www.muslimuz

www.muslimuz

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси биносида хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўлими вакиллари Малайзиянинг PacPlus Resources, Midlands Aviation Asia Pacific (M) Sdn.Bhd. ва Malaysia-Uzbekistan Chamber of Commerce компаниялари вакиллари билан учрашди.

Хорижий делегация вакиллари Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинаётган чора-тадбирлар ҳамда туристик соҳанинг тезкор ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан хабардор қилинди. 85 мамлакат, шу жумладан Малайзия фуқаролари учун визасиз режимнинг жорий этилиши, виза жараёнларининг соддалаштирилиши, электрон виза бериш тизимининг йўлга қўйилиши, шунингдек машҳур хорижий ОТМларни жалб қилган ҳолда туризм соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Малайзия компаниялари вакиллари туризм секторида инвестиция лойиҳалари учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар билан батафсил таништирилди. Ўз ўрнида, хориж томон ташрифнинг сифатли ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдириб, икки томонлама ҳамкорликнинг бошланиши Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётган даврга тўғри келганини қайд этди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, Малайзия компаниялари вакиллари икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга бор кучларини сарфлашга тайёр эканини маълум қилишди. Учрашув доирасида зиёрат туризми салоҳиятли йўналишлардан бири сифатида эътироф этилиб, салоҳиятли сармоядорларга республикада уни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида зарур маълумотлар берилди.

Меҳмонлар Малайзияда “Имом Ал-Бухорий” номи зиёрат туризми бўйича туристлар сонини оширишга туртки бера олувчи бренд экани, зеро у ердаги ислом издошларининг сони 3 миллион кишини ташкил қилишини таъкидлашди. Шу билан бирга, туристик оқимни ошириш йўлида авиақатновларни ташкиллаштириш таклиф этилди. Яна бир муҳим йўналиш сифатида туристик хизматлар сифатини ошириш ва кадрлар малакасини оширишга доир дастурлар таклиф қилинди.

Учрашув якунига кўра, томонлар ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги ҳамда бундан кейинги ҳамкорлик режаларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мали Республикаси Президенти Иброҳим Бубакар Кейтага табрик мактубини юборди. Ушбу мактубда Шавкат Мирзиёев Мали Республикасининг Мустақиллик куни билан Мали президенти ва халқини самимий қутлаган. Бу ҳақда president.uz сайти хабар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Понеділок, 23 сентябрь 2019 00:00

ИБН ЖАВЗИЙ РАҲИМАҲУЛЛОҲ

«Зикр қилинишича, Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг қўлида 20 000 (йигирма минг)дан ортиқ яҳудий ва насронийлар Исломга кирган.

У киши сабабли 100 000 (юз минг) киши тавба қилган.

Ўзлари 2000 (икки минг)дан ортиқ асар тасниф этганлар.

Ана шундай олим шогирдларига: «Агар Жаннатга кирганингизда, орангизда мени топмасангиз, «Эй Роббим, фалон банданг бизга Сени эслатиб турарди» деб мен ҳақимда сўранглар» дедилар-да, сўнгра йиғлаб юбордилар. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин!

Бугун эса биз амални кам қиладиган бўлиб қолдик. Баъзимизнинг орзуларимиз жуда улкан. Агар (улар) бир кунда беш вақт намоз ўқиса, ўзини жаннат хушхабари берилганлардан деб ўйлайди.

Баъзимиз агар Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг «Арбаъийн» ҳадис китобини ёд олса, ўзини «Шайхул Ислом ва дунё имоми» деб ҳисоблайди. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ».

Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ

«Зайл Табақот ал-Ҳанабила» китобининг

2-жилд, 481-бетида келтирган.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва валиаҳд Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни миллий байрам – Саудия Арабистони Подшоҳлиги эълон қилинган кун билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Дуо

Ё Аллоҳ! Меҳрибон Роббим! Хотимамизни гўзал қилгин! Калимаи Шаҳодатни айтиб жон беришимизни осон айлагин, омин!

*****

Муҳим вазифа

- Ассалому алайкум, устоз. Сизга шогирд бўлиб, илм ўрганмоқчиман, қалбим пок бўлишини, ахлоқим гўзал бўлишини хоҳлайман.

- Ва алайкум ассалом. Гуноҳларинг камайганда келасан.

Орадан тахминан уч йил ўтиб, ҳалиги йигит яна келди.

- Ассалому алайкум. Устоз, мен келдим. Шу ўтган йиллар мобайнида гуноҳдан тийилдим. Энди шогирдликка қабул қиласизми? Менга ҳам вазифа берасизми?

- Ва алайкум ассалом. Сенга уч йил олдин берганман вазифани. Гуноҳлардан тийилиш. Шу ишда бардавом бўлгин!

*****

Етмиш йилдан ортиқроқ ўқидим. Мана бундан чиройлироқ ҳикмат топмадим:

«Албатта, тоатнинг машаққати кетади ва савоби қолади. Албатта, гуноҳларнинг лаззати кетади ва иқоби қолади».

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Агар ака-укалар биргалашиб ишласалар, тоғлар ҳам олтин конларига айланади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тилдан бошқа барча аъзоларга чарчоқ, қарилик етади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Юраётган йўлингга тикон сочма, тиконли ўсимлик экма. Эҳтимол ўша йўлдан ялангоёқ ҳолда ўтишинг мумкин.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳақиқат, гарчи унга ҳамма қарши бўлса ҳам, ҳақиқатлигича қолаверади!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тарихдаги энг катта иккиюзламачилик ва лаганбардорликлардан бири

 

Мамлуклар ҳукмронлиги даврида Мисрда зилзила бўлди. Шунда шоирлардан бири подшоҳга: “Мисрда зилзила бўлмаяпти. Балки (Миср) сизнинг адолатингиздан хурсанд бўлиб, рақсга тушяпти” деди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар бир инсоннинг ахлоқини билмоқчи бўлсангиз, бошлиқлари билан эмас, балки ўзидан қуйироқ кишилар билан қандай муомала қилишига қаранг!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top