Мақолалар

Ислом дини масхаралашни қоралайди

Ислом ҳидоятида тарбия кўрган, унинг соф ва пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши, жамиятдаги барча инсонларга фойда келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳаракат қилади. Чунки у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ асосида тарбия олган, инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига мушарраф қилишини яхши англайди.

Ислом динида қораланган иллатлардан бири, бировни масхара қилишдир.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарини бир айбда айбласа, ўша айбга ўзи мубтало бўлмасдан вафот этмайди” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Мусулмон мусулмонга хиёнат қилмайди, бир-бирини алдамайди, ёрдамсиз қолдирмайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмоннинг жонига, молига тажовуз қилмоғи ва обрўйини тушурмоғи ҳаромдир. Тақво мана бу ерда бўлади”, деб қалбларига ишора қилдилар, “Мусулмон ўз биродари мусулмонни масхаралаб ҳақорат қилмоғи, унинг ёмон эканлигига кифоя қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни(масхара қилмасин), эҳтимол. Улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар, ўзлари золимлардир” деб марҳамат қилган (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандасига иймон неъматини бергандан сўнг фосиқлик қилиб бошқаларни масхара қилса, тақдири илоҳийга осийлик қилса, бунданда ёмон одам борми?

Аёллар ўзларининг бойлиги, уйларининг зўрлиги, эрининг топган бойликлари, бўйнига таққан шода-шода маржонлари билан мақтаниб ожиза, муҳтож, оддий муслимани масхара қилиб кулса, унданда золим кимса борми?

Айниқса бугун бу аҳволот жуда авж олди. Эркаклар уларни инсоф, ҳаё, ибо ва камтарликка чақириш ўрнига ўзлари йўлбошчи бўлмоқдалар. Ҳатто қудалар ўзаро мақтаниш отига миниб, кибрга берилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Шайтон кибри сабабли Аллоҳ таолонинг лаънатига учради. Иймон тилда бўлсаю, уни дил тасдиқламаса, Аллоҳ таолони Роббим десагу, ҳукмига лаббай демасак, Аллоҳни масхаралаш эмасми? Ким ёлғончи бўлса, ваъдасига вафо қилмаса, у мунофиқдир.

Энг ачинарли ҳолат, шу кунларда уламоларни ғийбат қилиш, масхаралаш ва уларнинг устидан кулиш жуда авж олди. Уламоларни ғийбат қилиш бошқаларни ғийбат қилишдан кўра хавфлироқ. Ғийбат ўлимтик гўштини ейишга ўхшатилган бўлса, олимни ғийбат қилиш унинг заҳарланган гўштини ейишга ўхшатилган.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Олимларнинг гўштлари заҳарланган, ким уни ҳидласа, касал бўлади, еган эса ўлади”. У киши яна дейди: “Ким олимга тил теккизса, ўзи ўлишидан олдин қалби ўлади”.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ким олимларни пастга урса, охирати барбод бўлади, ким амирларни пастга урса, дунёси барбод бўлади. Ким биродарларини пастга урса, одамгарчилиги барбод бўлади”.

Демак, бировни масхара қилиш, айниқса Аллоҳ таоло оят тушириб огоҳ этган, мўмин биродаримизни ва Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлмиш олимларни масхара қилишдан ўзимизни сақлайлик.

Аллоҳ таоло Ўзи азиз ва мукаррам қилиб яратган инсонларни хақорат қилиб, масхаралаб ва камситиб, натижада шу иллатлар туфайли икки дунё саодатидан бебаҳра қолишдан Яратган Роббимиз барчамизни асрасин.

Аллоҳ таоло Юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

Манбалар асосида Хўжаобод туманидаги “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби

Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН тайёрлади.

Read 1112 times

Мақолалар

Top