muslim.uz

muslim.uz

Вівторок, 05 ноябрь 2019 00:00

Либос борасида

Устозларимиздан жуда кўплари костюмларини узунроқ кийишга уринишарди. Шимлари ҳам ўртача кенгликда бўларди. Мақсадлари тана шакли билинмаслигига эришиш эди. Ҳа, шундай эди.

Бугунги кунда ёпиштириб шим кийган, танасининг шаклини билинтириб юрган эркакларни кўрганимда устозларимизнинг кийинишларидаги одоб эсимга тушаверади.

Намоз асносида кенг шим, кенг шалварларда бўлиш, шундай либосларда саждага бориш янада қулайроқ бўлади.

Бундан ташқари, биз номаҳрам аёлларнинг юзига ҳам, танасига ҳам, тор кўйлагу шимларига ҳам қарашимиз мумкин бўлмаганидек, улар ҳам бизга қарамасликларининг чорасини кўришимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нур сурасида шундай марҳамат қилган:

قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир (30-оят).

Аллоҳ таоло кейинги оятда бундай марҳамат қилган:

وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ

“Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар...” (31-оят).

Аёлларга эркаклар эътиборини тортадиган тарзда кийиниш таъқиқланганидек, биз ҳам уларнинг эътиборини тортмаслигимиз керак.

Шунинг учун тор, ёпишган либосларнинг ўрнига кенгроғини кийишга уринайлик!

Аёллардан фитналанмаслигимиз керак бўлганидек, улар ҳам биздан фитналанишмасин!

Аллоҳ таоло барчамизни иффатли бандаларидан айласин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

4 ноябрь куни Москва шаҳрида марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номи билан аталадиган биринчи диний-маърифий ўқишлар бошланди. Ушбу тадбирда бир гуруҳ таниқли уламолар, етук олимлар, давлат ва дин арбоблари қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибияти мудири Муҳаммад Аюбхон домла Ҳомидов ҳам иштирок этмоқда.
Ўқишлар чоғида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асарлари ва панду насиҳатларидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан Россия Федерациясига келган меҳнат муҳожирлари билан ишлашда қўллаш, соф Ислом маърифатини тараннум этиш, сохта диний оқимлар ва мутаассиб қарашларга қарши курашишда фойдаланиш масалаларига алоҳида урғу қаратилади.
Ушбу маърифий тадбир тафсилотларини сайтимизда кузатинг!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Умму Ҳоний – исмлари Фаҳитадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толибнинг қизи бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг опасидир. Исмлари хусусида турли ривоятлар мавжуд. Масалан: Ҳинд, Атиқа ёки Фотима каби исмларни келтирган ровийлари ҳам бор. Аммо, энг машҳур бўлгани Фаҳитадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ёш кичик бўлган. Ахлоқ ва фаросатда беназир аёл бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оналари Омина онамизнинг вафотидан сўнг Ҳадича бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳога уйлангунларига қадар амакилари Абу Толибнинг уйида яшадилар.

Бу йиллар давомида ўзларини Абу Толиб оиласининг бир аъзосидек кўрар, асло ёлғизликни ҳис этмасдилар. У пайтда Фаҳита кичкина бир қиз эди.

Вақт ўтиб Фаҳита вояга етди. Қавми ичида мавқеи улуғ, сўзини ўтказа оладиган, Маҳзум ўғилларининг энг кўзга кўринган кишиларидан бири Ҳубайра ибн Ваҳб, Фаҳитани сўраб келганида Абу Толиб розилик билдирди. Фаҳита Ҳубайрадан икром ва эҳтиром кўрди. Унинг ҳимоясида бахтиёр ҳаёт кечирди.

Орадан бир қанча вақт ўтиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлди. Аҳли оиласини, қариндошларини ва қавмини Исломга даъват этди. Бир қисми унга ишонди ва тўғри йўлни топди, бир қисми ишонмади ва кофир бўлди. Ҳубайра адашганлар орасида эди. Мушриклар иймон келтирмайгина қолмай, зулм ва жафо билан, Исломнинг ёйилипшга тўсқинлик қилардилар. Аммо, Ҳубайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўрталаридаги қариндошликка риоя қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларига ҳурмат кўрсатар эди. Дастлаб, Фаҳита ҳам эрига эргашиб, Исломга кирмади.

Лекин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган мўжизалардан бири “исро ва меърож” воқеаси айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳонийнинг уйида меҳмон бўлиб содир бўлди. Умму Ҳоний бу кеча ҳақида шундай ҳикоя қилади:

“Исро воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг уйимда меҳмон эканликларида бўлди. Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозини ўқиб, ухладилар. Биз ҳам ухлаётган эдик. Эрта билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни уйғотдилар ва:

— Эй Умму Ҳоний! Кўрганингдек хуфтон намозини ҳам бу ерда ўқидим. Ҳозир ҳам сизнинг ёнингизда бомдод намозини адо қилдим, — дея таъкидладилар. Сўнгра уйдан чиқиш учун ўрниларидан турдилар. Мен кетмасин деб, ридоларининг бир учини тутдим. Қоринлари кўринди. Кўйлаклари Мисрда тўқилган, катандан қилинган оҳорли кўйлакка ўхшар эди.

— Эй Аллоҳниш пайғамбари, буни инсонларга айтманг. Сизни ёлғончига чиқариб, азият беришади, — дедим.

— Аллоҳга қасамки, бу воқеани уларга айтаман, — дедилар. Шунда мен бир ҳабаш жориямга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кузатиб бор. Инсонларга нима ҳақида гапирганларини ва уларнинг жавобларнин эшит”, дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимиздан чиқиб, бошқа кишиларга ҳам бизга айтган гапларини айтдилар. Кўпчилик ўзини йўқотиб қўйди ва:

— Буни қандай исботлайсан, эй Муҳаммад. Биз бундай нарса ҳақида ҳеч эшитмаганмиз, — дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам :

— Далил шуки, мен фалон водийда, фалон кишиларнинг карвонига дуч келдим. Уларнинг туялари бир ҳайвондан ҳуркиб, қочиб кетган экан. Мен уларга туялари турган жойни кўрсатдим. Бу мен Шомда бўлган пайтимда юз берган эди. Сўнгра йўлимда давом этдим. Макка яқинидаги Тихома деган жойда Дажнон тоғига дуч келганимда фалон-фалон кишиларнинт карвонига тўқнаш келдим. Улар ухлаб ётардилар. Сув солинган бир идишлари бор эди. Устига бир нарса ўралганди. Ёпкични олиб, ичидаги сувни ичдим. Кейин қандай бўлса, шундай қилиб устини ўрадим. Ҳозир эса уларнинг қофиласи Макка яқинида, Танъим йўлидаги Байзо тепалигидан тушяпти. Олдинда рангги қорага мойилроқ кулранг туя бор. Туянинг устида бири қора, бошқаси оқиш иккита ҳарор* бор, — дедилар.

Бу гапни эшитганлар дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган йўлга югурдилар. Илк кўрганлари туя бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тасвирлаганларидек кўринишда эди. Кейин карвондан идишни сўрадилар. Улар идишда сув тўла бўлганини, сўнг устини ўраб қўйганларини, уйғонганларида эса ичида сув қолмаганини тасдиқладилар.

Маккага қайтганларида бошқа карвонни ҳам учратдилар. Берилган саволга улар ҳам: “Тўғри сўзлабди, валлоҳи, у айтган водийда туямиз ҳуркиб қочди. Шунда бир овоз эшитдик. У овоз туямизнингг турган жойини айтди. У ерга бориб, туяни топдик”, дея жавоб бердилар”. 

Исро ва меърож мўжизаси ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. Албатта, У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир”(Исро сураси, 1-оят). 

Ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзини Ўзи поклаб ёд қилмоқда ва бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни исро қилдиргани, яъни кечанинг бир қисмида сайр қилдиргани ҳақида хабар бермоқда. Оятдаги “Ўз бандаси”дан мурод, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ушбу ояти каримадаги “Масжидул Ҳаром” ибораси Маккаи Мукаррама шаҳри маъносида келган. Исро кечасида Пайғамбаримиз Каъбаи Муаззама атрофидаги масжидда эмас, шаҳарнинг бир тарафида жойлашган амакиларининг қизи Умму Ҳониънинг уйида ухлаб ётган эдилар.

“Масжидул Ақсо”дан мурод Шоми Шарифдаги Байтул Мақдисдир. “Ақсо” сўзи “узоқ”, “чет” маъноларини билдиради. “Масжид” эса “ибодатхона”, “саждагоҳ” деган маъноларни англатиши ҳаммага маълум. Ўша пайтда Байтул Мақдис Маккаи Мукаррамага нисбатан узоқ ва энг четдаги ибодатхона ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уни “Масжидул Ақсо” деб номлади. Аллоҳ таоло Масжидул Ақсонинг атрофини баракали қилиб қўйганини ҳам айтмоқда.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи: Шаҳзод Шомансур

Понеділок, 04 ноябрь 2019 00:00

Андалусиянинг янги мусулмонлари

Испаниянинг Кордова вилояти Алмодовар-дел-Рио шаҳрига ўтган асрнинг 90-йилларида мусулмонлар кўчиб кела бошлади – булар, асосан, Исломни қабул қилган испанлардир. Шундай қилиб, бу ерда 20 йилдан ортиқроқ муддат давомида мусулмонлар истиқомат қилади ва мусулмонлар жамоаси фаол иш олиб боради, дея ёзади suffagah.com сайти.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Испанияда демократиянинг ривожланиши натижасида Исломни қабул қилган илк испанлар пайдо бўла бошлади. Янги мусулмонлар Sociedad para el retorno del Islam en Espana (Испанияга Исломнинг қайтишини хоҳловчилар жамияти) ташкилотини тузишди. 1989 йилда Испанияда эътиқод эркинлиги тўғрисида қонун қабул қилингандан сўнг, Ислом “Испанияда тан олинган, чуқур илдизларга эга бўлган” дин сифатида эътироф этилди.

Янги мусулмон бўлганлар Гранадада “Ислом кенгаши”ни ташкил этишди. Кейин унинг аъзолари Алмодовар-дел-Риога кўчиб ўтишди. У ерда жамият мана 20 йилдирки муваффақиятли фаолиятини олиб бормоқда.

“Ислом кенгаши”нинг асосчиси психиатр Мансур Эскудеро шаҳарда “Доруссалом” масжидини очди. Мана 20 йилдирки ушбу масжид “Ислом кенгаши”, Ҳалол институти ва нашриёт марказининг манзилгоҳи ҳисобланади. Ҳар жума “Доруссалом” масжидига нафақат бу шаҳардан, балки бошқа жойлардан ҳам мусулмонлар намозга келишади. Маҳаллий ҳокимият мусулмонлар учун алоҳида қабристон учун жой ажратди.

Ҳозирги кунда Испанияда миллиондан ортиқ мусулмонлар истиқомат қилади.

Манба: http://fitrat.uz

Top