muslim.uz.umi
Академия вакилларининг Индонезия Уламолар кенгаши аъзолари билан учрашуви ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов бошчилигидаги делегация аъзолари Индонезия Уламолар кенгаши аъзолари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида янги Ўзбекистонда азалий диний қадриятларни қайта тиклаш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд ва етти пир алломаларининг табаррук қадамжоларини обод этишга катта эътибор қаратилаётгани, масжид ва мадрасалар обод бўлаётгани, фуқароларимиз ҳаж ва умра ибодатларини юксак савияда адо этаётганлари тўғрисида кенг қамровли маълумот берилди.
Малайзияда ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаси ғолиблари аниқланди
63-Малайзия Халқаро Қуръон мусобақасида эркак ва аёл-қизлар иштирокида икки тоифадаги энг яхши ғолибларни тақдим этиш билан якунланди.
Куала-Лумпурдаги Жаҳон савдо марказида (WТCКЛ) Малайзияда 63-халқаро Қуръон ўқиш ва ёдлаш мусобақаси бўлиб ўтди, деб ёзади IQNA сайти “BERNAMA” матбуот хизматига таяниб.
Ушбу танлов 19 август куни Жаҳон савдо марказида бошланди ва 24 август куни энг яхши ғолибларни тақдим этиш билан поёнига етди.
Эркаклар ўртасида мужаввидлик йўналишида малайзиялик қори Муҳаммад Қайюм Низар Сарими биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин эронлик Aли Ризо Бижанийга, учинчи ўрин эса брунейлик Муҳаммад Зул Ҳафиз Aванг Тангага насиб этди.
Марокашлик қори Сара Балмамун аёллар ўртасида мужаввид (чиройли ўқиш) йўналишида биринчи ўринни эгаллади, кейинги ўринларни индонезиялик Роса Суфян Нур ва филиппинлик Сабаҳ Бату Салек эгаллади.
Эркаклар ўртасида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш йўналишида гвинеялик Умар Туре биринчи, кейинги ўринларни яманлик Маъмун Aҳмад ва чадлик Aли Aтийе эгаллади.
Жазоирлик Тибани Шима Aнфал аёллар ўртасида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш йўналишида биринчи ўринни эгаллаган бўлса, ундан кейинги ўринларни сенегаллик Нади Синабо Нажум ва мавританиялик Сейеди Aл-Мухтор Хадижито эгаллади.
Биринчи ўринни қўлга киритган малайзиялик кўзи ожиз қори Муҳаммад Қайюм бундай деди: “Aллоҳга шукр, Қуръони каримни брайл алифбосида ўқиш маҳоратини ўзлаштиришдаги 16 йиллик меҳнатим ниҳоят ушбу танловда ўз самарасини берди”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар мобайнида диний-маърифий соҳада хизмат қилган Тошкент ислом институти Техник-фойдаланиш ва хўжалик бўлими ходими Баҳодир ҳожи Нурмуҳаммаедовнинг вафоти муносабати билан барча оила аъзоларига, яқинларига, чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечирсин, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ушбу оғир дамларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, ҳамдардлик билдирамиз, Аллоҳ таолодан сабру жамил тилаймиз.
Жаноза намози Ҳазрати Имом жоме масжидида аср намозидан сўнг ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
«Мусибат етганда "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз", деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўғри мушук ва кўр илон
Бир куни Аҳмад ибн Динор ҳузурларидан ёввойи мушук бир парча гўштни олиб қочди. Ул зот бу “ўғри” гўштни қаерга олиб бориб ер экан, деб мушук ортидан кузатишга тушдилар. Мушук ўлжасини унча узоққа элтмади. Ҳовли четига, девор остидаги бир ковак оғзига қўйиб нари кетди. Олим бундан таажжубда қолди. Нима учун бундай қилди экан, деб турган эди ҳамки, ҳалиги тешикдан кўзлари кўр бир илон чиқиб келди-да, гўштни ҳидлай бошлади. Сўнгра уни бир зумда еди-қўйди.
Буни кўрган олимнинг ҳайрати янада ошди. Ҳамиша бир-бирига ашаддий душманлик қилувчи бу икки махлуқ “ўзаро ёрдам” муносабатига ўтишган бўлса! Ахир, улар қачон рўпара келиб қолишса, адоватлари кучлилигидан бир-бирини ўлдиришар эди-ку. Нега энди аҳвол ўзгарди? Наҳотки, ризқ-насиба душман бўлган махлуқ орқали ҳам етказилса. Аллома ана шундай ўй-хаёллар гирдобида қолди...
Илоннинг насибасини етказишни унинг душмани мушукка илҳом қилган Зот наҳотки “Ла илаҳа иллаллоҳ” дегувчи мўмин бандаларининг ҳолидан хабар олмай қўйса? Йўқ! Ул Зот доимо ризқимизни етказиб берувчи раззоқ эмасми?! Фақат биз ғофил бандалар буни сезмаймиз, англамаймиз. Ҳолбуки, ҳикматларда айтилишича, биз ризқ талабида қандай ҳаракат қилсак, ризқ ҳам шунга мос равишда бизга етказилишини Аллоҳдан сўрар экан.
Абдулқаюм ҲИКМАТОВнинг
“Саодат қучганлар ибрати” китобидан.