muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 23-25 сентябрь кунлари Москва шаҳрида  XVII Москва Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Шунингдек, шу кунларда Россия Федерацияси муфтийлари кенгашига 20 йил тўлиши муносабати билан ҳам тадбир ўтказилди. 17 йилдан буён РФ муфтийлари кенгаши Москвада бўлиб ўтадиган мусобақага энг яхши қориларни таклиф этади. Ҳар йили Шарқ ва Ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этади. Бу йилги мусобақада 30 нафар мамлакатдан қорилар иштирок этишди. Қувонарли жиҳати, мазкур мусобақада юртимиз вакили Рўзиев Асадулло қори ҳам муносиб қатнашди.

Мусобақада Россия, Монако, Туркия, Эрон ва Баҳрайндан ташриф буюрган қорилар ҳакамлик қилдилар. Халқаро мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўрин Малайзиялик қори Абдулла Фаҳмига насиб этди. Қолган ўринларни Ироқ, Баҳрайн, Эрон ва Яманлик қорилар эгаллашди.

Мусобақа сўнгида ажойиб бир анъана ташкил қилинди яъни ғолиб бўлган қорилар Қуръони каримнинг хоҳлаган жойидан  бир бетдан ўқиб бериб барчани хушнуд қилишди.

Қориларни Россия мусулмонлари идораси ҳамда муфтийлар кенгаши раиси шайх Равиль  Гайнутдин қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.

Эслатиб ўтамиз, Москва Халқаро Қуръони карим мусобақаси Россия Федерацияси Ташқи ишлар Вазирлиги ҳамда Москва шаҳар ҳокимияти кўмагида ўтказиб келинмоқда. 2010 йилдан буён ушбу мусобақа ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказиладиган тадбирлар рўйхатига киритилган.

 

 

                                                                                                     Халқаро алоқалар бўлими

Середа, 28 сентябрь 2016 00:00

Ҳалол ҳайдовчи

Бирлашган Араб Амирлигида ўрнак олса бўладиган бир воқеа юз берди. Такси ҳайдовчиси орқа ўриндиқда унутилиб қолдирилган 500 минг АҚШ долларини ўз эгасига қайтариб берди. Маълум бўлишича, Покистонлик ҳайдовчи Жанубий Кореялик тадбиркорни Дубайдаги Шаржа аэропортига олиб бориб қўйгач, орқа ўриндиқда сумка қолиб кетганини пайқаган. Шундан сўнг, у зудлик билан полицияга хабар берган, улар эса тадбиркорни топишган ва пулини қайтаришган. Ушбу қилган яхшилиги учун ҳайдовчи Шаржа йўллари ва транспортлар идораси томонидан мақтов ёрлиғи  ва 820 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағи билан мукофотланди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу такси ҳайдовчиси ўтган йили Эрон фуқароси унутиб қолдирган 13 минг АҚШ доллар миқдоридаги пул солинган сумкани ҳам ўз эгасига қайтариб берган эди.

  

                                                Моҳира Зуфарова

таржимаси.

 

 

Юртдошларимиз бу йилги барча хизмат ва амалий  ишлардан мамнун бўлдилар. Таҳририятимизга келган кўплаб ташаккурномалар бунга яққол далилдир.

Дарҳақиқат, то Она Ватанимиздан жўнаб, Мадина ва Макка шаҳарларига бориб жойлашгунларига қадар катта ҳурмат ва иззатда бўлдилар. Улар учун тикилган махсус кийимлар, «Ҳаж» қўлланмаси, шифокорлар кўриги, замонавий махсус автобуслар, янги меҳмонхоналар ва у ерда яратилган шарт-шароитлар ҳамда ўзимизнинг ошпазларимиз томонидан ҳожиларимиз учун тайёрланган миллий таомларимиз, қўйингчи барча-барчаси юртдошларимизнинг муқаддас масканларда эмин-эркин ибодатларини адо этишлари учун муҳайё қилинди. Юртдошларимиз бундай имкониятларни яратиб берган ҳукуматимизга ва шу ишларга мутасадди бўлган барча раҳбарларимизга чексиз ташаккурлар йўллаб, ҳақларига дуо-ю хайрлар қилдилар. Шунингдек, Яратганга илтижолар қилар эканлар, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Она Ватанимизнинг бунданда гуллаб-яшнашини сўраб дуо-ю фотиҳалар қилдилар.

Аллоҳ таоло барчанинг ҳажини қабул айлаган бўлсин!

Шимолий Америкадаги энг йирик Торонто университети  математика ва мантиқ фанлари устози профессор Горий Маляр насронийлик динига даъват қилувчи, муқаддас китоб Инжилдан хабардор киши эди. У ўз фан соҳаси математика, мантиқни жуда яхши кўрганидан ҳар бир ишга мантиқий ёндашишга ҳаракат қиларди.

Кунларнинг бирида профессор мусулмонларни насронийлик динига даъват қилишида кўмак бўлади, деб Қуръони каримдан хатолар излашга киришади. У Қуръони каримни араблар маданияти, турмуш тарзлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган, 14 аср олдин тушган қадимги китоб бўлса керак, деб ўйлайди.

Кечки пайт хонасига кириб Қуръони каримни қўлига олади. Китобдаги жумлаларни ўқир экан, ўйлаган нарсаларидан умуман бошқа маълумотларни кўриб ажабланади. Қуръони карим дунёдаги бошқа бирорта китобда топилмаган маълумотларни ўз ичига олганини билади. Аслида, у ҳозир китобни очсам, биринчи бўлиб Муҳаммад пайғамбарнинг ҳаётидаги бошидан кечирган оғир кунлари; аёли Хадичанинг, фарзандларининг вафоти ҳақидаги маълумотларга дуч келсам керак, деб ўйлаган эди. Бироқ у ҳақда бирор маълумот топа олмади. Қуръони каримдаги бутун бошли бир сура Марям онамизнинг номи билан номланганини, сурада Марям онамизга кўрсатилган юксак эҳтиромларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайди. Сабаби бу олим ўзи ўқиган китоб Инжилда ҳам бундай эҳтиромларни учратмаган эди. Кейин у Қуръоннинг бошқа суралари пайғамбарнинг энг суюкли хотини Ойша ёки фарзанди Фотиманинг номи билан номланганмикан, деб қидирадию бирор сура бундай ном билан номланмаганини кўради. Қуръони каримни варақлаб Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) номлари бор йўғи 4 марта зикр қилинганини, Исо (алайҳиссалом) эса 25 маротаба зикр қилинганини кўриб ҳайрати янада ортади. Бундай маълумотларни ўқиётган Горий Маляр энди Қуръонни диққатлироқ ўқий бошлайди. Шояд, ундан бирор хато топса. Бу сафар у ажойиб бир оятга тўқнаш келади. У “Нисо” сурасининг 82 ояти эди:

  «Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар».

Профессор бу оятни ўқиб бундай дейди: “Қизиқ, ҳозирги кундаги машҳур илмий принципга кўра ҳар хил назариялардаги хатоларни топиш, уларнинг сохталиги ёки ҳақиқийлигини ўрганиб тадқиқ қилиш бўлса, бу Қуръон карим мусулмонларни ҳам мусулмон бўлмаган барча инсонларни ҳам ўзидан хато топишга чорлаётганига қаранг, унинг устига Қуръон: “Ҳаргиз бирор хато топа олмайсизлар”, деб таъкидлаган. Дунёда бирор бир муаллиф китоб ёзиб: “Бу китоб хатолардан холи, қани бирор хато топиб кўрингларчи”, деб айтишга журъат қила олмайди. Лекин Қуръонда, бунинг акси ўлароқ сизга: “Унда бирор хато йўқ”, деб айтилган, аниқроғи сизга унда хато қидиришни таклиф қиляпти, кейин ортидан “Ҳаргиз топа олмайсиз”, дейишга журъат ҳам қиляпти”.

 Профессор яна бир оятни ўқиб узоқ ўйланиб қолади. Бу “Анбиё” сурасининг 30 ояти эди:

«Кофир бўлганлар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) яхлит бўлганини, бас, Биз уларни ёриб юборганимизни ва барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам имон келтирмайдиларми?!»

Профессор бу оятни щыиб қуйидагиларни айтган: “Аниқ айта оламанки, бу оят  1973 йили “Нобел” мукофотига эга бўлган илмий тадқиқотнинг мавзуси ҳисобланади. Тадқиқот “Big Bang”, яъни катта портлаш назарияси ҳақида эди. Унда келган маълумотларга кўра, борлиқ, ундаги еру осмонлар, юлдузлар айнан ана шу катта портлаш натижасида пайдо бўлган экан. Оятда келган (رتق) “Ротқ” калимаси,  яхлит бир нарсани билдирса, ундан кейин келган (فتق) “Фатқ” калимаси, эса ўша яхлит нарсани парчаланганини, ёрилганини англатади. Қизиқ, мазкур назариянинг айни ўзи-ку! Оятнинг кейинги қисмига келсак, унда ҳаёт манбаи – сув ҳақида гап кетяпти, яъни: «...барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!»  

 Ҳозирги замон илм-фани тирик ҳужайра ситоплазмадан ташкил топганини, ситоплазманинг асосий қисми эса, яъни 80 фоизи сувдан иборатлигини исботлади. Шундай экан 1400 йил илгари ёзишни ҳам ўқишни ҳам билмайдиган Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу гапларни қаердан ҳам биларди, агар у Аллоҳ таоло томонидан ваҳий орқали билдирилмаса, деганча узоқ ўйга чўмади. Хонада сукунат, ниҳоят профессор Горий Маляр Қуръони карим Ҳақ таолонинг китоби эканини тан олиб Исломни қабул қилади.  Бу ҳолат 1977 йили содир бўлади. Шундан кейин у дунёнинг турли ўлкаларида Ислом дини ҳақида маърузалар олиб боради. Хусусан, маърузаларининг бирида мусулмонларга қараб бундай дейди:

“Эй, мусулмонлар агар бошқа дин вакилларига қараганда сизларга берилган неъматларнинг ортиқлигини билсангиз эди, муслима онадан дунёга келиб ва унинг қарамоғида тарбия топганларингиз, мусулмон бўлганингизга шукр қилиб сажда қилар эдингиз. Агар сизлар ва бошқа дин вакилларидаги илоҳиёт, рисолат, пайғамбарлик, қайта тирилиш, ҳисоб-китоб бўлиши, жаннат ва жаҳаннам назарияларига эътибор бериб қарасангиз, Аллоҳ таоло сизларни мусулмон қилганига шукр қилиб сажда қилган бўлардингиз. Чунки бошқа дин вакиллари назидидаги бу назариялар мантиққа тўғри келмайди, уларни саломат ақл қабул қилмайди”.  

Профессорнинг “Ал-Қуръанул музҳил” (Ҳайратга солувчи Қуръон),  “Ал-фарқ байнал Қуръан вал китаб ал-муқаддас” (Қуръон билан, муқаддас китоб орасидаги фарқ), “Назротун исламийятун ли асалибил мубашширин” (башорат берувчилар услубларига исломий қараш) каби  Ислом дини ҳақида ёзган китоблари ва ундан бошқа бир қанча китоблари бор. Унинг кўплаб китоблари инглиз тилида интернет сайтларида чоп этилган. Горий Малярнинг маърузалари натижасида кўплаб инсонлар Ислом динини қабул қилдилар.   

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ғиёсиддин БАРАТОВнинг араб тилидан таржимаси

 Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади. Шу сабаб деҳқонинг бир номи ҳам араб тилида “кофир”дир. Чунки у уруғни ерга яширади, яъни экади. Бу ҳақда Қуръонда бундай келади:

 «(У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур» (Ҳадид, 20). 

Самарқандий, Фахриддин Розий, Имом Қушайрийлар ўз тафсирларида кофирлардан мурод – деҳқонлар деган бўлсалар, бошқа муфассирлар ҳақиқий кофир ҳам деб ўтганлар.  Бир инсонга нисбатан кофир дейилиши ботил ила ҳақни беркитгани сабаблидир.

Куфр шаръий истилоҳда имоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди: «Бизлар (бу икки китобнинг) ҳар бирига кофирдирмиз», дедилар (Қасос, 48).

Шу эътибордан шаръий маъноси ва луғавий маъноси ўзаро узвий боғлиқдир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Дуррур мухтор” асарида бундай дейилади: “Куфр шариатда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.

Шариатда мусулмонни унинг мусулмон эканлигига қарши далил топилмагунича мусулмон, деб ҳукм қилинади. Зеро, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

Бир мусулмонни кофирга чиқаришдан олдин куфрга сабаб деб ўйланаётган у гапирган сўзи ёки ишига қараш, уни яхшилаб ўрганиш шартдир. Зеро, барча фосид сўз ёки иш куфр қилувчи эмасдир. Шунингдек, барча инсонлар ўзгаларни кофирга чиқаришдан сақланмоқлари, бу ишдан қочиб, бу жуда нозик масала бўлгани учун ҳам уни олимларга ҳавола этиш вожибдир. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом  Муслим ривояти).

 Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом  Муслим ривояти).

Агар бир мусулмон одам куфрга ўхшаш сўзни гапириб қўйса, модомики унинг сўзини бошқа бир яхши маънога йўйишнинг имкони бўлса, уни кофир дейилмайди. Шунингдек, у гапирган сўзни куфр сўз эканлигида олимлар ўртасида ихтилоф бўлса, агарча у ихтилоф заиф ривоятда келиб, ривоятда у сўзни куфр эканлиги шак қилинган бўлса-да, у мусулмон кофирга чиқарилмайди.

Зеро, мусулмонни нима нарса имонга олиб кирган бўлса, ана ўшандан тонишгина имондан чиқариб юборади. Чунки кишидаги мавжуд ислом шак билан йўқ бўлмайди. Ислом шак билан йўқ бўладиган нарса эмас. Агар бир киши бир сўзни айтиб қўйса ё қилиб қўйса ва бир қанча таъвилларга кўра у кофир бўлиши керак бўлган вақтда биттагина таъвилга кўра у кофир бўлмаслиги чиқса, бу масала нозик бўлгани ва мусулмон ҳақида яхши гумон қилиш лозимлиги эътиборидан ана шу бир кўринишга кўра, у кофир эмас дейилади. Олимлар шунга фатво беришган. Бундан ташқари куфр жиноятнинг энг юқориси бўлиб, у жазонинг ҳам энг юқорисини тақозо қилади. Энди шак ва эҳтимол билан эса бир одамга энг катта жазо қўлланмайди ( Раддул мухтор хошияси. III жилд. 385 бет).  

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатар сабабидан Қуръони карим ва Сунна ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарган. Жумладан Нисо сураси 94-оятида Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутинг! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингизлар.  Сўнгра Аллоҳ сизга неъмат ато этди. Бас аниқлаб иш тутингиз! Албатта Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир”.

Бу оятни нозил бўлиши ҳақида Ибн Касир ўз тафсирида бундай дейди: Имом Аҳмад Ибн Аббосдан ривоят қиладилар: “Бану Салимдан бир киши ўзининг қўйларини боқаётганида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларининг бир гуруҳининг олдидан ўтиб туриб, уларга салом берди. Улар: “бизга салом берма, балки биздан паноҳ сўра”, дедилар. Сўнг уни ўлдирдилар, кейин уни қўйи билан Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига олиб келдилар. Сўнг ушбу оятни “Эй имон келтирганлар...” дан охиригача нозил бўлди.

Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра, бирор бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.

Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари ҳам аҳли қибла бўлганларнинг бирортасини кофирга ҳукм қилмаган эканлар.

Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) фақатгина бидъат аҳлидан бўлган хаттобийларни очиқ суратда ҳаромни ҳалол деганлари учун кофирга ҳукм қилган эканлар.

Таҳовий ақидасида: “Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи кабира туфайли кофир санамаймиз”, дейилади (Ал-Манҳажус саҳиҳ фи фаҳми ақидати аҳли сунна вал жамааъ. Ҳасан Али Саққоф,703-бет). Шунингдек, бошқа ақида ва уларга ёзилан шарҳларда катта гуноҳ қилган кишилар гарчи уни содир этиш пайтида вафот этса ҳам, қилган ишини ҳалол санамаса, кофир бўлмаслиги, агар ўз уқубатларини дунёда олса катта гуноҳи учун каффорот бўлиши, мабодо вафот этса, бу – Аллоҳнинг хоҳиши: хоҳласа азоблаши, хоҳласа кечиши баён этилган.

Ақида илимининг етук билимдони Абул Ҳасан Ашъарий айтадилар: “Мен аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармайман. Чунки уларнинг барчалари ёлғиз маъбудга ибодат қиладилар”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўзга инсонни кофир дейиш, унга жаҳаннамда абадий қоласан, дейишга тенг гапдир. Бунинг устига жамият кишилари орасида унинг ўрнини ўз билганича белгилаб бериш демакдир. Бу иш жуда нозик бўлгани ва эҳтиёткорликни талаб қилгани учун ҳам зинҳор бу ишга шошилмаслик керак. Балки бу ишларни ўз эгалари: олимлар, муфтийлар ҳукмига ҳавола қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганликлари ҳам бу ишни нақадар нозик эканлигини белгилаб беради. Биз юқорида кўрганимиздек, У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса, бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса гапирувчининг ўзига қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) деганлари ҳам бизга ибрат ўлароқ етади.

 

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Н.Саидакбарова

3 босқич талабаси Р. Бадриддинова

 

 

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top