muslimuz

muslimuz

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган, унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши, жамиятдаги барча инсонларга фойда келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган, инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига мушарраф қилишини яхши англайди.

Ислом динида қораланган иллатлардан бири, бировни масхара қилишдир.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарини бир айбда айбласа, ўша айбга ўзи мубтало бўлмасдан вафот этмайди” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Мусулмон мусулмонга хиёнат қилмайди, бир-бирини алдамайди, ёрдамсиз қолдирмайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмоннинг жонига, молига тажовуз қилмоғи ва обрўйини тушурмоғи ҳаромдир. Тақво мана бу ерда бўлади”, деб қалбларига ишора қилдилар, “Мусулмон ўз биродари мусулмонни масхаралаб ҳақорат қилмоғи, унинг ёмон эканлигига кифоя қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни(масхара қилмасин), эҳтимол. Улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир” деб марҳамат қилган (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандасига иймон неъматини бергандан сўнг фосиқлик қилиб бошқаларни масхара қилса, тақдири илоҳийга осийлик қилса, бунданда ёмон одам борми?

Аёллар ўзларининг бойлиги, уйларининг зўрлиги, эрининг топган бойликлари, бўйнига таққан шода-шода маржонлари билан мақтаниб ожиза, муҳтож, оддий муслимани масхара қилиб кулса, унданда золим кимса борми?

Айниқса бугун бу аҳволот жуда авж олди. Эркаклар уларни инсоф, ҳаё, ибо ва камтарликка чақириш ўрнига ўзлари йўлбошчи бўлмоқдалар. Ҳатто қудалар ўзаро мақтаниш отига миниб, кибрга берилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шайтон кибри сабабли Аллоҳ таолонинг лаънатига учради. Иймон тилда бўлсаю, уни дил тасдиқламаса, Аллоҳ таолони Роббим десагу, ҳукмига лаббай демасак, Аллоҳни масхаралаш эмасми? Ким ёлғончи бўлса, ваъдасига вафо қилмаса, у мунофиқдир.

Энг ачинарли ҳолат, шу кунларда уламоларни ғийбат қилиш, масхаралаш ва уларнинг устидан кулиш жуда авж олди. Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.

Демак, бировни масхара қилиш, айниқса Аллоҳ таоло оят тушириб огоҳ этган, мўмин биродаримизни ва Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлмиш олимларни масхара қилишдан ўзимизни сақлайлик.

Аллоҳ таоло Ўзи азиз ва мукаррам қилиб яратган инсонларни хақорат қилиб, масхаралаб ва камситиб, натижада шу иллатлар туфайли икки дунё саодатидан бебаҳра қолишдан Яратган Роббимиз барчамизни асрасин.

Аллоҳ таоло Юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.

Середа, 13 декабрь 2023 00:00

Маҳсига масҳ тортиш: 11 савол-жавоб

Савол: Таҳоратда оёқ ювиш ўрнига ўтадиган (амал) борми?
Жавоб:
Ҳа, икки маҳсига масҳ тортиш икки оёқни ювиш ўрнига ўтиши кўплаб саҳиҳ ҳадислар билан собит бўлган.

Савол: Мана шу масҳнинг жоиз бўлиши учун шартлар борми?
Жавоб:
Ҳа, унинг жоиз бўлиши учун маҳси пок (таҳоратли) ҳолатдаги оёққа китилган бўлиши шарт.

Савол: Масҳ учун бирор вақт чегараланганми?
Жавоб:
Агар маҳси таҳоратли ҳолатда кийилган бўлса, сўнг таҳорат кетса, унга агар муқим киши бўлса бир кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз. агар мусофир бўлса уч кеча-кундуз масҳ тортиши жоиз. Иккаласи ҳам бу муддат ичида таҳорат олганда маҳсисига масҳ тортаверади, сафарда ҳам, муқимликда ҳам.

Савол:
Бир кеча-кундуз ёки уч кеча-кундузнинг бошланиши маҳсини кийган вақтдан бошланадими ёки таҳорат кетган вақтданми?
Жавоб:
Бу муддатнинг бошланиши маҳси таҳорат устига кийилгандан кейин таҳоратсизлик етган пайтдан эътиборга олинади. Масалан, бир киши завол вақтидан кейин комил таҳорат олди. Мана шу таҳоратли ҳолида оёғига маҳси кийди. Сўнг қуёш ботаётган вақтда унинг таҳорати синди. Агар бу киши муқим бўлса, шу пайтдан то эртаси куни шу вақтгача (яъни қуёш ботадиган вақтгача) маҳсисига масҳ тортиши жоиз бўлади. Мусофирнинг масҳини ўзингиз шунга қиёслаб олаверинг.

Савол: Ғусл вожиб бўлган одам учун маҳсисига масҳ тортиши жоизми?
Жавоб: Ғусл вожиб бўлган одам учун маҳсисига масҳ тортиши жоиз эмас. Балки ундай одам баданининг барча аъзоларига қўшиб оёғини ҳам ювиши вожибдир.

Савол: Агар маҳсининг бирида тешик бўлса, унга масҳ тортиш жоизми?
Жавоб: Агар тешик оёқ бармоқларидан учта кичкина бармоқлар кўриниб қоладиган даражада кўп бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас. Агар бундан озроқ тешик бўлса, унга масҳ тортиш жоиз бўлади.

Савол: Мана шу кўп тешик деб билинган миқдор бир пой маҳсидан эътиборга олинадими ёки иккала маҳсиданми?
Жавоб:
Бунда битта маҳсидаги тешиклар жамланади. Иккала маҳсидаги тешиклар жамланмайди. Яъни, иккала маҳсидаги тешикларни қўшиб ҳисобласа учта бармоқ миқдорига етса ҳам, унга масҳ тортиш жоиз. Аммо, бу иккала маҳсининг ҳар бирида шу миқдорда тешик бўлса, ёки фақат биттасида шу миқдорда тешик бўлса, бундай ҳолда унга масҳ тортиш жоиз эмас.

Савол: Маҳсига қандай қилиб масҳ тортилади?

Жавоб: Маҳсининг уст томонига бармоқлар билан чизиқ тортилади. Яъни, қўл бармоқлари сув билан ҳўлланади, сўнг уларни маҳсининг устки томонига тўлиқ қўйиб оёқ бармоқлари учидан тўпиқ томонга юргизилади. Ҳар бир маҳсига масҳ тортишда қўлнинг учта бармог;ини ишлатиш лозим.

Савол: Мана шу масҳни нима синдиради?

Жавоб: Масҳни таҳоратни синдирувчи нарсалар синдиради. Ҳамда, маҳсининг ечилиши ва масҳ муддатининг тугаши ҳам масҳни синдиради.

Савол: Агар масҳ муддати тугаса, ёки бир дона маҳси ёки иккаласи ҳам ечилсаю аммо таҳоратни синдирувчи ҳеч нарса бўлмаган бўлса, бундай ҳолда нима қилинади?

Жавоб: Бу икки кўринишда фақатгина оёқларнинг ўзи ювилади ва намоз ўқиса бўлаверади. Бунинг учун таҳоратнинг бошқа амалларини бажариш шарт эмас.

Савол: Сиз айтдингизки, муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир эса уч кеча-кундуз масҳ тортади. Бир киши мусофир бўлиб кейин муқим бўлса, муқим эса сафар қилса, унда нима дейсиз?

Жавоб: Мусофир масҳ торгандан кейин муқим бўлиб қолса, агар масҳ муддати бир кеча-кундуз ёки ундан кўпроқ бўлган бўлса, маҳсисини ечиши лозим бўлади. Агар масҳ муддати бир кеча-кундузга етмаган бўлса, уни еткизиб кейин ечади. Муқим одам масҳ тортса ва бир кеча-кундуз тўлмасидан аввал сафарга чиқса, у энди уч кеча-кундуз тўлиқ масҳ тортади.

 Муҳаммад Ошиқ ал-Барнийнинг "Ат-тасҳил аз-зарурий ли масаил ал-Қудурий" асаридан.

Дадам раҳматликнинг ажойиб одатлари бор эди. Болалик пайтларимиз олдимизга бир идишда бирор ширинлик ёки мева ё бўлмаса ҳамёнларидан бир нечта танга пуллар чиқариб қўярдилар. Кейин “Ким ҳозир шу нарсадан олса, фақат битта олади. Лекин ким нафсини тийиб бир соатдан кейин олса, иккита олади”, дердилар. Биз ҳам дадамнинг гапларидан келиб чиқиб баъзида сабр қилиб иккита олсак, баъзида қўйилган мева ё ширинлик кўзимизга чиройли кўриниб ўша заҳоти битта олиб еб қўярдик. Кейин мазалилигини билгач, “Эҳ, сабр қилсак бўларкан, бир соатгина сабр қилганимизда шундай зўр нарсадан иккита олган бўлардик, аттанг” деб афсусланиб ўтирардик.

Отам шу одатларини мунтазам давом эттирдилар. Бошида бир соат бўлган муддат кейин бир ярим соатга чиқди. Бу муддатга ҳам ҳаммамиз ўрганиб, қўйилган мукофотлардан иккитадан оладиган бўлганимизда муддат яна узайиб икки соатга чўзилди. Кейин уч соат бўлди. Кўп ўтмай тўрт соат, беш соат бўлиб чўзилиб кетаверди. Ҳар сафар отам биз янги муддатга ўрганиб қолганимизни сезсалар, муддатни чўзиб борардилар.

Кунлар ўтиб муддатлар узайгани сайин тажрибамиз ошиб, отам қўйган муддатга сабр қилишимиз осонлашарди. 4-5 соат бирор нарсани кутган болага яна бир соат кўпроқ кутиш қийинчилик туғдирмайди, албатта. Бора-бора биз соатга ҳам қарамай, отам олдимизга қўйган нарсалардан ўша заҳоти олмай, ярим кун ёки бир кун ўткандан кейин иккитадан олиб еяверадиган бўлдик.

Балоғат ёшига етиб зиммамизга Рамазон рўзасини тутиш фарз бўлганда билдикки, отам бу ишни бизга Рамазонда рўзага сабр қилишни ўргатиш учун қилар эканлар. Кейинчалик буни ўзлари тасдиқлаб “Мен Рамазонда қийналманглар, нафсларингизни бўйсиндиришни ўрганинглар деб босқичма-босқич сизларни мана шу услуб билан тарбия қилдим. Мана, Аллоҳнинг тавфиқи билан бу тажрибам ўз мевасини берди” дегандилар.

Дарҳақиқат, қиблагоҳимиз қўллаган мана шу услуб туфайли Рамазонда рўза тутишимиз осон бўлди. Нафақат Рамазонда балки мусулмондан сабр ва матонатни талаб қиладиган бошқа ишларда ҳам отажонимизнинг шу гапларини эслайдиган бўлдик: “Ҳозир олсангиз, битта сабр қилсангиз, иккита оласиз”.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Середа, 13 декабрь 2023 00:00

Бамбук дарахти

Бамбукни эккандан кейин, суғориб бир йил тўлиқ кутасиз, лекин ҳеч нарса унмайди. Уни суғориб, парваришлашда давом этасиз, зараркунанда ҳашоратлардан ҳимоя қиласиз. Бироқ иккинчи йил охирига бориб ҳам ҳеч нарса кўринмайди.

Учинчи йил келади, уни парваришлашда, суғоришда давом этасиз. Атрофидаги ҳамма нарса ўсса ҳам у ўсмай тураверади.

Ичингизда уни таг-томири билан ердан суғириб ташласаммикин деб ўйлайсиз, лекин кейин фикрингизни ўзгартириб тўртинчи йили ҳам кутишга қарор қиласиз. Аммо ҳеч ўзгариш бўлмайди.

Шунда ўзингизга савол берасиз: "Нега шунча ҳаракат қилсам ҳам ҳеч қандай ҳосил олмаяпман?! Ахир ҳаммасини тўғри қилдим-ку?!".

Бешинчи йили эса кутилмаганда у ўса бошлайди. Ҳар куни 3 қарич ўсиб, бир ойда бўйи тўқсон қаричга етади.

Бу узоқ вақт давомида у ер тагида узун томирлардан тўр тайёрлаётган бўлади, уни тўлиқ тайёрлаб бўлгач эса узунлиги осмонга, булутларга етади!

Бу бамбук дарахти худди биз яшаётган ҳаётга ўхшайди!

Бир ишни тўғри бажарсангиз-у самарасини кўрмасангиз, уни тарк этишга шошилманг, сабр қилинг!

Ҳар бир инсон бу борлиқда қандайдир ўрин топишга, ўзидан яхши из қолдиришга қодир. Ҳар бир инсонда ижодкорлик қобилияти бор.

Лекин кўпчилик одамлар ярим йўлга борганда таслим бўлиб, ортига қайтиб кетади. Фақат азм-у қарорлилар, қатъиятлиларгина қолади. Улар қасд қилган чўққиларига етмагунча арқонни қўйиб юбормайдилар.

Муваффақиятли кишилар бамбук дарахти назариясини яхши билишади. Ерни экин учун тайёрлаш нақадар муҳимлигини, натижаларга эришишга шошмаслик кераклигини, шунингдек одамлар орасидаги алоқалар то ўсиб, гуллагунга қадар бир мунча вақт олишини инобатга олишади. Улар яна шуни яхши билишадики, зўр ҳосил албатта келади, узоқ муддатдан кейин бўлса ҳам!

"Инсон яхшиликка дуо қилганидек, ёмонликка ҳам дуо қилур. Инсон шошқалоқ бўлгандир" (Исро сураси, 11-оят).

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Шайх Иляс Ванг Жингчай Қуръон илмлари соҳасида Хитой мусулмон жамиятида кўрган эҳтиёжни инобатга олиб, биринчи марта Қуръони карим маъноларини тўлиқ хитой тилига таржима қилган биринчи шахсдир. Бу ҳақда “ИҚНA” сайти бутун дунё мусулмонлари веб-сайтига таяниб хабар берди. Шу боис Шайх Иляс Хитой мусулмонлари орасидаги мавқеи ортиб, мамлакат мусулмонлари уни Хитойнинг тўрт буюк имомларидан бири деб билишган.

Шайх Иляс Ван Жингчай (1880-1949) Хитой шимоли-шарқидаги “Тянсзин” шаҳрида диний илмлардан хабардор оилада туғилган. Унинг отаси ва бобоси хитойлик мусулмон олимлари, онаси ҳам диний илмлардан жуда билимдон аёл эди.

 Шайх Иляс Чой Хитойда Ислом илмларини ўрганган. Шайх диний китобларнинг хитойлик мусулмонлар учун муҳимлигини ўзининг ваъзгўйлик фаолияти давомида ҳис қилган. Шунинг учун у диний китобларни хитой тилига таржима қилишга алоҳида эътибор берган.

Шайх Иляс Чой диний миссионер ва таржимон сифатида Ислом ва араб мамлакатлари олимлари билан учрашиб, улардан сабоқ олишга қизиқарди. Шунинг учун у 1922 йилда бешинчи ўн йилликда бўлганида Мисрга бориб, “ал-Aзҳар” университетига ўқишга кирди. Кейин Маккани зиёрат қилиб, ҳаж зиёратини адо этди. Сўнг Туркияга бориб, 1924 йилда 600 китоб билан Хитойга қайтиб келди.

 Хитойга қайтиб, турли китобларни таржима қила бошлади ва уларга 40 йилга яқин вақтини бағишлади ва шу вақт ичида “Aраб маданияти хитой тилида”, “Ислом ва насронийлар”, “Замонавий маданият – араб хитой тилида” китобларини таржима қилди. “Замонавий маданият – арабча-хитойча” профессор Муҳаммад Макиннинг хитойча-арабча луғати нашр этилгунга қадар 30 йил давомида ягона маълумотнома бўлиб қолди.

   Шайхнинг энг катта илмий ҳиссаси Қуръони карим маъноларининг хитой тилига биринчи тўлиқ таржимасини нашр этиши бўлди. Уни қарийб 20 йил ичида тугатиб, учта нашри чоп этилган. Ушбу таржима биринчи марта 1932 йилда Пекинда, иккинчиси 1942 йилда Инчуанда ва учинчиси 1946 йилда Шанхайда нашр этилган.

    Шайх Иляс Ванг Қуръони карим маъноларининг хитой тилига илк тўлиқ таржимасидан олдин Қуръони каримнинг айрим суралари таржима қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Top