muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 10 июнь 2019 00:00

Идеалингиз ким?

Эътиқод ва идеал. Дунёда ҳеч бир инсон бу икки нарсадан айро эмас. Одамлар кимга ёки нимагадир албатта эътиқод қилади ва шу асосида идеалликка интилади, хоҳ у ҳақ бўлсин, хоҳ ботил.

“Эътиқод” сўзи арабча “иътақада” феълидан олинган бўлиб, “ишонч”, “комил ишонч”, “иймон”, “иймонли бўлиш” маъноларини англатади. Кенг маънода эътиқод бу инсоннинг олдида турган мақсад ёки ғоя ҳақ эканига тўла ишонч билан боғлиқ бўлган ўзига хос психологик ҳолатдир. Айни вақтда эътиқод учун турли шарт-шароитлар мавжуд бўлмоғи лозим. Умуман олганда, эътиқод бу – шахс, гуруҳ ва оммани жипслаштирувчи, одамларни ижтимоий ҳаётнинг фаол аъзосига айлантирувчи омилдир. Диний эътиқод бу объектив (яъни инсон иродасидан юқори турган) Зотга иймон келтириш, У билан бевосита мулоқотда бўлиш, Ундан мадад олиш, ғаройиб воқеа-ҳодисаларнинг такрор содир бўлиши ва унга дахлдорлик ҳамда муайян тасаввур, ақида, муқаддас китоб ва пайғамбар, авлиёларга ишонч, демакдир. Идеалликка интилиш эса йўлбошчи ёки асосчининг фитратидан ўрнак олиб унга ўхшашга ҳаракат қилиш демакдир.

Бугун, турли ижтимоий тармоқларда эътиқод ва идеалликка интилишни қораловчи секуляризм яъни эътиқоддан ҳоли бўлишни тарғиб этувчи турли хил фикрлар кўпаймоқда. Уларнинг аксарияти илмий асосланмаган мантиқсиз фактлар орқали инсонларнинг онггига салбий таъсир ўтказишга уринмоқда.

Мазкур мақола орқали сизларга эътиқод ва идеалликка интилишга доир жаҳон файласуфлари ва олимларининг фикрларини тақдим этамиз.  

Аъмолсиз яшаган киши ғарибдир!

И. С. ТУРГЕНЕВ

Идеални инкор этган одам пасткашликни осонлик билан гўзаллик деб қабул қилиши мумкин.

И. ГЁТЕ

Идеалсиз яшаш ярамайди. Соғлом идеалга, халқимизнинг қалбидан, вужудидан отилиб чиққан идеалга эга бўлмоқ керак.

Г. ДИМИТРОВ

Идеал йўлчи юлдуздир. Усиз аниқ йўлни топиш қийин, аниқ йўл бўлмаса — ҳаёт ҳам йўқ. 

Л. Н. ТОЛСТОЙ

Идеалсиз, яъни маълум даражада қандайдир эзгуликка интилишсиз ҳеч қачон ҳеч қандай яхши жамият бўлиши мумкин эмас. 

Ф.М. ДОСТОЕВСКИЙ

Идеалга муҳаббат, фаол ва ўта фидойиликка мойил туйғудир. 

М. ГОРКИЙ

Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар.

Я. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Ҳақгўй ва фойдали бўлиш учун ҳалолликнинг ўзи камлик қилади, шу билан бирга идеал ғоявий изчиллик ва эътиқод ҳам керак.

Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Ўз эътиқодингни айтмоғинг учун журъатли бўлишинг керак.

Я. М. СЕЧЕНЕВ

Ҳар бир киши ўз эътиқодини ҳимоя қилиши учун мард бўлиши керак.

А. ГУМБОЛДТ

Эътиқод ўзимизники бўлгани учун эмас, балки ҳаққонийлиги учунгина қимматлидир.

В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Фақат тентаклар ва мурдаларгина ҳеч қачон ўз фикрларини ўзгартирмайдилар.

Ж. ЛОУЭЛЛФ

Агар сен одамлардаги самимий, чуқур, беғараз эътиқодларни рад этгудек бўлсанг, унда мен сенинг ўзингда ҳеч қандай эътиқод йўқлигини ҳар жиҳатдан асослаб бера оламан.

Я А. ДОБРОЛЮБОВ

Эътиқодни деворга осиб кўз-кўз қилиб бўлмайди, у фаол бўлиши керак.

О.БАЛЗАК

Ҳаётини ўз эътиқодига бағишлаган одам янги металлни ихтиро этган ёки янги газни топган тадқиқотчига қараганда ҳам инсониятга кўпроқ хизмат қилган бўлади.

Ж. ЛОУЭЛЛ

Эътиқодсиз одам нотавон, ҳар бир аъмоли йўқ одам ғариб кимсадир.

Я. Е. РЕПИН

Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди.

П. ВАЛЕРИ

Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак. Инсонда эътиқод мустаҳкамлиги бўлиши лозим.

Ж. ЛОНДОН

Менинг эътиқодларим юрагимнинг урушига қараб ўзгараверса, унда ҳолимга вой.

Ф. ШИЛЛЕР

Инсон сифатида ўз фикрининг, эътиқодининг қадрига етмайдиган одам виждонсиздир.

В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Аллоҳ таолонинг бирлиги ва борлигини Мусо алайҳиссалом ўз миллатига, Исо алайҳиссалом ўз умматига, Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун инсониятга билдирди. 

Наполеон БОНАПАРТ, Франция императори 

Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бугунги дунёни шахсан бошқариш тақдир этилганида эди, ул зот барча муаммоларни бартараф этишнинг уддасидан чиқарди. Бу эса ўз навбатида, бугунги дунёмиз ниҳоятда муҳтож бўлган тинчлик-хотиржамлик ҳамда бахт-саодатни шубҳасиз, келтирган бўларди. 

Жорж БЕРНАРД ШОУ, инглиз драматурги 

Мен дунё тарихини ўқиб шундай хулосага келдим: дунё подшоҳлари тўплаган жами салтанату бойлик, қасрлару саройлар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ямоқ яктакларига ҳам арзимас экан... Биз Оврупа миллатлари маданий имконимиз юқори бўлишига қарамай, Ҳазрати Муҳаммад сўнгги поғонасига қадар чиқа олган зинанинг биринчи пиллапоясидамиз, холос. Ҳеч шубҳа йўқки, бирон кимса у зотдан юқорироққа ўта олмайди.

Инсоният ҳар жиҳатдан ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдида қарздор! 

Вольфганг ГЁТЕ, немис мутафаккири 

Барча замонлар ва халқлар учун ЭНГ БУЮК ЙЎЛБОШЧИ – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Америкалик олим Майкл Харт

Юқоридаги фикрлардан хулоса қилсак инсон эътиқодсиз ва идеал инсонга интилимасдан яшай олмайди. Биз мусулмонлар учун эътиқод бу ИСЛОМ, идеалимиздаги, биз ўхшашга ҳаракат қиладиган ва интиладиган инсон бу МУҲАММАД СОЛЛОЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҲАЗРАТЛАРИДИР! Бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарса.

 

Саидаброр Умаров

Ҳунайн ғазотида баъзи ансорлар бир-бирлари билан кўришиб, “Аллоҳ таоло Расулини мағфират  қилсин! Одамларга ўлжадан бериб, бизни тарк этдилар. Ваҳоланки, қиличларимиздан қон томчилаб турибди” дея пичирлашдилар. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келди. Ансорларнинг барчасини бир жойга тўпладилар. Макка аҳлидан узоқроқ жойга. Ансорларга хитоб қилдилар. Ҳис-туйғулар қоришган, мулойимлик қоришган, нафислик, нозиклик қоришган гапларни айтдилар. Истардимки, ҳар бир мусулмон у зот алайҳиссалом айтган ушбу гапларни ёдлаб олса. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар. Кейин:

“Эй ансорлар жамоаси, сизлар тарафдан менга етиб келган гап, қандай гап?! Олдингизга келганимда залолатда эдингиз, Аллоҳ сизларни мен сабабли ҳидоят қилмадими?! Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бир-бирингизга улфат қилмадими?! Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бой қилмадими?!” дедилар. Улар “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси?” дедилар. Улар “Жавоб бердик, эй Расулуллоҳ” дейишди. “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар жамоаси?” дердилар. Улар “Жавоб бердик, эй Расулуллоҳ” деб айтишарди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз: “Сиз бизга ёрдамсиз ҳолда келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, ёлғончи қилинган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, , фақир эдингиз, сизга мол бериб, бой қилдик!” – деб айтишингиз мумкин, шунда тўғри айтган бўласизлар ва сизларни ҳеч ким инкор этмайди!” – дедилар.  Ансорлар бу гапларни эшитиб баланд овозда: “Йўқ, барча яхшилик ва марҳамат Аллоҳ томонидан бўлди!” – деб юборишди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом бироз тўхтаб, сўзларида давом этдилар: “Эй ансорлар, эй дўстларим! Мен маккаликларни Исломга кирсинлар, дея сийлаган дунёнинг арзимас матоҳини деб кўнглингиз оғридими?! Сизларга Исломингизни қолдирдим.

Эй ансорлар, у одамлар қўй ва туялар билан кетишларига, ўзларингиз эса Аллоҳ ва Расули билан уйга қайтишга рози бўлмайсизларми?! Аллоҳга қасамки, сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшироқдир.

Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, агар ҳижрат бўлмаганида, мен ансорлардан бири бўлар эдим.

Одамлар устки кийимим бўлсалар, ансорлар танамга тегиб турадиган кийимимдирлар.

Одамлар бир томонга, ансорлар бошқа томонга юрсалар, мен ансорлар томонга юрган бўлар эдим.

Бироз сабр қилинглар, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришасизлар.

Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини ва фарзандларининг фарзандларини ҳам ўз раҳматингга олгин!”

Ансорлар бу мулойим, меҳр тўла, ажойиб сўзлардан соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғладилар. Ушбу хутба ва ундаги гаплар ҳар бир мусулмон фаҳмлаб, зеҳнига жо қилиши ва тез-тез такрорлаб туриши учун қанчалар муносибдир! Чунки, бу орқали Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нақадар нафис ва мулойимликларини ҳис этади.  

 

Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизасидан

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Унга шанба куни мансаб бергин, якшанба куни ниқобини ечади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Уч нарса ҳаётингга эгалик қилишига йўл қўймаслигинг керак:

  • Мол-дунё;
  • Одамлар;
  • Ёмон хотиралар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Жирканчлик – ўзингнинг ёмон қилмишингни унутиб, ўша ишингга билдирган реакциямдан келиб чиқиб мен билан муомала қилишингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Куз фаслида тўкилмай қолган барг:

  • Бошқа барглар наздида хиёнаткор;
  • Дарахт наздида вафодор;
  • Бошқа фасллар наздида қайсар.

Ҳар ким воқеага ўз бурчагидан назар солади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсон сабри билан яшайди, қуввати билан эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Инсон учун энг фойдали ва муҳим нарса – аввало ўз устида ишлаб, ўзини тузатишга уринишидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамлардан бирортаси сенга хиёнат қилаётганда, бошингни кўтариб тур, энгашма. Чунки, сен вафодорлигинг билан ғалаба қозондинг.

Аҳмад Дийдот раҳимаҳуллоҳ

*****

“Менинг юрагим сополдан, қотган лойдандир” десам, у мени масхара қилди. Чунки унинг юраги темирдан эди. Яқинда ёмғир ёғса, юрагим гуллаб-яшнайди. Унинг юраги эса занглашни бошлайди.

Шамс Табризий раҳимаҳуллоҳ

*****

Кўчада юрганда машиналар орасидаги масофани сақлаганингдек одамлар билан бўладиган муносабатларда ҳам масофани сақла. Бу сени ҳалокатли тўқнашувлардан сақланишинг учун керакдир.

Доктор Мустафо Маҳмуд

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Мана муборак рамазон ойи ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Бир ой давомида меҳмон каби ташриф буюрган бу улуғ ой барча учун сакинат, мағфират, раҳмат, қурбат, шифо бўлиши билан бир қаторда таълим-тарбия ойи ҳам бўлди, иншааллоҳ!

Агар эътибор қилсак, йилнинг ҳеч қайси ойида бунчалик кўп ва узун рўза тута олмаймиз. Рамазон бизни сабр ва ихлос билан рўза тутишга ўргатади. Бир ой давомида тутилган рўзанинг шираси кетмай туриб бошқа фарз бўлмаган рўзаларни тутиш ҳам ҳадиси шарифларда тавсия этилади. Қуйида Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга тавсия қилган ҳамда ўзлари тутиб юрган рўзалар, уларнинг ҳукмлари ва даражаларини Имом Термизийнинг ривоятлари асосида  баён қилиб ўтамиз.

  1. Муҳаррам ойида рўза тутиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Рамазон ойидан кейинги афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойидаги рўзадир”. (Ҳасан ҳадис)

Шарҳ: Муҳаррам ойидаги рўза Ашуро куни ва ундан бошқа кунларни ҳам ўз ичига олади. Бу ердаги фазилат жузъий бўлиб, унинг фазилати Арафа куни рўзаси фазилатига зид келмайди.

  1. Жума кунида рўза тутиш

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойнинг бошида (энг яхши кунида) уч кун рўза тутар эдилар. Жума куни камдан-кам оғизлари очиқ бўлар эди”. (Ҳасан ҳадис)

Абу Ийсо айтади: “Аҳли илмлар жума куни рўзасини мустаҳаб санадилар. Унинг макруҳлиги олдидан ё ортидан қўшиб рўза тутмасликдадир”.

Шарҳ: Пайғамбаримиз алайҳис салом ҳар ойнинг аввалида, афзал кунида, ой кўринганида рўза тутганлар. У ҳар ойнинг “оқ кунлари” - 13-14-15 кунлар дея эҳтимол қилинади.

Жума куни рўза тутганлари эса олдидан ёки ортидан рўза бўлганлар дея таъвил қилинади. Жума кунининг ўзида рўзадан қайтариқ оммага қаратилган бўлиб, ушбу кунни ҳурмат қилишлари, улуғлашлари учундир. Яна ибодат кунининг ўзида рўза тутувчи яҳудийларга ўхшаб қолмасликка тарғиб бор. Бошқа ҳадисда ёлғиз шу куннинг ўзида рўза тутишдан қайтарганлар. Шундай бўлсада, жума куни ўзида рўза тутиб, олдидан ва ортидан рўза тутмасликнинг ҳеч қиси йўқ. Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ мутлақ жума куни рўза тутиш мубоҳдир, деганлар. Имом Шофеъий макруҳ санаганлар.

  1. Шанба куни рўза тутиш

Абдуллоҳ ибн Буср, у опасидан ривоят қилади: “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Шанба куни рўза тутманг, илло сизларга фарз бўлган рўза бўлса майли. Сизлардан бирортангиз нарса топа олмаса узумнинг пўсти ёки дарахтнинг шохини бўлса ҳам чайнаб юборсин”. (Ҳасан ҳадис)

Шарҳ: фарз бўлган рўзадан мурод рамазоннинг қазоси, каффарот, назр каби рўзалар шу кунга тўғри келса, ҳеч нарса бўлмайди. Шанба куни рўза тутиш ҳудди жумага ўхшаб ёлғиз рўза тутишдан қайтариқ сингаридир. Оддий нарсани чайнаб бўлса ҳам оғиз очиш таъкидаланишининг сабаби – яҳудийлар шанба кунинигина улуғлайдилар.

  1. Душанба ва пайшанба рўзаси

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба рўзаларини тутиб юрар эдилар”. (Ҳасан-ғариб ҳадис)

Шарҳ: душанба ва пайшанба кунлари амаллар тепага кўтарилади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бу икки кун рўзадор бўлишни яхши кўрганлар. Оиша онамиздан келтирилган бошқа ҳадисда Пайғабаримиз ҳар ойдан олти кун; якшанба, душанба; бошқа ойда эса сешанба, чоршанба ва пайшанба рўза тутганлари айтилган.

  1. Убайдуллоҳ ибн Муслим Қуроший отасидан, у киши Пайғамбаримиз алайҳис саломдан йил бўйи рўза тутишни сўради. Шунда У зот: “Албатта, сенда аҳлингнинг ҳам ҳаққи бор. Сўнгра дедилар: “Рамазон рўзасини тут, кейин унинг ортидан келадигани, ҳар чоршанба ва пайшанба рўзасини. Шунда сен йил бўйи рўза тутган бўлсан, оғзинг очиқ ҳам бўлади”. (Ғариб ҳадис)

Шарҳ: Рамазондан кейинги рўза Шавволдан олти кун, бошқа қовлга кўра Шаъбон рўзаси ирода қилинган дейилади. Шавволдан олти кун, Чоршанба ва пайшанба рўзаларини ҳам тутиб юрса, худди бир йил рўза тутгандек бўлади.

Ибн Нужайм Мисрий айтади: “Мандуб рўза ҳар ойдан уч кун, оқ кунларда рўза тутишдир”.

Ҳадиснинг кўрсатмасига кўра ҳисоблаб чиқамиз:

Рамазон 30 кун + шавволдан 6 кун + 11 ойдан уч кун жами 33 кун, уни ҳар бир амалга 10 савоб қоидасига кўра 10 га кўпайтирамиз =  330 + 30 + 6 = 366. Демак, шу тарзда рўза тутиб юрган одам йил бўйи рўза тутгандек бўлади, оғзи ҳам очиқ юради.

  1. Абу Қатода ривоят қилади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Арафа кунининг рўзаси, уни Аллоҳ ўша йилдан аввалги ва кейинги йилдаги гуноҳларга каффорот қилади, деб ўйлайман”. (Ҳасан ҳадис)

Абу Ийсо айтади: “Аҳли илмлар арафа куни рўзасини мустаҳаб санаганлар. Илло Арафа куни Арафотда турганда рўза тутиш бундан мустасно”.

Шарҳ: Нававий “Саҳиҳул Муслим”нинг шарҳида айтадилар: “Гуноҳлардан мурод кичик гуноҳлардир. Агар кичик гуноҳлар бўлмаса, кабира гуноҳлар енгиллатилиши умид қилинади. Агар улар ҳам бўлмаса, даражаси кўтарилади”. Қози Иёз айтади: Гуноҳи кабиралар тавба ёки Аллоҳ раҳмати билан кечирилади. Кейинги йилдаги гуноҳдан мурод ўша йили гуноҳ қилишдан сақлаб қўяди. Ёки ўтган ва кейинги йилдаги гуноҳлар эвазига савоб ва раҳмат ато этади, деб тушунилади.

  1. Арофатда Арафа куни рўза тутиш

Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Арофатда оғизлари очиқ эди, Умму фазл сут жўнатган эди, уни ичдилар”. (Ҳасан-саҳиҳ ҳадис )

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаж қилдим, Арафа куни рўза тутмадилар. Абу Бакр билан ҳам ҳаж қилдим, у ҳам рўза тутмади. Умар билан ҳаж қилдим, у ҳам рўзани тутмади”.

Ибн Умар мен уни тутмайман ҳам, унга буюрмайман ҳам, ундан қайтармайман ҳам, деганлар.

Аксар аҳли илм Арафа куни (ҳаж пайтида) рўза тутмай, киши дуо ва ибодатга қувватли бўлиши учун оғиз очиқ бўлганини мустаҳаб санайдилар. Баъзи аҳли илмлар Арафотда арафа куни рўза тутганлар.

Шарҳ: бу борада жумҳурнинг мазҳаби бу кунда оғиз очиқ бўлгани мустаҳаб амалдир. Ато айтади: “Ким бу куни зикр қилишга қувватли бўлиш учун оғзи очиқ бўлса, рўзадорнинг савобини олади”.

Ибн Умарнинг гапларидан келиб чиқадики, Арафотда оғиз очиқ бўлиши мустаҳаб, вожиб эмас. Ким хоҳласа тутмасин, бу афзал. Ким хоҳласа тутсин, жоиздир.

  1. Ашуро куни рўза тутиш

Абу Қатода ривоят қилади: “Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро кунининг рўзаси, ун Аллоҳ таоло келаси йилга каффарот қилиб юборади, деб ҳисоблайман”.

Шарҳ: Ашуро куни Муҳаррам ойининг 10 куни. Ашуро кун рўза тутиш келаси йилги гуноҳларга каффорот бўлса, Арафа кунидаги рўза олдинги ва кейинги йилдаги гуноҳларга каффорот бўлади. Бунинг қандай фарқи бор? Ашуро Мусо алайҳис салом шариати рўзас, Арафа Набий алайҳис салом шариатига хос рўзадир. Бундан маълум бўладики, Арафа куни рўзаси афзалдир.

Ашуро куни рамазон фарз бўлмасидан аввал тутилган рўза бўлган. Рамазон фарз бўлгач, у тарк қилинган ва унинг мустаҳаблиги сақланиб қолинган.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз 10 куни рўза тутганлари, келаси йили Муҳаррамга етсалар, 9 кунни ҳам қўшиб тутишни ният қилганлари, аммо кейинги йилга етмай вафот этганлари, ёки 10 кунни ўзини тутмай, 9 кунни ҳам қўшиб тутиб, яҳудийларга хилоф қилишга буюрганлар.

Хўш, Ашуро қайси кун? Қайси кунлари рўза тутилади? Бунга жуда кўп фикрлар билдирилган бўлиб, шуларнинг хулосасига кўра, Ашуро Муҳаррамнинг 10 куни, луғат жиҳатдан ҳам тўғри келади. Арабча عاشر- “аъшир” 10 ни ифодалайди. Энди бу кунда рўза тутишга келсак, Абдулҳақ Диҳлавий “Ал-Лумаъат”да айтадилар: “Муҳаррамда рўза тутишнинг уч даражаси бор: 1.Ўнинчи кун, ундан олдин ва кейинги кун рўза тутиш – афзали шу. 2. Тўққизинчи ва ўнинчи куни рўза тутиш. 3. Ўнинчининг ўзида рўза тутиш”.

  1. Зулҳижжанинг 10 кунлигида рўза тутиш

Оиша розияллоҳу анҳондан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни ўн кунликда ҳечам рўза тутганларини кўрмаганман”.

Шарҳ: 10 кунликдан мурод Зулҳижжа ойининг аввалги 9 кунлиги. Унда рўза тутиш макурҳ эмас, балки кучли мустаҳабдир, айниқса 9-кун. У Арафа кунидир.

Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг зулҳижжанинг 10 кунлигида, яъни 9 кун рўза тутмаганлари, сафар, касаллик ёхуд бошқа оризий сабаблар билан бўлган бўлиши мумкин. Оиша онамизнинг  У зотни рўзадор ҳолда кўрмаганлари, Пайғамбаримизнинг рўза тутмаганларини белгиламайди. Бошқа ривоятларда Абу Довуд бошқа оналаримиздан келтиришича, Пайғамбаримиз алайҳис салом Зулҳижжанинг тўққизинчиси ва Ашурода рўза тутганлари айтилган. “Рўза тутмаганлар” деган ривоят умматларига фарз бўлиб қолишидан қўрққанлар, деб таъвил қилинади.

Зулҳижжанинг 10 кунлигида қилинадиган амалларнинг савоби юқори. Ҳатто, Аллоҳ йўлида жиҳод қилгандан ҳам кўра Аллоҳга севимлироқдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда унинг бир кунидаги рўза бир йилги рўзага, бир кечасидаги бедорлик қадр кечасидаги бедорликка тенглаштирилган.

10. Шавволдан олти кун рўза тутиш

Абу Айюбдан ривоят қилинади: “Набий саллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Рамазон рўзасини тутса ва Шавволдан 6 кунни унга эргаштирса, бу бир йиллик рўза бўлади”, дедилар. 

Абу Ийсо айтади: шавволда ҳам рўза тутиш мустаҳабдир. Ибн Муборак 6 кунни ойнинг аввалги кунлари деб билганлар. Яна у кишидан ривоят қилинишича, 6 кунни алоҳида-алоҳида тутиш жоиз.

Шарҳ: Абу Ҳанифа наздиларида бу кунлар ҳам мустаҳабдир. Асл айтилган савобни олиш учун уни бўлиб тутса ҳам бўладими ёки улаш шартми? дея ихтилоф қилганлар. “Роддул мухторда” Ибн Обидийн келтиришларича, Абу Юсуф бўлиб-бўлиб тутишни ихтиёр қилганлар.

Савол: рамазон ойида қазоси бор одам аввал қазони тутадими ёки шаввол рўзасини? Ҳадисда “Шавволдан олти кун” дейилган, аввалги “олти кун” дейилмаган. Шунга кўра, шавволнинг исталган 6 куни рўза тутса жоиз. Қазо фарз, шаввол рўзаси мустаҳаблигини инобатга олсак, аввал қазони тутиб, кейин исталган олти кунда шаввол рўзасини тутса бўлади, валлоҳу аълам!

 

Ҳабибур Роҳман Хойрободийнинг

“Мискуш шазий шарҳ Жомеъи Термизий”

китобидан Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим

 юрти ўқитувчиси Нилуфар Саидазиз қизи таржимаси

6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда “Вақф” фонди фаолияти ҳақида асоссиз гап-сўзлар тарқатилди.

Хабарларда Рамазон ҳайити куни тушган хайр-эҳсон пулларини “Вақф” фондига тўла ўтказиш тартибига нисбатан гўёки баъзи масжидларда норозилик билдирилаётгани иддао қилинган.

Маълумки, “Вақф” фонди ташаббуси билан хайрия тадбирларини ўтказиш, муҳтож оилаларга ёрдамлар кўрсатиш, ночор масжидларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш ҳамда даромади кам масжидлар имомларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларининг кўлами борган сари кенгайиб бормоқда.

Жумладан, даромади кам масжидларда меҳнат қилаётган 750 нафар имом-хатибларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида, ҳар ойда қўшимча ойлик маош тўлаб келинаётганини алоҳида қайд этиш керак.

Хайрия сифатида тушадиган маблағлар “Вақф” фондининг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланиши ва сарфланишида тўлиқ шаффофлик таъминланган. Фонднинг vaqf.uz доменида очиқликни таъминлаш имкониятини берувчи, йиллик, ойлик ва ҳаттоки кунлик сарф-ҳаражатларни ҳам кузатиб бориш имконияти мавжуд.

Афсуски, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар Фонд фаолияти ҳақида объектив тасаввурларга эга бўлмаган, журналистик суриштирув ўтказмаган шахсларнинг субъектив ёндошувининг маҳсулидир.

Биринчидан, Фондга масжидлардан тушадиган маблағларнинг 75 фоизи масжид сарф-харажатлари учун мунтазам қайтариб борилади. Бу амалиётни сайтнинг “Статистика” http://vaqf.uz/uz/transactions/statistics бўлимидан кўриш мумкин. Шу бўлимда Фонд томонидан ҳар куни амалга оширилган ҳаражатлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Масалан, Фонд ташкил этилганидан буён масжидлардан 71 миллиард сўм келиб тушган бўлса, қарийб 60 миллиард сўм  масжидларга қайтарилганини кўриш мумкин.

Иккинчидан, Фонд ихтиёрида қолаётган 25 фоиз маблағ эса масжид ва мадрасаларни қуриш-таъмирлаш, диний соҳа ходимлари ва талабаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфлаб келинмоқда.

Аввал юртимизнинг бир неча ҳудудларида Фонд томонидан янги масжидларни қуриш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар қилинганини алоҳида таъкидлаш керак.

Масалан, биргина даромади кам масжидлар имом-хатибларига ойлик иш ҳақи бериш учун шу кунга қадар 1,2 миллиард сўм сарфланди.

Учинчидан, хабарда хайрия маблағлари пуллари “Вақф” фондига ўтказилаётгани сабаб масжид харажатларини қоплашга маблағ етмаётгани қайд этилганига келсак, юртимизда олис ва чекка ҳудудларда жойлашган юзлаб масжидлар моддий қўллаб-қувватлашга муҳтож ҳисобланади. Фонд ихтиёрида қолаётган маблағлар ҳисобидан мана шундай кам даромадли масжидларга маблағлар йўналтирилиб, уларнинг фаолияти ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланади.

Тўртинчидан, Рамазон ҳайити куни тушган маблағлар тўлалигича “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳисобига кирим қилиниб, ушбу маблағларнинг 40 фоизи масжидларнинг сарф-харажатлари учун ўзларига қайтарилади.

Бешинчидан, масжидга тушган хайрия пуллари тегишли идоралар вакилларини жалб этган ҳолда ҳисоб-китоб ва инкассация қилинаётганидан асосий мақсад, ушбу маблағларнинг айланмасини шаффофлигини таъминлашдир.

Ижтимоий тармоқларда бирёқлама, асоссиз ёндашувларни тарқатишдан кўзланган мақсад одамларни ҳақиқий ҳолатдан чалғитиш, “Вақф” фонди фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш орқали фуқароларимизнинг йил сайин кўлами кенгайиб бораётган хайрия ишларига путур етказишдек ғаразли мақсадлар кўзлангани эҳтимоли ҳақида хулоса қилиш мумкин.

“Вақф” фонди матбуот хизмати

Top