muslim.uz

muslim.uz

Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда ўз маърузаси билан иштирок этганлари ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 20 июнь куни Муфтий ҳазратнинг Қозоғистон Республикасига ташрифи дастуридан турли учрашув ва тадбирлар ўрин олган. Шундай учрашувлардан бири Туркистон вилояти ҳокими билан ўтказилди.

Туркистон ҳокими Тажибек Мусаев Муфтий ҳазратларини юқори эҳтиром билан кутиб олиб, Туркистон шаҳрининг диққатга сазовор жойлари ва зиёратгоҳларини кўздан кечирдилар.

Муфтий ҳазрат Аҳмад Яссавий қадамжосини ҳам зиёрат қилдилар ва у кишининг руҳларига бағишлаб Қуръон тиловати қилинди.

Маълумотлар учун, Қозоғистон Президенти Чимкент шаҳрига республика аҳамиятига эга шаҳар мақомини беришни кўзда тутувчи фармонни имзолаган эди. Ушбу фармон билан ЖАнубий Қозоғистон вилояти номи Туркистон вилоятига ўзгартирилиб, Туркистон шаҳри унинг маъмурий марказига айлантирилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Середа, 20 июнь 2018 00:00

Одоб-ахлоқ фазилати

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, бир киши Набий с.а.в.га деди: “Менга насиҳат қилинг”. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор такрорлади. Пайғамбар с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Имом Журдоний (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Дарҳақиқат, бу ҳадис Пайғамбар с.а.в.га ато этилган жавомиъ ул-калим (қисқа лафзлар орқали улкан маъноларни ифода этиш мўъжизаси)дан ҳисобланувчи буюк ҳадисдир. Чунки, у дунё ва охират яхшиликларини ўзида мужассам этгандир”.

Савол берувчи саҳобийнинг шахсига келсак, айрим уламолар
бу Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) эканини таъкидлайдилар. Бунга Имом Табаронийнинг Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятини далил қилиб келтирадилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, мени жаннатга олиб кирадиган амалга йўлланг”, дедим. У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма, жаннат сеники”, дедилар”. Айрим уламолар эса мазкур саҳобий Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу) эканини айтадилар. Бунга Имом Аҳмаднинг Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятни ҳужжат қиладилар: “Мен Пайғамбар с.а.в.га савол бериб бундай дедим: “Эй Аллоҳнинг расули, менга бир ўгит айтинг, уни англаб олишим учун уни менга оз қилинг”.
У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. Мен бир неча бор у зотга сўровимни такрорладим. Ҳар гал у зот: “Ғазаб қилма”, дедилар”.

Бундай воқеа бир неча маротаба юз берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, сўровчи саҳобийларнинг ҳам бир нечта бўлишидан бирор моне йўқ.

Комил мусулмон гўзал хулқлар билан сифатланган инсон бўлиб, у мулойимлик ва ҳаё ила безанади, инсонларга нисбатан камтарлик ва дўстлик либосини кияди. Одамларга озор беришдан сақланиш, интиқом олишга қурби етсада, кечириб юбориш, қийинчиликларга бардошли бўлиш, ҳатто ўзига нисбатан адолатсизлик қилинганида ҳам ғазабни ютиш, ҳамма вақт очиқ юзли бўлиш унинг мардонавор хислатларидандир. Абадий саодат истаб насиҳат сўраган саҳобийга Расулуллоҳ с.а.в.нинг кўрсатмалари юқоридаги маъноларни ўз ичига олган ушбу мўъжазгина ўгит бўлди:
“Ғазаб қилма”.

Сўровчи саҳобий жаннатга киришдек олий мақсадига эришиши учун мазкур ўгитни оз ҳисоблаб, насиҳат қилиш ҳақидаги сўровини бир неча бор такрорлади. Мазмун-моҳиятини англаган ва тақозосига амал қилган киши учун етарли насиҳат эканлигини таъкидлаш учун Пайғамбар с.а.в. ҳар гал “Ғазаб қилма” деган жумлани қайтаравердилар.

Оқил саҳобий Расулуллоҳ с.а.в.нинг таъкидларини тушуниб етди
ва мақсадларини англади. Дарҳақиқат, Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда насиҳат сўраган саҳобийдан қуйидаги хабар келтирилади: “Набий с.а.в. айтган ўгитларини айтганларида тафаккур қилдим, баногоҳ, ғазаб барча ёмонликларни келтириб чиқаришини тушундим”. Бунинг маъноси шуки, агар киши ғазаб қилмаса, барча ёмонликларни тарк этган бўлади. Кимки барча ёмонликларни тарк этса, барча яхшиликларни ҳосил қилган бўлади.

Дарғазаблик ва қизиққонлик заифлик аломатидир. Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлсада, ғазаб туфайли мағлубиятга юз тутади. Шунинг учун кучлиликка фақат жисмоний қувват билан эмас, балки, ўз ўрнида ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ҳаммани йиқитадиган паҳлавон кучли эмас, балки, ғазаб келганда ўзини қўлга оладиган киши кучлидир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Динимизда ғазабни муолажа қилиш чоралари ҳам кўрилган. Уламолар бу борада келган далилларни ўрганиб чиқиб, жумладан қуйидаги хулосаларни баён қилганлар:

1) киши ғазабланган вақтда ғазаб қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйламоғи, ғазабини ютганлар учун ваъда қилинган мукофотлар тўғрисида фикр юритмоғи зарур. Аллоҳ таоло айтади: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам
инфоқ-эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (“Оли Имрон” сураси, 133-134-оятлар).

Набий с.а.в. дедилар: “Кимки ғазабини сочишга қодир бўла туриб уни ютса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уни халойиқ кўз ўнгида чақириб, унга ҳурлардан хоҳлаганини танлаш имконини беради”. (Имом Аҳмад,
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти).

“Бирор банда Аллоҳ учун ғазабни ютса, албатта, унинг ичи иймонга тўлади”. (Имом Аҳмад ривояти). Абу Довуднинг ривоятида: “..., Аллоҳ уни омонлик ва иймон билан тўлғизади”, дейилган; 

2) Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилаши керак. Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларида икки киши тортишиб қолди. Бири ғазабланиб,
юзи қизарган ҳолда шеригини сўка бошлади. Шунда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, мен бир калимани биламанки, агар у ана шу калимани айтганида, шубҳасиз, ундан ғазаб кетган бўлар эди. Агар у: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм (Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман)” деганида эди!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти);

3) ғзабланган пайтда ҳолатни ўзгартириш ҳам ғазабни бартараф этишнинг самарали услубларидандир. Набий с.а.в. дедилар: “Сизларнинг бирортангиз тик турган ҳолда ғазабланса, ўтириб олсин. Агар ундан ғазаб кетса, кетди. Бўлмаса, ёнбошлаб олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти);

4) дарғазаб ҳолатда гапирмаслик керак. Чунки, у бу ҳолатда гапирса, ғазабини зиёда қиладиган сўз билан қарши олиниши ёки ғазаби сўнгандан кейин пушаймон бўлишига сабаб бўладиган гапни сўзлаб юбориши мумкин. Пайғамбар с.а.в.: “Қачонки бирортангиз ғазабланса, сукут қилсин”, дея
уч бора такрорладилар. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти);

5) ғазаб жисмда ҳароратни кучайтиради. Натижада, қон қайнайди, инсонда тутақиш юз беради. Сув уни совутиб, асл ҳолатига қайтаради.
Шу боис, бундай пайтда янги таҳорат олиш ғазаб алангасини ўчиради. Пайғамбар с.а.в. марҳамат қиладилар: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Бас, вақтики бирортангиз ғазабланса, таҳорат олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни ножўя ғазаб қилишдан сақланувчи суюкли бандаларидан бўлмоғимизни насиб этсин.

 

 

АСРОРХОН МАҲМУДОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Илм ва ҳунар ўрганиш инсон учун энг зарур ишлардан ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай нарсанинг моҳиятини англаш, жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг яхши-ёмон томонини таҳлил қила билиш, ишларнинг гуноҳ-савобини, ҳукмларнинг ҳалол-ҳаромини ажратиш, одамларнинг қадру қийматини тўғри тушуниш, оиланинг фаровон яшашини тўғри ташкил этиш, қисқаси, ҳар томонлама мукаммалликка эришиш учун илм ва ҳунар эгаллаш зарурий эҳтиёждир.

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Уни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Аксинча, дунёда қандай ёвузлик содир бўлган бўлса, уларнинг ҳаммаси жаҳолат туфайли келиб чиққан. Шунинг учун илмсизлик ва жаҳолат улкан ҳалокат ҳисобланади.

Илм ва илм аҳлининг фазилати борасида ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифлар бисёр. Илм эгаларининг топажак мақом-мартабалари ҳақида хабар берувчи ушбу ояти карима уларнинг фазилатига далолат қилувчи ҳужжат сифатида кифоя қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят).

Дарҳақиқат, иймон ва гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм инсонни бахтиёр қилади, мартабасини баландга кўтаради. Илм ҳосил қилишдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир. Бандасининг қилаётган амалларидан эса Аллоҳ таоло хабардордир.

Муҳаммад ибн Ҳасан (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Худди илм олиш фарз бўлгани каби касбу ҳунар ўрганиш ҳам фарздир”. Уламолар бунинг тасдиғига Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қиладилар:

"طلب الكسب فريضة على كل مسلم" ، رواه الطبراني في الأوسط .

“Касбу ҳунар исташ ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир” (Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади:

"طلب الكسب بعد الصلاة المكتوبة"  أي الفريضة بعد الفريضة .

“Касбу ҳунар исташ фарз намоздан кейиндир”. Яъни, фарз ибодатдан кейинги фарз амалдир.

Чунки, касбу ҳунар фарз ибодатларни барпо этишга воситадир. Шунинг учун у ҳам фарз бўлди. Зеро, жисмда қувват бўлсагина ибодатларни адо этиш мумкин бўлади. Аллоҳ таоло “Анбиё” сурасининг 8-оятида Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ҳақида:

وما جعلناهم جسدا لا يأكلون

“Биз уларни таом емайдиган жасад қилган эмасмиз”, дея марҳамат қилганидек, жасаднинг қуввати ҳам одатан, ҳам хилқатан таом тановул қилиш билан ҳосил бўлади. Таом
ва озуқага касбу ҳунар орқали эришилади. Зотан, илм Пайғамбарлардан қолган мерос бўлса, касбу ҳунар қилиш у зотларнинг (алайҳимуссалом) суннати эканлиги собитдир.

Ҳакимлар ҳунарсиз кишини “қанотсиз қуш” деб номлаганлар. Ҳақиқатан ҳам ҳунар инсонга меҳрибон дўст, шафқатли ёр, файз етказувчи чопағон от, кўкка кўтаргувчи мустаҳкам қанотдирки, у ўз соҳибини тезгина роҳат
ва эътибор манзилига етказади, тамаъ оловидан қутқариб, омонда сақлайди.

Бир донишманд ўз ўғлига насиҳат қилиб, шундай дер экан:

Олтининг  харж билан охир бўлар кам,

Ҳунар шундай ганжки камаймас ҳеч ҳам!

Уларнинг фарқини гар сенга айтсам,

Ҳунар чашма эрур, олтин-чи шабнам!

Ҳунарни дунёда фақат молу пул ғамлаш, ундан ўз маишати учун фойдаланиш мақсадидагина ўрганилмайди. Балки, касбу ҳунар эгаси ўз меҳнати билан эл-юрт равнақига ҳисса қўшмоғи, кўпчиликка ёрдам бериб, уларни хурсанд қилмоғи лозим.

Шайх Саъдий (роҳимаҳуллоҳ) айтади:

Кишида бўлмаса фазлу ҳунардан,

Ундайнинг сувратдан нима фарқи бор?!

Ҳунарманд, дунёга бўлма ҳавасманд,

Ўзгалар кўнглини шод қилгин такрор!

Аллоҳ таоло барчамизни илму ҳунар эгаллаш орқали камолот ҳосил қилишга муяссар қилсин!

 

РАҲМОНҚУЛ АЛИҚУЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Лондонда мусулмонлар жамоасига қарши 2017 йилда амалга оширилган аянчли жиноят қурбонларини хотирлаш маросими ўтказилди. Бу ҳақда "dailysabah" нашри хабар берди.

Лондондаги Финсбург ҳиёбонидаги масжидга уюштирилган террорчилик ҳужумида ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни хотирлаш мақсадида хайрия тадбири ташкил этилиб унда лондонлик имом Муҳаммад Маҳмуд, Лондон шаҳри мэри Содиқ Хон, Лейбористлар партияси етакчиси Жереми Корбин, ички ишлар вазири Сажид Жавидлар иштирок этган.

Маълумотга кўра, бугунги кунда Британияда 3 миллиондан ортиқ мусулмонлар яшайди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Вақф хайрия жамоат фонди ҳисобига 19 июнь куни 1 532 664 548 сўм келиб тушди.

Шундан:

Закот, ушр, фитр ва фидя учун: 167 630 878 сўм

Хайрия учун: 1 314 202 272 сўм; сўм;

Вақф учун: 50 831 398 сўм келиб тушган.

15, 15, 17, 18 июнь (банк иш куни бўлмаганлиги учун битта қилиб эълон қилинмоқда) кунлари 1 339 631 006 сўм келиб тушган эди.

Умумий ҳисобда фонднинг ҳисоб рақамида 3 264 311 833 сўм йиғилди.

Нима учун ҳисоб рақамларга кўп пул тушди?

Ўзбекистондаги барча масжидларнинг ҳайит кунги тушумлари Вақф хайрия жамоат фонди ҳисоб рақамларига ўтказилмоқда. Шунинг учун фондга маблағлар сезиларли даражада ошиб кетди.

Масжидлар пулсиз қоладими? Эҳсон пуллари энди вақфга тегишлими?

Йўқ, масжидлар пулсиз қолмайди. Эҳсон пуллари ҳам масжидларга тегишли бўлиб қолади. Аввал бўлиб келган тизим давом этади. Яъни, аввал масжидлар тушган маблағларнинг маълум қисмини мусулмонлар идорасига, маълум қисмини вилоятдаги вакилликларга ўтказишар эди. Вақф хайрия жамоат фондига юклатилган вазифа шундан иборат-ки, эндликда фонд маблағларни тақсимловчи бўлади. Бу нима дегани, эндиликда фонд масжидларга маблағларини тақсимлаш билан биргаликда уларнинг эҳтиёжи учун керак бўлган суммани ҳам беришни, масжидларни қайта қуриш ёки таъмирлашни ҳам ўз зиммасига олади.

Одамларнинг хайрия пуллари масжидларнинг пули билан бир ҳисобда турадими?

Йўқ, одамларнинг хайрия пуллари масжидлар билан бир ҳисобда турмайди. Эндиликда фондда масжидлар учун алоҳида ҳисоб рақам очилган бўлиб масжидлар билан боғлиқ ишлар ўша ҳисоб рақамда олиб борилади. Одамлардан келаётган хайрия маблағлари хайрия ишларига сафарбар этилади.

Вақф хайрия жамоат фонди барча саволлар учун очиқлигини, исталган савол ёки мулоҳаза юзасидан фондга мурожаат этиш мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Мурожаат учун телефон: +99871 1506436

Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Top