muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 30 сентябрь 2016 00:00

07.10.2016 й. Ашуро кунининг фазилати

بسم الله الرحمن الرحيم

         Муҳтарам азизлар! Мусулмонлар тақвимининг биринчи ойи бўлмиш Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло ҳурматли қилган муқаддас тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, Ашуро куни алоҳида фазилатга эгадир. Бу куннинг фазилатини машҳурлигидан халқимиз Муҳаррам ойини Ашир ойи, деб номлайди.

         Муҳаррам ойининг ўнинчи кунини Ашуро деб номланиши Ислом дини билан боғлик эканлиги ҳақида аллома Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Машориқул анвор” асарларида баён қилиб, жоҳилият кишиларининг тилида “фоъуло” вазни ишлатилмаган, дейдилар.

         Инсоният тарихида Ашуро кунида бир қанча муҳим воқеалар содир бўлганлиги ҳақида  манбаларда баён қилинган. Жумладан, ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Танбиҳул ғофилийн” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: “Ашуро куни - Одам а.с.нинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ а.с. кемадан тушган ва бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутишган кундир. Агар сен ҳам ўша куни рўза тута олсанг, тутгин”.

         Ашуро куни жоҳилият араблари орасида ҳам эътиборли кун саналар эди. Оиша р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائشةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ : كَانَتْ قُرَيْشٌ تَصُومُ عَاشُورَاَء في الْجَاهليةِ وَكَانَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَمْ يَصُومُهُ فَلَمَّا هَاجَرَ إِلى الْمَدِينةِ صَامَهُ وَأَمَرَ بِصيامِهِ فَلَمَّا فُرِضَ شَهْرُ رَمَضانَ

 قَالَ مَنْ شَاءَ صَامَهُ وَمَنْ شَاءَ تَرَكَهُ . رواه الشيخان

яъни: “Қурайш қабиласидагилар жоҳилиятда Ашуро куни рўза тутар эдилар. Расулуллоҳ с.а.в. ҳам шу куни рўза тутардилар. Мадинага ҳижрат қилганларида ҳам шу куни рўза тутар, саҳобаларни ҳам рўза тутишга буюрар эдилар. Рамазон рўзаси фарз қилингач, - хоҳлаган киши Ашуро куни рўзасини тутсин, хоҳлаган киши тарк этсин, - дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

         Ашуро куни нафл рўза тутишлик суннат амал ҳисобланиб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилади:

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ،  رضى الله عنهما  أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَدِمَ الْمَدِينَةَ فَوَجَدَ الْيَهُودَ صِيَامًا يَوْمَ عَاشُورَاءَ فَقَالَ لَهُمْ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم‏"‏مَا هَذَا الْيَوْمُ الَّذِي تَصُومُونَهُ‏"‏‏.‏ فَقَالُوا هَذَا يَوْمٌ عَظِيمٌ أَنْجَى اللَّهُ فِيهِ مُوسَى وَقَوْمَهُ وَغَرَّقَ فِرْعَوْنَ وَقَوْمَهُ فَصَامَهُ مُوسَى شُكْرًا فَنَحْنُ نَصُومُهُ‏.‏ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ‏"‏فَنَحْنُ أَحَقُّ وَأَوْلَى بِمُوسَى مِنْكُمْ‏"‏.‏ فَصَامَهُ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ ‏. رواه الشيخان

яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. Мадинаи Мунавварага келганларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва: “Сизлар рўза тутаётган бу кун қандай кун?” – деб сўрадилар. Улар: Бу - улуғ кун. Бу кунда Аллоҳ таоло Мусо а.в. ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ этгандир. Шунинг учун Мусо а.с. бу куннинг шукронасига рўза тутганлар. Шу сабабли биз ҳам рўза тутмоқдамиз, деб жавоб бердилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Сизлардан кўра Биз Мусо а.в.га ҳақлироқмиз, дедилар ва шу куни рўза тутдилар, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар.

         Мазкур ҳадисдан қуйидагича хулоса қилиш мумкинки, қайси бир киши бирор улуғ неъматга мушарраф бўлса, унинг шукронасига ҳеч бўлмаса бир кун нафл рўза тутмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳафтанинг ҳар душанба куни нафл рўза тутар, саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида, У зот: “Мен шу кунда туғилганман ва шу куни пайғамбар бўлганман, - деб жавоб берганлар. Алҳамдулиллоҳ, бизнинг жонажон ватанимиз ҳам мустабид тузум исканжасидан озод бўлганига чорак аср бўлди. Шундай экан, бу улуғ байрамни ҳар қанча ибодат ва шукрона билан қарши олсак, шунча оздир.

         Азиз биродарлар! Ашуро кунининг рўзаси алоҳида фазилатга эгадир. Бу ҳақда қуйидаги ҳадисда баён этилган:

عَنْ أَبيِ قَتَادَةَ قَالَ مَرْفُوعًا: صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسنةَ الَّتِي بَعْدَهُ وَصِيَامُ يَوْمِ عَاشُوراءَ أحتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السنةَ الَّتِي قَبْلَهُ  (رواه مسلم

яъни: Абу Қатода р.а.дан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ с.а.в.дан ривоят қилиб айтадиларки: “Арафа кунининг рўзасини Аллоҳ таолодан ўтган йил ва келаси йилнинг гуноҳларига каффорат қилишини умид қиламан. Ашуро кунининг рўзасини ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат қилишини умид қиламан”. (Муслим ривояти).

         Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли китобларга мувофиқ келиб қолган амалларни уларга хилоф тарзда адо этиш одатлари бор эди. Ашуро куни рўзасини тутиш борасида ҳам У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу одатларига амал қилишни истаганлар. Бунинг далили қуйидаги ҳадисда баён этилган:

عن عبد الله بن عباس ـ رضي الله عنهما ـ قال: حين صام رسول الله صلى الله عليه وسلم يوم عاشوراء وأمر بصيامه قالوا : يا رسول الله إنه يوم تعظمه اليهود والنصارى! فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم : فإذا كان العام المقبل ـ إن شاء الله ـ صمنا اليوم التاسع .قال : فلم يأت العام المقبل حتى توفي رسول الله صلى الله عليه وسلم. (رواه مسلم

 яъни: Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ с.а.в. Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам шу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насоролар улуғлайдиган кун-ку! – дейишди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Келаси йил - Аллоҳ хоҳласа – тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, - дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ с.а.в. вафот этдилар. (Муслим ривояти).

         Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

         Бундан ташқари Ашуро кунининг фазилати борасида қуйидаги ривоят ҳам мавжудки:

يروى عن إبراهيم بن محمد بن المنتشر، عن أبيه أنه قال: بَلَغَنَا أَنَّهُ مَنْ وَسَّعَ عَلَى أَهْلِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ سَائِرَ سَنَتِهِ، قال سفيان بن عيينة: جربناه منذ ستين عاما فوجدناه صحيحا

яъни: Иброҳим ибн Муҳаммад ибн ал-Мунташирдан, у киши отасидан ривоят қилиб айтадики: Бизга келган хабарга кўра, ким Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиб берса, Аллоҳ таоло унга йил давомида кенгчилик қилиб қўяди. Суфён ибн Уяйна айтадилар: Биз бу хабарни олтмиш йилдан бери тажриба қиламиз ва унинг тўғрилигини топганмиз.

         Дарҳақиқат, инсон ўз аҳли оиласига ҳар қанча кенгчилик қилиб берса ярашади. Айниқса, фазилатли айёмлар ва шодиёна кунлари бунга алоҳида эътибор қаратилиши мақсадга мувофиқ. Зеро, ҳадиси шарифда марҳамат қилинган:

وَعَنْ أَبِي هُرَيْرة  رَضِي اللهُ عَنْهُ  قَالَ : قَالَ رَسُول الله - صلى الله عليه وسلم - : «دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ في سَبيلِ اللهِ ، وَدِينار أنْفَقْتَهُ في رَقَبَةٍ ، وَدِينارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ ، وَدِينَارٌ أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ ، أعْظَمُهَا أجْراً الَّذِي أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ». (رواه مسلم

яъни: Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ йўлида қилган бир динор инфоқинг, қул озод этиш учун қилган бир динор инфоқинг, мискинга қилган бир динор садақанг ва аҳлинга қилган бир динор нафақанг, буларнинг ичида савоби энг улуғи аҳлингга қилган нафақангдир”. (Муслим ривояти).

         Аллоҳ таоло ушбу фазилатли кунларда қиладиган барча эзгу амалларимизни даргоҳида қабул айлаб, Ўзининг ҳузуридан улкан ажру савоблар ато этсин. Омин!

Монголия Республикасининг Улан-Батор шаҳридаги иккита масжидда 4 минг нусхага яқин муқаддас Қуръони карим китоби тарқатилди. Акция давомида дунёнинг 145 мамлакатидан келтирилган муқаддас калом нусхалари бепул тарқатилган. Бу ҳақда muxlis.uz сайти хабар берди.
Бундан кўзланган мақсад юдамлар қалбида ислом дини ва унинг асл моҳиятини тўғрисидаги соф тушунчаларнинг ривожланишига кўмаклашиш эканини таъкидлайди ташкилотчилар.
Маълумотларга кўра, Монголияда аҳолининг 7 фоиз қисми ислом динига эътиқод қилади, дейилади хабарда.

 

 

Четвер, 29 сентябрь 2016 00:00

Қалбларни титратган воқеа

2016 йилнинг 24 августида Италия пойтахти Рим шаҳридан 150 км узоқликда жойлашган Пескара-дель-Тронто шаҳрида даҳшатли зилзила содир бўлди. Ушбу зилзила шаҳар аҳолисини карахт аҳволга солиб қўйди. Қутқарувчилар ва ўтўчирувчилар тирик қолганларни қутқариб қолишга бор кучлари билан ҳаркат қилишди. Туну кун тиним билмаётган қутқарувчилар, хароба уйларни кўздан кечираётган бир пайтда, қулаган девор бўлаклари остидан 4 ёшлар атрофидаги Giorgia Renaldo исмли қизалоқни топиб олишди. Мўъжиза сабаб бу қизалоқ тирик қолганди. У нафас олаётганди. Унинг беғубор юзчаси моматалоқ бўлиб, сочлари чангга беланиб ётган бўлсада, тақдири илоҳий сабаб у тирик эди.

Қутқарувчилардан бири бўлиб ўтган воқеъани бундай изоҳлайди: “Биз қулаб тушган девор остида қолган бир қизалоқни кўрдик, у тахминан 8-9 ёшлар атрофида эди. Уни устидан девор бўлакларини олиб ташлар эканмиз, аллақачон, унинг жони узилиб, танаси музлаб бўлган эди. Лекин бизни ҳайратга солган воқеъа, у бағрида 3-4 ёшлар атрофидаги бир қизалоқни қучоқлаб ётарди. У қизалоқ эса нафас олаётганди. Кейин билдикки, бу унинг синглиси Giorgia Renaldo экан. Чамамда, зилзила бошланиб, деворлар қулай бошлаганда, опа ўз синглисини қаттиқ қучоқлаб олган. Қулаб тушган деворнинг бир бўлаги, опанинг устига қулаган, у шу заҳотиёқ ҳаётдан кўз юмган. Синглиси яраланган бўлсада, у тирик қолган.  Чунки қулаган девор бўлаги синглисини бағрига босиб олган опанинг танасига келиб урилган ва у шу заҳотиёқ вафот этган”.  

Ҳа, ҳақиқатан ҳам, опанинг ўз синглисига бўлган муҳаббати, унинг ҳаётини сақлаб қолишга сабаб бўлди. Опанинг меҳри ва жасорати барчани юм-юм йиғлатди. Ушбу воқеъанинг эртаси куни ўз синглиси ҳаётини сақлаб қолган жасоратли қизалоқнинг дафн маросими бўлди. Уни кўзларда шашқатор ёш билан сўнгги манзилга кузатишди...

Дафн маросимида қутқарувчилардан бирининг қизалоққа ёзиб келган мактуби йиғилганларни кўзига ёш келтирди. Унда қуйидаги жумлалар ёзилганди: “Ўз мардлиги ва жасорати билан қалбларни ларзага солган қизалоқ, бизни кечир...биз сени қутқариб қололмадик. Биз кечикдик...Сени қидириб топганимизда, мурғак тананг музлаб қолганди, сени бу ҳолатда кўриб қалбимиз эзилди, қўлларимиз қалтираб, кўзларимиз ёшланди. Биз сени қутқаришга кечикдик... бироқ сен ўз жигаринг, меҳрибон синглингнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун мардларча жон бердинг...бу жасоратинг олдида барчамиз бош эгамиз! Биз сени жуда яхши кўрамиз...”.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси

Маълумки, мамлакатимиз олдида турган энг муҳим мақсад-вазифа: дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани уддалайдиган ишончли, кучли, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, бугун жамият ҳаётига дадил кириб бораётган навқирон авлодни тарбиялаш зарур.

Бу борада ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган фидойи ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ. Юртбошимиз айтганларидек, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Албатта, илм маскани ва илм, маърифат нурини тарқатувчи устозларга буюк эҳтиром ва эъзозимизни изҳор этамиз.             Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, инидаги чумоли, денгиздаги балиққ ҳам яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “Устоз нимаики айтса, шогирд уни жон дили билан эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиши керак”, дейилади.

Буюк саҳобалардан Ҳазрати Али устозлар ҳақида шундай деганлар: "Менга алиф ўргатган кишининг қулиман, хоҳласа, умрбод кишанбанд қилиб ишлатсин, истаса, озод қилсин".

Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар! Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

Устоз ва мураббийлар ҳақида ҳикматли сўзлар:

Агарки дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир.
Ислом Каримов

Ҳак йўлинда ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганч ила.
Алишер Навоий

Устоз-муаллимсиз қолганда замон?
Нодонликдан қаро бўларди замон.
Абдураҳмон Жомий

Ҳаёт йўлида биринчи масала - мактаб масаласидир. 
Фитрат

 

Сиздан бошланади асли тафаккур,
Мунис муаллимлар, сизга ташаккур! 
Абдулла Орипов

Чинакам шогирд бор нарсалар негизида мавҳум нарсалар ривожини ўрганади ва шу йўл билан устозига яқинлашиб боради.
И.Гёте

Ўқитувчининг бутун фикри ўқувчиларида, ўзи сочган уруғларнинг ўсишидадир.
Д.Менделеев

 

Акбаршоҳ Расулов,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси

Четвер, 29 сентябрь 2016 00:00

Бўлажак қуръоншунослар

Таълим сифати ва самарадорлигини оширишда турли тадбирлар ва фанлар доирасидаги мусобақаларни ўрни беқиёсдир. Айниқса, маълум бир фанлар бўйича ўтказиладиган кўрик-танлов ва мусобақалар талабаларни ушбу фанларга оид билимларини бойитишга хизмат қилади.

Жорий йил 26 сентябрь куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида ЎМИнинг 11.09.2014 йил 01А/066-сонли “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларида фан ойликларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда билим юртининг 25.08.2016 йил 191-сонли буйруғига асосан сентябрь ойида ўтказилаётган “Қуръони карим ва тажвид ва нутқ маданияти” фанлари ойлиги режасига мувофиқ, дарс соатларидан сўнг 2-,3,-4-курс талабалари ўртаси “Бўлажак қуръоншунослар” номли мусобақа ўтказилди.

Мусобақада талабалар олти жамоага бўлинган ҳолда Қуръони карим ва тажвид фанига оид билимлари доирасида қуйидаги шартларга кўра:

  • Қуръон сураларини ёзиш ва тажвид қоидаларини таҳлил қилиш;
  • Тезкор савол жавоб;
  • Мусҳафи Усмонийни ўрганамиз;
  • Берилган калималардан қуръоний жумлаларни ажратиш;
  • Қуръони карим оятларидан тажвид қоидаларига мувофиқ гўзал тиловат қилиб бериш;
  • Сураларни тартиби ва оятлари сони билан кетма-кет айтишув;
  • Оятларни маъносидан топиб олиш;
  • Деворий газета шартлари бўйича беллашдилар.

Тадбирда билим юртининг барча фан ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.

Тадбир сўнгида билим юрти ўқитувчиларидан Содиқжон Мадмусаев, Шавкатжон Мадаминовлар мусобақа давомида талабаларни иштирокини баҳолаб, тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

Бўлиб ўтган шартларга кўра жамолар қуйидаги ўринларни эгалладилар:

Биринчи ўрин – “Ҳилол” жамоаси;

Иккинчи ўрин – “Ирфон” ва “Зиё” жамоалари;

Учунчи ўрин – “Зиннур” жамоасига насиб этди.

Мусобақа ғолиблари билим юртининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Таълим ва кадрлар тайёраш бўлими

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top