Мақолалар

Қурбонлик вақтида расмга тушиш риёми?

Шараф, фазилат ва баракада Зулҳижжа ойи Рамазондан қолишмайди десак муболаға бўлмайди. Чунки Рамазон ойида бўлгани сингари Зулҳижжада ҳам Ислом арконларидан бўлмиш фарз амаллар бажарилади. Зулҳижжа ойида ҳаж, қурбонлик ва такбири ташриқ каби амаллар мавжуд. Шунингдек, бу ойнинг аввалги ўн кунида бажарилган амалнинг савоби улкан бўлиши ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Аллоҳ таолога бошқа кунлардагига нисбатан, зулҳижжанинг ўн кунлигида қилинган ибодат маҳбуброқдир. У (зулҳижжаниниг аввалиги ўн куни)нинг ҳар кун рўзаси бир йиллик рўзага тўғри келади. Унинг ҳар бедор ўтган туни қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”, дедилар”. Бу амаллар йилнинг бошқа бирор ойу кунида эмас, Ислом шариати белгилаб қўйган Зулҳижжа ойидагина бажарилади. Зулҳижжа ойининг бошқа ойлардан фазилатли жиҳатларидан яна бири қурбонлик қилинишидир.

Қурбонлик закот ва фитр садақаси каби молиявий ибодатдир. Қурбонлик сўйган инсон буюк ажрга эришиб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Бирор кимса ўн динорни садақа, ёки шу пул эвазига гўшт олиб ҳадия қилди. Бошқа одам ўн динорга қўй олиб қурбонлик қилса, унинг мукофоти ва ажру савоби ҳамда қурбат ҳосил қилишда аввалги кимсадан афзалдир. Қурбонлик қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар, 2).

Ушбу ояти каримада беш вақт намоз ўқиш билан жонлиқ сўйиш бир каломда жамланиши ҳам қурбонликнинг нақадар муҳим эканига далолат қилади. Баъзи муфассирлар оятдаги “намоз ўқинг” жумласидан ҳайит намозини ўқиш ирода қилинган деганлар.

Моли закот нисобига етган инсонга жонлиқ сўйиш ҳанафий мазҳабида вожибдир. Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаслик муқаддас динимизда қайтарилган ишдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг имкони бўлиб, қурбонлик қилмаса, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин”, деганлар.

Ислом динининг манбаларида фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб каби амалларининг бажарилиш тартиби, ўзига хос одоби, ажрини кўпайиши ва савобини бутунлай бекор бўлишига сабаб бўладиган ишлар мукаммал тарзда баён қилинган. Шунингдек, қурбонликни ҳам савобини зиёда қилувчи одоблари мавжуд. Шу билан бир қаторда савобини ер билан яксон қилувчи риё деган иллат ҳам бор. Қурбонликнинг ўтган мавсумида интернет тармоғларида кўрган одам риё қиляпди деган гумонга борадиган фотосуратлар тарқалди. Фотосуратларда катта буқаларнинг сўйилаётгани, ариқларда уларнинг қони тўлиб оқаётгани акс этган. Бу фото соҳиблари “Кўриб қўйинг шундай катта ҳайвонни қурбонлик қиляпмиз” деётгандай гўё. Бу фотолавҳаларни кўрган инсон беихтиёр шундай гумонга боради. Биз бу фикрларимиз билан “у соҳибларни” риёкор дейишдан мутлоқ узоқмиз. Фақатгина азизларимиз умид билан қилган амаллари бекор бўлмасин деймиз.

Риё тўлиқ тузалиш қийин бўлган маънавий офатдир. Банданинг ўзига сезилмай, унинг барча ибодатларига кириб қолиши ҳеч гап эмас. Риё инсонни ҳалокатга етакловчи, дунё ва охиратда дўзах азобига дучор қилувчи касалликдир. Риё бандани амалининг савобини кетказиб, Аллоҳ таолонинг ғазаби ва лаънатига дучор қилади. Риё фақирликни жалб қилиб, қиёмат куни ўз соҳибини юзини ерга қаратади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Бақара, 264).

Савобли ишни риёкорлик ва одамлар ичида обрў орттириш нияти билан бажарилса, у Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб қўйиши ҳам муқаррардир (Шайх Абдулазиз Мансур).

Аллоҳ таоло барча амаллар қатори, қурбонликларимизни ҳам қабул қилиб, фазли карами ила ажру савобларни беҳисоб берсин. Амалларни холис яратган учун қиладиган мухлис бандалардан бўлишни Ўзи насиб айласин.

 

Баҳриддин Жўрабек ўғли

Read 7681 times

Мақолалар

Top