muslim.uz

muslim.uz

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Тошкент-Ўш авмагистралининг А-373 қисми бўйида жойлашган “Қорахитой” жоме масжиди янгидан қурилмоқда.

Масжид катта йўл бўйида жойлашганлигини эътиборга олиб, бу жойда йўловчилар, зиёратчилар учун ўзига хос қулайликлар яратилади. Туман ҳокимлиги томонидан масжид учун қўшимча ажратилган 1.5 га жойда  пастки ертўла қисм билан ҳисобланганда 2500 кишилик хонақоҳ, таҳоратхона, маъмурий хоналар, автотураргоҳ, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона ҳамда ёш гўдаклик оналар учун алоҳида хоналар барпо этилади.  

 

 

Бундан аввал Вилоят бош имом-хатиби катта йўл бўйларидаги таъмирланаётган масжидлар лойиҳасини пухта ўйлаб, йўловчиларга ҳар томонлама юқори шарт-шароитларни таъминлаши юзасидан кўрсатма берган эди. 

 

 

Куни кеча, 19 ноябрь куни эзгу ниятлар билан масжиднинг асосий биносига биринчи ғишт қўйилди. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, туман ҳокими ва мутасаддилари, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нуроний отахонлар тадбирда иштирок этиб, ибодат уйига бирин-кетин ғишт қўйдилар.

 

 

Йиғилганлар қурилишда жонбозлик кўрсатаётган барча ихлоси баланд ҳашарчилар, саҳоватпеша кишилар ҳаққларига дуолар қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент вилоятида 29 та масжид янги лойиҳалар асосида қайтадан қурилмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

 

 

 

Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали – Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн ал­-Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумдирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ЭЪТИҚОДИ: Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз

 

Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.

 

(Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби)

 

Середа, 20 ноябрь 2019 00:00

“У жамиятни парчалайди”

Динимизда ёлғон катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ёлғон, барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Аллоҳ таоло ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмаслигини айтиб шундай марҳамат қилади:

«Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар сураси, 3-оят).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, Ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади”, дедилар (Бухорий ривоят қилган).

Ёлғон гапириш, ёлғон кўрсатма – гувоҳлик бериш инсонга тилдан етиши мумкин бўлган энг оғир зарар берувчи амал ҳисобланади. Ёлғонни қандай кимсалар тўқиб чиқаришлигини Аллоҳ таоло хабарини бериб айтадики:

«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105-оят).

Яъни, Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина У зот шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ амалларни қилишдан, уларга яқин бўлиб Унинг розилигини тополмай қолишимиздан паноҳ берсин. Ўзи рози бўладиган ишларга йўллаб, қалбларимизни гўзал, хайрли ишларга илҳомлантириб қўйсин!

Мадумаржон МУҲАММАДЖОНОВ,
Учкўприк тумани “Кушки Туркон” масжиди имом-ноиби

 

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига яна бир бор ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари асос солган ушбу муассаса халқимизнинг бой ўтмишини, илм-маърифат ривожига қўшган катта ҳиссасини намоён этадиган яхлит мажмуа бўлади.

- Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, - деган эди Шавкат Мирзиёев бу ерга аввалги ташрифларидан бирида.

 

 

Марказ қурилиши ва фаолияти йўлга қўйилишида ана шу мақсад асосий мезон этиб белгиланди. Қарийб икки гектар майдонда уч қаватли кўркам иморат қад кўтарди. Бинонинг симметрик марказида бежирим шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилди.

Мазмунан олганда эса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилди.

Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.

 

 

Иккинчи қаватдаги улкан фойе марказига Усмон Қуръони жойлаштирилади. Шунингдек, бу ерда Ислом санъати музейи, 435 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Кўргазмаларда Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилади.Учинчи қаватдан эса 100 минггача қўлёзмалар фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлади. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий тадқиқотлар олиб боради, уларнинг натижалари асосида қомуслар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабалари ушбу масканга келиб, билимини мустаҳкамлайди.

 

 

- Бу марказ асрлар давомида халқимизга хизмат қилади, унинг ҳар бир нақши тарихга муҳрланади. Шунинг учун марказнинг безаги, маъно-мазмуни исломий ва илмий жиҳатдан асосланган, чуқур ўйланган бўлиши керак. Одамлар ҳам ўқиб, илм оладиган, ҳам юракдан ҳис қиладиган муҳит яратиш зарур, - деди давлатимиз раҳбари.Бутун дунёдан диний уламолар, исломшунос ва тарихчи олимлар иштирокида халқаро анжуман ташкил этиб, фикрларини ўрганиш, таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

 Манба: http://uza.uz

 

 

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Натижада, маьнавиятимиз тобора юксалиб боряпти. Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этаётир. Лекин, афсус, бу неъматлардан фойдаланиб, шукр ўрнига ношукрлик қиладиган, ғанимларимиз ноғарасига ўйнайдиган, ўз юртига тош отадиган набакорлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, чет элларда бўлгани каби, бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, бузғунчи ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб залолатга кетган гумроҳлар ҳам борлиги кишини ранжитади. Эрта баҳорда ердан бодраб чиқадиган қўзиқориндек пайдо бўлиб, сўнг саробдек сўниб йўк бўлиб кетаётган янги-янги оқимларга бир назар ташласангиз, уларнинг илдизлари, асослари ва ғоялари узоқ тарихдаги хорижийлар, муржиийлар, шиа ва мўътазила каби бузғунчи тоифалар билан ҳамоҳанг эканини тушунасиз.

Юртимизда диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, биз имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир. Шаҳидлик масаласида. Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларни ифодалайди. Шунингдек, «Шаҳид» Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, «гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади. “Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш» деб баҳоланади. Ўзини ўзи ўлдириш- бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади, Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади. Аллоҳ таоло огоҳлантиради:

وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُّتَعَمِّداً فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِداً فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَاباً عَظِيماً

“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса у жаҳаннам ўтида абадий доимий йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб ўзига суиқаст қилса жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади Ким ўзини темир билан ўлдирса жаҳаннам ўтида темирни қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳозир баъзи гуруҳлар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида ўзини ўзи ўлдириши “шаҳидлик амалиёти” деб Номланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.

Раҳимов Учқун

Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус

 ислом билим юрти маънавий­ – маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари

Top