muslim.uz
ИСТИҚЛОЛ МУБОРАК!
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шукуҳли кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон ҳаёт, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади.
Мустақиллик Ўзбекистон халқининг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Руҳий ва маънавий эркинликлар инсон учун қадрли ва азиз неъматлар ҳисобланади. Айнан ана шу маънавий эркинлик ўтмишдаги аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни билиш, бутун оламга устоз бўла олган боболаримиз шахсини ўрганиш, улар билан фахрлана олиш мустақиллик шарофати билан юзага келди.
Мустақиллик... Бу сўз замирида қанчадан-қанча аждодларимизнинг йиллар давомидаги орзу ва армонлари, курашлари, эртанги кунга умидлари мужассам. Дархақиқат, истиқлол эл-юртимиз учун ўз такдирининг эгаси бўлиб, кадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний хақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича беқиёс имкониятлар очиб берди.
Мустақиллик йиллaридa жаҳон илм-фани, маданияти ривожига, инсоният маънавияти такомилига улкан ҳисса қўшган буюк aждoдлaримизнинг бeбaҳo меросини ўрганиш, шу билан бирга, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, беназир кашфиётларининг жаҳоншумул аҳамияти ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган ҳаракат бугун ўз самарасини бермоқда. Ҳозирги кунда ислом дини ва унинг тарихини ўрганишда жуда ноёб бўлган муҳим тарихий манбалар ва асарлар, жумладан, Қуръони карим, Имом Бухорий, Имом Термизийнинг ҳадис тўпламлари, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро ҳикматлари, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг инсонни етукликка чорловчи диний, маърифий, маданий, фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий асарлари ўзбек тилида чоп этилмоқда.
Ҳар бир миллат, xалқ учун озод, эркин, мустақил бўлиб яшаш, энг катта баxт. Мустақиллик куни биз учун энг улуғ, энг азиз байрамдир. Ҳар бир жамиятнинг келажаги унинг ажралмас қисми ва ҳаётий зарурати бўлган таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. Бугунги кунда мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизнинг узлуксиз таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, янги сифат босқичига кўтариш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги барчамизга сир эмас. Биргина таълимни ривожлантириш учун давлат бюджети харажатларининг 35 фоиздан ортиғи шу соҳага йўналтирилаётганлиги келажагимиз бўлган ёшларга бўлган эътиборнинг юксак намунасидир.
Келажак тараққиёти бугунги ёш авлоднинг ақлий тафаккури, билим тажрибаси ва касбий тайёргарлигига боғлиқдир. Ёшларни ҳаётда ўз ўринларини топиши, ўз салоҳиятларини эркин намоён эта олишлари ва уларни иш билан таъминлаш доимий давлатимизнинг диққат эътиборида бўлиб келмоқда.
Бугун ким билан гаплашманг, суҳбат мавзуси ўз-ўзидан бунёдкорлик ишларига бориб тақалади. Бу, табиий, албатта. Чунки сўнгги йилларда юртимизда қад ростлаётган бири-биридан гўзал ва муҳташам бинолар, кенг ҳамда равон йўллар, мустаҳкам кўприкларни кўриб, кўзимиз қувнайди. Миллий ва замонавий меъморчиликнинг энг юксак талаблари асосида қурилаётган бундай иншоотлардан биз қанчалик фахрланаётган бўлсак, хорижлик меҳмонларнинг уларга ҳайрату хавас билан боқаётгани, ўзбек меъморлари маҳоратига тан бераётгани, таъбир жоиз бўлса, биздан ибрат олишга ҳаракат қилаётгани ҳам рост.
Ҳар биримиз ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар, иқтисодий бўҳронлар, қирғинбарот жангу жадаллар, оммавий маданиятнинг салбий таъсирларига теран нигоҳ билан назар ташлаб, уларни юртимиздаги тинч-осойишта муҳит, улкан бунёдкорлик ишлари билан муқояса қилишимиз ҳамда шу Ватанда яшаётганимиздан бахтиёрлик туйғуларини ҳис этамиз. Орзу ва интилишлари қадр топган, келажагини яратиш учун барча шарт-шароитлар ҳозирланган жамиятда умргузаронлик қилаётганимизга шукрона айтамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”, деб марҳамат қилган (Бақара сурасининг 152-ояти). Шунга кўра, биз ўзимизда мавжуд бўлиб турган неъматларга шукрона келтиришни ёддан чиқармаслигимиз лозим бўлади. Зеро, ҳикматли сўзда: “Шукр қилиш борини боғлайди, йўғини чорлайди”, дейилган.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти мудирининг маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари
Зиёратгамас, саёҳатга келдик...
Диний эътиқод энг ҳассос туйғу. Шу боис оқиллар имон-эътиқод масаласида гап борганда ғоят эҳтиёткорлик билан мулоҳазали тарзда сўз юритади. Чунки улар билмасдан хато гап айтиб қўйилса, бунинг оқибати яхши бўлмаслигини билади. Хато гапириб қўймаслик учун эса, кишига фаҳм-фаросат ва пухта билим керак. Айтайлик, қайсидир дин ҳақида гапирмоқчи бўлган одам фақат ўша диннинг ўзининг мавжудлигини билиш билан кифояланган бўлса, у одам, албатта, хатога йўл қўяди. Бунинг сабаби унинг ўзи сўз юритмоқчи бўлган динда мавжуд бўлган йўналишларни билмаганидир.
Узоққа бормайлик. баъзиларимиз ўзимизнинг муқаддас динимиздаги мазҳаб, оқим, фирқалар ўртасидаги фарқнинг ҳам фаҳмига бормаймиз. Лекин бу нарсаларни билиш жуда ҳам муҳим. Илло, ана шулардан хабари бўлган одам бегона оқимлар таъсирига тушиб қолмайди.
Бу борада юртдошларимизга, айниқса, балоғат остонасидаги ёшларимизга муҳим қўлланма вазифасини исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби бажармоқда. Ушбу асар яна қайта чоп этилди. Бир неча бор нашр қилинган ушбу асарни ҳар сафар варақлаб кўрганда, албатта, нимадир ўрганиб олади одам.
Асар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Ундан зиёлилар ҳам, оддий китобхонлар ҳам бемалол фойдаланаверади. Унда худоликни, пайғамбарликни, валийликни даъво қилганларнинг асл қиёфалари маҳорат билан очилган. Шунинг баробарида бундай кимсаларга қаршилик қилиб, уларнинг манфур қилмишларини фош қилган аждодларимизнинг жасоратлари ҳам баён этилган. Масалан, “Чароғкуш” фирқасининг асосчиси бадахшонлик Носир Хисравнинг пайғамбарлик даъво қилиб кўплаб содда одамларни тўғри йўлдан чалғитгани, бунинг салбий оқибатлар келтириб чиқаргани баёнида ёзганда, ўша ҳийлагарнинг фаолиятига бобокалонимиз Амир Темур 14 ёшида барҳам берганига атрофлича тўхталиб ўтган.
Тўғриси, ушбу воқеани бир вақтлар Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома”сида ҳам ўқиган эдим. Аммо бу ҳодиса тарихий ҳақиқатмикан ёки халқ оғзаки ижоди намуналаридан биримикан, шуни билолмай юрган эдим. Ана энди ушбу воқеа мисолида “бўлар бола бошидан” деганларидек, Амир Темурнинг ўсмирлик чоғидаёқ қанчалик зукко, эътиқодда собит, туғма дипломат, ўткир сиёсатчи ва жасур жангчи бўлганини яна бир бор кашф этдик.
Бир йили қишда Тожмаҳални зиёрат қилишни ният қилиб Ҳиндистонга борган эдик. Деҳлида бизга йўлбошловчилик қилган йигит саёҳатимизнинг иккинчи куни “Атиргулга ўхшаган бир бино бор, бугун ўша ерга сайҳат қиламиз”, деди. Машинада борарканмиз узоқдан баландликда оппоқ атиргулга ўхшаган бинога кўзимиз тушди. У жуда катта боғнинг ичида жойлашган экан. Боғнинг дарвозасида тумонат одам навбатда туриб киришга чипта оляпти. Боғ ичидаги атрофига анвойи гуллар экилган йўлакдан “атиргул”га қараб бораверсангсиз турли шакллар ҳосил қилувчи фавворалар, ғайритабиий шаклга солинган дарахтлар, анъанавий усулда жуда чиройли ўсган яна бир катта дарахт ҳам бор эди – мажнунтолмиди, садақайрағочмиди, эслай олмайман – руҳингизда ўзгача кайфият уйғотади. Секингина гаплашаётган, бир-бирига жилмайиб боқаётган турли миллат вакилларининг бир-бирига меҳрибонликларини кўриб, ўзингизни латофали, майин бир оламда пайдо бўлиб қолгандек ҳис қиласиз.
Бинога яқинлашганда белгиланган жойда пойафзалимизнида ечдик, тартиб шундай экан. У ер кўприкча экан-да, кўприк остида ходимлар тураркан, улар ечилган пойафзалларни узалиб олиб бир елим идишга солиб қўяркан. Бинога қараб мармар зиналардан кўтарилиб бордик. Бинонинг олдида зилол суви яримлаган чиройли ҳовуз бор экан. Негадир менга ҳовузнинг суви табиийдек кўринмади. Чунки у жуда ҳам кўм-кўк эди. Денгизнинг шўр сувмикан, деб ўйладим. Аммо денгиз сувининг ҳам бу қадар кўм-кўк бўлганини кўрмаган эдим.
Жуда қизиқиш билан бинонинг ичкарисига кирдик. оппоқ мармардан қилинган узун столлар (скамека) саф тортган. Одамлар ўтириб олишибди. Биз ҳам ўтирмоқчи бўлгандик, аммо менинг яланғоч мармарга ўтиргим келмайди. Саҳнага ўхшаган бир жой бор экан, ўша ерда уч-тўрт одам тик турибди. Театрга келибмиз, бу одамлар ҳозир роль ижро этса керак, деб ўйладик. Бир оздан сўнг биз саҳнада деб турган одамлар ташқарига чиқиб кетди. Нима бўлганини тушунолмай, нарироқда ўтирган йўлбошчимизнинг олдига бориб гап сўрай бошлагандик, хизматчи қизлар лабини бармоғига босиб “жим” ишорасини қилди. Қаерга, нима учун келганимизни тушуна олмай чиқаётган эдик, устунлардан бирига араб, инглиз, рус тилларида ёзилган бир матнга кўзим тушиб қолди. Адашмасам, маъноси “Кимки бу ерга келса, дўзахга тушмайди”, қабилида эди. Бу ёзувни кўриб Ҳиндистондаги уч юздан ортиқ динлардан бирининг ибодатхонасига келиб қолибмиз-да деб қўйдим. Шу вақт қаршимга бир хушбичим йигит ва сарвқомат қиз илдамлаб келди. Улар қўлида буклет ушлаб олган эди. “Еnglish?” деб сўрашди. “no, rushshin”, деб жавоб қилдим. Қўлимга рус тилидаги буклетлардан бирини тутқазишди. Уни ўқиб кўрсам, биз “баҳоулло”чиларнинг “таъзим уйи” борибмиз. Улар бизга берган буклетда Баҳоуллоҳни ниҳоятда улуғлаб ёзишган эди. Аммо эътиқоди соғлом киши пайғамбарликни даъво қилган касни ҳурматлаши мумкинми?..
Йўлбошчимиз мураттаб қори бўлган ҳинд йигити қайсидир мамлакатдан келган меҳмонлар билан гаплашиб ортда қолиб кетган эди. Чиққани заҳоти:
– Нега бизни ақидаси чатоқ жойга олиб келдинг?! – деб заҳримни сочдим.
– Мен сизни зиёратга эмас, саёҳатга олиб келдим, ака! Мана бу бинонинг ҳашаматини кўринг, боғнинг чиройини томоша қилинг, гулларнинг гўзаллигига қаранг, уларнинг ақидаси билан нима ишингиз бор!..– деб жавоб қилди.
У ёш йигит. Эндигина 22 га тўлган. Ҳали кўп нарсани тушунмайди. Нимани қай ҳолатда кўрса, уни ўша ҳолича қабул қилади. У ҳашаматли бинога, чиройли боққа, анвойи гулларга мафтун. Унинг эгаларининг ақидаси билан иши йўқ. Аммо у ўзи билмаган ҳолда уларнинг тегирмонига сув қўйиб бу ерга сайёҳларни олиб келмоқда. Сайёҳлар руҳиятига эса махсус ҳосил қилинган муҳит таъсир кўрсатади. Энг муҳими, улар бу ерга кириш учун пул тўлайди. Ана шунинг ҳисобига баҳоийлар қувватланади. Дунёнинг турли жойларидан ана шундай ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган “таъзим уй”лари барпо этади. Уларни ҳам одамлар томоша қилгани бориб пул тўлашади... Ҳозиргача уларнинг сони еттитага етди. Улар Чикаго, Сидней, Кампала, Франкфурт, Панама, Апиа ва Деҳлида. Сайёҳлардан йиғилаётган маблағ ҳисобига шу йўсинда кўпайиб бораверади. Диний-сиёсий ҳаракат бўлган баҳоийлик ана шундай қилиб қулоч ёзмоқда.
Айнан шу жойга борганимизни батафсил ёзганимнинг сабаби – диний оқимларнинг инсон руҳиятига таъсир қилишда тутган устакорликларидан бирини сўзлаб бериш эди.
Ҳиндистондан қайтганим заҳоти “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” ва интернет сайтларидан баҳоийликка оид манбаларни очиб кўрдим.
Айдарбек Тулеповнинг ушбу асари мавзуга оид билимларимнинг янада бойишига ҳисса қўшди. Хусусан, икки масалада: “чароғкуш” фирқаси ва “баҳоийлик” диний-сиёсий ҳаракати тўғрисида билганларимизни тасдиқлаб олиб қалбимиз таскин топди. Шу вақтга қадар қулоғимизга ҳам чалинмаган хатарли оқимлар, тоифалар борлигини, уларнинг нимани исташлари, инсонларни қайси йўллар билан чалғитишга уринишларидан ҳам бирмунча хабардор бўлиб олдик.
Асарда ақидавий йўналишлар, фиқҳий мазҳаблар, диний оқимлар, тоифалар, худоликни, пайғамбарликни даъво қилган кимсалар ҳақида сўз юритилганки, буларнинг барчасини бугуннинг одами билиш керак. Ундан-бундан узуқ-юлуқ эшитиб юрган илм соҳибига ҳужжат бўла олмайди...
Дамин ЖУМАҚУЛ
Қурбонлик вақтида расмга тушиш риёми?
Шараф, фазилат ва баракада Зулҳижжа ойи Рамазондан қолишмайди десак муболаға бўлмайди. Чунки Рамазон ойида бўлгани сингари Зулҳижжада ҳам Ислом арконларидан бўлмиш фарз амаллар бажарилади. Зулҳижжа ойида ҳаж, қурбонлик ва такбири ташриқ каби амаллар мавжуд. Шунингдек, бу ойнинг аввалги ўн кунида бажарилган амалнинг савоби улкан бўлиши ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолога бошқа кунлардагига нисбатан, зулҳижжанинг ўн кунлигида қилинган ибодат маҳбуброқдир. У (зулҳижжаниниг аввалиги ўн куни)нинг ҳар кун рўзаси бир йиллик рўзага тўғри келади. Унинг ҳар бедор ўтган туни қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар”. Бу амаллар йилнинг бошқа бирор ойу кунида эмас, Ислом шариати белгилаб қўйган Зулҳижжа ойидагина бажарилади. Зулҳижжа ойининг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатларидан яна бири қурбонлик қилинишидир.
Қурбонлик закот ва фитр садақаси каби молиявий ибодатдир. Қурбонлик сўйган инсон буюк ажрга эришиб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Бирор кимса ўн динорни садақа, ёки шу пул эвазига гўшт олиб ҳадия қилди. Бошқа одам ўн динорга қўй олиб қурбонлик қилса, унинг мукофоти ва ажру савоби ҳамда қурбат ҳосил қилишда аввалги кимсадан афзалдир. Қурбонлик қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар, 2).
Ушбу ояти каримада беш вақт намоз ўқиш билан жонлиқ сўйиш бир каломда жамланиши ҳам қурбонликнинг нақадар муҳим эканига далолат қилади. Баъзи муфассирлар оятдаги “намоз ўқинг” жумласидан ҳайит намозини ўқиш ирода қилинган деганлар.
Моли закот нисобига етган инсонга жонлиқ сўйиш ҳанафий мазҳабида вожибдир. Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаслик муқаддас динимизда қайтарилган ишдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг имкони бўлиб, қурбонлик қилмаса, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар.
Ислом динининг манбаларида фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб каби амалларининг бажарилиш тартиби, ўзига хос одоби, ажрини кўпайиши ва савобини бутунлай бекор бўлишига сабаб бўладиган ишлар мукаммал тарзда баён қилинган. Шунингдек, қурбонликни ҳам савобини зиёда қилувчи одоблари мавжуд. Шу билан бир қаторда савобини ер билан яксон қилувчи риё деган иллат ҳам бор. Қурбонликнинг ўтган мавсумида интернет тармоғларида кўрган одам риё қиляпди деган гумонга борадиган фотосуратлар тарқалди. Фотосуратларда катта буқаларнинг сўйилаётгани, ариқларда уларнинг қони тўлиб оқаётгани акс этган. Бу фото соҳиблари “Кўриб қўйинг шундай катта ҳайвонни қурбонлик қиляпмиз” деётгандай гўё. Бу фотолавҳаларни кўрган инсон беихтиёр шундай гумонга боради. Биз бу фикрларимиз билан “у соҳибларни” риёкор дейишдан мутлоқ узоқмиз. Фақатгина азизларимиз умид билан қилган амаллари бекор бўлмасин деймиз.
Риё тўлиқ тузалиш қийин бўлган маънавий офатдир. Банданинг ўзига сезилмай, унинг барча ибодатларига кириб қолиши ҳеч гап эмас. Риё инсонни ҳалокатга етакловчи, дунё ва охиратда дўзах азобига дучор қилувчи касалликдир. Риё бандани амалининг савобини кетказиб, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва лаънатига дучор қилади. Риё фақирликни жалб қилиб, қиёмат куни ўз соҳибини юзини ерга қаратади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Бақара, 264).
Савобли ишни риёкорлик ва одамлар ичида обрў орттириш нияти билан бажарилса, у Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб қўйиши ҳам муқаррардир (Шайх Абдулазиз Мансур).
Аллоҳ таоло барча амаллар қатори, қурбонликларимизни ҳам қабул қилиб, фазли карами ила ажру савобларни беҳисоб берсин. Амалларни холис яратган учун қиладиган мухлис бандалардан бўлишни Ўзи насиб айласин.
Баҳриддин Жўрабек ўғли
Мустақиллик – буюк неъмат
Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 26 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий, ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир.
Мустақиллик йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Мамлакатимиз мутақиллигининг 26 йиллигини нишонлаш арафасида ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона баҳолаш ва уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоачилик, бутун халқимизнинг онги шуурига етказиш мақсадга мувофиқдир.
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди, халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда. Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз - эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.
“Мустақиллик” ва “ислоҳот” тушунчаларига муштарак сўзлар сифатида қарашимиз табиий, албатта. Чунки фақат мустақил давлат ва мустақил жамиятдагина ислоҳотларни амалга ошириш мумкин. Мустақиллик ҳам, ислоҳотлар ҳам инсоннинг яхши яшаши, муносиб турмуш даражасига эришиши учун зарур шароит яратди.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, давлатимиз суверенитети, чегараларимиз дахлсизлиги таъминланди, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини кучайтириш, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.
Иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган эски бошқарув тизимидан воз кечиб, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтилгани, пул-кредит сиёсати пухта ўйлаб олиб борилгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати учун йўл очиб берилгани макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиётнинг юқори суръатлар билан ривожланишини таъминлаш, инфляцияни прогноз кўрсаткичлари даражасида сақлаб қолиш, энг муҳими, халқимизнинг ҳаёт сифати даражасини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмоқда.
Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётганини ҳар томонлама ҳисобга олишни, шу асосда давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича стратегик ёндашув ва тамойилларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни тақозо этмоқда.
Олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш, ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш бўйича энг муҳим устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида ҳамда бутун халқимиз, айниқса, унинг энг фаол қатламига айланиб бораётган тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган ва қуйидагиларни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.
Бунга мувофиқ давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг 5та устувор йўналиши келтирилган:
- демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш;
- қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
- иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;
- ижтимоий соҳани ривожлантириш;
- хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлардир.
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатимизни модернизация қилишда парламентнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви ва давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, давлатнинг иқтисодиётни тартибга солиш борасидаги функцияларини қисқартириш, “ягона ойна” тамойили бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини кенг жорий этиш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш йўлида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришдан иборат.
Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юртдошларимиз томонидан одил судловга эришиш даражасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва хизматлар сифатини тубдан яхшилаш учун қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга эътиборни янада кучайтиришдан иборат.
Иқтисодиётнинг очиқлиги ва рақобатдошлигини ошириш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, етакчи ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилиш, молия-банк соҳасини тубдан ислоҳ этиш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ташқи иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм тармоғини самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш мақсадида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришдан иборатдир.
Ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.
Фармон билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия, шунингдек устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича комиссиялар ташкил этилди.
Ҳар қандай ғоя, агар у келажакка бўлган ишончни мустаҳкамласа, жамиятнинг кучи ва ресурсларини жалб қила олсагина, муваффақиятга эришиши мумкин. Шуни ғурур билан айтиш жоизки, аҳоли турли қатламлари билдираётган фикр-мулоҳазалар, таклифлар Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини янада кенг рўёбга чиқариб, одамларимизни шижоат билан эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга қодирлигини кўрсатди.
Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиш бўйича жамиятимизнинг барча қатлами якдиллик намойиш этаётгани халқимизнинг улкан муваффақиятлар, тараққиётнинг янги марраларига эришиш, пировардида одамларимиз турмуш даражасини янада ошириш имконини беради.
Малика НОРОВА,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Мадина шаҳрида
Жорий йилнинг 22 август куни Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари зиёратчилари, шу жумладан Президентимиз ташаббуси билан имтиёзли тарзда ҳаж сафарига юборилган 73 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ҳамроҳлари Мадина шаҳрига соғ-саломат етиб келди. Уларга 8 та шифокор ва 2 та ишчи гуруҳи ҳамроҳлик қилди.
Юртимиздан келган зиёратчилар Мадина аэропортида тантанали кутиб олинди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, хурмо ва зам-зам сувлари тақдим этилди. Зиёратчилар замонавий автбусларда Мадинадаги “Жавҳарат ар-Рошид” меҳмонхонасига жойлаштирилди.
Шунингдек, 73 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларнинг ҳамроҳларига меҳмонхонанинг қулай қаватларидан хоналар берилди ҳамда уларнинг ҳолидан доимий хабар олиб туриш учун шифокорлар бириктирилди.
Мадина ва Макка шаҳарларидаги меҳмонхоналарда узлуксиз ишчи гуруҳи штаби ва тиббиёт пункти фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, тиббиёт гуруҳи ходимлари томонидан ҳар куни жадвал асосида зиёратчиларнинг саломатликлари текширилиб, керакли муолажалар ва зарур тавсиялар бериб келинмоқда.
Зиёратчилар билан кунлик маънавий-маърифий учрашувлар, суҳбатлар давом этмоқда. Учрашувларда О.Юсупов, А.Мансуров, М.Йўлдошев ва А.Саатов томонидан юртимиздаги ислоҳотлар, миллий ва диний қадриятларимиз, ҳажнинг ташкилий жиҳатлари, хавфсизик чоралари, ҳаж ва умрага тегишли фатволар ҳамда шифокорлар томонидан шахсий гигиенага тегишли қоидалар тушунтириб борилмоқда.
Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратчиларимиз тартибли ва уюшган ҳолда ўз ибодатларини давом эттирмоқдалар.
Бугунги кунда Макка ва Мадина шаҳарларида об-ҳаво кундузи 40-420 кечқурун эса 30-320 ни ташкил қилмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.