Мақолалар

Бобомнинг айтганлари

Инсон қай манзилда ва қандай ҳолатда ҳаёт кечирмасин, кексалик вақтига етганда кўзининг оқу қораси фарзанди, набирасига: «Болам, куни келиб бандаликни  бажо келтириб, омонатни ўз Эгасига топширсам, ўз хилхонамизга қўйгин», ─ деб васи­ят қилади.  Чунки инсон  зоти дунёга келибдики, ҳаё­ти­­нинг охирги дақиқаларигача ўзи туғилиб ўсган диёрни она Ватан деб, сўнгги нафасдан кейин ҳам унинг қўйнида бўлишини истайди.

Ҳамон эсимда, ёшлигимда  мулла Юнус бобом (Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин)  билан «Хожа Аламбардор» масжидига туташган қабристонга кириб, қариндошларнинг қабр­ларини зиёрат этиб, улар ҳаққига  тиловат қил­дик. Аксар қабрлар тартибга келтирилиб, панжаралари ҳам чиройлик қилиб бўялган. Турли хил кўчатлар экилган, гулсафсар, атир­гул­лар эса очилиб ётибди. Баъзи қабрларнинг устида тиканли майса гиёҳлар ўсиб ётганини кўриб, ачинасан киши. Куни кеча бир дўстимнинг яқинларидан бирини жанозаси ўқилиб, сўнгги манзилга кузатиб қабристондан чиқар эканмиз шундай воқеани гувоҳи бўлдим. Эллик ёшлар чамаси зуваласи пишиқ башанг кийинган бир киши гўрков амакининг ёнига бориб салом аликдан сўнг шундай деди: “Ота сиз менинг отамни яхши танир эдингиз, илтимос уларнинг қабрларини топиб берсангиз? Амаки истеҳзо билан бўтам охирги маротаба бу ерга қачон келган эдинг? Отахон тахминан 15 йилдан ошди чамаси. Ота уни ҳар хил жойлашган қабрлар оралаб бошлаб борар экан ўғлим, мен сени бошқа шаҳарга кўчиб кетган бўлса керак деб юрардим деди. Йўқ отажон мен кўплар қатори катта тижорат ишига киришганман. Ҳали у давлат ҳали бу давлатда бўлиб вақт топа олмадим. Болаларим бири ўқишда бошқалари ишда ўзлари билан ўзлари банд деди. Гўрков амаки ҳамма ёғини ўт ва тикон қоплаган, чўккан қабрга ишора қилиб мана шу отангни қабри деди. Болам эртага келиб у ёқ бу ёғини тузатиб қўйгин.” Азизлар бу воқеа барчамиз учун ибрат бўлиши лозим.  

 Бобом билан ҳар гал борганимда, ўзимда қандайдир вазмин­лик, салобат ва улуғлик туярдим.  Шундай пайтларда ҳаёт­га ва келажакка ишонч руҳи билан яшашдек ҳис­сиёт қалбимнинг бир четидан ўтиб, катталарга қў­шил­гандай қувонардим. Бобом қилган насиҳатларида: «Болаларим, қулоқларингизга яхши қуйиб олинг­лар­ки, шу азиз тупроқ ва она  Ватан сизларники, келажак­да эл–халққа манфаат келтирадиган илм ёки ҳунарни эгалланглар. Бунинг учун унинг калити бўлмиш ях­ши ўқиш, илм дарёсидан баҳраманд бўлишда сабрли бўлинглар. Катталарнинг ҳурматини жойига қўйиш ва кичикларга эҳтиром кўрсатишни эсдан чиқарманг», – дердилар.

Ватан деб таништирилган, юртимнинг ҳар бир гў­ша­сидаги дов–дарахтию оқар сувлари, майса–ю ги­ёҳ­ларини асраб–авайлаш, диёримнинг маънавиятини қадр­лаб, ўтганларни хотирлаб, уларнинг хайрли иш­ла­рини ва айтган ҳар бир ибратомуз гапларини, шу­нингдек, амалга оширган ва ошира олмаган иш­ла­рини давом эттириш бизларнинг вазифамиз эканлигини ҳис қиламан.

Шайҳ Абдураззоқ ЮНУС,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

Read 6641 times

Мақолалар

Top