muslim.uz

muslim.uz

Середа, 01 августь 2018 00:00

Бир ҳадис тасдиғи

Бир киши балиқ консерва заводида ишларди. Бир куни у иш тугаганидан кейин музлатгич ичига кириб атрофни кўздан кечираётганда тўсатдан музлатгич эшиги ёпилиб қолди. Энди унга ким ёрдам беради? У бор кучи билан эшикни тепар, овозини борича бақирар эди. Лекин… Бари бефойда. Шу алфозда беш соат музлатгич ичида қолди. Дунё билан хайрлашиши аниқ бўлиб қолди. Тўсатдан бир киши эшикни очиб ичкарига кирди. Қараса, бир киши ўлим билан олишиб ётарди. Унга тезда ёрдам кўрсатилди. Киши дунёга қайтадан келди. Ёрдам қўлини чўзган киши шу заводнинг қоровули эди. Ундан сўрадилар: “Музлатгич ичида одам борлигини қаердан билдингиз?”

– Мен бу ерда ўттиз беш йилдан бери ишлайман. Хизматчилар орасида бир киши мен билан эрталаб табассум ила саломлашар, қайтаётиб яна шу алфозда хайрлашар эди. Шу куни иш тугаганидан сўнг ўша кишини кўрмадим. Кўнглимда нима бўлди экан деган савол пайдо бўлди. Уни излай бошладим. Ниҳоят уни музлатгич ичидан топдим.

Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Биродаринг юзига табассум қилишинг САДАҚАДИР»

Мана сизга ҳадисга амал қилишни мукофоти. Мана сизга табассумнинг таъсири.

ЎМИ Матбуот хизмати

Середа, 01 августь 2018 00:00

Илм – камолот ва фазилат

Инсоният ҳаётидаги тараққиётини илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, илмсиз равнақ топган бўлса. Шу боис Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти ҳам “Ўқи” деган амр бўлди. Аллоҳ таоло илм излашни ва ўрганишни мусулмон бандаларига қатъий буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир. Аллоҳ таоло айтади: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амаларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11).

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло илмни улуғ неъмат ва юқори даража ва камолот сифатида зикр қилади, олиму фозиллар ва билимдонлар даражаси юқори эканини билдиради, банда қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса Аллоҳдан шунчалик қўрқадиган бўлишини баён этади. Илм излаш ва унга эга бўлиш ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом жуда кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳас, уни излаб топиб эгаллангиз (Ибн Аддий ва Байҳақий ривояти).

Қуйидаги ҳадиси шарифда олиму боамалнинг даражаси обиддан ҳам баланд экани, илм улуғ фазилат экани таъкидланади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги қуйи табақа вакилига нисбат фазлим кабидир, деб марҳамат қилдилар. Сўнг у зот алайҳиссалом: Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларни дуо қилишади, дедилар.

 

Муҳаммадхон СУЛТОНХОНОВ

тайёрлади

Середа, 01 августь 2018 00:00

Қасамини бузган қиз

Омонат нима? Жон омонати, мол омонати, сир омонати... ваъдага вафо қилиш ҳам омонат. Бу омонатларга ҳақиқий инсонгина амал қилади. Чунки омонат эгаси берган омонатини куни келганда сўрайди. Икки инсон бир ишга келишса, уларга фаришталар гувоҳ, Аллоҳ таоло қараб туради. Омонатга содиқ инсонга мукофот бериб, хиёнатчини жазолайди. Келинг, бу мавзуга ҳаётда бўлиб ўтган бир воқеани мисол қилайлик.

Бир инсон акасининг қизининг номига ша­ҳардан уй олди. Вақти соати келса, уканинг воя­га етмаган ўғлига хатлаб беришга келишдилар. Бу келишувда уй номига олинаётган қизга отаси:

– Жон қизим, бу амакинг, менинг жигарим бўлади. Сенга ота ўрнида ота бўлади. Уйни се­нинг номингга олдик. Сенга бу уй омонатдир. Вақти соати келса, омонатга хиёнат қилмасдан уйни амакингнинг ўғлининг номига хатлаб берасан. Сенга бу сўзларим ҳам омонатдир, – де­ди.

Қиз:

– Отажон, айтганингизни қиламан, ўртага Аллоҳни қўйиб онт ичаман. Бу омонат уйни, албатта, вақти келса, эгасига хатлаб бераман, – деди.

Ҳамма бир-бирига ишонди. Уй хатланмади, давлат нотариусига бориб тилхат ҳам қилинмади. Чунки инсоннинг “гўшти ҳаром, лафзи ҳалол” мақолига амал қилинди. Зеро, аждодлар асло ваъдасига хилоф қилмаган халқ бўлгани боис ваъда ва сўзларга ишонамиз. Орадан йиллар ўтди. Қизнинг отаси оламдан кўз юмди. Уйга ҳақли бола эса йигит бўлди. Отанинг маросим­лари ўтди. Ҳамма оила аъзолари жам бўлишди. Амаки секин ўзаро тузилган келишувдан гап очди ва уйни ўғлига хатлаб беришини қиздан сўради. Акасининг қизи бўлса, ҳеч нарсага тушунмагандай:

– Қанақа уй тўғрисида сўраяпсиз? – деди елкасини қисиб.

– Қанақа уй бўларди? Сенинг номингга олинган уй-да. Жиянинг катта бўлса, унинг номига хатлаб беришга келишган эдик. Сен онт ичган эдинг, наҳот эсингдан чиққан бўлса? – деди амакиси қизнинг жавобидан ажабланиб. Қиз бўлса, ҳеч нарсадан хабари йўқдек, ўзини бамайлихотир тутар ва:

– Мен ҳеч қанақанги келишув, онтдан хабарим йўқ! Сиз айтаётган уйни отам менга совға қилган, бошқасини билмайман, – деди. Пул бераётганда иштирок этган гувоҳлар унга тушунтиришга ҳар қанча ҳаракат, насиҳат қилишмасин, гапни қулоғига олмас, “Уй меники”, деб туриб олганди. Уй жанжали узоқ давом этди. Маҳалла оқсоқоли, кексалар аралашди. Қиз ўз сўзида қатъий туриб олди. Бир неча бор қасам ҳам ичди. Амакиси уни қарғади ва лаънатлар ёғдирди. Қизнинг кўзига уй кўринар, қарғишларга эътиборсиз ва нописандлик билан қарарди. Аллоҳнинг жазоси борлиги, қарғишлар умрини хазон қилишини бир лаҳза ҳам ўйламасди. Охирги маслаҳатда амакиси кўзига ёш олиб:

– Илоҳо, жувонмарг бўл, шу уйда балога учраб ўл, яхшилик кўрма, отанг ўрнида сенга отаман. Аллоҳ отанинг дуосини рад қилмайди. Менинг ҳам дуоимни рад қилмайди. Бошингга балолар қуюни ёғилганда сўзларимни эсларсан, – деб юзига фотиҳа тортиб юборди.

Шу пайт осмон гумбурлагандек, қизнинг кўз олди қоронғилашиб, чақмоқ чаққандек бўлди. Юраги дукуллаб, қаттиқ қўрқиб кетди. Қалбида: “Ҳой қиз, нима қилаяпсан, Худодан қўрқ!” деган ҳайқириқ отилди. Шу лаҳзада шайтон васвасасини янада кучайтирди. “Нимага қўрқасан, қўлингга фалон миллионлик уй-жой ўтди. Асло қўрқма, дуо билан ҳамма ўлаверса, одам қолармиди, мақсадингдан қайтма, ҳаммасига тупур”. Нафси эса янада ботир бўлишга ундади. У шайтоннинг васвасасига ва нафсига эргашди. Унинг кўзига уй катта бахт ва омад келтирадигандек, Аллоҳнинг ғазаби, амакининг дуоси ҳеч нарсадек кўринди. Юзларга фотиҳа тортилгач, яқинлари ундан юз ўгиришди. Шундай қилиб, ҳаёт давом этаверди. Аммо қиз хотиржамлигини йўқотди. Ташқаридан хушчақчақ, бахтлидек кўринса-да, ичини ит кемирарди. Орадан уч-тўрт йил ўтди. Хаёли паришон бўлиб қолди. Уйқуга ётди дегунча амакисининг дуоси бўғарди. Отасининг норози қиёфаси пайдо бўларди. Шундай бўлса-да, уйни чиройли қилиб таъмирлади. Айниқса, ваннахонага катта эътибор қаратди. Энг замонавий ванна ўрнатди ва энг сифатли кафеллардан ётқизди. Таъмир ишлари тугагач, мазза қилиб ваннада чўмилмоқчи бўлди. Ваннага кирди, ҳидли совун ва хушбўй шампундан фойдаланди. Ваннадан сачраган сувли совун ва шампунлар кафелга тушиб, уни жуда сирпанчиқ қилиб юборди. Чўмилиб бўлган қиз нимагадир сакраб ваннадан чиқди. Кафелга сирпаниб боши билан ваннага урилди ва ҳушидан кетди. Ҳушсиз ётаркан, кўз олдидан гуноҳлари қатор бўлиб ўтди. Уни шифохонага олиб келишди. Бир неча кун ҳушсиз ётди. У ҳушсиз ҳолида: “Мени кечиринг амаки, дада, кечиринг”, дерди. Шифокорлар бир неча марта операция қилишди. Фойдаси бўлмади. Аллоҳ берган жон омонатини эгасига топширди. Чунки жон омонатига хиёнат қилиш қўлидан келмасди.

Эй азиз фарзанд! Унутмангки, амаки ота ўрнида ота бўлади, тоға эса етти отанинг ўрнини босади, хола она ўрнига она деб бежизга айтилмаган. Улар ҳам ота-онадирлар. Уларнинг дуолари ҳам даргоҳи илоҳийда мақбуллигини билиб, уларни хурсанд қилиш ва ранжитмаслик кераклигини ўрганайлик. Қасам ва онтимизга содиқ бўлайлик.

“Қасамини бузган қиз” китобидан олинди

 

Ёшлик – инсон ҳаётидаги энг муҳим давр ҳисобланади. Чунки бу вақт қувват, ғайрат, ҳаракатлар енгил ва аъзолар бақувват бўлган даврдир. Зеро, инсон қанчалик қариса қуввати шунчалик  заифлашиб боради.

Муқаддас ислом динимиз ҳам инсоннинг ёшлик даврига катта эътибор қаратган. Бу даврни улуғлаб, унинг муҳимлигини таъкидлаган хабарлар жуда кўп келган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ушбу даврни ғанимат билиб уни зое кетказишдан эҳтиёт бўлишга чақирганлар. Бунга қуйдаги ҳадис далил бўлади: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қила туриб: Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: қариликдан олдин ёшликни, касаликндан олдин соғлиқни, камбағаликдан олдин бойликни, машғуликдан олдин бўшликни, ўлимдан олдин тирикликни” дедилар. (Имом Ҳоким ўз мустадракларида ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ўлимдан олдин тирикликни ғанимат бил” деган гаплари ёшлик даврини ҳам ўз ичига олади, лекин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу даврни алоҳида таъкидлаб хослаб қўйдилар. Шундай экан, биз бу вақтни нима билан ўтказаётганимизга эътибор бериб, бепарво бўлмаслигимиз лозим бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Одам боласиниг қадами Роббиснинг ҳузуридан беш нарса ҳақида сўралмагунича бир қадам ҳам силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани ва илмига қандай амал қилгани ҳақида дедилар. 

Эътибор беринг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киши Қиёмат кунида ҳаёти ҳақида иккита савол билан сўралиши хақида хабар бердилар: биринчиси, ҳаёти хақида бошидан охиргача; иккинчиси,  хоссатан ёшлиги ҳақида. Агарда инсон умрининг ҳаммаси ҳақида сўралса, шунинг ичида ёшлиги ҳақида ҳам сўралади, лекин умрининг бу даврининг ҳисоб-китоби алоҳида бўлади.  Шунинг учун ҳам ёшларга бу даврнинг қанчалар муҳимлигини ҳис қилиб, Аллоҳ таоло қиёмат куни умрининг ҳаммасида қандай амал қилганини сўраши билан бирга ёшлигидаги амалларнинг ҳисоб-китобини алоҳида қилишини ёдида сақлаши керак бўлади. Чунки бу давр юқорида зикр қилиб ўтганимиздек аъзолар куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар енгил бўлган даврдир.

Юқорида айтиб ўтилган ҳадиси шарифлардан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли илм ва ёшларнинг тарбияси билан шуғулланадиган кишиларга ёшларни тарбиясига катта эътибор беришга ундамоқдалар. Чунки ёшлар ҳар доим парваришга, меҳрга, тўғри йўлга бошловчига муҳтож бўладирлар.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар бу масалага жиддий эътибор берганлар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу агар ёшларни кўрсалар: “Расулуллоҳнинг васиятлари хуш келибсизлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга сизларни мажлисларимизга қўшишга ва сизларга ҳадис ўргатишга васият қилганлар. Албатта, сизлар бизнинг халифаларимиздирсизлар ва биздан кейинги ҳадис аҳлисизлар” дер эдилар. 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу агар ёшларнинг илм талаб қилаётганини кўрсалар шундай дер эдилар: “Ҳикматнинг бошланишлари, зулматнинг чироқлари, кийимлари жулдур, қалблари янги, қабилаларнинг райҳонлари хуш келибсизлар”.

Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ва саҳобаи киромлардан қилинган ривоятлардан билиб олишимиз мумкинки, ёшлик инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Шундай экан, биз ёшлар ҳаётимизни ислом таълимотлари билан безашимиз лозим бўлади. Бунинг учун эса биз салафи солиҳларнинг ёшларга берган насиҳатларини ўрганиб уларга қўлдан келганча амал қилишимиз керак.

Манбалар асосида

“Мирза Ғолиб” жоме масжиди

имом-хатиби

Муҳаммадхон Султонхонов

тайёрлади.

 

Середа, 01 августь 2018 00:00

Расулуллоҳ қайтарган қазаъ нима?

Афсуски, баъзи ота-оналар хорижга кўр-кўрона тақлид қилиб, фарзандларига “Жумонг”, “Ишани”, “Роналдо”, “Месси” деб от қўймоқда. Бу ҳам етмагандек, дилбандининг кўринишини ҳам ўшаларга ўхшатишга интилади. Фарзандининг соч турмаги-ю кийим-кечагини эътиқодимизга, мусулмончиликка мутлақо зид бўлган кўринишга келтиради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазаъдан қайтардилар. Нофеъдан: “Қазаъ нима?” деб сўрадим. У: “Ёш бола сочининг бир қисмини олиб, бир қисмини қолдириш”, деди (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собит қадам қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top