Мақолалар

Мўминнинг гўзал хулқи

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Беҳуда нарсани тарк қилиш, инсоннинг мусулмонлигини мукаммал қиладиган ва имонини тасдиқлайдиган гўзал хулқдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларга қисқа сўз билан гўзал хулқни ўргатмоқдалар. Банда у билан дунё яхшиликлари ва охират саодатига эришади. Олимлар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муборак ҳадисларида Ислом динининг ярмини ифодаладилар. Чунки дин солиҳ амални бажариш ва гуноҳни тарк қилишдан иборат. Мазкур ҳадис ёмонлик ва манфаати йўқ амалларни тарк қилиш лозим эканига далилдир”, дейишади. Имом Абу Довуд (раҳматуллоҳи алайҳ) биз ўрганаётган ҳадисни фазилати ҳақида бундай дейди: “Сунан асарларининг асоси бўлган тўртта ҳадис бор. Улардан бири юқоридаги ҳадисдир”.

Кишиларнинг беҳуда нарсаларга берилиб кетиши Инсоннинг бахтсиз бўлишининг асосий омилидир. Имом Шофеий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Инсоннинг ақли уч нарса билан зиёда бўлади. Олимларнинг суҳбатида бўлиш, яхшилар билан бирга ўтириш ва беҳуда сўзни тарк қилиш”. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар” (Муъминун, 1-3).

Ислом дини жамиятни тинч-осойишта бўлиши, одамлар низо ва хусумат қилмай, дунёда бахтли ҳаёт кечиришига замин яратади. Жамият аъзоларининг бахтли бўлишлари учун, улар бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари лозим. Шунингдек, бошқалар билан дўстлашиб, уларни ҳурмат қилишлари зарур. Шу билан бир қаторда дунё ва охиратда манфаати бор нарсалар билан банд бўлишлари зарур.  

Фойдасиз нарсалар билан шуғулланиш инсоннинг имони заиф эканига ишорадир. Одам дунёда яшаркан, атрофида турли одамлар ва ҳар хил машғулотларга дуч келади. Инсон атрофидаги барча билан алоқа қилаверса, фойдасиз ишлар билан шуғулланаверса, зиммасидаги фарз ва вожиблар, вазифа, бурч ва мажбуриятларини бажаролмайди. Натижада, охиратда аламли азобга дучор бўлиб, дунёда эса жавобгарга айланади. Қуръони каримда бундай ривоят қилинади: (Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида(ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур) (Исро,36). Банда дунёда сўзлаган ҳар бир гапи, ўтказган сонияси ҳақида қиёмат куни сўралади. Вақтни зое қилиб, лағв сўзларни гапириб умр ўтказганлар қиёмат куни нажот тополмайди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир саҳоба вафот этди. Бир киши: “Жаннат муборак бўлсин”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай дема! Сен билмайсан, балки, у беҳуда сўзларни гапиргандир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Манфаатли нарса билан банд бўлиш, саломатлик ва нажот йўлидир. Инсон зиммасидаги мажбуриятларини билса ва масъулиятини ҳис этса, у ўзини ўша иши билан банд қилади. Шунингдек, дунё ва охиратда бахтли бўлишига сабаб бўладиган иш билан шуғулланади, ортиқча нарсаларни тарк қилади, фойдасиз машғулотлардан узоқ бўлади. Луқмони Ҳаким (раҳимаҳуллоҳ)дан “Бундай фазилатга етишингизга нима сабаб бўлди”, деб сўрашди. Луқмон Ҳаким (раҳимаҳуллоҳ): “Фойдасиз нарсаларни тарк қилиш”, деб жавоб берган.

Уламолар дунёда фойдали иш манфаатсиз нарсаларга нисбатан кам эканини эътироф этадилар. Агар банда фойдали иш билан банд бўлса, ёмонлик ва гуноҳлардан тийилади. Натижада, охирати учун солиҳ амал қилишга имконият туғилади. Манашу инсон манфаатли иш билан машғул бўлса, унинг дини гўзал, имони мустаҳкам ва тақвоси қувватли бўлишига далилдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким динини гўзал қилса, бажарган битта яхши амали ўнтадан етти юзтагача кўпайтириб ёзилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Манбаларда таом, ичимлик, кийим, яшаш жойи каби инсон ҳаёти учун зарур ашёлар ва дунё ва охиратда саломат бўлишига боғлиқ ишлар фойдали амаллар сирaсига кириши зикр қилинади. Бундан бошқа нарсалар беҳуда нарсалар ҳисобланади. Шунингдек, инсон ҳожатидан ташқари дунёвий мақсадлардан юз ўгириши лозим. Жумладан, ортиқча бойишни орзу қилиш, мансаб ва бошлиқликни хоҳлаш, бошқаларнинг мақтовини яхши кўриш кабилардан сақланиш фойдали ишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун баҳраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Раббингизнинг ризқи яхшироқ ва боқийроқдир” (Тоҳо, 131). 

Дунё ва охиратда бандага манфаати йўқ турли ўйинлар, ҳазл-мутойиба каби мубоҳ амаллар ҳам фойдасиз ишлар ҳисобланади. Мўмин-мусулмонлар бундай ишларни тарк қилишлари гўзал хулқ саналади. Чунки мазкур ишлар бебаҳо вақтни зое қилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Банданинг беҳуда нарсалар билан банд бўлиб қолиши, ундан Аллоҳ таолонинг юз ўгирганининг белгисидир”.

Фойдалик нарса билан банд бўлиш, бандани Аллоҳ таолога яқин қилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фойдалик нарсага ҳарис бўлгин”, дедилар” (Имом Муслим ривойати). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларни вақтни яхши ишларга сарф этишга чақирмоқдалар. Дунё охират экинзори. Умр қисқа дарахтнинг соясидек тез ўтиб кетади. Шунинг учун, ақллик инсоннинг ғами охират, мақсади жаннат бўлади ва қисқа умрини фойдалик нарсаларга сарф этади.

 

Манбалар асосида

Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади.

Read 5901 times

Мақолалар

Top