muslim.uz
Выставка «Мечети мира» открылась в ОАЭ
Выставка под названием «Мечети мира», организованная Dubai Culture при сотрудничестве с Центром культурного обмена им. шейха Мухаммеда, открылась в Jumeirah Mosque в Дубае.
Экспозиция продемонстрирует фото мечетей из 15 стран мира. При этом все работы - участники шорт-листа международной награды Hamdan Bin Mohammed Bin Rashid Al Maktoum International Photography Award в Instagram.
По данным Islam-today, выставка продлится до 31 октября, она будет открыта ежедневно с 9:30 до 20:00 (кроме пятниц). Стоит отметить, что мечеть Jumeirah является одной из самых старых в Дубае и наиболее часто попадающих в объектив фотографов. Она вмещает в себя до 1,3 тыс. человек.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана
Инсон қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин
Мамлакатимизда Қурбон ҳайити катта байрам сифатида нишонланмоқда. Жойларда сайиллар ташкил қилиниб, беморлар, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни йўқлаш каби эзгу ишлар давом этмоқда. Қурбон ҳайити муносабати билан дам олиш кунлари белгиланганлиги юртдошларимизни беҳад мамнун қилди.
– Саксон ёшни қоралаяпман, – дейди Марҳамат туманидаги Етти Ўқчи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тоштемир ота Қаюмов. – Кеча Қурбон ҳайити намозини ўқидик. Масжидда намозхонларга яратилган шароитларни кўриб, беихтиёр кўзимга ёш келди. Хаёлимда ҳайит намозлари ўқилиши таъқиқланган собиқ шўро давридаги одамларнинг саргардон бўлган йиллари гавдаланди. Адашмасам, 1984 йилнинг декабри эди. Одамлар ҳайит намозини ўқиш учун “Миришкор ота қабристони” этагида жойлашган масжидга ошиқарди. Мен ҳам ўғилларим ҳамроҳлигида ўша масжидга бордим. Масжид атрофи одамлар билан тўла, милиция ходимлари ҳеч кимни ичкарига қўймаётган эди. Бот-бот “Ҳайит намози ўқилмайди, уй-уйларингга тарқалинглар!”, деган буйруқ берилади. Одамлар ортга чекинмас, дақиқа сари кўпайишда давом этарди. Барибир рухсат берилмади. Шунда қишлоқ оқсоқоллари маслаҳатлашиб, намозни масжид ёнидаги далада ўқиймиз дейишди. Ўшанда икки минг чоғли одам ҳайит намозини ёмғир остида ўқидик.
Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бугун ибодат қилишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Масжидларимизда зарур шароитлар яратилган. Бу албатта, истиқлол шарофатидан. Илоҳим, тинч-осойишта, инсонлар қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
Имоми Аъзам заковати
* * *
Имоми Аъзамни дўст кўрмайдиган бир кимса у зотдан сўради: “Жаннатни умид қилмайдиган, дўзахдан қўрқмайдиган, ўлимтик ейдиган, руку ва саждасиз намоз ўқийдиган, кўрмаган нарсасига гувоҳлик берадиган, ҳақни ёмон кўрадиган ва фитнани яхши кўриб, раҳматдан қочадиган, яҳудий ва насронийлар сўзларини тасдиқлайдиган киши ҳақида нима дейсиз?”
– У одам Аллоҳ таолонинг ҳақиқий дўстларидандир. Негалигини баён қилсам, тилингни ёмон сўзлардан тиясанми?
– Ҳа, тилимни беҳуда сўзлардан тийиб тавба қиламан.
– Унинг сифати бундай: у одам жаннатни умид қилмайди, балки жаннатнинг Парвардигорини умид қилади; дўзахдан қўрқмайди, балки дўзахнинг Парвардигоридан қўрқади; балиқнинг ўлимтигини ҳам ейди; жаноза намозини руку ва саждасиз ўқийди; Аллоҳ таоло билан Пайғамбарни кўрмасдан, Худонинг бирлиги ва борлигига ҳамда Муҳаммад (алайҳиссалом) Худонинг бандаси ва пайғамбари эканига гувоҳлик беради; Аллоҳ таолога узоқ йил тоат қилмоқ учун ўлимни ёмон кўради; мол-дунё ва фарзанд фитна бўлса ҳам, яхши кўради; ёмғир Аллоҳнинг раҳмати бўлса ҳам, ундан қочади; “Яҳудийлар: “Насронийлар ҳеч нарсада йўқ” десалар, насронийлар: “Яҳудийлар ҳеч нарсада йўқ”, дейдилар...” (Бақара, 113) оятини тасдиқлайди.
Шунда савол сўраган киши ўрнидан туриб, Имоми Аъзамнинг қўлларини ўпди ва: “Гувоҳлик бераман, мазҳабингиз ҳақдир, энди инкорим қолмади”, деди.
* * *
Ибн Муборак Имоми Аъзамдан сўради: “Қайнаб турган қозондаги овқатга бир учар қуш тушиб ўлса, қозондаги гўшт билан шўрванинг ҳукми қандай бўлади?” Имоми Аъзам уламо шогирдларидан: “Сизлар нима дейсиз?” деб сўради. Шогирдлари Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят келтирдилар, “Шўрвани тўкиб, гўштини ювиб, еса бўлади”. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) айтди: “Бу фатво қозон қайнамай турган вақтда тўғри бўлади. Аммо қайнаб турган вақтда гўштни ҳам ташлаб юбориш керак. Зеро, нажас гўштнинг ичига таъсир қилиб, ифлос қилади. Қайнамаган пайтда эса, нажас гўшт ичига таъсир қилмайди, шунинг учун тоза сувда ювиш билан пок бўлади”. Ҳамма улуғ имомнинг заковатига қойил қолди.
* * *
Кунларнинг бирида Имоми Аъзамнинг қўшнисининг товуси йўқолди. Қўшни Имоми Аъзамга келиб: “Товусимни ўғри олибди, энди нима қиламан?” деди. Имоми Аъзам масжидга бордилар. Маҳалла одамларини ҳам йиғдилар. Имоми Аъзам ҳеч кимни кўрсатмай баланд овозда: “Бу одамни қаранг, қўшнисининг товусини ўғирлабди, яна уялмасдан намоз ўқийман, деб масжидга келибди. Ҳолбуки, унинг бошида товуснинг патлари кўриниб турибди”, дедилар. Шунда бир киши шошиб бошини қоққан бўлди. Имоми Аъзам унга айтди: “Энди сен товусни қайтариб бергин”. У Имомнинг айтганини қилди.
* * *
Бир хотин эгизак туғди. Бу икки болани орқаси бир-бирига ёпишган эди. Уларнинг бири ўлди. Куфа уламолари “Ҳар иккови кўмилади”, дедилар. Аммо Имоми Аъзам: “Ўлгани тупроққа кўмилсин, тириги то ажралгунича тупроқнинг устида турсин”, деди. Ҳазрат Имоми Аъзам айтганларини қилишди. Бир куни тириги ажралди ва узоқ умр кўрди. Одамлар унга “Имом Аъзамнинг ўғли” деган лақаб қўйишди.
* * *
Бир гуруҳ даҳрийлар ҳазрат Имоми Аъзамни ўлдирмоқчи бўлишди. Имоми Аъзам: “Сизлардан бир масала сўрайман, кейин хоҳлаганингизни қиласиз”, деди ва: “Бир кеманинг ичи тўла мол бўлса ва денгиз тўлқинли бўлса, кемачи бўлмаса, бу кема ўз-ўзидан нажот топиб, бирор тарафга кета оладими?” деб сўради. Даҳрийлар: “Мумкин эмас, бу иш мушкулдир”, деб жавоб беришди. Сўнгра Имоми Аъзам айтди: “Бу дунёнинг борлиги, атроф-муҳитнинг ўзгариб туриши, оламда жараён этаётган шунча ишлар бир яратувчи ва бошқариб турувчисиз содир бўла оладими?” Шунда ҳамма даҳрийлар тавба қилиб, яроғларини ғилофига солишди ва Тангри таолонинг бир ва борлигига имон келтиришди.
“Ҳидоят” журналидан
ЎМИ матбуот хизмати
Мўмин бахтсиз бўлмайди!
– Мўмин қандай бўлмайди?
Ҳар галгидек бир яхши гап айтишингизни билганим, тезроқ эшитгим келгани учун, ўйламасдан ҳам туриб, “шаҳар бераман”.
– Наҳот, ҳадис эсингизда йўқ?
– Ёлғончи бўлмайди!
– Тўппа-тўғри. Лекин ўзим айтмасам, барибир тополмайсиз. Мўмин ҳеч қачон бахтсиз бўлмайди!
Дугонам Сурайё билан суҳбатдан.
Ҳар гал сиз билан суҳбатлардан кўнглим мунаввар тортади, хазина топган камбағалдек қувонаман. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Сиз айтган биргина жумла мен учун қанчалар хотиржамлик, ҳикматлар олиб келганини билсангиз эди!
Ахир, шу гапингиз қанча саволларимга жавоб, неча кузатувларимга асос бўлди. Жуда кўп фойдаландим, яна фойдаланаман. Ахир, ҳикмат – мўминнинг йўқотган нарсаси, қаердан топса, олишга, корига яратишга ҳақли.
Аввало, одам ҳеч қачон ўзини бахтсиз ҳис қилмасин, шундай бўлдими, у аламзада борлиққа айланади. Кўзига ҳамма нарса ёмон кўринади. Ўй-хаёл ҳолдан тойдиради, ҳафсаласиз бўлиб қолади. Аллоҳ сақласин, бу аҳвол бора-бора эгасини исёнга бошлайди.
Аслида, одамнинг бошидан нималар ўтмайди, дейсиз! Баъзан синовлар шиддати қошида инсон ақлини йўқотар даражага етиши мумкин. Бу одамзодга хос ҳолат. Кимдир ўзини унутиб, бирпас бўлса ҳам ғамини енгиллатиш учун ножоиз йўлларни тутади. Кимлардир жонига қасд қилишгача боради. Фақат мўмин одам синовларнинг қийматини билади. Чунки у кўнглидаги хотиржамликнинг бош сабаби – имтиҳонлар онамиздан ҳам меҳрибон Зотдан эканини англайди. Бошига неки келмасин: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” дея ҳақиқатни таъкидлайди. Яратганнинг Одам (алайҳиссалом) ва зурриётларига қасамёд этиб, огоҳлантирганини ёдида тутади: “...ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад, 4–5). Ва яна билади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5–6).
Мусибат ва синовлар пайғамбарлар, авлиёлар йўли эканини мўмин киши унутмайди. Шу сабабли ҳам у бахтсиз бўлмайди. Намоз билан, ибодат билан, итоат билан сабр қилади. Кўзёшларини кўрсатмай йиғлашнинг, ғами билан бошқаларга озор бермасликнинг, атрофдагиларга табассум қила олишнинг, кўнгли вайронлигини яшириб, бир вайрон дилни обод этишнинг уддасидан чиқади.
Энг яқин кишиси кўнглини синдирган, алданган мўминни кўрдим, кўзи намли, дили ғамли эди. Юзида кўнгли каби синиқ табассум: “Шунақа бўлиши ҳам мумкин экан-да...” Кейин нарироқда етаклашиб кетаётган жажжи болакайларнинг бири йиқилганини кўриб, сапчиб туриб ўша томонга югурди.
Кичкинтойни ўрнидан турғизиб, кийимларини қоқиб, бошини силаб қўйди...
Молини йўқотган мўминни кўрдим, бошқалардек кўзёш тўкди, йиғлади ва ҳолатига бир оздан кейин изоҳ берди: “Топганимга ҳаром аралашган экан-да, Ўзи кечирсин. Гуноҳларимга каффорат бўлсин...”
Умидлари, чиройли орзулари кундан-кун чил-чил бўлиб бораётганини жимгина кузатаётган мўминни кўрдим. Ғамлар юрагини сиқувга олиб, дунёга сиғмас даражага келтирган... Шу ҳолида ҳам ўзини йўқотмай, йиғлай-йиғлай бошини саждага қўяётган, “Нега мен бахтсизман?” деб эмас, “Ўзинг борсан, ҳолимни кўриб турибсан, мен учун нимада, кимда хайр борлигини Сен биласан. Кўзёшларимнинг ажрини беришингдан, мендан бу азобларни кўтариб, ёруғлик, енгилликлар ато этишингдан умидворман”, дея дуо қилаётган...
Фарзандини тупроққа топширган мўминни кўрдим. Охирги йўлга кузатиш олдидан: “Сўнг сафарингиз бехатар бўлсин”, дея фарзанди бошини силаётган... Кимлардир дод-вой қилаётган жойда, “Қўйинглар, боламга озор етмасин”, дея ўзи бош бўлиб таҳлилу такбир айтаётган... “Жигаргўшамни Ўзингга омонат топширдим”, дея кўзёшларини артаётган... Ўзи сингари фарзанд доғини кўрганларга ажру мукофот сўраб дуо қилаётган, нажотни ибодатдан, тиловатдан ахтарган... Аммо “Бахтсизман” сўзини оғзига олмаган...
Имтиҳоннинг турлари кўп, кимга ундоқ, кимга бундоқ. Қайғусиз, муаммосиз инсоннинг ўзи йўқ. Мўмин ҳам одам, балки синовлар онида оғзини тўлдириб “Бахтлиман” дея олмас, бироқ “Бахтсизман” демайди, бу сўзнинг исёнлигини билгани учун ҳам. Чунки у тафаккур қилади, ҳар қадамидан ҳикмат ахтаради...
Бу – менинг кузатувларим. Сўзимга яна сизнинг гапингиз билан нуқта қўйишни истадим, дўст. “Балки бошқалар учун бир нарсани йўқотиш, ҳамма нарсасини бой беришга баробардир. Лекин мўмин ҳеч нимаси қолмаганида ҳам Аллоҳ борлигини билади, таскинни ибодатдан қидиради. Кўнглида Аллоҳ севгиси, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) ёди, ширин соғинчлар, Дийдорга ишонч, эзгу ниятлар, қўлида Қуръони бўлган одамни синовлар енга олармиди? Шунча тенгсиз неъматлар ичидаги одам бахтсиз бўладими?”
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
ЎМИ матбуот хизмати
Болага суннатга риоя қилишни ўргатинг!
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юбориш билан мўмин-мусулмонларга катта инъом кўрсатди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ҳидоят йўлига бошлаш учун келганлар.
Суннат сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзлари, бажарган амаллари ҳамда саҳобаларнинг қилган ишларига билдирган ижобий муносабатларини ўз ичига олади. Суннат Ислом динимиз таълимотининг Қуръондан кейинги асосий манбаъларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида қилган хутбаларида шундай деганлар: “Эй инсонлар! Мен сизларга шундай нарсаларни қолдириб кетяпманки, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсизлар, улар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир” (Ҳоким ва Байҳақий ривояти).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб, у Қуръон оятларининг маъносини янада кенгроқ тушинишга, ундаги аҳкомларни батафсил баён қилишга хизмат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари У зотнинг ҳаёт тарзларидан иборат бўлиб, уларни амалда татбиқ қилиш Аллоҳнинг ва расулининг кўрсатмаларига амал қилиш демакдир. Унутилиб кетган суннатларидан бирортасини рўёбга чиқариш эса, У зотнинг ҳаёт тарзларини қайта жонлантириш эканлиги ҳақида ҳадислар мавжуддир. Бундан ташқари Расулуллоҳга эргашган киши Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ҳам сазовор бўлади.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон, 31).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта намуна мактабидир. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириш, унга хилоф амал қилиш дунёда фитна-фасоднинг келиб чиқишига, охиратда аламли азобга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда баён қилиниб: «...(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!» – дейилган (Нур, 63).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиш Аллоҳга итоат қилиш билан баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳодисаларининг бирида: «Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат ўзи хоҳламаган кишигина кирмайди», - дедилар. Шунда саҳобалар: Ким жаннатга киришни хоҳламас экан? – дейишди. Расулуллоҳ: «Ким менга итоат этса жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, демак жаннатга киришни хоҳламабди» – деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ривояти).
Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.