www.muslimuz
Олмотада янги масжид очилди
Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Олмота шаҳрининг Олатоғ туманида "Алгабас" жоме масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу масжидда илк жума намози адо этилди. Бу ҳақда azan.kz нашри хабар берди.
Масжид 1200 нафар намозхонни сиғдира олиши маълум қилинган. Тантанали очилиш маросимида Қозоғистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Наврўзбой ҳожи Таганўғли иштирок этган.
Масжид қурилиши икки йил давом этиб, икки қаватдан иборат шаклда қурилган. Ҳудудда таҳоратхона, аёллар учун алоҳида намозхона ташкил этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Равил Гайнутдин: мусулмон жамоалар сони икки мингдан ошди
"25 йил аввал бизнинг диний идорамиз таъсис этилган вақтда унинг таркибида 40 жамоа бўлган бўлса, уларнинг сони бугунги кунда икки мингтага етди". Бу ҳақда Россия мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Равил Гайнутдин ташкилотнинг Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган ҳисобот-сайлов анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, бугунги кунда диний идора раҳбарлиги остида 400 дан ортиқ масжидлар, мусулмон маданият марказлари, намозхоналар ва ўқув билим юртлари қурилди, қайтарилди, реставрация қилинди, очилди ва жиҳозланди.
“Биргина Москва шаҳридаги мусулмонларнинг сони икки ярим миллиондан ошди, Москва вилояти ва Санкт-Петербургда камида бир миллион диндошларимиз яшайди. Екатеринбург, Пермь, Тюмень, Омск, Ростов шаҳарларида юз минглаб мусулмонлар бор. 2014 йилдаги охирги анжуманимиздан кейин 50 га яқин масжидлар, мусулмон маданият марказлари, намозхоналар очилди. Бу муддат ичида идорамиз томонидан 126 та янги диний ташкилотлар қайд этилди, ҳудудий мухтасибатлар кўринишидаги 14 та янги марказлаштирилган диний ташкилотлар таъсис этилди”, - дейди Равил Гайнутдин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Москвада қанча мусулмон яшаши маълум қилинди
Gazeta.ru нашрининг маълум қилишича, Россия муфтийлари Кенгаши раиси Равил Ғайнутдин Москвада 3-4 миллион нафар мусулмонлар истиқомат қилишади. Бундай рақамлар шаҳар маъмурияти томонидан ҳам келтирилган. Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики Москвада янги масжидаларни қуришга эҳтиж юқори.
"Известия" газетасига берган интервюсида Равил Ғайнутдин Россияда мусулмонлар сони кундан кунга ортиб бораётганини қайд этган.
Собиқ совет даврида Москвадаги жоме масжидига Ҳайит намозлари вақтида 35 минг мусулмон ташриф буюрган бўлса, бугунги кунда бундай айёмларда 130 минг нафардан ортиқ мусулмонлар ташриф буюришлари айтилган.
1997 йилда Москва шаҳри мэри шаҳарда 800 минг мусулмон яшаши ҳақида маълумотни эълон қилган эди. Бу сон бугунги кунда 4 миллионга яқинни ташкил этади.
Муфтийлар кенгаши раисининг айтишича, Россияда бугунги кунда 8 мингдан ортиқ мусулмонларга тегишли диний обидалар мавжуд. Бироқ бу мусулмонлар учун камлик қилади.
Москва шаҳри думаси депутати Магомет Яндиевнинг фикрича Москвада масжидлар етишмаслиги маълум. Мусулмонлар сонининг қанчалиги эса бу муҳим масала эмас.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
АЖИБ ОДАМЛАР ОРАСИДА ЯШАЯПМИЗ
- Бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган баъзи кимсалар омонатдорлик ҳақида гапирса!
- Баъзи хоин кимсалар хиёнатнинг зарарлари ҳақида гапирса!
- Айрим қўрқоқлар шижоат ҳақида асарлар ёзиб, шеърлар битса!
- Баъзи ўғри, порахўр, судхўрлар ҳалоллик ҳақида ваъз ўқиса!
- Баъзи беҳаё, ярим-ялонғоч, бетгачопар аёл-қизлар иффат, уят, ибо, мулойимлик ҳақида гапирса!
- Баъзи золимлар адолат ҳақида насиҳат қилса!
- Ташқи кўриниши, юриш-туриши ва ҳаёт тарзида маънавият ҳамда зиёнинг асари йўқ баъзи кимсалар маънавий юксалиш, ахлоқий фазилатлар ҳақида нутқ қилса!
Мана шу ҳолатлар иш эгаси бўлмаганларга топширилганининг аломати эмасми?! Бу эса қиёматнинг аломати эмасми?!
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : إِذَا ضُيِّعَتِ الأَمَانَةُ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ قَالَ : كَيْفَ إِضَاعَتُهَا يَا رَسُولَ اللَّهِ ؟ قَالَ : إِذَا أُسْنِدَ الأَمْرُ إِلَى غَيْرِ أَهْلِهِ فَانْتَظِرِ السَّاعَةَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон омонат зое бўлса, қиёматни кутавер», дедилар.
«Унинг зое бўлиши қандоқ, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло барчамизни ТЎҒРИ ЙЎЛда собитқадам қилсин! Ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни насиб этсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
АЁЛЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاء بِمَا فَضَّلَ اللّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنفَقُواْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِّلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللّهُ وَاللاَّتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلاَ تَبْغُواْ عَلَيْهِنَّ سَبِيلاً إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيّاً كَبِيراً
“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир”.
(Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.) (Нисо сураси, 34-оят).
Солиҳа аёл қандай бўлиши ва бунинг мукофотлари ҳақида мана бу ҳадисларга ҳам эътибор қаратайлик:
عَنْ سَعِيدِ بْنِ أَبِي سَعِيدٍ ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : خَيْرُ النِّسَاءِ إِذَا نَظَرْتَ إِلَيْهَا سَرَّتْكَ وَإِذَا أَمَرْتَهَا أَطَاعَتْكَ، وَإِذَا غِبْتَ عَنْهَا حَفِظَتْكَ فِي مَالِكَ وَنَفْسِهَا
Имом ибн Жарир Тобарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларнинг яхшиси – назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.
عن عبدالرحمن بن عوف قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذا صَلَّتْ المرأةُ خمسَها ، وصامَتْ شَهْرَها ، وحفظَتْ فَرْجَها ، وأَطَاعَتْ زَوْجَها ، قيل لها : ادْخُلِي الجنةَ من أَيِّ أبوابِ الجنةِ شِئْتِ .
Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», деганлар.
Демак, аёл киши эри унга назар солганда, гап-сўзлари ва ташқи кўриниши билан эрини қувонтирса, эрининг буюрган ишларини чиройли қилиб бажарса, эри унга гуноҳ бўлмаган ишларни айтганда, “хўп” деб итоат қилса, эри борлигида ҳам, йўқлигида ҳам ўз иффатини, номусини, эрининг мол-мулкларини муҳофаза қилса, намозини вақтида ўқиса, рўзасини ихлос билан тутса, унга охиратда Жаннатга истаган эшигидан кириш имконияти берилар экан.
Ҳа, азизлар! Агар аёл киши юқоридаги оят ва ушбу ҳадисларга амал қилиб, ибодатларини ўз вақтида адо этиш билан бирга эрига итоат қилса, бу дунёда энг яхши аёл мақомига, охиратда эса Аллоҳнинг улуғ мукофоти – Жаннатга сазовор бўлади.
Шу боис ҳар бир аёл ана шундай улуғ мукофотга эришишга астойдил ҳаракат қилмоғи лозим.
Аллоҳ таоло барча аёлларни солиҳа аёл мақомига эришиб, охиратда Жаннат билан мукофотланишини насиб этсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.