр қилинади. Зеро, Аллоҳнинг “Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман”, деган ваъдаси бор. Бу амал нақадар гўзал!” (Тоҳир Малик).

Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда Ўзи севган бандалари ҳақида шундай марҳамат қилади:

“Айтинг (эй Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”(Оли Имрон, 31)

Демак, Аллоҳ таолонинг суюкли бандасига айланиш учун аввало, Аллоҳга муҳаббат қўймоғимиз, унга содиқ қолмоғимиз ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, ул зотнинг суннатларига маҳкам амал қилмоғимиз лозим экан.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

18 июнь куни “Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси” мавзуида видеоконференцалоқа форматида парламент форуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Малайзия парламенти Вакиллар палатаси Спикери ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳасан иштирок этди.

Акмал Саидовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиёдаги асосий ва узоқ муддатли ҳамкорлардан бири бўлган Малайзия билан икки томонлама мулоқотни фаол ҳамда жадал ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратиб келмоқда.

Моҳд Ҳасан Малайзия ва Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга эканлигини эътироф этар экан, мамлакатимизга ташрифи давомида ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айниқса, бутун дунёга машҳур ва ислом зиёратгоҳлари сифатида тан олинадиган Самарқанду Бухоро малайзиялик туристлар учун жозибали жойларга, хусусан, Ўзбекистон орқали Умра зиёратини амалга ошириш масканларига айланиши мумкин.

Видеоконференция чоғида “Ўзбекистон — Малайзия” дўстлик гуруҳи раҳбари Шарофиддин Назаров ҳам сўзга чиқди. Унинг айтишича, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий-маърифий, сиёсий муносабатларни ўрнатишда дўстлик гуруҳи муҳим роль ўйнайди. Минтақада савдо алоқалари, туризм соҳаси, рақамли иқтисодиётни равнақ топтириш, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, икки давлат ишбилармонлик доираларининг “B2B” учрашувларини ташкил этиш шулар жумласидандир.

— Айни чоғда парламент аъзолари ўртасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсатни шакллантиришга хизмат қиляпти, — деди “Малайзия — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи аъзоси Панг Хок Лионг. — Парламентлараро дипломатия эса энди-энди ривожланмоқда, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Аммо дўстлик гуруҳи аъзолари ўзаро келишувлар, халқаро декларацияларда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришлари лозим.

Бинобарин, тадбир давомида икки тарафлама ҳамкорликда эришилган натижалар қаторида парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, фойдали савдо-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ришталарни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш ҳақида фикр алмашилди.
Томонлар коронавирус тарқалиши, уни дунё иқтисодиётига таъсири, Ўзбекистон ва Малайзияда ушбу касалликка қарши курашиш йўлида қабул қилинаётган чора-тадбирлар каби масалаларни ҳам муҳокама қилишди. “Тождор ёв”ни чекинтириш, пандемиянинг, жумладан, икки давлат савдо-иқтисодий муносабатларига кўрсатадиган салбий оқибатларини бартараф этишда парламентлар аъзолари ролига тўхталиб ўтилди. Шу боис ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш долзарб эканлигига урғу берилди.

Онлайн-форум мобайнида ҳар икки тараф ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро Иттифоқ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти сингари халқаро ташкилотлар майдонларида икки мамлакат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида якдил фикр билдиришди. Ўз навбатида, кенг кўламли ҳамкорликни фаол равнақ топтириш бўйича ўзаро қатъий эканликларини тасдиқлашди.

Якунда Ўзбекистон Республикаси ва Малайзия ўртасидаги муносабатлар ҳамда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

П'ятниця, 19 июнь 2020 00:00

Масжидул Ақсони ким қурган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пойдеворга асос солиниши

Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ер юзида қайси масжид биринчи бўлиб қурилган?» дедим. У зот: «Масжидул Ҳаром», дедилар. «Кейин қайси?» дедим. У зот: «Масжидул Ақсо», дедилар. «Икковининг орасида қанча ўтган?» дедим. У зот: «Қирқ йил. Қачон бўлмасин, сенга намоз тўғри келса, дарҳол ўқиб ол, чунки фазилат шунда», дедилар» (Бухорий ривоят қилган).

 

Одам алайҳиссалом

Қуртубий айтади: «Байтул Мақдисни биринчи бўлиб ким қургани ҳақида ихтилоф бор. Ривоят қилинишича, биринчи бўлиб Байтни, яъни Байтул Ҳаромни Одам алайҳиссалом қурганлар. Байтул Мақдисни у кишидан қирқ йил кейин ўғиллари қурган бўлиши мумкин. Аллоҳнинг изни билан фаришталар пойдевор қургандан кейин Байтни қурган бўлишлари ҳам мумкин. Ҳаммасининг эҳтимоли бор. Валлоҳу аълам» («Жомеъ ли аҳкаамил Қуръан», 4-жилд, 138-бет).

Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да шундай деган: «Масжидул Ақсони биринчи бўлиб Одам алайҳиссалом қурган. Фаришталар, Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом, Яъқуб алайҳиссалом ҳам қурган дейишади… Мен «Одам алайҳиссалом иккала масжидни ҳам қурган» деганларни қувватловчи далилни топдим. Ибн Ҳишом «Китобут-тийжон»да: «Одам Каъбани қургач, Аллоҳ унга Байтул Мақдис сари бориб, уни ҳам қуришга буюрди. У зот уни қуриб, унда ибодат қилдилар», деган».

Суютий «Сунану Насоий»нинг шарҳида шундай деган: «Масжидул Ақсони Одам алайҳиссаломнинг ўзи барпо қилган. Иброҳим ва Сулаймон алайҳиссаломлар эса уни янгилашган».

 

Иброҳим алайҳиссалом

Ибн Ҳажар Асқалонийнинг айтишича, Ибн Жавзий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қирқ йил» деган сўзларининг шарҳида  бу мантиқан тўғри кемаслигини айтган. Чунки Масжидул Ҳаромни Иброҳим алайҳиссалом қурган, Байтул Мақдисни Сулаймон алайҳиссалом қурган дейдиган бўлсак, ораларида минг йилдан кўп муддат бор. Кейин Ибн Жавзий бу номувофиқликка шундай жавоб берган: «Каъбани илк бор қурган зот Иброҳим алайҳиссалом эмас. Байтул Мақдисни илк бор қурган зот Сулаймон алайҳиссалом ҳам эмас… Бизга ривоятларда етиб келишича, Каъбани илк бор Одам алайҳиссалом барпо қилганлар. Кейин у зотнинг авлодлари ер юзида тарқаб кетишган. Уларнинг бири Байтул Мақдисни қурган бўлиши мумкин. Кейин эса, Қуръонда айтилганидек, Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қурганлар» («Фатҳул Борий», 6-жилд, 407-бет).

Қуртубий шундай деган: «Бу ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассалом биринчи бўлиб икки масжиднинг пойдеворига асос солганига далолат қилмайди, уларнинг ишлари бошқалар қурган масжидни янгилаш бўлган».

Аксар муфассирлар «Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ақсони рисолати ва даъватига иймон келтирган фарзандлари ва зурриётларидан иборат бўлган мусулмон умматига масжид бўлиши учун унинг биносини янгилаган», дейишади.

Масжидул Ақсога имом бўлиш Иброҳим алайҳиссаломнинг солиҳ зурриётлари қўлида давом этиб келган. 

Ибн Касир шундай деган: «Яъқуб ибн Исҳоқ алайҳимассаломнинг даврида Масжидул Ақсонинг Иброҳим алайҳиссалом қуриб кетган биноси эскириб кетганидан кейин қайта қурилган» («Бидоя ван-Ниҳоя», 1-жилд, 184-бет).

Шиҳобиддин Мақдисий шундай деган: «Бу иш бинони янгилаш бўлган» («Мусийрул ғаром», 134-бет).

 

Сулаймон алайҳиссалом

Мусулмонлардаги ишончли, собит шаръий далилларга кўра, Масжидул Ақсони Сулаймон алайҳиссалом қурганлар. Лекин у зот пойдеворга асос солмаганлар, балки масжиднинг биносини ибодат қилиш учун тайёрлаб, кенгайтириб, янгилаганлар.

Насоий, Ибн Можа ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Сулаймон ибн Довуд Байтул Мақдисни қуриб бўлгач, Аллоҳдан учта нарса сўраганлар: У Зотнинг ҳукмига тўғри келадиган ҳукмни, ўзидан кейин ҳеч кимга берилмайдиган салтанатни, бу масжидга фақат намоз ўқиш учунгина келган ҳар бир одамни гуноҳларидан худди онасидан туғилгандек (поклаб) чиқаришини.  Менга иккитаси берилди. Учинчиси ҳам берилишини умид қиламан».

Имом Нававий «Саҳиҳ Муслим»нинг шарҳида шундай деган: «Бу икки масжиднинг пойдеворига асос солган зот Одам алайҳиссалом экани ворид бўлган. Шу билан бирга Иброҳим Масжидул Ҳаромни, Сулаймон Байтул Мақдисни қургани, орада қирқ йил ўтгани ҳақидаги бироз ихтилофлар бор. Демак, бу икки зот бинони фақат янгилаган, холос деган хулоса келиб чиқади».

Қуртубий «Жомеъ ли аҳкамил Қуръан»да шундай деган: «У Зотнинг «Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб…» деган ояти ҳамда Насоий ривоят қилган ҳадис Иброҳим ва Сулаймон алайҳимассаломнинг пойдеворга асос солганига эмас, балки бошқалар асос солган бинони янгилаганига далолат қилади».

Имом Бағавий ўз тафсирида шундай деган: «Байтул Мақдис  Бухтанассир ғазот қилгунича Сулаймон қуриб кетган шаклда бўлган. У шаҳарни харобага айлантириб, масжидни бузиб, шифти ва деворларидаги тилла, кумуш, дур, ёқут ва бошқа жавҳарларни олиб, Ироқ еридаги ўз мамлакатига ташиб кетган, дейишади».

Кўриниб турибдики, Сулаймон Байтул Мақдисда қилган иши Ҳайкалнинг пойдеворига асос солиш бўлмаган, балки муборак Масжидул Ақсони янгилаш бўлган. Худди Иброҳим алайҳиссалом Масжидул Ҳаромни янгилагани каби. Масжидул Ақсо Сулаймон, Мусо, Яъқуб ва Иброҳим алайҳимуссаломлардан олдин ҳам бўлган…

 «Масжидул Ақсо: ҳақиқат ва тарих» китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Top