muslim.uz

muslim.uz

Қозоғистон мусулмонлари идорасининг расмий сайтида берилган хабарга кўра, шу кунларда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд саналари муносабати билан «Mавлид Challenge» эзгу амаллар эстафетаси бошланди.

muslim.kz порталида айтилишича, ҳар ким ўзи истаган тарзда эзгу амалларни бажариши ва буни оммага ўрнак сифатида видео ва фото ҳисобот тарзида танлов ташкилотчиларига юбориши лозим.

Видеолавҳани тасвирга олишда бир қатор талаблар қўйилган. Эстафета ғолиблари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланадилар:
1-ўрин: - 100 000 тенге
2-ўрин: - 50 000 тенге
3-ўрин: - 25 000 тенге

Эстафета 23 ноябрга қадар давом этиб, ғолиблар 24 ноябрь куни эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилишлик йўқдир» Замонавий давлат бошқарувини куфрда айблаб, Пайғамбар даврини қўмсовчи ва ҳижратни тарғиб қилувчи тоифаларга мисол қилиб, бугунги кунда айрим сохта салафий, деб ном олган тоифаларни келтириш мумкин. Улар ўзи туғилиб ўсган ватани, миллати, ҳатто ота-онасига қарши чиқиб, «ҳижрат» деган тушунчани ёшлар онгига сингдиришга уринмоқда. Уларни тўғри йўлдан оздириб, ватанига, миллатига қарши чиқишга ундаётир.

Сохта салафийларнинг даъво қилишича, бугунги кунда барча нарсалар бидъат (шариатда йўқ бўлган ва кейин пайдо бўлган) ҳисобланади. Улар жамиятдаги инсоннинг кийиб юрган либосидан тортиб, тутаётган рўзғор буюмлари ва қилаётган урфларигача ҳаммасини гўёки шариатга зид деб, инсонларни чалғитишга, тараққиётдан тўсишга уринмоқда ва бундай ҳолатдан фақатгина ҳижрат қилиш орқали қутилиш мумкинлигини уқтиришмоқда.

Шу ўринда сохта салафийлар ва экстремистик тоифалар даъво қилаётган ҳижрат масаласига ойдинлик киритиб ўтиш ўринлидир. Аслида, бундай жоҳилларга қарши Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг биргина қуйидаги ҳадислари кифоя қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Макка фатҳидан кейин ҳижрат қилишлик йўқдир».

Сохта салафийлар ва бошқа экс­тремистик тоифалар ўзлари ватандан қочиб чиқиб кетганларини «ҳижрат», ўзларига «муҳожир» деб ном қўйиб олганлар. Улар гўёки ҳақ йўлда эканини Қуръони каримдаги Нисо сураси, 97-99-оятларини далил сифатида келтирадилар. Мазкур оятлардаги ҳукм ўз диёрида ноҳақликларга дуч келган ва мусулмонлик амалларни бажаришда тўсқинликка учраган шахсга нисбатан олинади. Сохта салафийлар ва «Ҳизбут-таҳрир» партияси каби адашган тоифалар эса Қуръон ҳукми билан бошқарилмайдиган ҳар қандай давлатни куфр диёри сифатида эълон қилиб, уни тарк этишга даъват қилмоқда. Уларнинг наздида бундай юртлар ўзининг жамики бойликлари ва унга рози бўлиб яшаётган аҳолиси билан қўшилиб «дорул ҳарб», яъни уруш диёридир.

Шу ўринда табиий бир савол туғилади: «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади», деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олармикин? Масалан, Ўзбекистонни «куфр диёри» ҳисоблаган жоҳил тоифаларнинг аксарияти Туркияга кетиб қолган ва бу ишини ҳижрат ҳисоблаган. Нима, Туркияда давлат Қуръон асосида бошқариладими?! Аслида, бу тоифаларнинг ботил эътиқодига кўра, Туркия ҳам «куфр диёри» эмасми?! Ушбу парадокс ҳам уларнинг эътиқоди, тутаётган йўли нотўғри эканига далилдир.

Ҳижратнинг асл мазмун-моҳияти нима?

Энди ҳижратнинг асл мазмун-моҳияти ва бугунги кундаги мақоми ҳақида маълумот бериш ўринлидир. «Ҳижрат» деган тушунча тарихда, аниқроғи, Пайғамбаримиз даврларида ўз ҳукмини йўқотиб бўлганини юқорида ҳадис орқали аниқлаб олдик.

Марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги бир воқеани ҳикоя қилиб берган эдилар: «Ҳижратни даъво қилувчи тоифанинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!

...Мени зиёратимга келганлардан бири ўзига керак бўлган бир неча саволлардан кейин менга жиддийроқ савол борлигини айтди. «Қани, эшитайлик-чи, қандай савол экан ўзи?» – дедим. «Баъзи тоифалар, ҳозир ҳижрат қилиш фарз», — дейишмоқда. Бунга нима деймиз?», — деди. Мен унга: «Агар ҳижрат қилиш фарз бўлса, нима учун ўзингиз уни қилмай юрибсиз, демадингизми?» — дедим. «Бу нарса эсимга келмабди. Аммо у одам жуда қаттиқ туриб, шу ишни қилиш керак, деб уқтирмоқда», — деди. Мен унга шундай жавоб бердим: «Фарзи айнларни адо этишга имкон бўлса, ҳижрат фарз бўлмайди. Бу гапни аввал нима қилса, қилиб юрганлар ўзларидаги нуқсонни хаспўшлаш учун айтишади. Улар шундай қилсалар, гуноҳлари енгиллаб қолганга ўхшайди. Сизлар тушуниб олдингиз, унга ўхшаш гапларга эътибор берманглар. Бугунги кунда динда мана шу турдаги ҳаддан ошганлар бизда ҳам кўп. Улардан жуда эҳтиёт бўлиш керак».

Юқоридаги воқеада замонамиз уламосининг фикрларини эшитдик. Энди тарихда яшаган уламолар, саҳобаларга мурожаат қиламиз. Таниқли саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Абу Авфо (р.а.) бир гуруҳ шогирдлари билан илк ҳаворижлар олдидан ўтиб қолибдилар. Унинг шогирдлари бу зотнинг кимлигини таништириб: «Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!», дебдилар. Шунда Абу Феруз деган ҳавориж: «Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!», дебди.

Мазкур ривоятга эътибор берсангиз, ҳаворижлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобасини менсимаяпти, ҳижрат қилмаган, деб таъна қиляпти. Шунда Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳаворижларни назарда тутиб: «Аллоҳнинг душмани нима деяпти?», деб сўрабдилар. Одамлар унинг: «Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!», деяётганини айтишибди. Шунда Абу Авфо: «Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!», деб туриб, бундай дебдилар: «Улар билан курашган ёки шу мақсадда вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!»

Мазкур ривоятга кўра, саҳобалар ҳам ақидада адашиб кетган ҳаворижларни Аллоҳнинг душмани, деб атамоқда ва уларга қарши турганларга жаннатни сўраб дуо қиляпти.

Халифаликни даъво қилиш исломда ҳам тақиқланган

Энди иккинчи тоифа — бугунги кунда халифаликни истовчи «Ҳизбут-таҳрир» тоифасига раддия бериб ўтамиз. Ҳизбчилар шуниси билан ажралиб турадики, улар тараққиёт, кийиниш маданиятида унчалик чуқур кетмайдилар. Шунинг учун ҳам ҳизбчиларни жамиятда оддий инсонлардан ташқи қиёфасида ажратиб олиш жуда қийин. Лекин уларнинг ақидасига назар ташласак, асрлар давомида юртимизда муқим бўлиб келаётган мотуридия ва ҳанафия таълимотига мутлақ зид эканига гувоҳ бўламиз. Шу сабабли биз бу тоифага улуғ аждодимиз, мотуридия таълимотининг пешқадам вакили – Абул Муин Насафий илмий мероси орқали раддия беришни жоиз топдик.

Ҳизбчиларнинг энг адашган жиҳатларидан бири шундаки, улар қазо ва қадар масаласида адашиб, Аллоҳнинг азалдан яратган тақдири бўйича ботил эътиқодни илгари сурадилар. Ҳизбчиларнинг “пешво”лари томонидан ёзилган адабиётларда шундай таъкидлаган: «Инсон томонидан содир бўладиган феълларнинг Аллоҳнинг яратган қазосига алоқаси йўқдир ва қазонинг ҳам инсон феълларига боғлиқлиги йўқ. Чунки инсон ўз феълларини ўз иродаси ва ихтиёри билан бажаради».

Насафий «Буҳр ал-калом»да бу ботил эътиқодга раддия бериб шундай дейди: «Агар бандалар ўз амалларини (феъл) ўзлари яратсалар, Аллоҳга шерик бўлиб қоладилар. Ваҳоланки, бизнинг наздимизда, (мотуридия таълимотида) феълларни Аллоҳ яратган ва ўша феълларни Аллоҳнинг иродаси, берган иститоати билан банда бажаради. Бунга қуйидаги оятлар далилдир:

«У – осмонлар ва ернинг подшоҳлиги Ўзиники бўлган, бола-чақа қилмаган, подшоҳликда бирон шериги бўлмаган ва барча нарсани яратиб (аниқ) ўлчов билан ўлчаб қўйган зотдир» (Фурқон сураси, 2-оят).

«Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч ҳандай илоҳ йўқ, магар Унинг ўзи бордир. У ҳамма нарсани яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги вакил – муҳофаза  қилгувчидир» (Анъом сураси, 102-оят).

Шунингдек, «Ҳизбут-таҳрир» партиясида бугунги кунда халифалик сайлаш зарурлиги ва халифасиз яшайдиган мусулмоннинг имони қабул қилинмаслиги ҳақидаги «Аҳли сунна вал жамоа» ақидасига зид қарашларига ҳам «Баҳр ал-калом» асарида аниқ ва лўнда раддия бериб ўтилган. Асарда таъкидланишича, Пайғамбаримиз(с.а.в.)дан қуйидаги ҳадис келган: «Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: Мендан кейин халифалик ўттиз йил давом этади ва ундан кейин амирлик ва подшоҳликларга бўлинади» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий).

Насафийнинг таъкидлашича, Умар (р.а.) ва Усмон (р.а.) халифалик даврлари жами 22 йил, Абу Бакр (р.а.) халифалик даври 2 йил, Али (р.а.) халифалик даври 6 йил давом этган. Ҳаммаси қўшиб ҳисобланса, Пайғамбаримиз таъкидлаб ўтган 30 йил келиб чиқади.

Демак, мазкур далилдан кўриниб турибдики, бугунги кунда халифаликни даъво қилишлик мантиқан нотўғри ҳисобланади. Ҳозирги  демократик конституцион тузумни агарда унда ислом тамойилларига зид кўрсатма ва қонунлар белгиланмаган ҳамда мусулмонлар ўз диний ибодатларига тўлиқ амал қилиш ҳуқуқи билан кафолатланган бўлса, бундай давлат хоҳ у Ўзбекистон бўладими, ҳоҳ Туркия бўладими, хоҳ Европа давлатлари бўладими, ҳеч ким «дорул куфр» деб аташига ҳаққи йўқ.

 

Саидмухтор ОҚИЛОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Исломшунослик ва

ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO» кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди.

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилинг доим Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин!» дедилар.

*****

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўлиқ исмлари

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъад ибн Аднон.

Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн!

*****

Мусҳафимиз устида чанг йиғилгани миқдорича қалбларимизда ғамлар тўпланади.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Во Умаро

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Албатта, Умарнинг Исломга кириши фатҳ бўлган эди. (Мадинага) ҳижрати наср (Аллоҳнинг мўминларга ёрдами) бўлган эди. (Мўминларга) амир бўлиши эса раҳмат бўлган эди. Биз, то Умар Исломга киргунича, Каъба олдида намоз ўқий олмагандик. У Исломга киргач, Қурайш қавми билан курашди. Натижада, у Каъба олдида намоз ўқийдиган бўлди. Биз ҳам у билан бирга (ўша ерда) намоз ўқирдик”.

Ибн Ҳишом раҳимаҳуллоҳнинг “Ас-Сийра ан-Набавийя” китобидан таржима

*****

— Барча томонлари берк тўрт девор орасида бўлганимда, ризқим қаердан киради?

— Ўлим фариштаси кирадиган жойдан!

*****

Ҳеч қачон ҳақ билан ҳақ ўртасидаги курашни топмайсан (кўрмайсан). Чунки, ҳақ биттадир. Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш эса, узоққа чўзилмайди. Чунки, ботил доимо йўқ бўлувчи, ўткинчидир.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Устозга, илм аҳлига муносабат қандай бўлгани ҳақида

Робиъ – Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг дўстлари – шундай дейдилар: «Шофеий ҳайбат билан қараб турганларида мен сув ичишга ҳам ботинолмасдим».

Quran.uz

*****

Тананинг касаллиги оғриқлар биландир.

Қалбларнинг касаллиги гуноҳлар биландир.

Тана касал бўлган пайтда таомнинг мазасини сезмаганидек, гуноҳлардан қорайган қалб ибодат ҳаловатини сезмайди.

*****

«Каҳф» сурасидан олинган ибрат

Агар кемани тешиб қўйилмаганда, тортиб олинган бўларди.

Агар бола ўлдирилмаганда, ота-онасининг бадбахт бўлишига сабаб бўларди.

Агар девор таъмирлаб, тиклаб қўйилмаганда, икки етимнинг ҳаққи зое бўларди.

Бас, яхшилик, хайрият Аллоҳ таоло ихтиёр қилган нарсададир!

*****

Ҳой эркаклар! Онангиз, опа-синглингиз, аёлингиз, қизингиз билан тушган расмингизни фейсбукка қўйманглар!

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Вівторок, 19 ноябрь 2019 00:00

Ҳотамул Асомнинг хушуъси 

Ҳижратнинг учинчи асрида Балхда яшаб ўтган, Аҳли Суннанинг буюк имомларидан бири Абу Абдурраҳмон Ҳотам ибн Унвон ибн Юсуф (ҳижрий 237 йилда вафот этганлар) бўлиб, Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ «Сияру аъламин нубала» китобларида бу кишини ҳикматли эканларини таърифлаб:

- Ҳотам бу умматнинг Луқмони Ҳакими эди,- деган.

Ҳотамул Асомдан «Намозда қандай хушуъ қиласиз?» деб сўралди. Шунда у киши: «Тураман ва намоз учун такбир айтаман. Каъбани икки кўзим рўпарасида, Сиротни икки оёғим остида, Жаннатни ўнг тарафимда, дўзахни чап тарафимда, ўлим фариштасини ортимда ва албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозимни кузатиб турибдилар деб хаёл қиламан. Намозимни энг охирги намоз деб ўйлайман. Шунинг учун Аллоҳга таъзим билан такбир айтаман. Тадаббур билан тиловат қиламан. Хузуъ билан рукуъ қиламан. Хушуъ билан сажда қиламан. Намозимни Аллоҳдан қўрқув ва Унинг раҳматидан умидворлик деб биламан. Кейин салом бераман ва бу намозим қабул қилинадими ёки йўқми, билмайман» деб жавоб бердилар.

Аллоҳ таоло бизни намозга муҳаббатли ва намозида хушуъли бандаларидан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Мусулмон киши маҳкам ушлаши  лозим бўлган гўзал ҳислатлардан бири зийраклик ва ҳушёрлик бўлиб, бу инсон учун берилган улкан  неъматлардан биридир. Чунки инсон ҳаётида турли хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келади. Агар мўмин киши керакли жойда хушёр ва закий бўлмас экан, бошига турли хил фитналар, кўнгилсизликлар келиши мумкин.   

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча оятларда мўминларни хушёрликка ва зийракликка чақирган. Хусусан, Хужурот сурасининг 6-оятида: “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ одам хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло очиқ ойдин эшитган гапига амал қилишдан олдин уни текширишга ва хабарнинг хақиқатини аниқлашга буюрмоқда. Демак, эшитган ёки ўқиган хабарни текшириш инсон ихтиёридаги нарса эмас, балки, Аллоҳ таолонинг қатъий буйруғидир.

Бугун биз яшаб турган жамиятда инсонлар, хусусан мусулмонлар ҳар қайси даврдан кўра кўпроқ ҳушёр, зукко ва огоҳ бўлишга мажбур. Чунки, ахборот алмашуви шу қадар тезлашиб кетдики, бир дегунча дунёнинг у четидаги хабар, бошқа четидаги инсонларга етиб бормоқда. Улар ичида жудаям кўп хабарлар асоссиз ва уйдирмалар маҳсули эканлиги фош бўлган пайтда хабар тарқалган, у сабаб қанчадан-қанча кишилар мусибатга ва таъналарга учраган, мўминлар орасига ишончсизлик, ҳурматсизлик ва адоват тушган бўлмоқда. Демак,ушбу ҳодисалардан билинадики, Роббимизнинг ушбу буйруғига амал қилишга ҳар қачонгидан кўра кўпроқ муҳтожмиз. Чунки, ахборот алмашинувининг тезлашиб кетиши, глобаллашув даврининг ибз санаб саноғига етолмаган кашфиётлари бизни Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунишдан озод қилолмайди.

Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Фалончи беайб жазоланибди”, “Фалончини билмасдан дўстлар сафига қўшган экан, боши балога қолибди”, “Фалончининг касрига бегуноҳ одам қолибди”, каби хабарларни кўп кўриб, ўқиб қоляпмиз. Бу воқеалар эса айнан мўмин кишини ҳушёр бўлишга, закий бўлишга чақиради.  Чунки, одатда мунофиқлар, дин душманлари ва ғаламис кишилар мўминларнинг соддалигидан унумли фойдаланадилар. Фитна ва адоватга, ўзаро низога сабаб бўладиган бир гапни бошлаб қўядилар-у, ўзлари бир чеккада жим кузатиб турадилар. Устамонлиги ва маккорлиги сабаб, улар бошлаб берган гап-сўзлар учун кўпинча айнан ўзлари эмас, балки, ушбу гапни урчитиб,эҳтиросларга берилганча хабарга изоҳ ёзаётган содда мусулмонлар айбдор бўлиб қолмоқдалар. Ушбу воқеалар бизга беихтиёр тарихни эслатади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳога қилинган бўҳтон воқеасида жазоланганлар ҳам айнан муминлар, саҳобалар эди. Сабаби, карвондан орқада қолиб кетган Оиша онамиз розияллоҳу анҳони олиб келган Сафвон розияллоҳу анҳуни кўрган мунофиқларнинг каттаси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул энг ката фитнага ва бўҳтонга сабаб бўладиган хунук бир сўзни ниҳоятда эҳтиёткорлик ва устамонлик билан айтдики, унинг ушбу: “Соҳибингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаси Сафвон билан биргамиди? Аллоҳга қасамки, улар бир-биридан омонда қолмаган”, деган сўзи мусулмонлар ичида айланиб, “Сафвон ва Оиша розияллоҳу анҳо зино қилди”, деган гапга айланиб кетди. Вақтики, Аллоҳ таоло Оиша онамизнинг покдомон эканликларини билдириб, оятлар нозил қилган пайтда эса ушбу туҳмат учун жазоланганлар мунофиқлар эмас, балки, айнан мусулмонлардан бир нечтаси бўлди. Чунки Убай ибн Салулнинг устамонлиги сабаб айтган қочирим гапи жазога тортиш учун асос бўлмади.

Бугун ҳам худди шу воқеага ўхшаш ҳодисалар тўхтамай такрорланиб турибди. Айниқса, ижтимоий тармоқларга ўрнашиб олган мунофиқлар ва ғаламис кимсалар айнан Убай ибн Салулнинг йўналишидан бориб, ўта эҳтиёткорлик билан сўз ўйини қилмоқдалар. Мусулмонларни фитналанишига ва тафриқасига сабаб бўладиган айрим постлар ва изоҳларни ёзиб қолдириш билан, кишилар оғзидан чиқиб кетадиган қўпол сўзларни, жазога сабаб бўладиган муомала ва изоҳларни пойлаб ўтирибдилар. Вақти келиб, узун ташланган арқонлар тортилганда, ғалвирлар сувдан кўтарилганда эса, жазога тортилганлар айнан содда,  мусулмонлар бўлиб қолиши мумкин.

Тарих бизга ўрнак, бизга сабоқ бўлиши керак. Бир гапни эшитганимизда ёки ҳодисага гувоҳ бўлганимизда, бирор маълумот ўқиганимизда тафсилот ва воқеъликни аниқ билмагунимизча хулоса қилишга ва муносабат билдиришга шошилмаслик керак. Чунки Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Мўмин бир тешикдан икки марта чақилмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни зийраклик ва мўминларга хос фаросат билан сийласин!

Ёрбек ИСЛОМОВ

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби

Top