muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Имом Абу Мансур Мотуридий ислом илмлари ривожига улкан ҳисса қўшган шайхулислом, улуғ уламолардан бири ҳисобланади. У Қуръон ва суннат ақидасини қарор топтириш, ақлга мурожаат қилган ҳолда бу икки манбадан далил олиш йўлида ўз мактабига асос солган. У саҳобаи киромлар тутган “сироти мустақим” – тўғри йўлдан четга чиққан, адашган ақида соҳиблари билан баҳслашишда улкан матонат кўрсатган. Натижада, “Аҳли сунна вал жамоа имоми”, “Ҳидоят байроғи” сингари ўзининг илмий даражасига далолат қилувчи кўплаб унвонларга сазовар бўлган.

Имом Мотуридий тафсир, Қуръон илмлари, ақида, фиқҳ ва усул ал-фиқҳ йўналишларида кўплаб асарлар битган. Афсуски, унинг асарларидан жуда кам қисми бизгача етиб келган. У ўзининг “Китоб ат-Тавҳид” асарида ақлга мурожаат қилган ҳолда Аҳли сунна вал жамоа ақидасини баён қилиб, мушаббиҳа, хавориж, мўтазила, илҳодия, санавия ва бошқа адашган фирқаларнинг фикрларига қарши раддия берган. Унинг “Таъвилот ал-Қуръон” китоби эса муҳташам асардир. У аслида тафсир китоби ҳисобланса-да, лекин Қуръон ислом илмларининг барчасини қамраб олади. Шунга кўра, мазкур китобда Имом Мотуридий барча илмлардаги маҳорати юзага чиққан. Асарда Имом Мотуридийнинг Қуръон тили бўлган ва Қуръонни усиз англаб бўлмайдиган араб тилидан чуқур хабардорлиги кўзга ташланиб, унинг наҳв, сарф ва луғат илмларидаги маҳорати намоён бўлган. Шу билан бирга, асарда Имом Мотуридийнинг ҳанафий мазҳаби етук намояндалари томонидан тасдиқланган фиқҳ ва усул илмларидаги маҳорати акс этган. У асарида ўзининг фиқҳий қарашларини баён қилган ҳамда Қуръон ва ҳадисдан далиллар келтириб, ҳанафий мазҳабининг тўғрилигини далиллашга уринган. Шунингдек, Имом Мотуридий тафсирида кўплаб ҳадислар, саҳоба, тобеин ва таба тобеин қавллари ҳам учрайди. Асарда Имом Мотуридийнинг қарашлари, ижтиҳодлари, юксак истинботлари ва аввалги муфассирларнинг фикрлари барчаси бирлашиб, у муҳташам тафсир китобига айланган. Имом Мотуридий ушбу китобида усулда Аҳли сунна, фуруъда ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилган. “Таъвилот ал-Қуръон” ислом илмларини ўрганишда толиби илм ҳам, олим ҳам эҳтиёж сезадиган муҳим манбадир.

 Ушбу тафсир китоби ислом илмларида қимматли манба экани ҳамда бугунги фитналар ва экстремистик жамоалар кўпайган даврда Аҳли сунна мазҳабини ҳимоя қилишдаги ўрнидан келиб чиққан ҳолда Ал-Азҳар университети жорий ўқув йили – 2023 йил сентябрдан бошлаб Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини дарслик сифатида ўқитишга қарор қилди. Яъни энди Ал-Азҳар университетининг “Усул ад-дин” факультети талабалари мазкур тафсирнинг маълум қисми ёки баъзи сураларини ўқишади. Таъкидлаш лозимки, Миср Араб Республикасида жами 8 та “Усул ад-дин” факультети мавжуд бўлиб, улардаги талабалар сони 10 мингга етади. Хусусан, пойтахт Қоҳира шаҳрида, Мансура, Искандария, Зағозиқ ва бошқа шаҳарларда факультет филиаллари фаолият кўрсатади.

“Усул ад-дин” факультетида бир қанча кафедралар, жумладан, тафсир ва Қуръон илмлари, ҳадис ва ҳадис илмлари, ақида ва фалсафа кафедралари мавжуд. Бу қарор эса тафсир кафедраси томонидан қабул қилинган қарор бўлиб, у тафсир кафедраси талабалари учун амал қилади.

Ақида кафедрасига тўхталадиган бўлсак, бу кафедрада мотуридийлик ақидасини ўрганиш ҳали ҳам давом этмоқда, бу борадаги фаолиятлар тўхтаб қолмаган. Чунки Имом Мотуридий Имом Ашъарий билан биргаликда Аҳли сунна вал жамоанинг икки қаноти ҳисобланади. Ал-Азҳар университети Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига эргашувчи энг йирик исломий университет бўлгани учун, ақида кафедраларида Имом Мотуридий ва мотуридийлик бўйича қилинаётган кўплаб илмий иш ва тадқиқотларга қўшимча равишда мотуридийлик мазҳабини кенг кўламда ўрганиш табиий ҳол саналади.

Ушбу қарорнинг янгилик жиҳати Имом Мотуридий тафсирига бўлган эътиборнинг янада кучайганидир. Бу, авваллари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига эътибор қаратилмасди, деган маънони билдирмайди. Ушбу сатрларни қоралаётган камина 2007 йилда докторлик даражасини олиш учун “Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг “Таъвилот” тафсиридаги услуби” деган мавзуда иш бошлаган эдим. Илмий ишим 2015 йилда муҳокамага қўйилди. Демоқчиманки, Ал-Азҳар олимлари Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти билан узоқ вақтдан бери таниш ҳисобланадилар. Қабул қилинган янги қарор эса, Имом Мотуридийнинг Қуръон тафсирига оид изланишларига қаратилган эътибор яна ҳам кучайганини кўрсатади.

Ал-Азҳар университети “Усул ад-дин” факультетлари тафсир кафедралари мудирларига юборилган қарор матнида қуйидаги жумлалар акс этган: “Тафсир ва Қуръон илмлари кафедрасининг Туросий китоблар қўмитаси вакиллик қоидаларига мувофиқ сизнинг кафедрангизни “таҳлилий тафсир – тўртинчи бўлим” предмети бўйича таълиқ тайёрлашга номзод қилиб кўрсатди. Бу сизнинг кафедрангиз аъзоларига ушбу предметга таълиқ ёзиш ва уни бир ой ичида тайёрлашни белгилаш ва юклаш орқали амалга оширилади. Мактубга Имом Мотуридийнинг белгиланган китоби (Таъвилот ал-Қуръон), китобнинг муфрадоти ва таълиқ қоидалари илова қилинган”.

Мактуб матнидан яққол кўриниб турибдики, талабалар дарс қилиб ўқийдиган китобни тайёрловчи устозлар танланган китоб, яъни Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон”идан четга чиқмасликлари лозим. Бунга ўхшаш масалаларда профессор-ўқитувчилар томонидан китобга талабаларнинг ҳолатига мос тарзда таълиқ ёзиш одат ҳисобланади. Талаба Имом Мотуридийнинг тафсири матнини устознинг талқини асосида ўрганади ва унинг остида талабаларга Мотуридий ибораларини тушунишни осонлаштириш мақсадида ўқув предметини тайёрлаган устознинг изоҳлари келтирилган бўлади. Шунинг учун, изоҳларда танланган китоб чегарасидан четга чиқмаслик ҳақида алоҳида кўрсатма берилган.

Хулоса ўлароқ айтиш мумкинки, қабул қилинган қарор энг қадимий ислом таълим даргоҳи бўлмиш Ал-Азҳар университети тарафидан мотуридийлик таълимотига бўлган бўлган қизиқишнинг улкан нишонаси ҳамда ислом илмларида мотуридийлик мактаби мавқеининг эътирофи саналади.

Аҳмад Саъд Даманҳурий

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларига кириш тест натижалари эълон қилинди.

Абитуриентлар мандат натижаларини ўзлари топширган ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг қуйидаги ижтимоий тармоқ саҳифаларидан билиб олиши мумкин:

"Фахриддин ар-Розий": https://t.me/arroziyuz

"Кўкалдош": https://t.me/kukaldoshuz

"Саййид Муҳйиддин махдум": https://t.me/maxdumuz

"Хадичаи Кубро": https://t.me/xadichauz

"Муҳаммад ал-Беруний": https://t.me/alberuniyuz

"Имом Термизий": https://t.me/termiziylar

"Ҳидоя": https://t.me/hidoyauz

"Хожа Бухорий": https://t.me/Xojabuxoriy

"Мир Араб": https://t.me/mirarabmadrasa

"Жўйбори Калон": https://t.me/juyborikalon

Muslim.uzни кузатиб боринг!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

П'ятниця, 25 августь 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Shamsuddinxon Boboxonov» нашриёт-матбаа ижодий уйи жамоаси босмахона ходими Нусратхўжа Саидхўжаевга укаси Саидазимхон ФАТҲУЛЛАХЎЖАЕВнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиради.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз раҳматига олиб, маконини жаннат қилсин. Ортда қолган барча яқинларига гўзал сабр берсин.

Иннã лиллãҳи ва иннã илайҳи рожиъƴн.

Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Қуръони карим ва унга тааллуқли бўлган махсус илмларни талабалар ва юртимиз ёшларига таълим бериб келмоқда. Жумладан, ушбу кафедрада Қуръон қироати ва тажвид, Тафсир, Улумул Қуръон фанлари мутахассислик даражасида таҳсил берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан жорий йил август ойида “Таҳфизул Қуръон” кафедрасининг малакали устозларидан иборат жамоа Миср Араб Республикасининг Искандария шаҳридаги “Ал-Азҳар” университетига ташриф буюрдилар. У ерда Азҳари шариф тасарруфидаги “Маъҳадул қироат”, яъни Қироатлар институтининг Қуръон қироатлари ва тажвид илми шайхларидан таълим олиб, малака оширдилар.

Президентимиз шу йилнинг июнь ойида Сурхондарёдага ташрифи давомида “Тошкент ислом институтида 2024 йилдан магистратура, 2025 йилдан докторантура йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади” деб таъкидлаган эди.

Мазкур илмий сафар ҳам Тошкент ислом институтида очилажак магистратура босқичида ўқитилиши кўзда тутилган фанлар бўйича амалга оширилди.
“Маъҳадул қироат” институтининг 10 қироат, Усули тафсир, Тафсир, Улумул Қуръон илмларида мутахассис бўлмиш уч нафар олимидан Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчилари Тошкент ислом институтининг магистратура босқичида ўқитилиши режалаштирилган фанлардан малака оширди:

• Шайх Саййид Хаттоб Абдулҳамид Мағробий – суғро ва кубро 10 мутавотир қироат ва 4 шозз қироат мутахассиси;
• Амр Иброҳим Муҳаммад Увайдо – суғро ва кубро 10 мутавотир қироат, ҳанафий мазҳаби фиқҳи, араб тили грамматикаси мутахассиси;
• Абдурраҳмон Рафъат Муҳаммад Ғунайм – суғро ва кубро 10 мутавотир қироат, усулул-фиқҳ, тафсир илмлари мутахассиси.

Сафар охирида “Ал-Азҳар” ва “Маъҳадул қироат” шайхлари томонидан кафедра устозларига қироатлар ва илмий асарларнинг ижоза шаҳодатномалари ҳамда малака оширгани тўғрисида фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тошкент ислом институти ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсидиқов Мисрда бўлиб қайтган Жаҳонгир қори Неъматов бошчилигидаги Таҳфизул Қуръон кафедрасининг 10 га яқин қори устозларини қабул қилиб, илмий сафарда эришилган натижалар, олдинга қўйилган мақсад-вазифаларнинг ижроси, магистратура босқичида ўтиладиган Қуръонга оид фанлар ва улардан олинган ижозалар билан танишиб, келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Мазкур қисқа муддатли илмий сафар орқали “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозларига яқин ўтмишда узилган илмий силсилаларни қайта тиклаш ва муборак олтин силсилаларни Ватанимизга қайтариш имконияти берилди.

Аллоҳнинг изни билан бу илмлар юртимизда бўйлаб ва Қуръон нури хонадонларимиз узра янада кўпроқ таралади.

Жаҳонгир Рўзиев,
ТИИ «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси,
«Қуръони карим ва тажвид» ўқув курслари бўлими бошлиғи

Бугун, 24 август куни пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани "Олтин тепа" жоме масжиди имом ноиби Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов Маккаи мукаррама шаҳрида ўтказиладиган 43-халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетди.

Сафар олди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Ҳабибуллоҳ қори Олимжоновни қабул қилиб, халқаро мусобақада қатнашиш малакаси борасида муҳим эслатма ва тавсияларни бериш баробарида қоримизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилди.

Маълумот учун, мазкур халқаро мусобақа шу йил 25 августдан 6 сентябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз: Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов 2021 йилда ҳам Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасида иштирок этиб, совриндор бўлган эди.

Аллоҳ таоло Ватанимиз шаънини ҳимоя қилаётган Ҳабибуллоҳ қорига улкан зафар ва муваффақиятлар ато этсин!

Top