muslim.uz.umi
Ҳасаддан сақланинг!
▫️Динимиз инсонларни ёмон амаллардан қайтариш билан бирга, қалбида ҳам бошқаларга нисбатан гина, адоват ва ҳасад каби иллатлар бўлишини қоралайди. Аллоҳ ўз фазли билан бир бандасига кўпроқ насиба берган бўлса, унга нисбатан ҳасад қилиш энг оғир гуноҳлардан биридир.
Ҳасад бошқалардаги фазилатни кўролмасликдир. Бу эса Аллоҳнинг раҳматига қарши чиқиш ҳисобланади.
Бу ҳақда қуръони каримда шундай марҳамат қилинади.
Яъни: «Ўки Аллоҳ ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қиладиларми?»
Мусулмонда бирор нарсага ҳасад қилиш унинг йўқ бўлишини ва заволини орзу қилишдир. Бу эса ўша мусулмоннинг ҳаққига зулм ҳисобланади. Ҳасадчининг ҳасади ниҳоятда ёмон нарса бўлганлиги учун Аллоҳ таоло ўзига сиғиниб ундан паноҳ сўрашни таълим беради.
Ҳасаднинг қанчалик иллат эканлигини Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай баён қилиб берганлар:
«Олдинги умматлардан сизларга етиб келган касаллик — бу ҳасадгўйлик ва ғиллу-ғашликдир. Ваҳоланки, ҳасад сочнинг эмас, балки диннинг қирувчисидир. Муҳаммад (с.а.в.)нинг нафси қудрат қўлида бўлган зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча жаннатга киролмайсиз. Бир-бирингизга ўзаро муҳаббатли бўлмагунингизча мўмин бўлолмайсиз!».
Ҳар бир иллатнинг шифоси бўлгани каби, ҳасаднинг ҳам даъвоси бор. Буни Расулуллоҳ (с.а.в.) муборак ҳадисларида баён қилиб берганлар.
Яъни: «Уч нарса борки, умматим ундан қутулмайди: ҳасад, бадгумонлик ва шумланиш. Сизларга ундан қутулиш йўлини айтайинми? қачон бир кишидан гумон қилсанг, шу гумонга кўра иш тутма. қачонки бировга ҳасад қилсанг, зулмга ўтиб кетма. Бирор нарсадан шумлансанг, унга парво қилмай ўтиб кетавер!».
Аллоҳ таоло қалбларимизни бошқаларга нисбатан ҳасад қилишдан сақлаб, гуноҳларимизни магфират айласин. Омин!
Зикрияев Саййидафзалхон,
"Саййид Муҳйиддин махдум" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Тўхтовсиз савоби етиб турадиган амалда жидду жаҳд қилайлик!
Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлишда муҳим тавсия
Яҳё ибн Холид Бармакий халифа Ҳорун ар-Рашидга вазир эди. У олимлардан Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳга илм бериши ҳамда суннатни тарқатишидан чалғимаслиги учун ҳар ой минг дирҳам юборар эди. Суфён уни саждада дуо қилар эди:
«Аллоҳим! Яҳё менинг дунёимга кифоя қилди. Сен унинг охиратига кифоя қилгин!»
Яҳё вафот қилгач, дўстларидан бири уни тушида кўриб сўради:
- Эй Яҳё! Аллоҳ сенга қандай муомала қилди?
Яҳё деди:
- Аллоҳ мени Суфённинг дуоси сабаб мағфират қилди!
Эҳтимол сизнинг ҳам нажотингизга кўнглини олган, кўз ёшларини артган, ғамини аритган, қайғусида ҳамдард бўлган кишингизнинг дуоси сабаб бўлар!
Жаннатга киришингизга эҳтимол қайсидир беморга ҳар ой сотиб олиб бераётган бир неча қути дорингиз, етимларга берадиган пулингиз, талабаларга тақдим қилаётган маблағингиз боис бўлар!
Аллоҳнинг раҳматига лойиқ бўлишда кўнгил олишдан кўра яхшироқ сабаб йўқ!
Кўнгил олинг, раҳматга ноил бўлинг!
Абдулқодир Полвонов
Вақтингизга барака киришини истайсизми?
Вақтига барака киришини истаган ҳар бир инсонга тавсия:
Биринчи бўлиб, Аллоҳ таолонинг сизнинг устингиздаги ҳақлари борасида фикр юритинг.
Аллоҳ таоло сизнинг вақтингизга барака ато қилишини истасангиз, беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг. Муаззиннинг азонини эшитган заҳотингиз нима иш қилаётган бўлсангиз ҳам, ишингизни тўхтатиб, намозга ҳозирлик кўринг.
Баъзилар азон айтилгандан кейин бир соат вақт ўтса ҳам, намозни адо этиш хаёлига келмайди. Яна баъзилар эса, Аллоҳнинг фазли билан намозни масжидда кутиб ўтирадилар.
Банда то Аллоҳ таолонинг энг улуғ фарзи бўлган намозни ўз вақтида адо этмас экан, Аллоҳ таоло ҳам унинг вақтига барака бермайди. Умрига, ҳаётига, вақтига барака берилишини истаган ҳар бир мусулмон, энг аввало, беш вақт намозни ўз вақтида адо этишга эътиборини қаратиши лозим.
Агар сиз намозни ўз вақтида адо этиб борсангиз, ишонинг, барча вақтларингизга барака кирганини сезасиз.
Ва яна уламолар вақтга барака киришининг бир қанча сабабларини келтиришган. Жумладан:
Аллоҳ таолонинг тоатида бардавом бўлиш, тақвони маҳкам ушлаб, гуноҳлардан узоқ юриш. Ҳеч шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг тоатида, У Зотга тақво қилишда бардавом бўлиш, гуноҳлардан узоқ бўлиш барча яхшиликни жалб қилувчи ва барча ёмонликни даф қилувчи муҳим сабабдир.
Қуръони Карим тиловатида бардавом бўлиш.
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бақара сурасининг фазилати ҳақида айтган ушбу муборак ҳадисларини ривоят қилганлар: «Албатта, уни (Бақара сурасини) ушлаш баракадир».
Ҳанафий мазҳабининг забардаст уламоларидан Мулла Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ шу ҳадиснинг шарҳида бундай деганлар: «Унинг (Бақаранинг) тиловатида бардавом бўлиш, маънолари борасида тадаббур қилиш ва ундаги оятларга амал қилиш баракадир, яъни улкан фойдадир».
Дуода астойдил бўлиш. Аллоҳ таолодан вақтига барака беришини сўраш ҳар бир мўминнинг мунтазам қиладиган дуолари қаторида бўлиши керак.
Вақтни фойдасиз нарсалар билан ўтказмаслик, уни зое қилмаслик. Бунинг учун Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб, кун, ҳафта, ой давомида қилинадиган ишларнинг режасини тузиб олиш керак ва имкон қадар ушбу режага риоя қилиш керак.
Одамларга аралашиш, овқатланиш, ҳозирги замонавий жиҳозлардан фойдаланиш ва ухлаш каби ишларга вақтни кам сарфлаш. Баъзан овқатланишга, одамлар билан бўлар-бўлмас нарсаларни гаплашишга, ойнаи жаҳон қаршисида ўтиришга ҳамда интернетда ёки ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда соатлаб вақт сарфлаймиз. Бу эса вақтимизни ўғирлайдиган, унинг баракасини йўқотадиган ишлардандир.
Аллоҳ таоло вақтнинг баракасини ўчирадиган ишлардан тийилиб, вақтга барака киришига сабаб бўладиган амалларни бажариб боришимизни насиб этсин ҳамда У Зот барчамизнинг вақтимизга барака ато қилсин!
Муҳаммад Мухтор Шинқитий ҳафизаҳуллоҳнинг илмий суҳбатлари ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Халқаро симпозиум ўтказилди
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Миллат ривожида ислом цивилизациясидан олинадиган ҳикматлар” мавзусида халқаро симпозиум ўтказилди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Малайзия исломни англаш институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақда Академияси Матбуот хизмати хабар берди.
Симпозиумда Академия ректори Уйғун Ғафуров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Малайзия исломни англаш институти раиси Муҳаммад Нур Манути, институт вакиллари, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-магистрлар иштирок этди.
Тадбирда “Ислом цивилизациясидан олинган ҳикмат сабоқлари кимга керак?”, “Малайсиа МАДАНИ” цивилизацион лойиҳа сифатида”, “Абу Ҳафс Насафийнинг ислом илмлари ривожидаги ўрни”, “Ислом ва фан тараққиёти: Малайзия тарихидан сабоқлар”, “Ибн Синонинг ахлоқ-одобга оид асарлари ва уларнинг хусусиятлари”, “Ислом цивилизациясининг давлатчилик ҳикмати” ҳамда “Ислом цивилизациясида аниқ фанлар ривожида Мусо ал-Хоразмийнинг ҳиссаси” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Қизғин мунозара, савол-жавоблар остида ўтган симпозиум йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Ҳамкор ташкилотлар билан илмий-амалий алоқаларни янада давом эттириш борасида фикрлар алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати