Мақолалар

Болага суннатга риоя қилишни ўргатинг!

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юбориш билан мўмин-мусулмонларга катта инъом кўрсатди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини ҳидоят йўлига бошлаш учун келганлар.

Суннат сўзининг маъноси кенг қамровли бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзлари, бажарган амаллари ҳамда саҳобаларнинг қилган ишларига билдирган ижобий муносабатларини ўз ичига олади. Суннат Ислом динимиз таълимотининг Қуръондан кейинги асосий манбаъларидан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида қилган хутбаларида шундай деганлар: “Эй инсонлар! Мен сизларга шундай нарсаларни қолдириб кетяпманки, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсизлар, улар – Аллоҳнинг китоби ва Менинг суннатимдир” (Ҳоким ва Байҳақий ривояти).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари гўё Қуръони каримнинг шарҳи бўлиб, у Қуръон оятларининг маъносини янада кенгроқ тушинишга, ундаги аҳкомларни батафсил баён қилишга хизмат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари У зотнинг ҳаёт тарзларидан иборат бўлиб, уларни амалда татбиқ қилиш Аллоҳнинг ва расулининг кўрсатмаларига амал қилиш демакдир. Унутилиб кетган суннатларидан бирортасини рўёбга чиқариш эса, У зотнинг ҳаёт тарзларини қайта жонлантириш эканлиги ҳақида ҳадислар мавжуддир. Бундан ташқари Расулуллоҳга эргашган киши Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ҳам сазовор бўлади.

Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: «Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон, 31).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта намуна мактабидир. Аслида мўмин-мусулмон киши учун ўрнак бўлишга энг лойиқ ва ҳақли зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан юз ўгириш, унга хилоф амал қилиш дунёда фитна-фасоднинг келиб чиқишига, охиратда аламли азобга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳақда Қуръони каримда баён қилиниб: «...(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!» – дейилган (Нур, 63).

Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиш Аллоҳга итоат қилиш билан баробардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳодисаларининг бирида: «Умматимнинг ҳаммаси жаннатга киради, фақат ўзи хоҳламаган кишигина кирмайди», - дедилар. Шунда саҳобалар: Ким жаннатга киришни хоҳламас экан? – дейишди. Расулуллоҳ: «Ким менга итоат этса жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, демак жаннатга киришни хоҳламабди» – деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ривояти).


Муслим АТАЕВ,
Фатво бўлими ходими
ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3135 times

Мақолалар

Top