muslim.uz
Террористга ойнинг фарқи йўқ
Бутун жаҳонда муборак Рамазон шукуҳи ҳукм сураётдан бир пайтда “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи Суриянинг баъзи ҳудудларида отишмаларни тўхтатмаяпти.
Террористлар Латакия ва Алеппо шаҳарларидаги турар жойлар ва аҳоли яшаш нуқталарига қарата ҳануз ўқ узишяпти. Мазкур ҳудуднинг шимоли-шарқида эса қурол-аслаҳа ва портлатувчи моддаларга лиммо-лим автоуловлар мунтазам қатнаяпти. Совуқ қуроллар ортилган карвон Туркия чегарасидан чиқиб ИШИД жангарилари назорат қилаётган ҳудуд томон йўналяпти.
Ҳозир дунё мусулмонлари кундузи соим кечаси қоим ҳолатда намоз ўқиб, Аллоҳдан тинчлик, амният сўраб илтижо қилаётган онда бу кимсаларнинг амаллари инсониятнинг ҳеч қандай фикр доирасига тўғри келмас.
Азизхон ҲАКИМОВ
тайёрлади.
Саховат ойи – Рамазон
Рамазон ойи муносабати билан масжидлар ва вакиллик томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда вилоят бўйича “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саҳоват” уйларига хайрия ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
Жумладан, 2016 йил 7 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоят вакиллиги томонидан Рамазон ойи муносабати билан Андижон шаҳри, Мевазор кўчаси 57-уйда яшовчи кам таъминланган фуқаро Абдуллаев Алижон Рўзиевичга бир дона қўй ҳадя қилинди. Маҳалла оқсоқоллари ва А.Абдуллаев ЎМИ Раҳабарияти ва вилоят вакиллигига миннатдорчилик изҳор қилиб, дуоихайрлар қилдилар.
ЎМИ Андижон вилоят вакиллиги
Бобомнинг айтганлари
Инсон қай манзилда ва қандай ҳолатда ҳаёт кечирмасин, кексалик вақтига етганда кўзининг оқу қораси фарзанди, набирасига: «Болам, куни келиб бандаликни бажо келтириб, омонатни ўз Эгасига топширсам, ўз хилхонамизга қўйгин», ─ деб васият қилади. Чунки инсон зоти дунёга келибдики, ҳаётининг охирги дақиқаларигача ўзи туғилиб ўсган диёрни она Ватан деб, сўнгги нафасдан кейин ҳам унинг қўйнида бўлишини истайди.
Ҳамон эсимда, ёшлигимда мулла Юнус бобом (Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин) билан «Хожа Аламбардор» масжидига туташган қабристонга кириб, қариндошларнинг қабрларини зиёрат этиб, улар ҳаққига тиловат қилдик. Аксар қабрлар тартибга келтирилиб, панжаралари ҳам чиройлик қилиб бўялган. Турли хил кўчатлар экилган, гулсафсар, атиргуллар эса очилиб ётибди. Баъзи қабрларнинг устида тиканли майса гиёҳлар ўсиб ётганини кўриб, ачинасан киши. Куни кеча бир дўстимнинг яқинларидан бирини жанозаси ўқилиб, сўнгги манзилга кузатиб қабристондан чиқар эканмиз шундай воқеани гувоҳи бўлдим. Эллик ёшлар чамаси зуваласи пишиқ башанг кийинган бир киши гўрков амакининг ёнига бориб салом аликдан сўнг шундай деди: “Ота сиз менинг отамни яхши танир эдингиз, илтимос уларнинг қабрларини топиб берсангиз? Амаки истеҳзо билан бўтам охирги маротаба бу ерга қачон келган эдинг? Отахон тахминан 15 йилдан ошди чамаси. Ота уни ҳар хил жойлашган қабрлар оралаб бошлаб борар экан ўғлим, мен сени бошқа шаҳарга кўчиб кетган бўлса керак деб юрардим деди. Йўқ отажон мен кўплар қатори катта тижорат ишига киришганман. Ҳали у давлат ҳали бу давлатда бўлиб вақт топа олмадим. Болаларим бири ўқишда бошқалари ишда ўзлари билан ўзлари банд деди. Гўрков амаки ҳамма ёғини ўт ва тикон қоплаган, чўккан қабрга ишора қилиб мана шу отангни қабри деди. Болам эртага келиб у ёқ бу ёғини тузатиб қўйгин.” Азизлар бу воқеа барчамиз учун ибрат бўлиши лозим.
Бобом билан ҳар гал борганимда, ўзимда қандайдир вазминлик, салобат ва улуғлик туярдим. Шундай пайтларда ҳаётга ва келажакка ишонч руҳи билан яшашдек ҳиссиёт қалбимнинг бир четидан ўтиб, катталарга қўшилгандай қувонардим. Бобом қилган насиҳатларида: «Болаларим, қулоқларингизга яхши қуйиб олингларки, шу азиз тупроқ ва она Ватан сизларники, келажакда эл–халққа манфаат келтирадиган илм ёки ҳунарни эгалланглар. Бунинг учун унинг калити бўлмиш яхши ўқиш, илм дарёсидан баҳраманд бўлишда сабрли бўлинглар. Катталарнинг ҳурматини жойига қўйиш ва кичикларга эҳтиром кўрсатишни эсдан чиқарманг», – дердилар.
Ватан деб таништирилган, юртимнинг ҳар бир гўшасидаги дов–дарахтию оқар сувлари, майса–ю гиёҳларини асраб–авайлаш, диёримнинг маънавиятини қадрлаб, ўтганларни хотирлаб, уларнинг хайрли ишларини ва айтган ҳар бир ибратомуз гапларини, шунингдек, амалга оширган ва ошира олмаган ишларини давом эттириш бизларнинг вазифамиз эканлигини ҳис қиламан.
Шайҳ Абдураззоқ ЮНУС,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Тьерри Анрининг Исломни қабул қилиши
Француз футболчиси Ал-Жазира каналига берган интервьюсида қандай қилиб мумсулмон бўлгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.
“Дастлаб, жамоадошларим Абидал ва Риберилар сабаб Ислом динига қизиқа бошладим. Улар билан Ислом дини ҳақида суҳбатлаша туриб, менинг қалбим ва ички кечинмаларим, айнан шу динга мойиллигини ҳис қилдим ва бутун вужудим билан Ислом динига ишондим. Шундай қилиб Ислом мен учун барча нарсадан устун бўлиб қолди”.
Франция миллий терма жамоаси юлдузи ислом динини қабул қилишни хоҳлаётган, лекин қатъий қарор қабул қилолмаётганларга қарата: “Агар сиз Ислом динига қизиқаётган бўлсангиз, ён-атрофингизга, дунёга назар солинг, шундагина ислом динининг моҳияти нима эканини тушунасиз, Ислом поклик, меҳр-муҳаббат, ўз номига муносиб тинчлик динидир”,-деб мурожаат қилган.
Шунингдек, футболчининг айтишича, инсонларни қизиқтирадиган нарсаларнинг барча-барчаси Қуръони каримда мавжуд.
М.Зуфарова тайёрлади
Викан қишлоғидагилар 3,5 соат рўза тутадилар
Омон Султонлигида денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган Викан қишлоғи аҳолиси ўзгача кун тартиби билан рўза тутадилар.
Қишлоқ Оман пойтахтидан 150 км масофада, етиб бориш анча қийин бўлган ҳудудда жойлашган.
Бу ерда қуёш кундузги соат 11:00 да чиқиб, 14:30 да эса ботади. Шундай қилиб куннинг ёруғ пайти атиги 3,5 соатни ташкил этади.
Халқаро алоқалар бўлими
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.