Мақолалар

Одоб-ахлоқ фазилати

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, бир киши Набий с.а.в.га деди: “Менга насиҳат қилинг”. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар. У (саволини) бир неча бор такрорлади. Пайғамбар с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Имом Журдоний (роҳимаҳуллоҳ) айтади: “Дарҳақиқат, бу ҳадис Пайғамбар с.а.в.га ато этилган жавомиъ ул-калим (қисқа лафзлар орқали улкан маъноларни ифода этиш мўъжизаси)дан ҳисобланувчи буюк ҳадисдир. Чунки, у дунё ва охират яхшиликларини ўзида мужассам этгандир”.

Савол берувчи саҳобийнинг шахсига келсак, айрим уламолар
бу Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) эканини таъкидлайдилар. Бунга Имом Табаронийнинг Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятини далил қилиб келтирадилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, мени жаннатга олиб кирадиган амалга йўлланг”, дедим. У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма, жаннат сеники”, дедилар”. Айрим уламолар эса мазкур саҳобий Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу) эканини айтадилар. Бунга Имом Аҳмаднинг Жория ибн Қудома (розияллоҳу анҳу)дан қилган қуйидаги ривоятни ҳужжат қиладилар: “Мен Пайғамбар с.а.в.га савол бериб бундай дедим: “Эй Аллоҳнинг расули, менга бир ўгит айтинг, уни англаб олишим учун уни менга оз қилинг”.
У зот с.а.в.: “Ғазаб қилма”, дедилар. Мен бир неча бор у зотга сўровимни такрорладим. Ҳар гал у зот: “Ғазаб қилма”, дедилар”.

Бундай воқеа бир неча маротаба юз берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, сўровчи саҳобийларнинг ҳам бир нечта бўлишидан бирор моне йўқ.

Комил мусулмон гўзал хулқлар билан сифатланган инсон бўлиб, у мулойимлик ва ҳаё ила безанади, инсонларга нисбатан камтарлик ва дўстлик либосини кияди. Одамларга озор беришдан сақланиш, интиқом олишга қурби етсада, кечириб юбориш, қийинчиликларга бардошли бўлиш, ҳатто ўзига нисбатан адолатсизлик қилинганида ҳам ғазабни ютиш, ҳамма вақт очиқ юзли бўлиш унинг мардонавор хислатларидандир. Абадий саодат истаб насиҳат сўраган саҳобийга Расулуллоҳ с.а.в.нинг кўрсатмалари юқоридаги маъноларни ўз ичига олган ушбу мўъжазгина ўгит бўлди:
“Ғазаб қилма”.

Сўровчи саҳобий жаннатга киришдек олий мақсадига эришиши учун мазкур ўгитни оз ҳисоблаб, насиҳат қилиш ҳақидаги сўровини бир неча бор такрорлади. Мазмун-моҳиятини англаган ва тақозосига амал қилган киши учун етарли насиҳат эканлигини таъкидлаш учун Пайғамбар с.а.в. ҳар гал “Ғазаб қилма” деган жумлани қайтаравердилар.

Оқил саҳобий Расулуллоҳ с.а.в.нинг таъкидларини тушуниб етди
ва мақсадларини англади. Дарҳақиқат, Имом Аҳмаддан қилинган бир ривоятда насиҳат сўраган саҳобийдан қуйидаги хабар келтирилади: “Набий с.а.в. айтган ўгитларини айтганларида тафаккур қилдим, баногоҳ, ғазаб барча ёмонликларни келтириб чиқаришини тушундим”. Бунинг маъноси шуки, агар киши ғазаб қилмаса, барча ёмонликларни тарк этган бўлади. Кимки барча ёмонликларни тарк этса, барча яхшиликларни ҳосил қилган бўлади.

Дарғазаблик ва қизиққонлик заифлик аломатидир. Гарчи кишининг билаклари қувватга тўла, жисми соғлом бўлсада, ғазаб туфайли мағлубиятга юз тутади. Шунинг учун кучлиликка фақат жисмоний қувват билан эмас, балки, ўз ўрнида ғазабни енга олиш ва оқилона иш юритиш билан эришилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ҳаммани йиқитадиган паҳлавон кучли эмас, балки, ғазаб келганда ўзини қўлга оладиган киши кучлидир”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Динимизда ғазабни муолажа қилиш чоралари ҳам кўрилган. Уламолар бу борада келган далилларни ўрганиб чиқиб, жумладан қуйидаги хулосаларни баён қилганлар:

1) киши ғазабланган вақтда ғазаб қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида ўйламоғи, ғазабини ютганлар учун ваъда қилинган мукофотлар тўғрисида фикр юритмоғи зарур. Аллоҳ таоло айтади: “Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам
инфоқ-эҳсон қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради”. (“Оли Имрон” сураси, 133-134-оятлар).

Набий с.а.в. дедилар: “Кимки ғазабини сочишга қодир бўла туриб уни ютса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида уни халойиқ кўз ўнгида чақириб, унга ҳурлардан хоҳлаганини танлаш имконини беради”. (Имом Аҳмад,
Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ривояти).

“Бирор банда Аллоҳ учун ғазабни ютса, албатта, унинг ичи иймонга тўлади”. (Имом Аҳмад ривояти). Абу Довуднинг ривоятида: “..., Аллоҳ уни омонлик ва иймон билан тўлғизади”, дейилган; 

2) Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилаши керак. Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларида икки киши тортишиб қолди. Бири ғазабланиб,
юзи қизарган ҳолда шеригини сўка бошлади. Шунда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, мен бир калимани биламанки, агар у ана шу калимани айтганида, шубҳасиз, ундан ғазаб кетган бўлар эди. Агар у: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм (Қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ тилайман)” деганида эди!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти);

3) ғзабланган пайтда ҳолатни ўзгартириш ҳам ғазабни бартараф этишнинг самарали услубларидандир. Набий с.а.в. дедилар: “Сизларнинг бирортангиз тик турган ҳолда ғазабланса, ўтириб олсин. Агар ундан ғазаб кетса, кетди. Бўлмаса, ёнбошлаб олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти);

4) дарғазаб ҳолатда гапирмаслик керак. Чунки, у бу ҳолатда гапирса, ғазабини зиёда қиладиган сўз билан қарши олиниши ёки ғазаби сўнгандан кейин пушаймон бўлишига сабаб бўладиган гапни сўзлаб юбориши мумкин. Пайғамбар с.а.в.: “Қачонки бирортангиз ғазабланса, сукут қилсин”, дея
уч бора такрорладилар. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд ривояти);

5) ғазаб жисмда ҳароратни кучайтиради. Натижада, қон қайнайди, инсонда тутақиш юз беради. Сув уни совутиб, асл ҳолатига қайтаради.
Шу боис, бундай пайтда янги таҳорат олиш ғазаб алангасини ўчиради. Пайғамбар с.а.в. марҳамат қиладилар: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Бас, вақтики бирортангиз ғазабланса, таҳорат олсин”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни ножўя ғазаб қилишдан сақланувчи суюкли бандаларидан бўлмоғимизни насиб этсин.

 

 

АСРОРХОН МАҲМУДОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

Read 7790 times

Мақолалар

Top