Мақолалар

Илм олиш ва ҳунар ўрганишнинг фазилати

Илм ва ҳунар ўрганиш инсон учун энг зарур ишлардан ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай нарсанинг моҳиятини англаш, жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг яхши-ёмон томонини таҳлил қила билиш, ишларнинг гуноҳ-савобини, ҳукмларнинг ҳалол-ҳаромини ажратиш, одамларнинг қадру қийматини тўғри тушуниш, оиланинг фаровон яшашини тўғри ташкил этиш, қисқаси, ҳар томонлама мукаммалликка эришиш учун илм ва ҳунар эгаллаш зарурий эҳтиёждир.

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Уни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Аксинча, дунёда қандай ёвузлик содир бўлган бўлса, уларнинг ҳаммаси жаҳолат туфайли келиб чиққан. Шунинг учун илмсизлик ва жаҳолат улкан ҳалокат ҳисобланади.

Илм ва илм аҳлининг фазилати борасида ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифлар бисёр. Илм эгаларининг топажак мақом-мартабалари ҳақида хабар берувчи ушбу ояти карима уларнинг фазилатига далолат қилувчи ҳужжат сифатида кифоя қилади: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (“Мужодала” сураси, 11-оят).

Дарҳақиқат, иймон ва гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм инсонни бахтиёр қилади, мартабасини баландга кўтаради. Илм ҳосил қилишдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир. Бандасининг қилаётган амалларидан эса Аллоҳ таоло хабардордир.

Муҳаммад ибн Ҳасан (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Худди илм олиш фарз бўлгани каби касбу ҳунар ўрганиш ҳам фарздир”. Уламолар бунинг тасдиғига Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қиладилар:

"طلب الكسب فريضة على كل مسلم" ، رواه الطبراني في الأوسط .

“Касбу ҳунар исташ ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир” (Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса бундай дейилади:

"طلب الكسب بعد الصلاة المكتوبة"  أي الفريضة بعد الفريضة .

“Касбу ҳунар исташ фарз намоздан кейиндир”. Яъни, фарз ибодатдан кейинги фарз амалдир.

Чунки, касбу ҳунар фарз ибодатларни барпо этишга воситадир. Шунинг учун у ҳам фарз бўлди. Зеро, жисмда қувват бўлсагина ибодатларни адо этиш мумкин бўлади. Аллоҳ таоло “Анбиё” сурасининг 8-оятида Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ҳақида:

وما جعلناهم جسدا لا يأكلون

“Биз уларни таом емайдиган жасад қилган эмасмиз”, дея марҳамат қилганидек, жасаднинг қуввати ҳам одатан, ҳам хилқатан таом тановул қилиш билан ҳосил бўлади. Таом
ва озуқага касбу ҳунар орқали эришилади. Зотан, илм Пайғамбарлардан қолган мерос бўлса, касбу ҳунар қилиш у зотларнинг (алайҳимуссалом) суннати эканлиги собитдир.

Ҳакимлар ҳунарсиз кишини “қанотсиз қуш” деб номлаганлар. Ҳақиқатан ҳам ҳунар инсонга меҳрибон дўст, шафқатли ёр, файз етказувчи чопағон от, кўкка кўтаргувчи мустаҳкам қанотдирки, у ўз соҳибини тезгина роҳат
ва эътибор манзилига етказади, тамаъ оловидан қутқариб, омонда сақлайди.

Бир донишманд ўз ўғлига насиҳат қилиб, шундай дер экан:

Олтининг  харж билан охир бўлар кам,

Ҳунар шундай ганжки камаймас ҳеч ҳам!

Уларнинг фарқини гар сенга айтсам,

Ҳунар чашма эрур, олтин-чи шабнам!

Ҳунарни дунёда фақат молу пул ғамлаш, ундан ўз маишати учун фойдаланиш мақсадидагина ўрганилмайди. Балки, касбу ҳунар эгаси ўз меҳнати билан эл-юрт равнақига ҳисса қўшмоғи, кўпчиликка ёрдам бериб, уларни хурсанд қилмоғи лозим.

Шайх Саъдий (роҳимаҳуллоҳ) айтади:

Кишида бўлмаса фазлу ҳунардан,

Ундайнинг сувратдан нима фарқи бор?!

Ҳунарманд, дунёга бўлма ҳавасманд,

Ўзгалар кўнглини шод қилгин такрор!

Аллоҳ таоло барчамизни илму ҳунар эгаллаш орқали камолот ҳосил қилишга муяссар қилсин!

 

РАҲМОНҚУЛ АЛИҚУЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Read 5635 times

Мақолалар

Top