Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Тилинг доим Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин!”

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тилинг доим Аллоҳнинг зикри билан намланиб турсин!» дедилар.

*****

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўлиқ исмлари

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъад ибн Аднон.

Аллоҳумма солли ва саллим ва баарик ала Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн!

*****

Мусҳафимиз устида чанг йиғилгани миқдорича қалбларимизда ғамлар тўпланади.

Шайх Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Во Умаро

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Албатта, Умарнинг Исломга кириши фатҳ бўлган эди. (Мадинага) ҳижрати наср (Аллоҳнинг мўминларга ёрдами) бўлган эди. (Мўминларга) амир бўлиши эса раҳмат бўлган эди. Биз, то Умар Исломга киргунича, Каъба олдида намоз ўқий олмагандик. У Исломга киргач, Қурайш қавми билан курашди. Натижада, у Каъба олдида намоз ўқийдиган бўлди. Биз ҳам у билан бирга (ўша ерда) намоз ўқирдик”.

Ибн Ҳишом раҳимаҳуллоҳнинг “Ас-Сийра ан-Набавийя” китобидан таржима

*****

— Барча томонлари берк тўрт девор орасида бўлганимда, ризқим қаердан киради?

— Ўлим фариштаси кирадиган жойдан!

*****

Ҳеч қачон ҳақ билан ҳақ ўртасидаги курашни топмайсан (кўрмайсан). Чунки, ҳақ биттадир. Ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш эса, узоққа чўзилмайди. Чунки, ботил доимо йўқ бўлувчи, ўткинчидир.

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳ

*****

Устозга, илм аҳлига муносабат қандай бўлгани ҳақида

Робиъ – Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг дўстлари – шундай дейдилар: «Шофеий ҳайбат билан қараб турганларида мен сув ичишга ҳам ботинолмасдим».

Quran.uz

*****

Тананинг касаллиги оғриқлар биландир.

Қалбларнинг касаллиги гуноҳлар биландир.

Тана касал бўлган пайтда таомнинг мазасини сезмаганидек, гуноҳлардан қорайган қалб ибодат ҳаловатини сезмайди.

*****

«Каҳф» сурасидан олинган ибрат

Агар кемани тешиб қўйилмаганда, тортиб олинган бўларди.

Агар бола ўлдирилмаганда, ота-онасининг бадбахт бўлишига сабаб бўларди.

Агар девор таъмирлаб, тиклаб қўйилмаганда, икки етимнинг ҳаққи зое бўларди.

Бас, яхшилик, хайрият Аллоҳ таоло ихтиёр қилган нарсададир!

*****

Ҳой эркаклар! Онангиз, опа-синглингиз, аёлингиз, қизингиз билан тушган расмингизни фейсбукка қўйманглар!

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Read 4079 times

Мақолалар

Top