РАМАЗОН-2021

“Муборак ой суҳбатлари” (7-сон)

Бошловчи — Саидолим Турдибоев: — Ассалому алайкум, азиз дўстлар! Муҳтарам телетомошабинлар, эътиборингиз марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамда “UzReportTV” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланиб, жонли эфирда узатилаётган “Муборак ой суҳбатлари” кўрсатувининг навбатдаги сони хонадонингиз меҳмони.

Эслатиб ўтамиз, кўрсатувимиз бош ҳомийси — “Ipak yo’li banki”. Ҳомийларимиз “Biolife” ҳамда “Plasterm” савдо белгилари.

Бугунги кўрсатувимиз меҳмони Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Ҳикматилла домла Тоштемиров. Ассалому алайкум. Кўрсатувимизга хуш келибсиз!

— Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Бошловчи: — Бугун Рамазон ойининг ўнинчи куни. Раҳмат даҳасиям ниҳоясига етмоқда. Энди мағфират даҳаси бошланади.

Дарвоқе, сиз билан кечган ўтган галги кўрсатувимиз ҳам мазмунли ўтди. Бугун ҳам имкон қадар мухлисларимизнинг талаб ва истаклари асосида улардан келаётган саволларга кўпроқ эътибор қаратсак.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз керакки, бизни телеграм каналидаги ботимиз ҳам мунтазам равишда ишлаб турибди. Саволларингизни йўлланг ва биз имкон қадар тўлиқроқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бизни ойнаи жаҳон ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кузатишда давом этинг.

 

— Ассалому алайкум. Таъзия бўлган хонадонда ифторлик қилиш шарт, деб эшитганман. Шу тўғрида маълумот берсангиз?

 

— Бисмиллаҳ алҳамдулиллаҳ. Динимизда таъзия бўлган хонадонда, албатта, меҳмон чақириб ифторлик қилиш шарт, дейилмаган. Бироқ ифторлик қилиш, одамларни таомлантириш катта савоб экани айтилади. Масалан, рўзадорга бир қултум сув ёки луқма берсангиз ҳам катта савоб бўлади. Бу дегани рўзадорнинг савоби камайиб қолади, дегани эмас. Баъзи одамлар ифторликни қарз олиб қилишади. Бу яхшимас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадики, садақанинг афзали ўз молидан ортиқчасидан бўлгани.

 

— Машина олгандим. Том қисмида ёриқ бор экан. Кўрмаганман. Энди сотмоқчиман. Машинанинг айбини айтиб сотиш керакми ё сўраса айтайми?

 

— Албатта, молнинг айбини айтиб сотиш керак. Ва яна айтиш мумкинки, мана шу ерида ёриқ бор. Кейин чиққан айбларига мен жавобгар бўлмайман, дейиши ҳам мумкин. Аммо ўзи билган айбини айтиб сотиши лозим. Бўлмаса олаётган одамга хиёнат қилиб қўяди.

 

— Бир дўстим бор. У христиан. Ўзга дин вакиллари билан дўстликнинг зиёни йўқми? Дўстликни давом эттирсам бўладими? Шу ҳақда маълумот берсангиз?

 

— Қуръони каримда бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлишимизга доир кўрсатмалар бор. Улар билан олди-берди қилиш мумкин. Ҳадиси шарифда шундай дейилади, ким билан дўст бўлаётганингга қарагин инсон дўстининг дину диёнатига мослашиб кетади, дейилади. Бу томондан қарайдиган бўлсак, ўша дўстининг динини қабул қиладиган даражада дўст бўлинмайди. Ва яна бир томони борки, бир мусулмоннинг зарарига иш қилинадиган даражада дўстлашилмайди. Ҳамкорлик қилинмайди.

 

— Тариқат нима?

 

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида исломий илмлар битта бўлган. Кейинчалик тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илми кабиларга бўлиниб кетган. Тасаввуф илми ғоясининг иймон, ислом ва эҳсон деган мартабалари бор. Иймон — ғайбга иймон келтириш, ишониладиган нарсаларга ишониш, ислом — амал қилинадиган нарсаларга амал қилиш, буйруқлар, қайтариқлар кабиларга. Эҳсон эса — ихлос қилиш, Аллоҳ таолони кўриб тургандай ибодат қилиш. Тасаввуф шунга урғу бериб, ривожлантириб, одамларнинг қалбига иймон, ихлос, садоқат уруғини сочишга ҳаракат қилишган.

Шунинг билан тариқатлар ажралиб чиққан. Устозлар етишиб чиққан. Унинг ғояси — холис мусулмонни тарбиялаш.

Ҳозиргача бизда Яссавия, Кубровия, Нақшбандия тариқатлари давом этмоқда.

 

— Қандай уйга фаришталар кирмайди?

 

— Қайси уйда гуноҳ ишлар қилинса, ўша уйга фаришталар кирмайди.

Қайсики уйда ибодат, тақво, аҳиллик, дўстлик бўлса ўша уйга фаришталар киради. Фаришталар нурдан яратилган. Уларда жинс йўқ. Нафс йўқ. Улар кўпроқ масжидларда бўлади. Кундузи ва кечаси алмашиб турадиган фаришталар бор. Улар бор жой сакинат кечади.

 

— Мен битта қўй закот бермоқчиман. Шунинг пулини берганим яхшими ёки қўйнинг ўзини олиб берган маъқулми?

 

— Ўзи асли қоида кўра, қайси моли ёки маҳсулоти закотдаги миқдорга етса, шунинг ўзидан закот берилади.

 

— Ковид билан оғриган, кислород аппарида ётган, қимирлаши қийин бўлган бемор қандай покланса бўлади. Яъни намоз ўқиш учун таҳорат ўрнига қандай амални бажаради?

 

— Агар сув ишлатиш касаллиги чузилиб кетишига сабаб бўлса, таяммум қилинади. Яъни тупроқ билан покланиш. Қум, ясси тош ҳам бўлаверади. Бемор қўлларини ана шу жисмларга уриб юзларига суртади, иккинчи марта қўлларини тошга уриб чап қўл билан ўнг қўлини, ўнг қўл билан чап қўлини тирсаккача сийпалайди. Кейин ётган жойида имо-ишора билан ибодат қилса бўлади. Токи тузалгунича шундай бўлади.

 

Read 1835 times
Top