muslim.uz.umi
Аллоҳга энг яқин банда ким?
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёматга нима тайёрладинг?” дедилар. У: “Аллоҳ ва расулига муҳаббатни тайёрладим” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу муждасидан куч олиб яшадилар, десак муболаға бўлмайди. Бу хушхабар уларнинг қийинчилик тўла ҳаётдаги энг буюк тасаллилари эди. Улар қалбларига Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган севгисини орттиришга ҳаракат қилиб Пайғамбар алайҳиссалом билан жаннатда бирга бўлишга интилдилар. Оламларга раҳмат ўлароқ юборилган зотга яқин бўла олиш Аллоҳга яқинлаштирадиган энг улуғ васила эканини англаб етдилар.
Шу сабабли саҳобаи киромларнинг ҳар бири Аллоҳнинг элчисига улкан муҳаббат ҳиссини туйиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларига муҳаббатини айрича хис этдилар. Улар “Сен муҳаббат қилганинг билан бирга бўласан” ҳадисига амал қилароқ Расулуллоҳ алайҳиссаломга соя қандай соҳибига эргашса, шу ҳолда эргашиб, тақлид қилдилар. Гўзал ахлоқли бўлишни Аллоҳнинг Расулидан ўргандилар.
Мўмин банда Аллоҳ ёқтирмаган нарсалардан доимо узоқ бўлади. Саҳобаи киромлар бунинг ҳам гўзал ўрнагини ҳаётлари давомида кўрсатдилар. Улар ўн уч йиллик Макка даврида жуда кўп зулмга учрашди. Аллоҳга бандалик қилиш, ибодат қилишга йўл қўйилмади. Мусулмонлар эса буларга сабр қилдилар. Ҳеч бирларининг иймонларига зарра қадар путур етмади.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ алайҳиссаломни доим ўзларидан аввал қўярдилар. Масалан, Ҳудайбияда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу элчи сифатида Маккага жўнатилаётганида мушриклар у зотга:
- Хоҳласанг, Каъбани зиёрат қилишинг мумкин, – дедилар. Усмон розияллоҳу анҳу уларга қатъий оҳангда раддия берди:
– Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом Каъбани тавоф қилмагунларига қадар мен бу амални бажармайман. Фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида Каъбани тавоф этишим мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёқтирилмаган, хуш кўрилмаган ерда мен ҳам йўқман.
Дарҳақиқат, Набий алайҳиссаломни яқиндан таниган инсоннинг у зотни яхши кўрмаслиги, у зотга эргашмаслиги асло мумкин эмас. Ҳақиқий муҳаббат лойиқ бўлган зотга – Аллоҳга ва Унинг севган қулларига, нафрат эса аксинча, Аллоҳ ва унинг Расулига осий бўлганларга қаратилган бўлиши лозим.
Марҳаматлилик иймоннинг аломати саналади. Иймон ортгани сайин мўминнинг қалби ҳам марҳамат уммонига айланади. Раҳмат билан тўлиб-тошади. Натижада фақат яқинларига эмас, барча мўминларга раҳмат ва марҳаматли бўлади. Барча мазлумларнинг, маъдурларнинг, етим-есирнинг, ҳайвон ва жонзотларнинг олдида ўзини жавобгар ҳис этади. Зеро, Аллоҳга ошиқ қалбнинг марҳаматдан, муҳаббат, икром, кечиримдан узоқ туриши асло мумкин эмас.
Намоз мўминнинг меърожидир. Илк фарз қилинган ибодат. Лекин уни бир мажбурият каби эмас, қалб ва бадан билан адо этиш лозим. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...(ёлғиз Аллоҳга) сажда (ибодат) қилиб, (Унга) яқин бўлинг!” (Алақ сураси, 19-оят).
Бир жангда Али розияллоҳу анҳунинг оёғига ўқ тегди. Қаттиқ оғриқ бўлгани учун ўқни чиқара олмадилар. Шунда Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деди:
- Мен намозни бошлайман, ўқни шунда чиқаринглар!
Худди шундай қилдилар. Ўқни чиқариб олдилар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу салом бергач: “Нима қилдингиз?” дея сўради. “Чиқардик”, дея жавоб беришди. Али розияллоҳу анҳу намоздаги хушуъ ва хузуъ таъсирида оғриқни бутунлай “унут”ган эди.
Аллоҳнинг лутфи ва розилигига ноил бўлишга ҳаракат қилар эканмиз, жаноби Ҳақнинг розилиги гоҳида улкан, гоҳида ўртача, баъзан кичик нарсалардан яширин эканини асло унутмаслигимиз лозим. Ғазаби ҳақида ҳам худди шуни айтишимиз мумкин.
Аллоҳ таолонинг розилигига эриштирадиган амалларда, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, ғайрат кўрсатишимиз зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий сифатида юбориш чоғида бундай марҳамат қилдилар: “Менга энг яқин киши ким ва қаерда бўлишидан қатъи назар Аллоҳга тақво қилган муттақий бандалардир” (Имом Аҳмад ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА
Ўзининг даврига хос бўлсин!
Ёшлар тарбияси
Дунёдаги энг осон иш – ёшларга насиҳат қилиш. Энг қийин юмуш эса уларни юксак ахлоқий руҳда тарбиялаш ҳамда бунёдкор бир ғоя атрофида, Ватан равнақи йўлида жипслаштиришдир. Шу боисдан кишилик жамияти шакллангандан бери инсоният ёшлар тарбияси билан шуғулланиб, уларни тарбияли, илмли, одоб-ахлоқли бўлиб улғайишлари учун таълим-тарбиянинг янгидан-янги усулларини яратиб, эскирди деб ҳисоблаганларидан воз кечиб келаётир.
Муқаддас Китобимиз Одам алайҳиссаломнинг Қобил деган фарзанди ноқобил чиққанидан бошлаб тарбия ғоят нозик масала сифатида ўртага чиққанидан хабар беради. Бундан тўрт минг йил бурун ёзилган “Калила ва Димна”да ҳам ёшлар тарбияси ўта мураккаб ва ҳар доим ҳушёрликни талаб этадиган масъулиятли вазифа экани айтилган. Чунки тарбияда ота-она, мактаб, боғчадан ташқари атроф-муҳитнинг ҳам таъсири кучли бўлади.
Ҳосили калом, Одам алайҳиссалом авлодлари неча юксалишларни, гуллаб-яшнашлару талотўпларни бошидан кечирган бўлса, уларнинг аксарида ёш авлод бош бўлган, бош бўлмаганларида ҳам асосий ҳаракатлантирувчи куч вазифасини бажарган.
Нега шундай? Чунки ёш вужудда қон тез айланади. Шунинг ҳисобига улар чаққон ҳаракат қилади, тез фикрлайди, жадал қарор қабул қилади, янгиликларга ўч, жозибадор нарсаларга берилувчан бўлади, шунинг билан бирга, уларнинг табиати озгина тақлидчиликдан ҳам мустасно бўлмайди. Энг муҳими, ёшлар чарчоқ нималигини билмайди... Шу боисдан улар ҳамиша ҳамманинг, ҳар турли кучларнинг эътиборида бўлади...
Юртимизни ишғол қилган босқинчилар, улардан кейинги мустабид тузум ўта фаол равишда халқнинг, хусусан, ёшларнинг тарбиясини издан чиқариш билан шуғулланди. Ана шу бузғунчи мафкуранинг оқаваси собиқ Иттифоқдан қолган “мерос”лар сирасида ўтиб келди. Шунингдек, мамлакатимиз истиқлолга эришган йиллар шундай даврга тўғри келдики, ўша кезларда социалистик тузум инқирозга учраб дунёнинг қиёфаси буткул ўзгариб кетди. Ёшларнинг тарбиясига жиддий таъсир кўрсатадиган воқеа-ҳодисалар ривожи жадаллашиб кетгани боис муайян вақт мафкуравий бўшлиқ пайдо бўлиб ёшларнинг орасида тарқоқлик юз бергандек бўлди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 30 июнда “Жисмоний ва маънавий етук ёшлар – эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир” мавзуида сўзлаган нутқида бундай деган эди: “Бу борада жаҳон тажрибасини, узоқ-яқиндаги турли давлатлар тажрибасини ўргандик. Дунёдаги ривожланган, демократик давлатларда ёшлар ташкилотлари дабдабали, баландпарвоз тадбирлар ўтказиш эмас, балки ёшлар билан бевосита ишлаш, улар билан амалий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган, ҳаётий муаммоларни ҳал этишга асосий эътибор қаратади”.
Бу гапни эшитиб ўйланиб қолдим: мен ҳам отаман. Ёш авлод тарбиячиларидан бириман, айни кучга тўлган фарзандларим бор. Улар кун оша янги ғоялар, таклифлар айтади. Хўш, ўша ташаббусларнинг бирортасини қўллаб-қувватладимми? Уларнинг ўзлари ўйлаб топган ғояларини маъқуллаб, руҳлантириб қўйдимми? Сиз-чи?
Фикримизча, бу жиддий ўйлайдиган мавзу. Фарзандларининг ташаббусларни қўллашнинг ўрнига уларнинг ҳар тарафдан олдини қайтариб турган ота-оналар боласининг ҳам руҳини синдиради, жамиятга ҳам катта зарар етказади. Иккинчи томондан, боланинг режаси келажакка, яъни ўзининг замонига дахлдор. Биз ота-оналар эса бугуннинг одамимиз. Инсонларнинг тарбия борасидаги ана шу камчилигини тузатмоқ учун ҳазрати Али розияллоҳ анҳу: “Болангизни ўзингизнинг замонингизга эмас, ўзининг замонига қараб тарбияланг”, деган эди. Зеро, тобора жадаллаб бораётган техника тараққиёти асри инсонлар олдига турли-туман муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқдаки, уларнинг ечимини навқирон авлод иштирокисиз топишнинг сира ҳам илож йўқ.
Дарҳақиқат, бола бир кунда бир оқимга аъзо бўлиб қолмайди, бир неча кунда кайфкашликка ҳам ўрганмайди. У бундан олдин кимлар биландир танишади, ош-қатиқ бўлади. Кейин-кейин унинг гап-сўзларида уларнинг таъсири сезила бошлайди ва ҳоказолар. Ушбу жараёнлардан энг аввал унинг тенгдоши ва сафдоши хабардор бўлади. Ана шу бола тенгдошининг ҳолидан бошқаларни хабардор этиб, уни муқаррар фалокатдан сақлаб қолиш чорасини қилмаса ким қилади!..
Шунингдек, Юртбошимиз ўша кунги нутқида хорижда ишлаб юрган ёшларимизни террорчилик ва экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолишдан асраш борасида ҳам амалий ишларни бажариш масаласига эътибор қаратди. Чет элларда ўқиётган, меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб борадиган, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган бир ташкилот тузиш кераклиги хусусида гапирар экан, “Ўзимизнинг болаларимиз ҳақида ўзимиз ўйламасак ким ўйлайди”, деди.
Дамин ЖУМАҚУЛ