muslim.uz
Вакилларимиз халқаро анжуманда
2017 йил 2-5 сентябрь кунлари Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрида “Буюк ипак йўли – маънавият йўли. Бунёдкорлик. Интеграция” мавзусида II-Халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан кўплаб дин абоблари ва олимлар иштирок этди. Жумладан, ушбу конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси маслаҳатчиси Беҳзод Қодиров ва Тошкент ислом университети проректори, профессор Зоҳиджон Исломовлар қатнашишди.
Анжуманда мартабали меҳмонлар томонидан мавзу юзасидан маърузалар қилинди. Вакилимиз Иброҳим домла Иномов ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилган ишлар, айниқса диний соҳада қилинаётган амалий ишлар, юртимизда етишиб чиққан уламолар ва уларнинг асарлари ҳақида гапириб ўтди. Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар йиғилиш қатнашчилари томонидан юксак баҳоланди.
Шунингдек, сафар давомида вакилларимиз Татаристоннинг Булғор шаҳарида барпо этилган “Булғор ислом академиясининг” тантанали очилиш маросимида ҳам иштирок этдилар.
Анжуман якунида, бу каби анжуманлар дунёда тинчликни сақлаш, уни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга ана шундай нурафшон кунларни меърос қолдиришда улкан хизмат қилиши таъкидланди.
Халқаро алоқалар бўлими
Мўминнинг гўзал хулқи
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Беҳуда нарсани тарк қилиш, инсоннинг мусулмонлигини мукаммал қиладиган ва имонини тасдиқлайдиган гўзал хулқдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларга қисқа сўз билан гўзал хулқни ўргатмоқдалар. Банда у билан дунё яхшиликлари ва охират саодатига эришади. Олимлар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида Ислом динининг ярмини ифодаладилар. Чунки дин солиҳ амални бажариш ва гуноҳни тарк қилишдан иборат. Мазкур ҳадис ёмонлик ва манфаати йўқ амалларни тарк қилиш лозим эканига далилдир”, дейишади. Имом Абу Довуд (раҳматуллоҳи алайҳ) биз ўрганаётган ҳадисни фазилати ҳақида бундай дейди: “Сунан асарларининг асоси бўлган тўртта ҳадис бор. Улардан бири юқоридаги ҳадисдир”.
Кишиларнинг беҳуда нарсаларга берилиб кетиши Инсоннинг бахтсиз бўлишининг асосий омилидир. Имом Шофеий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсоннинг ақли уч нарса билан зиёда бўлади. Олимларнинг суҳбатида бўлиш, яхшилар билан бирга ўтириш ва беҳуда сўзни тарк қилиш”. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар” (Муъминун, 1-3).
Ислом дини жамиятни тинч-осойишта бўлиши, одамлар низо ва хусумат қилмай, дунёда бахтли ҳаёт кечиришига замин яратади. Жамият аъзоларининг бахтли бўлишлари учун, улар бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари лозим. Шунингдек, бошқалар билан дўстлашиб, уларни ҳурмат қилишлари зарур. Шу билан бир қаторда дунё ва охиратда манфаати бор нарсалар билан банд бўлишлари зарур.
Фойдасиз нарсалар билан шуғулланиш инсоннинг имони заиф эканига ишорадир. Одам дунёда яшаркан, атрофида турли одамлар ва ҳар хил машғулотларга дуч келади. Инсон атрофидаги барча билан алоқа қилаверса, фойдасиз ишлар билан шуғулланаверса, зиммасидаги фарз ва вожиблар, вазифа, бурч ва мажбуриятларини бажаролмайди. Натижада, охиратда аламли азобга дучор бўлиб, дунёда эса жавобгарга айланади. Қуръони каримда бундай ривоят қилинади: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида(ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро,36). Банда дунёда сўзлаган ҳар бир гапи, ўтказган сонияси ҳақида қиёмат куни сўралади. Вақтни зое қилиб, лағв сўзларни гапириб умр ўтказганлар қиёмат куни нажот тополмайди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир саҳоба вафот этди. Бир киши: “Жаннат муборак бўлсин”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай дема! Сен билмайсан, балки, у беҳуда сўзларни гапиргандир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Манфаатли нарса билан банд бўлиш, саломатлик ва нажот йўлидир. Инсон зиммасидаги мажбуриятларини билса ва масъулиятини ҳис этса, у ўзини ўша иши билан банд қилади. Шунингдек, дунё ва охиратда бахтли бўлишига сабаб бўладиган иш билан шуғулланади, ортиқча нарсаларни тарк қилади, фойдасиз машғулотлардан узоқ бўлади. Луқмони Ҳаким (раҳимаҳуллоҳ)дан “Бундай фазилатга етишингизга нима сабаб бўлди”, деб сўрашди. Луқмон Ҳаким (раҳимаҳуллоҳ): “Фойдасиз нарсаларни тарк қилиш”, деб жавоб берган.
Уламолар дунёда фойдали иш манфаатсиз нарсаларга нисбатан кам эканини эътироф этадилар. Агар банда фойдали иш билан банд бўлса, ёмонлик ва гуноҳлардан тийилади. Натижада, охирати учун солиҳ амал қилишга имконият туғилади. Манашу инсон манфаатли иш билан машғул бўлса, унинг дини гўзал, имони мустаҳкам ва тақвоси қувватли бўлишига далилдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким динини гўзал қилса, бажарган битта яхши амали ўнтадан етти юзтагача кўпайтириб ёзилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Манбаларда таом, ичимлик, кийим, яшаш жойи каби инсон ҳаёти учун зарур ашёлар ва дунё ва охиратда саломат бўлишига боғлиқ ишлар фойдали амаллар сирaсига кириши зикр қилинади. Бундан бошқа нарсалар беҳуда нарсалар ҳисобланади. Шунингдек, инсон ҳожатидан ташқари дунёвий мақсадлардан юз ўгириши лозим. Жумладан, ортиқча бойишни орзу қилиш, мансаб ва бошлиқликни хоҳлаш, бошқаларнинг мақтовини яхши кўриш кабилардан сақланиш фойдали ишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Раббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир” (Тоҳо, 131).
Дунё ва охиратда бандага манфаати йўқ турли ўйинлар, ҳазл-мутойиба каби мубоҳ амаллар ҳам фойдасиз ишлар ҳисобланади. Мўмин-мусулмонлар бундай ишларни тарк қилишлари гўзал хулқ саналади. Чунки мазкур ишлар бебаҳо вақтни зое қилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Банданинг беҳуда нарсалар билан банд бўлиб қолиши, ундан Аллоҳ таолонинг юз ўгирганининг белгисидир”.
Фойдалик нарса билан банд бўлиш, бандани Аллоҳ таолога яқин қилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фойдалик нарсага ҳарис бўлгин”, дедилар” (Имом Муслим ривойати). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларни вақтни яхши ишларга сарф этишга чақирмоқдалар. Дунё охират экинзори. Умр қисқа дарахтнинг соясидек тез ўтиб кетади. Шунинг учун, ақллик инсоннинг ғами охират, мақсади жаннат бўлади ва қисқа умрини фойдалик нарсаларга сарф этади.
Манбалар асосида
Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади.
Мирзиёев нутқи: «Мусулмон оламининг кўпгина давлатлари технологиялар борасида ортда қолмоқда»
Ўзбекистон президенти ислом оламидаги илмий ютуқлар учун ИҲТ мукофотини жорий этиш таклифини билдирди.
Мусулмон олами мамлакатларининг кўпчилиги ҳозир илм-фан ва технология соҳасида жузъий тарзда ортда боришмоқда, дея Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда«Спутник-Казахстан».
Ислом ҳамкорлиги ташкилот (ИҲТ)нинг фан ва технология бўйича саммитида чиқиш қилар экан, Ўзбекистон раҳбари ислом олами жаҳон илм-фани ва цивилизацияси қўшган беқиёс хизматлари учун фахрланишга ҳақли эканлигини қайд этиб ўтди.
«Тан олиш лозимки, айни пайтда мусулмон оламининг кўплаб давлатлари фан ва технология соҳасида ривожланган давлатлардан жузъий ортда қолмоқда. Масалан, жаҳоннинг энг яхши 500 университети рейтингига ташкилотимизга аъзо давлатлардан бор-йўғи 11та олий ўқув юрти киритилган. 2015 йилда жаҳонда патент олиш учун аризалар топширишда ИҲТ давлатларининг улуши атиги 1,9 фоизни ташкил этган», — деди Мирзиёев.
Унинг маълумотларига кўра, 2016 йилда ИҲТ давлатларида чоп этилган жамики илмий мақолаларнинг 80 фоизи ташкилотнинг фақат 7 аъзо-давлати ҳиссасига тўғри келган.
«Таассуф билан қайд этмоқ лозимки, бой табиий ресурслар ва улкан молиявий салоҳиятга қарамасдан мусулмон давлатларининг аксарияти иқтисодиётга инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш борасида фаоллик намойиш этишмаяпти», — дея қўшимча қилди президент.
Унинг умид қилишича, замонамизнинг энг муҳим муаммолари ва илмий масалаларини ҳал қилишга йўналтирилган ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ислом оламининг фан-технология салоҳияти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
«Биз Мирзо Улуғбекнинг астрономия ривожи учун қўшган улкан ҳиссасига ҳурмат сифатида ташкилотнинг Самарқандда суперзамонавий телескоп ўрнатиш ҳақидаги таклифини мамнуният билан қабул қиламиз», — деди у.
Мирзиёев ислом оламидаги илмий ютуқлар учун ИҲТнинг махсус мукофотини жорий этиш ва уни халқаро саҳнада оммалаштириш таклифини билдирди. У шунингдек, ИҲТнинг фан ва технология бўйича саммитини ҳар уч йилда бир марта ўтказишни таклиф этди ва Ўзбекистон 2020 йилда бўлиб ўтадиган кейинги Саммитни ўтказишга тайёр эканини билдирди.
Манба: Kun.uz
Ҳаж-2017 мавсуми бўйича Саудия Арабистони ҳисоботи
Саудия Арабистони ахборот ва маданият Вазирлиги Ҳаж-2017 мавсуми бўйича ҳисобот берди. Вазирликнинг берган маълумотига кўра, бу йилги ҳаж ибодатларини 2 352 122 киши адо этди. Булардан 1,75 миллиони чет эл фуқаролари, 1 миллиондан ортиқ зиёратчилар Осиё мамлакатларидан, 400 мингтаси Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо бўлмаган мамлакатлардан, тахминан 200 минг нафари Африка ва 100 минги Европа мамлакатларидан ҳамда 25 минг зиёратчи АҚШ ва Австралиядан ташриф буюрган.
Жорий мавсумда ҳожилар ҳавфсизлигини 2280 нафар фуқаролар мудофааси ходимлари ҳамда турли мамлакатлардан келган 2935 нафар хайрихоҳлар таъминлаб турдилар. Ҳаж мавсуми эса 1650 нафар журналист томонидан ёритиб борилди. Ушбу мавсум учун 15 та махсус тиббиёт марказлари очилди ва 30 минг нафар малакали шифокорлар зиёратчиларга тиббий ёрдам кўрсатдилар.
Халқаро алоқалар бўлими ходимаси
Моҳира Зуфарова
КЕТМОНЧА
Ҳикоя
Курсдошим Норқобилни учратиб қолганим яхши бўлди. У дарҳол уйига таклиф қилди. Ҳангомалашиб ўтирар эканмиз, пешайвон токчасида, қуёш шуъласида калтароқ сопли кетмонча диққатимни тортди. Кетмончанинг азизлаб қўйилганидан ажабланганимни пайқаган Норқобил бундай деди:
“Кетмонча 90 ёшли отамдан эсталик. Ҳар сафар унга кўзим тушганда, кўз олдимда отам гавдаланади. Шу кетмон отамга доимий ҳамроҳ бўлган. Шунинг учун ҳам ҳар уч кунда артиб, тозалаб токчага олиб қўяман. Ҳар-ҳарда ишлатиб ҳам тураман. Бундан уч ой олдинги воқеа содир бўлмаганида отам 100 ёшга кирармиди... Аллоҳ билгувчи, лекин ўша кунги ишимни эсласам виждоним азобланади. Ўзимни койиб гоҳида кўрнамаклик қилдим деб маломат ҳам қиламан.
Отамни ҳар куни гоҳ помидор, гоҳ ловия орасида кетмон чопаётганини кўраман.
– Қуёшнинг иссиғида нима зарур, сизга, – десам.
– Эрмакда болам, – деб қўярди.
Отамни кетмон кўтариб юрганини кўрганлар мени койийди.
– Отангга дам берасанми, йўқми?!
– Сенинг отангда қасдинг борми?
Бу гапларни қайта-қайта эшитаверганимдан бир куни ўзимни тутиб тура олмадим. Ишдан барвақт келган эдим. Отам кетмончада кечки сабзининг ариғини ковлаётган экан.
– Сизга нима зарур, ота, уйга кириб дамингизни олсангиз бўлмайдими? Шу кетмончани менга беринг, дедим-у, қўлидан олиб, ирғитиб юбордим.
Отам бўлса:
– Бу нима қилганинг, болам! Суянчиғимдан айирдинг-а! – деди. Яна бир нималар деб ғулдираганча хонасига кириб кетти.
Бир соатлар чамаси ўтди. қилмишимдан пушаймон бўлиб узр сўрагани кирсам иситмаси чиқиб алаҳсираб ётибди. Дарров дўхтир чақирдим. Дори-дармон қилдик, фойдаси бўлмади. Саҳар чоғида жон таслим қилди. Отамнинг ўлимига мен сабабчи бўлиб қолдим. Ўзимни ҳеч кечиролмайман. Отам 100 ёшга кирармиди деган фикр хаёлимдан ўтаверади...”
Дўстимнинг юзини ёш томчилари қоплаб олди. Мен эса қўлларимни дуога очдим.
Абдусаттор ҒОФУРОВ
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.