www.muslimuz
ЗУЛҲИЖЖА ОЙИ КИРИБ КЕЛДИ. БУ ОЙДА ҚАНДАЙ АМАЛЛАР БАЖАРИЛАДИ?
Зулҳижжа сўзи қандай маънони англатади?
“Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради.
Зулҳижжа ойи қандай ой?
Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.
Зулҳижжа ойи қандай фазилатларга эга?
Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулҳижжа ойининг ўн кунидаги амалдан кўра афзалроқ амал йўқдир”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ойда тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорот бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Зулҳижжа ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони кўп айтардилар: "Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаху лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайьин қодийр" (Имом Термизий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, 19 июнь душанба куни Зулҳижжа ойининг 1-кунидир, ИншаАллоҳ.
(https://telegra.ph/file/9bc6c1baa4b5b59409d05.jpg)
Даврон НУРМУҲАММАД
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar
Каъбапўш ҳақида сўзловчи робот
Сўнгги йилларда Саудия Арабистони ҳукумати зиёратчиларга қулай шароитлар ҳозирлаш мақсадида ақлли роботлардан кенг фойдаланишни йўлга қўйди. Хусусан, яқинда Каъбатуллоҳда Каъбапўш ҳақида гапирувчи робот технологиясини жорий этди.
IQNA сайти маълумотига кўра кўра, Масжид ал-Ҳаром ва Масжид ан-Набавий Бош бошқармаси “Твиттер”га Каъба кисвасини сақлаш ва уни ўрнатиш ҳақида маълумот берадиган, Қирол Абдулазиз музейига ташриф буюрувчиларни кутиб олаётган робот видеосини жойлаштирди.
Бу робот зиёратчиларга араб, инглиз, француз, рус, форс, турк, малай, урду, хитой, бенгал ва ҳауса тилларида музей ҳақида тушунча беради.
Масжид ал-Ҳаром ва Масжид ан-Набавий Бош бошқармаси раҳбари Абдурраҳмон Ас-Судайс таъкидлашича, ҳаж вақтида зиёратчилар учун янгиланган хизматлар қаторида энг янги технологиялар ва сунъий интеллект механизмларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Шундай қилиб, зиёратчилар тажрибасини бойитиш, ҳаж ибодатларининг қулай ва осон бажарилишини таъминлаш учун ақлли роботлар ва электрон дастурлардан фойдаланилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳамдардлик билдирамиз
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар мобайнида диний-маърифий соҳада хизмат қилган Жалолиддин домла Нуриддиновнинг укаси Салоҳиддин Нуриддиновнинг вафоти муносабати билан барча оила аъзоларига, яқинларига, чуқур ва самимий таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечирсин, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ушбу оғир дамларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, устоз Жалолиддин Нуриддиновга ҳамдардлик билдирамиз, Аллоҳ таолодан сабру жамил тилаймиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!
«Мусибат етганда "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз", деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳаж мавсумида Қуръони карим нусхалари янгиланди
Саудия Aрабистонидаги Масжид ал-Ҳаром ва Масжид-ан-Набавий ишлари бўйича бош бошқармаси Ҳаж мавсуми учун режалари доирасида Масжид ал-Ҳаром масжидидаги 35 мингдан ортиқ Қуръони Карим нусхаларини янгисига алмаштиришни эълон қилди.
IQNA сайтининг “Тавасол” матбуот хизматига таяниб хабар беришича, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосидаги Қуръон лойиҳасида Қуръоннинг турли тилларга, хусусан, инглиз, урду ва индонез тилларига таржималари Масжид ал-Ҳаромдаги Қуръон ўрнини эгаллаган.
Бу масжидда “Тафсир ал-Майсар”, “ал-Жавомиу” (Қуръон Усмон Тоҳо қўли билан ёзилган ва оятларни ўқишни осонлаштириш учун катта варақда) ва Молик Фаҳд мажмуаси томонидан чоп этилган Қуръон нусхалари мавжуд.
Байтуллоҳ зиёратчиларининг Қуръони Каримга киришини кенгайтириш мақсадида Масжид ал- Ҳаром ва Масжид ал-Набавий ишлари бош бошқармаси томонидан жавонлар ва бошқа тегишли жойларга Қуръони каримнинг янги нусхалари жойлаштирилди.
Байтуллоҳ зиёратчиларига кўпроқ хизмат кўрсатиш ушбу дастурнинг энг асосий мақсадларидан бири деб эълон қилинди.
ЎМИ ходими И.Аҳмедов тайёрлади.
ҲАЖГА КЕТАЁТГАН АЁЛЛАРГА ТАВСИЯЛАР (2-қисм)
Меҳмонхоналарда:
- Мадина шаҳрига борганда меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади.
- Меҳмонхонада оз вақт бўлишни, ҳажга нима мақсадда боришни доим ёдда сақлаган ҳолда гуруҳ раҳбарининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиши керак.
- Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик, хоналарда таомланмаслик талаб этилади.
- Хонадошлар билан жанжалашмаслик, бошқаларнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик керак.
- Меҳмонхоналарда, Мино, Арофат ва Муздалифада сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
Ошхонада:
- Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.
- Меҳмонхоналардаги ошхоналарда, Мино, Муздалифа, Арофатда зиёратчиларга бериладиган маҳсулотларни фақат ўзига кераклигини олиши, меъёрдан ошиқ олмаслик, берилаётган маҳсулотлар бошқа зиёратчиларнинг ҳаққи бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим.
Масжидга ёки бошқа жойларга кетиладиган бўлса:
- Ҳар намозга чиққанда калитни топшириш шарт эмас. Бутунлай чиқиб кетаётганда калитни топшириш керак.
- Шахсини тасдиқловчи бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
- Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан гуруҳ раҳбарини огоҳлантириб қўйиш лозим.
"Ҳажга кетаётган аёлларга тавсиялар" рисоласидан
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.