Мақолалар

“У жамиятни парчалайди”

Динимизда ёлғон катта гуноҳлардан ҳисобланади. Ёлғон, барча разолатларнинг аслидир. У жамиятни парчалайди, барча ишларни бузади ва ўз эгасининг обрўсини тўкади. Одамлар ёлғончининг гапига ишонмай қўядилар ва унга бирор ишни ишониб топширмайдиган бўладилар. Аллоҳ таоло ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмаслигини айтиб шундай марҳамат қилади:

«Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсаларни ҳидоят қилмас» (Зумар сураси, 3-оят).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўйликни маҳкам тутинглар. Зеро, ростгўйлик эзгуликка йўллайди, эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапириш ва ростгўйликка интилишда давом этаверади, натижада Аллоҳ ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинглар. Зеро, ёлғончилик фожирликка (гуноҳкорликка), фожирлик эса дўзахга бошлайди. Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишда давом этаверади, ниҳоят Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади», дедилар» (Бухорий, Муслим, Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, Ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади”, дедилар (Бухорий ривоят қилган).

Ёлғон гапириш, ёлғон кўрсатма – гувоҳлик бериш инсонга тилдан етиши мумкин бўлган энг оғир зарар берувчи амал ҳисобланади. Ёлғонни қандай кимсалар тўқиб чиқаришлигини Аллоҳ таоло хабарини бериб айтадики:

«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқирлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105-оят).

Яъни, Аллоҳга ва оятларига иймон келтирмаган кимсагина У зот шаънига ёлғон тўқийди. Чунки у азобга дучор бўлишидан қўрқмайди. У ҳақиқий ёлғончидир. Ёлғон гапириш улкан жиноят бўлгани боис, мўмин унга яқинлашмаслиги лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳ амалларни қилишдан, уларга яқин бўлиб Унинг розилигини тополмай қолишимиздан паноҳ берсин. Ўзи рози бўладиган ишларга йўллаб, қалбларимизни гўзал, хайрли ишларга илҳомлантириб қўйсин!

Мадумаржон МУҲАММАДЖОНОВ,
Учкўприк тумани “Кушки Туркон” масжиди имом-ноиби

 

Read 2910 times

Мақолалар

Top