muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 07 ноябрь 2019 00:00

Қалдирғочбий  мақбараси

Қалдирғочбий мақбараси Тошкент шаҳридаги бетакрор меъморий ёдгорликлардан бири.  Мазкур кичик мақбара Шайх Хованди Тоҳур мажмуаси таркибида жойлашган бўлиб 15 асрнинг биринчи ярмида барпо этилган. Мақбара тарихи кўплаб ривоятларга бориб тақалади. Баъзи манбаларда келтирилишича қадимда Дашти Қипчоқда яшаган Қалдирғочбий  лақаби билан танилган киши қабри узра тикланган. Бундан ташқари у ерда кўплаб улуғларни қабри бор, дея тахмин қилинади. Қизиғи шундаки мақбара номи у қурилганидан бир неча  юз йиллардан сўнг яшаган Тўлабий Алибийқул номи билан боғлиқ. Ривоятларга қараганда уруш хавфи туғилганда кўпчилик ўз ерларини тарк этади. Аммо Тўлабий ўз ўтовини йиғмайди. Босқинчилар ўтов ёнига яқинлашганда  лашкарбоши  Тўлабийдан нега кетмаганлигини сўрайди. Шунда Тўлабий “Бу йил ўтов бошига қалдирғоч ин қурди. Қалдирғоч афсонавий қуш. Қушни уйини бузишга, болаларини нобуд қилиш қўлимдан келмади” дея жавоб беради. Шундан сўнг ёв Тўлабийни авлиё дэб билиб,унга тегмайди. Шундан сўнг мақбара Қалдирғочбий дея атала бошлаган. Иншоот меъморий жиҳатдан бетакрор ҳисобланади. Унинг гумбази ҳам ўзгача услубда. Пирамидасимон, кулохий гумбаз мовий кошинлар билан безатилган. Мақбара ичкарисида Тулабийнинг қабр тоши жойлашган.

Мақбаранинг киравериш пештоқида эса сулc хатида “Юнус” сурасининг 62-63 оятлари битилган бўлиб, у қуйидаги маънога эгадир: “Огоҳ бўлингизки, албатта, Аллоҳнинг валийлари( дўстлари) га хавф йўқ ва улар ташвиш ҳам чекмаслар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлар (ҳисобланади).”

 

Четвер, 07 ноябрь 2019 00:00

Инсон  бахтли бўлишга мажбур!

Сиз бахт излаб бутун оламни кезиб чиқасиз. У эса доим ёнгинангизда, ҳар қандай инсоннинг қўли етадиган масофададир...

Гораций 

Одамлар бахтли яшамоқ учун яратилганлар, бинобарин, кимда-ким ўзини бахтиёр санар экан, “Худонинг айтганларини бажо келтирдим!” демоқликка ҳақлидир.


***

Одам ўзининг бахтли эканини билмагани учун ҳам бахтсиздир.

Фёдор Достоевский 

Кимгадир бахтли кўринган эмас, балки ўзини бахтли сезган одам бахтлидир.                                                                         

Публий Сир 

Бахт – бойликда, десангиз, ҳамма бахтсиз. Чунки ақллига кўп нарса керак эмас, аҳмоқ эса барибир тўймайди.

Асқад Мухтор 

Бахт йиллар, ойлар, ҳафталар ва ҳаттоки кунлар ичида яширинган эмас, уни ҳар бир лаҳзада топиш мумкин.

Бахт излаб узоқларга кетма. Шундай бир иш қилгинки, бахт ҳузурингга келсин.

Цицерон


***

Кўнгли тилаған муродиға етса киши,

Ё барча муродларни тарк этса киши.

Бу иккиси муяссар ўлмаса гар оламда,

Бошни олиб бир сориға кетса киши!

Заҳириддин Муҳаммад Бобур


***

Бахтсизликдан қўрққан кишининг ёнига бахт яқин келмайди.


*** 

Дунёда бахт ва бахтсизлик тушдай бир нарсадир. Кўзни юмиб очгунча ҳаммаси ўтиб кетади.

Низомиддин Мир Алишер Навоий. “Ҳайратул аброр”.

 

***

Александр Солженицин (рус ёзувчиси):        

 “- Мен Америкага борсам, жуда бахтли бўламан, деб ўйлаган эдим. Афсуски, бу ерда ҳам руҳий бўшлиқни ҳис этяпман. Сизлар ортиқ моддиятнинг асирига айлангансиз. Ҳа, бу ерда ҳуррият бор. Ҳар ким истаганини қила олади. Аммо ҳамма моддиятга эътибор беради, руҳият билан қизиқмайди. Ҳамманинг руҳи бўм-бўш. Холбуки, инсонни инсон қилган жисм эмас, балки унинг пок аслли комил руҳидир. Сизга тавсиям шуки, руҳингизни ўстиринг, уни гўзаллаштиринг! Фақат ўшандагина мамлакатингизда мавжуд бўлган ва сизни қийнаётган салбий ҳолатлар барҳам топади. Динни маҳкам тутинг! Дин руҳнинг озуқасидир. Динга содиқ инсонлар ҳар ерда сизга ёрдам қўлини узатадилар. Чунки Тангридан қўрқиш ҳисси уларни доимо тўғри йўлда тутиб туради.

Инсонларни ёмонликлардан қайтарадиган куч полиция эмас, бу куч Тангри наздидан ҳосил бўлган кучдир”. 

***

Илмий кузатишлардан маълум бўлишича, ёлғиз кишиларга нисбатан оилалилар, даҳрийларга нисбатан тақводорлар ўзларини бахтлироқ ҳис этадилар.


***

Бахтимизнинг ўндан тўққиз улуши соғлиғимизга боғлиқ. 

*** 

Ўз уйида бахтли бўлган кишиларгина бахтлидир. 

Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг ҳар бири эса алоҳида бахтсиздир.

 Л.Толстой

 

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Четвер, 07 ноябрь 2019 00:00

«Фиқҳи акбар» китоби

(Давоми)

 4-қисм

Пайғамбарларнинг барчалари кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳ ишлардан покдирлар. Магар улардан баъзи саҳву хатоликлар содир бўлгани рост. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, сафий ва нақийсидирким, зинҳор санамларга сиғинмаганлар, бир лаҳза ҳам Аллоҳга ширк келтирмаганлар ва асло кичик ва катта гуноҳга қўл урмаганлар.

Пайғамбарлардан кейин одамларнинг энг афзали – Абу Бакр Сиддиқ, сўнгра Умар ибн ал­Хаттоб, сўнгра Усмон ибн Аффон, сўнгра Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудирлар. Улар ҳақ узра яшаб, ҳақ билан бирга ўтганлар. Уларнинг ҳаммасини дўст тутамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ҳеч бирига ёмонликни нисбат бермаймиз, балки яхшилик билан ёд этурмиз.

Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса, ундан имон исмини олиб ташламаймиз, уни ҳақиқий мўъмин деб атайверамиз, уни фосиқ мўъмин деб аташ мумкин, фақат кофир эмас.

Пойафзалга масҳ тортиш – суннат. 

Рамазон ойи кечаларида ўқиладиган таровеҳ намози – суннат.

Ҳар қандай солиҳ ва фожир мўминга иқтидо қилиб намоз ўқиш жоиз.

Мўъмин кишининг қилган гуноҳлари унга зарар қилмайди демаймиз. Яна уни дўзахга киритмайди ҳам демаймиз. Лекин уни абадий қолдиради ҳам демаймиз. Лекин у ерда абадий қолдиради ҳам демаймиз, ҳатто у фосиқ бўлган тақдирда ҳам. Аммо дунёдан имонли кетган бўлиши шарт.

Барча савобли ишларимиз қабул қилинур ёки гуноҳларимиз кечирилур ҳам демаймиз. Лекин айтамизки, ҳар ким қайси бир савобли ишни барча шарт­шароити билан уни бузиб қўядиган айблардан холи ҳолда адо этган бўлса ҳамда дунёдан шу тарзда ўтган бўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг эзгу ишини зое кетказмайди. Балки уни қабул этади ва унга яраша савоб ёзади.

Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилган ва тавба қилмай туриб дунёдан мўъмин ҳолда ўтган кишининг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола – хоҳласа жазо беради, хоҳласа афв этиб, асло дўзах азобига дучор этмайди.

Риёкорлик ва манманлик билан қилинган ҳар бир хайрли ишнинг савоби бекор қилинур.

Ислом байроғи остида фаолият кўрсатаётган экстремизмнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши тарихнинг муайян даврида устувор бўлган кўплаб омиллар, турли жараёнларнинг ўзаро таъсирлашувининг натижаси деб тушуниш мумкин. Ўрганиш, дин ниқоби остида пайдо бўлган экстремистик ҳаракатларнинг ғоявий илдизлари ислом тарихининг биринчи асрига бориб тақалишини кўрсатади.  «Асримиз вабоси бўлмиш бу жирканч иллатнинг фақат шафқатсиз кўринишларини эмас, балки илдизларига етиб бориб, жамият ҳаётидан, дунё халқлари ҳаётидан уни таг-томири билан суғуриб ташлаш – барча давлатларнинг энг долзарб вазифаси бўлиши керак, бу йўлда барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз, қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт».

Тарихий манбаларда мазкур оқимларнинг тарқалиши, фаолияти ва уларнинг ўзига хос йўналишлари батафсил таҳлил қилинган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган деярли барча экстремистик гуруҳлар ўша оқимларга хос хусусиятларни ўзида жамлаган ҳолда, улар қўллаган услуб ва ғоялардан кенг фойдаланиб келмоқда.

Ислом ниқобидаги экстремизмнинг илк вакиллари сифатида 657 йили халифа Али розияллоҳу анҳу аскаридан ажралиб чиққан, ўзларини ҳақиқий мусулмон, сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган» деб эълон қилиб, уларга қарши муросасиз кураш олиб борган «хорижийлар» (арабча – «ажралиб чиққанлар», «исёнчилар») оқими фаолияти фикримизнинг исботи бўла олади.

Демак, Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Илк Исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги Ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.

VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.

IX аср охирида Ироқда юзага келган «қарматийлар» экстремистик ҳаракати эса Ислом арконларини тан олмаган ҳолда, ҳаж амалини ҳам бидъат, бутпарастлик деб эълон қилган эди. Ҳаракат ўз номини унинг асосчиси Ҳамдон ибн Ашъаснинг лақаби Қармат сўзидан олган бўлиб, унинг маъноси манбаларда турлича «калта оёқ» ёки «қизил кўз» каби маъноларда ифодаланган. Қарматийлар Ислом тарихида ўчмас доғ қолдирган жиноятларни содир этган. Улар ҳаж мавсумларида карвонларга ҳужум уюштириб, қароқчилик ва босқинчилик билан кун кечирганлар. Хусусан, 930 йилда улар Маккага бостириб кириб, шаҳарни талон-тарож қилганлар, бир неча минг ҳожиларни ва Макка аҳолисини қатл этиб, асирга олганлар. Улар: «Биз тошга сиғинувчиларга қарши курашмоқдамиз», дея ҳожиларни бутпарастга чиқариб, ўзларининг қабиҳ ишларини оқламоқчи бўлганлар. Каъбани вайрон қилиб, қора тошни иккига бўлиб, Баҳрайнга олиб кетганлар, фақат 20 йилдан кейин катта тўлов эвазига у Маккага қайтарилган.

Толибжон ЭРГАШЕВ,
Бувайда туман бош имом-хатиби

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Бирданига душманга айланиб қолган дўстнинг бошиданоқ адовати бўлган. Лекин у “дўст” ролини қойилмақом қилиб ўйнайдиган кимса эди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Одамларга самимий, хушмуомала бўл. Улардан бунга чиройли жавоб кутма. Агар улар сенинг хушмуомалангни унутишса маҳзун бўлма. Аллоҳ таоло ҳаргиз унутмайди!

  “Ховатир роқия журнали”

*****

Сен қийин, амримаҳол деб ўйлаган нарсангни, агар Аллоҳ таоло хоҳласа, осон қилиб қўяди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Агар Мусҳафингда ғубор кўрсанг, билгинки, қалбингдаги ғубор бундан ҳам кўпроқдир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Истиқоматда бўл, эй нафс! Эҳтимол, бу дунёдан кетиш вақтинг яқиндир. Эй Роббим, хотимамизни чиройли қилгин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Аллоҳ таолога дуо қилиб кўтарилган қўллар, иншаа Аллоҳ, бўш қайтмас. Биз “Эй Роббим” деб муножот қилайлик!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Эй Роббим, фарзандлари ёки ўзлари оғир дардга чалиниб, дори олишга қийналаётганларга Ўзинг комил шифо ва ёрдам бергин! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилмагин!

“Ховатир роқия журнали”

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Top