muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понеділок, 28 августь 2023 00:00

Илмни билиш: Эгри ва тўғри талқин

Бугун, 28 август куни эрта тонгдан Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасига кириш имтиҳони ўтказилмоқда.

Олий диний таълим муассасаларига кириш имтиҳони Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тест синови шаклида  бўлиб ўтмоқда.

Абитуриентлар имтиҳонни қуйидаги фанлар бўйича тест синовини топширмоқда:

– Араб тили 30 Х 3,1 – 93 балл;
– Фиқҳ ва ақоид 30 Х 2,1 – 63 балл;
– Ўзбекистон тарихи 30 Х 1,1 – 33 балл.

Олий диний таълим муассасаларига кириш имтиҳон жараёнини ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали кузатиб боринг:

— Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти: https://www.youtube.com/live/kRd6StyYgqc?si=MkCbKsd2JTqhUdff

— Мир Араб олий мадрасаси: https://youtube.com/live/dp5CYDI6jEU?feature=share

 

Понеділок, 28 августь 2023 00:00

Темир сайёрамизга қаердан келган?

Ҳадид сурасининг 25-оятида бундай марҳамат қилинади: “Биз ўз элчиларимизни ҳужжат (мўъжиза)лар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон (тарози ёки меъёр) туширдик. Яна, Биз темирни туширдик. Унда қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ Ўзига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ғойибона ёрдам берадиган кишиларни билиш учун ҳам (темирни яратди). Албатта, Аллоҳ кучли ва қудратлидир.

Аллоҳ таоло темирни Ер сайёрасига туширган. Савол туғилади: ахир биз темир моддасини рудалардан, яъни ердан ажратиб оламиз-ку. Олимларнинг айтишича, темир элементини ҳосил қилиш учун жуда катта ҳарорат – тахминан 100 000 000°C керак (бу жараён термоядровий реакция деб аталади ва бунинг учун водороддан ­– гелий  ҳосил бўлади ва гелийдан ­– углерод – азот – кремний – ва ниҳоят темир элементи). Бундай ҳарорат ҳатто қуёшда ҳам йўқ. Таъкидлаш жоиз, қуёшнинг ички ҳарорати, яъни ядросининг ҳарорати тахминан 1 500 000°C бўлса, устки қисмининг ҳарорати – 5000°C.

Фазода олимлар “нова” ёки “супер нова” деб атайдиган гигант сайёралар мавжуд. Айнан уларда темир моддаси ҳосил бўлади. Яъни, ушбу сайёраларда ҳарорат ўта юқорилаб, кучли портлаш юз беради ва ҳосил бўлган темир парчалари фазога тарқаб кетади. Шунинг учун Аллоҳ “темирни туширдик” деб марҳамат қилган.

Қаранг, ўн тўрт аср олдин илм-фан ривожланмаган пайтда Қуръонда темирнинг ҳосил бўлиши ва хоссалари келтирилган.

Яна бир жиҳат, оятда “Унда қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир” деб айтиляпти. VII асрда инсоният темирдан фақат қурол ва анжомлар ясашда фойдаланган. Чунки темирнинг кўплаб хусусиятлари ҳали кашф этилмаган эди.

Очиғи, темир элементисиз Ер юзидаги ҳаётни тасаввур қилиш қийин. Нима учун? Чунки темир бўлмаса, углерод элементи керакли кимёвий жараёнларда қатнаша олмайди, глобал ҳарорат ошиши юз бермайди, озон қатлами ҳосил бўлмайди. Шунингдек, атмосферадаги ва гидросферадаги қатламлар, Ерни ҳимоя қилувчи магнит майдони, сайёрамизнинг жуда катта хавфлардан ҳимоя қилувчи рацион белбоғи, гемоглабин, кислородни осон ютадиган моддалар бўлмайди. Тирик организмларда модда алмашинуви юз бермайди.

Ушбу санаб ўтилган жараёнлар Ердаги ҳаёт учун ўта муҳим ҳисобланади. Шунинг учун Аллоҳ Қуръонда “темирда одамлар учун манфаатлар бор” деб марҳамат қилади.

Абжад илмидан фойдаланиб, “Ал-Ҳадид” сўзидаги ҳар бир ҳарфнинг математик сон билан белгиланишини инобатга олсак, 57 сони  келиб чиқади. Бу эса Ҳадид сураси Қуръонда 57-рақамда келганига ишорадир.

Алиф

1

Лом

30

Ҳа

8

Дал

4

И

10

Дал

4

 

57

 57-сура Қуръоннинг қоқ ўртасидаги сура саналади. Бу Ер сайёрасининг ядроси темирдан ташкил топганига далолат.

Фақат Ҳадид сўзини ҳисобласак, 26 сони келиб чиқади. Бу эса темир элементининг даврий жадвалда 26-рақамдалигини эсга солади. Қолаверса, ушбу сурада Аллоҳ сўзи 26 марта такрорланган.

 Ҳа

8

Дал

4

И

10

Дал

4

 

26

Темирнинг эриш ҳарорати 1500°C, қайнаш ҳарорати 2800°C ҳисобланади. Лекин уни буғ ҳолатига ўтказиш учун қанча ҳарорат зарур? Тасаввур қилиш қийин. Чунки темир атомлари ўзаро металл боғлари орқали боғланган. Шунинг учун бу боғларни узиб, буғ ҳолатига келтириш учун жуда юқори ҳарорат талаб этилади. Ҳозирги кунда шундай сайёралар аниқланяптики, уларнинг усти темир буғлари билан қопланган. Э воҳ, бу қандай ҳарорат? Инсон ақли тушунишга ожизлик қилади.

К. ВАЛИХАНОВ,

кимё фанлари номзоди

Понеділок, 28 августь 2023 00:00

Муҳаддислар устози

Яҳё ибн Маин раҳматуллоҳи алайҳ ҳаёти, куч-ғайратини илм олиш ва ўргатишга бағишлади. Ҳадис илмида беназир, тақводор раббоний олим ҳамда кўплаб муҳаддисларнинг устози.

  Яҳё ибн Маин ибн Авн Зиёд ҳижрий 158-йили Аббосий халифаларидан Абу Жаъфар Мансур даврида, Ироқнинг Анбор шаҳрида дунёга келди (“Тарихул Бағдод”). Куняси: Абу Закариё (“Ал-асмо вал луғот”).

Отасидан қолган катта мероснинг барини илм йўлида, ҳадис эшитишга сарфлади. Ҳатто  оёқ кийимидан бошқа ҳеч нарсаси қолмади (“Ал-асмо вал луғот”).

Илм талабида Ҳижоз, Шом, Миср ҳамда Яман шаҳарларига борди. Жуда кўп муҳаддис ва алломалар билан учрашиб, тенги йўқ илм соҳибига айланди.

Мутафаккир Абдуллоҳ Ибн Муборак, Ҳушайм, Исмоил ибн Айёш, Аббод ибн Аббод, Исмоил ибн Мужолид ибн Саид, Мўтамир ибн Сулаймон, Суфён ибн Уяйна, Ғундор, Ҳафс ибн Ғиёс, Вакиъ, Яҳё ибн Қоттан, Ибн Маҳдий ва бошқа кўплаб ҳадис шайхларидан дарс эшитди.

Олим аҳли сунна ва жамоа эътиқодида бўлса-да, у яшаган даврда фитналар урчиб, “Қуръони каримни махлуқ” дейиш авж олганди. Шунга кўра, баъзилар Яҳё ибн Маин ҳам “Қуръони каримни махлуқ” деб айтган дея туҳмат қиладилар. Аслида, “Қуръони карим Аллоҳнинг каломи, у махлуқ эмас”, дея ўз эътиқодини очиқ билдирган (Миззий. “Таҳзибул камал”) .

Аббос Дурий айтади: «Аҳмад ибн Ҳанбални Ровҳдаги мажлисида кўрдим. У Яҳё ибн Маиндан турли масалалар ҳақида сўрар: “Бу ҳадисга нима дейсиз?”, “Бу ҳадиснинг ҳукми қандай?” дея маълумотларини текшириб оларди. Агар Яҳё тасдиқласа, Имом Аҳмад уни ёзиб оларди». Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Яҳё билан бирга ҳадис эшитиш кишига сурур бағишлайди“, дерди (“Тариху Бағдод”). Яна бундай дерди: “Яҳё ибн Маин билмаган ҳадис – ҳадис ҳисобланмайди” (“Ал-асмо вал луғот”) 

Аҳмад ибн Уқба раҳимаҳуллоҳ айтади: «Яҳё ибн Маиндан: “Қанча ҳадис ёзгансиз?” деб сўрадим. У киши: “Мана шу қўлларим билан 600 мингта ҳадис ёзганман”, деди».

Ҳорун ибн Маъруф раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Бир куни ҳузуримизга ҳадис олимларидан бири келди. Ундан ҳадис айтиб беришини илтимос қилдик. У китобини қўлига олган вақтида эшик тақиллади. Шайх у ким эканини сўради. “Аҳмад ибн Ҳанбал”, деган жавоб бўлди. Киришга рухсат берилди. Шайх жойидан қимирламади. Шу тариқа Аҳмад Давроқий, Ибн Румий, Абу Хойсамалар ҳам изн сўраб киришди. Шайх бамайлихотир ўтирарди. Сўнгра яна эшик тақиллади. Шайх келган ким эканини сўради. “Яҳё ибн Маин” деган жавоб бўлди. Шу пайт шайхнинг қўллари қалтираб, китоби ерга тушиб кетди” (Хатиб Бағдодий. “Тарихи Бағдод”)

Абу Бакр Асрам раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир куни Аҳмад ибн Ҳанбал Яҳё ибн Маинни Маъмарнинг китобидан мавзуъ ҳадисларни ёзиб олаётганини кўрди ва қаттиқ ажабланди. Шунда Яҳё ибн Маин: “Мен буларни тўқима ҳадис эканини жуда яхши биламан. Бироқ кимдир бу мавзуъ ҳадисларни айтган ровийларни менга мақтаб, собит қилмоқчи, қабул қилмоқчи бўлса, “Ёлғон айтибсан”, дея олишим учун ҳам уларни яхши таниб олишим керак”, деди»  (Миззий. “Таҳзибул камал”). Шу боис Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “Ичимизда Яҳё ибн Маъин ҳадис ровийларини энг яхши биладиганимиз”, деган эди.

Муҳаммад ибн Ҳорун Фаллос айтади: “Агар бирор киши Яҳё ибн Маин ҳақида ёмон сўз айтса, билингки, ўша одам ёлғончи ва тўқима ҳадис айтиб юрадиган кимсадир. Чунки Яҳё ибн Маин ана шундайларни очиқ-ойдин гапиргани учун уни ёмон кўришади” (“Сияр аълам ан-Нубало”).

  Яҳё ибн Маин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари ҳимоячиси, уларни саҳиҳидан тўқимасини ажратиб олиш учун тўқима ҳадис айтиб юрадиган кимсаларни аяб ўтирмасди. Лекин ўзи олижаноб, инсонларга нисбатан бағрикенг олим эди. Яҳё ибн Маин ўзи ҳақида бундай дейди: “Кимдир хато қилаётган бўлса, дарҳол яширдим. У ҳақда яхши гумонда бўлишни хуш кўрдим. Бирор кишининг рўпарасидан у ёмон кўрадиган нарса билан чиқмадим. Лекин хатоси бўлса, ўзаро орамизда билдириб қўйдим. Агар қабул этса, мени фойдам теккани, қабул қилмаса, ўз ҳолига қўярдим” (Таҳзибул камал”).

Яҳё ибн Маиндан замондош ва яқин дўстлари Аҳмад ибн Ҳанбал, Муҳаммад ибн Саъд, Абу Хойсама, Ҳаннод ибн Сарий; яна Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Абу Зуръа, Абу Ҳотим, Ҳанбал ибн Исҳоқ, Жаъфар Фирёбий ҳамда Абу Яъло Мавсилий каби олимлар таълим олиб, ҳадис ривоят қилдилар (“Сияру аълам ан-нубало”).

Яҳё ибн Маин ҳижрий 233 санада, Зулқаъда ойида, 75 ёшида Мадинада вафот этди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни дафн этишда қўйилган ўриндиққа уни ҳам ётқиздилар. Ўшанда: “Мана, бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ёлғонни кетказган зотдир!” дея жар солдиришди ва Бақиъ қабристонига дафн этдилар.

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти “Ҳадис ва Ислом тарихи”

 кафедраси ўқитувчиси Нилуфар САИДАКБАРОВА тайёрлади.

Top