Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺ “Қабримни қайта-қайта зиёрат қилманглар” деганмилар?

Cавол: Яқинда бир танишим умрага борган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бериш учун кирмоқчи бўлганда бир одам қайта-қайта салом беришга кирилмайди. Бир марта кириб, салом бериб чиқсангиз бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қабримни қайта-қайта зиёрат қилманглар”, деганлар дебди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу мутлақо хато тушунча. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қабрларини зиёрат қилиш афзал амаллардан ҳисобланади. Чунки бу оддий қабр эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таналари турган қабрдир. Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таналари тегиб турган ер барча муборак заминлардан ҳам афзал эканида уламоларнинг ижмоси борлигини айтган.

Саволда зикр қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уйларингизни қабр қилиб қўйманг. Менинг қабримни ийдгоҳ қилиб олманг. Менга салавот айтинг. Чунки сизнинг салавотингиз қаерда бўлсангиз ҳам менга етади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Мана шу ҳадисдаги ийдгоҳ деб таржима қилинган сўз ҳадисда “عيد ийд” лафзида келган. Мана шу сўзни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларини қайта-қайта зиёрат қилиб бўлмайди, деяётганлар такроран, қайта-қайта деб таржима қилишган ва катта хатога йўл қўйишган.

Чунки уламолар бу сўзни турли маънода келишини айтиб, “ийдгоҳ”, яъни “байрам қиладиган жой” қилиб олманглар, чунки инсон байрамда шоду хуррам бўлиб, ибодатдан ғафлатда бўлади, деб тушунтирганлар. Ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари зиёратида ғофиллик эмас, ўта тавозеъ ва хушу ила турилади.

Юқоридаги шарҳни Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ айта туриб, “Ийд сўзи такрор қилишдан қайтариш учун эмас, аксинча кўпроқ зиёрат қилишга тарғиб учун айтилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ийд сўзи ҳайит маъносида бўлиб, бир йилда икки марта бўладиган ҳайитга ўхшаб икки мартагина зиёрат қилманглар, деган маънони ҳам эҳтимоли бор деганлар (“Мирқотул мафотиҳ” китоби).

Қолаверса, кўплаб ҳадиси шарифларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш фазилатлари айтилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, деганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким савоб умидида мени Мадинада зиёрат қилса, у менинг ёнимда бўлади ва қиёмат куни мен унга шафоатчи бўлурман”, дедилар.

Бошқа ривоятда: “Ўлимимдан кейин ким мени зиёрат қилса, худди тириклигимда зиёрат қилгандек бўлади”, дейилган (Учовини Қози Иёз “Шифо”да ривоят қилган).

Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан ташқари уч мазҳаб имомлари Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини кўп-кўп зиёрат қилишни тавсия қилганлар.

Шуни ҳам айтиш мумкинки, саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида доимо ёнларида бўлганларига қиёсан у зот алайҳиссаломни беш вақт намоздан кейин ҳам зиёрат қилиш мумкин (“Иршодус-сорий” китоби). Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

 

Read 1241 times

Мақолалар

Top