muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 12 Январь 2017 00:00

Юқори технологияли масжид

Уммон султонлигида қуёш энергияси билан ишловчи биринчи масжиднинг қурилиш ишлари ўз якунига етмоқда. Ушбу юқори технологияли масжид бошқа оддий масжидларга нисбатан 60 фоизга яқин электр қувватини тежайди. Лойиҳа муҳандиси Бадр ал-Ҳадабийнинг сўзларига кўра, янги масжидда нафақат энергия тежалади, балки 40 фоизгача сув ҳам тежаб қолинади.

Муҳандис Ал-Ҳадабий: “Лойиҳа тугалланиш арафасида, қурилиш ишларининг деярли 90 фоизи тугади, ҳозирда масжид томларига қуёш батареяларини ўрнатмоқдамиз. Бу дунёдаги биринчи “яшил” масжид бўлади. Умид қиламанки, бу лойиҳа келгусида яхши натижа беради”, дейди.

Янги лойиҳа асосида қурилган ушбу биринчи масжид муҳандис томонидан Султонликка беғараз совға қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда қуёш нуридан фойдаланган ҳолда масжид қуриш ғоялари аксар мамлакатларда илгари сурилмоқда.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Четвер, 12 Январь 2017 00:00

Ватан ҳимояси олий саодатдир

Юртимизнинг ҳар бир ўғлони учун Ватанни ҳимоя қилиш, бу йўлда хизмат қилиш, нафақат ор-номус, йигитлик бурч, балки шараф ва масъулиятдир. Чунки, ҳар бир инсон туғилиб ўсган юртини, унинг ҳар қарич ерини ардоқлаши, шу заминда истиқомат қиладиган мунис аёллар, ота-оналар, опа-сингиллар ва фарзандларини ҳимоя қилиш, ота-боболаримиздан қон-қонимизга, жон-жонимизга сингиб кетган юксак фазилатлардандир. Ватан деганда биз ҳар бир инсон туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган замин эканлигини тушунамиз. Ватаннинг ҳақиқий фарзанди уни кўз қорачиғидек асраб, унинг тинчлиги ва келажаги учун ўз жонини беришга тайёр бўлади. Одам фарзанди учун ота-она якка-ягона бўлгани каби Ватан ҳам ягонадир. Ватан борки, биз бормиз. Она бор меҳрини фарзандига атаганидек, Ватан осмонида кулган қуёш бизни ўз ҳарорати оғушида эркалайди. Унинг бағрида кулган баҳор – бизнинг баҳоримиз. Юртимизнинг дунёдаги обрў-эътибори, мавқейининг юксалиши ҳар биримизнинг чеҳрамизда нур, кўзимизда чақмоқ, бошимиз тоғлардек сарбаланд, қаддимиз қоялардай тик бўлишига сабаб бўлади. Она-Ўзбекистонимиз биз учун шундай тенгсиз, ягона, эъзозли, танҳо Ватандир. Ватанга садоқат, она-юртга муҳаббат ҳисси киши қалбидаги энг бебаҳо туйғудир. Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир ҳамда кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади. Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.

Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Табароний ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳакимлар айтганлар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.

Ватанни ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас, балки, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни, оналарни, оталарни, қоракўз ўғил-қизларимизни, ёшларнинг дунёқарашини, тоғу тошларни, сой-сўқмоқларни, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-ниҳолигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз лозим. Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши ва жонажон Ватанимизнинг келажаги, унинг гуллаб яшнаши йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоғи шарт. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши олий вазифаси бўлмоғи керак.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан посбонлик қилган кишининг кўзи қиёматда ўз соҳибини дўзахда куйдирмас экан. Бу ҳақида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расуллуллоҳ (с.а.в); “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”. (Термизий ривояти).

Ҳозирги кунда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қиладиган мард ва забардас ўзбек ўғлонларини, уларнинг ҳарбий салоҳияти ва қобилиятларини кўриб, қалбимиз ўзгача бир хурсандчилик ва хотиржамликни ҳис қилади. Зеро, фарзандларимиз ёшлигидан ватанга хизмат қилишдек олий шарафли вазифаларни бажариб, жонажон Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва асойишталиги абадий бўлишлигига замин яратади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) “Фарзандларингизга сузиш, камон отиш ва аёлларга касб-ҳунарни ўргатинглар” (Байҳақий ривояти) деб таълим берганларидек, жажжи фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш, Ватан ҳимояси олий саодат эканлигини, Ватанни ҳимоя қилиш бизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини ўргатиш, барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир.

 Раҳматилло УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби

2017 йилнинг 11 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан Диний идора тизимидаги футбол жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган футбол мусобақасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Унда ёрдамчи ҳакамлар ва гуруҳ сардорлари иштирок этишди. Учрашувда мусобақани ташкиллаштириш ва уни юқори савияда ўтказишга доир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Жорий мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти имомларидан иборат футбол жамоалари ўзаро беллашадилар.

Қуръа ташлаш натижаларига кўра, 1-тур ўйинларида қуйидаги жамоалар ўзаро беллашадилар:

“Дўстлик” – “Минор”

“Имом Бухорий”  –  “Кўкалдош”

Мусобақанинг 1-тур ўйинлари жорий йил 17 январь куни соат 19:00 да шаҳримизнинг нуфузли спорт майдончаларидан бирида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз,Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан ўтказилаётган мусобақада Тошкент ислом институти мезбонлик қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Саудия арабистонида бир қанча мусулмон мамлакатларининг Ҳаж ва Умра ишлари бўйича масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазири Доктор Муҳаммад бин Солиҳ бин Тоҳир Бинтин сўзга чиқиб, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз томонидан Ҳаж зиёратчилари сонини оширишга доир розилик битими имзоланганини маълум қилди.

Ўтган 2016 йилги Ҳаж мавсумида 1 325 372 нафар чет эллик ва 537 537 нафар Саудия арабистони фуқаролари, умумий ҳисобда эса 1 862 909 киши Ҳаж ибодатини амалга оширган эди. Бу кўрсаткич, охирги 10 йилликдаги энг кам кўрсаткич бўлди. Қиёслаш учун 2007 йилда 1,7 миллиондан ортиқ чет эллик ва 746 511 нафар Саудия фуқаролари, умумий ҳисобда 2,4 киши Ҳаж амалини бажарганини эслаш етарлидир.

  

Моҳира ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси.

Середа, 11 Январь 2017 00:00

Саловат айтувчилар

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 56-оятида: “-Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам Унга саловот айтинг ва кўп салом йўлланг!”, деб марҳамат қилган.

Оятдаги “юсоллун” калимаси – “саловот айтурлар" деган маънони англатади. Араб тилида саловат сўзи “салот” калимасининг кўплиги ҳисобланиб, “дуо, мағфират сўраш” маъноларини билдиради. Аммо дуо маъноси Аллоҳ таолонинг саловат айтиши деган маънога тўғри келмайди. Аллоҳ таоло Пайғамбарнинг ҳаққига дуо қилмайди, чунки бир кишининг ҳаққига дуо қилиш – учинчи томондан унга манфаат сўрашдир. Аллоҳ таолога нисбатан эса бунинг имкони йўқдир. Уламолар: “Саловат Аллоҳ томонидан бўлса, раҳматдир ва бу хос раҳматдир” деб айтиб ўтишган.

Хос раҳмат – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаришталар ҳузурида у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни мақташ ва улуғлашдир. Яна Роббул оламиннинг салавоти сано, улуғлаш, икром қилиш, хос шафқат, хос мағфират ва шу каби яхшилик, фазл, икром, мадҳ, сано, нур ва зиё маъноларини ўзида жам қилади. Аллоҳ таолонинг у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни улуғлаши бу дунёда у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг зикрини олий қилиш, динини зоҳир қилиш, шариатини боқий қилиш ҳисобланади. Охират манзилида эса “мақомул маҳмуд”ни ато этиш билан аввалгию охиргиларга у зотнинг фазлларини кўрсатиш, умматларига шафоатчи бўлишлари, ажру савобларини кўпайтириш ва барча муқаррабу шоҳидлардан муқаддам эканларини зоҳир қилишдир.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “юсоллун” – “Пайғамбарга саловат айтурлар” оятини “баракот тилайдилар” деб, яъни “барака тилаб дуо қиладилар”, деб изоҳлаганлар.

Фаришталарнинг саловати эса истиғфордир яъни фаришталар тарафидан саловат айтиш Аллоҳдан мағфират сўраш ҳисобланади. Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га фаришталарнинг саловат айтиши у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўминларнинг Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтишлари эса, улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Жумҳур уламолар: “Киши умри мобайнида бир маротаба саловат айтиш вожибдир. Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат йўллаш, зикр – тасбеҳ, ҳамд айтиш каби ибодатдир” – деганлар.

Имом Насоий Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади” дедилар.

Имом Аҳмад келтирган ҳадисда Абдуроҳман ибн Амр (розияллоҳу анҳу): “Кимки Набий (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га битта саловат йўлласа, Аллоҳ таоло ва фаришталар унинг ҳаққига етмишта саловат йўллайди” деб айтганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можа ривоят қилган ҳадисда эса Омир ибн Робиъанинг отаси бундай дейди: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким менга саловат айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловатининг баробарида саловат айтиб турадилар. Банда саловатни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп”, деганларини эшитдим” деган.

 Имом Шофеъий ва имом Байҳақийдан келтирилган ҳақисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг жаннатда менга энг яқин бўладиганларингиз, менга саловатни кўпроқ айтадиганларингиздир. Бас, ёруғ кеча ва нурли кунда менга саловат айтишни кўпайтиринглар”, дедилар. Ҳадиси шарифдаги “ёруғ кеча”дан мурод жума кечаси, “нурли кун”дан мурод жума кунидир.

Демак, ким у зот (соллалоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтувчилардан бўлса, Аллоҳ таолонинг ва муборак фаришталарнинг саловатларига ноил бўлиши, ҳамда жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га манзили яқин бўладиганлар қаторида туриш бахтига етишади, иншоаллоҳ.

Н.Ғофурова,

“Хадичаи Кубро” ўрта-махсус ислом

 билим юрти ўқитувчиси

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top