muslim.uz
Пайғамбар алайҳиссаломнинг муаззинлари
Жазирама иссиқ кунлардан бири. Тирик жон борки, Аллоҳдан паноҳ тилаб, соя-салқинга қочгиси келиб турган палла. Замин иссиқлигидан қайнайди гўё. Арабистон қумликларида олов учқунлари ялтираб туради. Инсон у ёқда турсин, қурт-қумурсқаю қушларгача ин-инига кириб кетган.
Жаҳаннам ўтидек ёниб турган шу қумликда бир қул йигит қўл-оёғи занжирланган ҳолда, қайноқ қумга чалқанча ётқизиб қўйилган эди. кўкрагида иккита йирик-йирик тош. Золим хўжайини, қўлида қамчи тутиб бошида турибди. Вазиятдан зулмнинг миқёсини ҳамда қулнинг азиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Оғир-оғир тошлар танасини босиб турганидан қулнинг терилари шилиниб-куйиб кетган. Оғир занжир эса, бирон-бир ҳаракат қилишга йўл бермас, ўлганнинг устига тепгандек, гоҳ-гоҳ қамчи еб қолар эди.
Лекин у бу азобларга қарамасдан – сабр-тоқатига ва иродасига тасаннолар бўлсинки – ҳеч қандай дод-фарёд қилмас, тилида фақат бир сўзни такрорлар эди: “Аҳад, Аҳад”, яъни, “Аллоҳ бирдир, Аллоҳ бирдир”, дер эди, холос. Золим хўжайин ҳар гал бу сўзни эшитганида баттар қутуриб кетарди. Чунки у бутларга сиғинарди. Зотан, қандай ҳам бардош қилсин, қули унинг ҳамма бутларини инкор этиб, ягона Аллоҳга имон келтирган бўлса?!
Дарҳақиқат, бу иродали қул куфрдан ва ширкдан безор бўлган эди. у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитган вақтда у зотга имон келтирди. Чин дили билан ёлғиз Аллоҳга ибодат қила бошлади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашди. Бу ғайратли, жасоратли йигит ўзининг Парвардигорига бўлган имонини яшириб ўтирмади., хўжайинига очиқ-ойдин айтди. Мушрик хўжайиннинг жазаваси ҳам айни шу боисдан эди. қулни диндан қайтариш учун тўхтовсиз исканжага олар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан алоқани узишга мажбур этмоқчи бўлар эди. Аммо қули унга таслим бўлмади. У шундай эътиқод қилар эдики, дунёнинг беш кунлик азоб-уқубати ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ҳақиқий ҳаёт охиратда давом этади. У исломни қабул қилган кундан бошлаб, хўжайини уни ҳар куни азоблар, диндан қайтариш учун ваҳшиёна усулларни қўллар эди. Бироқ бу мўмин қул унинг ваҳшиёна, разилона ҳаракатларига жавобан тўхтамасдан “Аллоҳ бир, Аллоҳ бир”, деган сўзни қайтарар эди.
Ана шундай азоб-уқубатлар бўлаётган кунларнинг бирида Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу бу ердан ўтиб қолди. Қулнинг сабру матонатини кўриб, дилида тасаннолар айтди. Исломнинг биринчи даражали душмани бўлган золим мушрикдан қулни сотиб олиб, унинг жабру ситамларидан озод қилди. Тоғдек куч-қувватга ва ундан ҳам катта иродага эга бўлган бу қул ким эди?
Албатта, у – Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу эди!
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу озодликка чиқиши билан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига ҳозир бўлди ҳамда қолган ҳаётини Ислом учун бахшида қилди. У киши асли ҳабаш қавмидан бўлиб, Маккага яқин бир жойда туғилган, туғилишидан қул эди. Хўжайини исми Умаййа ибн Халаф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Исломга ашаддий душман эди.
Билол розияллоҳу анҳу Исломни биринчилардан қабул қилди, балоғатга етган кишилар орасида Ҳазрати Абу Бакрдан кейин имон келтирган иккинчи одам бўлди.
Исломнинг дастлабки паллаларида мусулмонларнинг ҳолати жуда оғир, Макка мушриклари Исломга кирганларни ниҳоятда оғир қийин-қистовларга олар эди. Ҳаммасидан ҳам Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етказилаётган азиятлар ўтиб тушарди. Исломни қабул қилиш ўзига мусибат ва зулм келтиришдан бошқа нарса эмас эди. Хусусан, Билолдек қуллар мисли кўрилмаган азоб-уқубатларга солинар эди. У даврларда хўжайинлар қуллар устидан тўлиқ ҳақ-ҳуқуқли бўлганидан, кўнгиллари тусаган ишни қилишарди. Ҳеч ким уларга эътироз қилмасди. Ҳазрати Билол ҳам бу ҳолдан хабардор эди. Аммо унинг қалбида Пайғамбарнинг соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳамда Исломнинг буюклиги ўрнашиб қолгани учун бу синовлардан қўрқмади. Имонида мустаҳкам турди, инсониятга мисли кўрилмаган даражада намуна қолдирди.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларини қилишни ўзи учун бахт ва ибодат деб билди. Бора-бора у шу даражада ишонч қозондики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам то дунёдан кетгунларига қадар уни ўзларига омборчи қилдилар.
Ҳижратнинг биринчи йилларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозхонларни бир жойга жам қилиш учун азон айтишни ҳазрати Билолга юкладилар. Шу боис у кишини кўплар “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззини” деб улуғлашарди. Билол розияллоҳу анҳу баъзи сабабларга кўра, “ашҳаду”ни “асҳаду” деб айтар эди. Лекин унинг динга бўлган меҳру муҳаббати, ихлоси ҳамда фидокорлик туйғуси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хуш келар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан кўз юмгунларига қадар Мадина ва атрофидаги осмонларда Билолнинг розияллоҳу анҳунинг овози жаранглаб турди. Макка фатҳ қилинганда у ердаги илк азонни Ҳазрати Билол айтди.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан Каъба томига чиқиб, айтилинган бу азон шундан далолат бердики, ўша кундан эътиборан бу уй фақат Аллоҳга ибодат қилинадиган махсус жойга айлангани ҳамда бутун Араб ярим оролларида Ислом дини ғалаба қозонганидан далолат берди. Бундай шарафли вазифа Билол розияллоҳу анҳуга насиб қилди.
Ислом инсоният дунёсига тенглик-баробарлик ҳуқуқини олиб келди. Масалан, Билол розияллоҳу анҳу асли ҳабаш қабиласидан, қора танли ва туғилишидан қул эди. У даврда арабларнинг ҳамма қабиласи, хусусан, Қурайш қабиласи энг олий насабли қабилалардан ҳисобланарди. Арабдан бошқа халқларга паст назар билан қараб, одам ўрнида кўришмасди ҳатто. Лекин Билолга розияллоҳу анҳуга шундай улуғ мақом берилдики, Қурайшнинг энг улуғ каттаконларига ҳам бу мақом насиб бўлмаган. Ҳазрати Билолни қул деб эмас, балки бизнинг улуғимиз, деб чақирар эдилар. Чунки Ислом инсоннинг насл-насабига, ранги-рўйига ва ватанига қараб баҳо бермайди, балки унинг тақвосига қарайди.
Ҳазрати Билол ҳамиша Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлди. Барча ғазотларда Пайғамбарни соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиб турди. Шу боисдан ҳам бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан кўз юмганларида Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу ғамга ботиб, руҳан ночор аҳволга тушиб қолди. Азон айтишни ҳам тарк этди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралганлик туйғуси унинг қалбини титратарди. Муайян муддат бу ғам-қайғуни бошидан ўтказгандан кейин Ислом лашкарлари билан Шом томонга йўл олиб, жиҳодга ҳисса қўшди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан сўнг Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу икки марта азон айтди.
Биринчиси, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида Байтул Муқаддасга келганида Билолдан азон айтишни илтимос қилди. Ҳазрати Билол узр айтиб туриб олди. Лекин Умар розияллоҳу анҳу кўп илтимос қилганидан сўнг, ноилож азон айтишга турди. Билолнинг розияллоҳу анҳу айтган азонидан еру кўк ларзага келди. Унинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз эшитувчилар қалбини гўёки сеҳрлаб қўйгандай, беҳуш ҳолатга келтирар эди. Ўз вақтида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида бўлган саҳобалар у азонни эшитиб, худди аввалги даврга қайтиб келгандай ҳис қилишди ўзларини. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганлик ҳис-туйғуси қайтадан тикланиб, йиғламаган одам қолмади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тоғдек иродали одам эди, у киши ҳам беихтиёр ўзини йўқотиб қўйди.
Иккинчиси: Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш учун Шомдан Мадинага келганида кишилар ундан Пайғамбар алайҳиссалом масжидида азон айтиб беришни илтимос қилишди. Ҳазрати Билол рад этди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли набиралари бўлмиш Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн илтимос қилганидан сўнг уларнинг илтимосини рад этишга журъат этолмасдан яна азон айтди. Масжиди набавийда Ҳазрати Билолнинг розияллоҳу анҳу овози жаранглаганида Мадинанинг мусаффо осмонида қайғу-алам учқунлари кенг ёйилиб кетди. Овозининг таъсир кучи шунчалик юқори эдики, эшитган киши беихтиёр масжид томон йўл оларди. Мадинага пайғамбарлик замонаси қайтиб келгандай туюларди.
Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ниҳоятда муборак эди, ҳар бир лаҳзаси Аллоҳ ва Расулининг муҳаббати ва итоатида кечди ҳамда дини Исломнинг ривожи учун сарфланди. Бундай бир ихлос ва жонкуярлик уни шундай улуғ мақомга етказдики, у мақомга дунёнинг манаман деган подшолари ҳам етолмаган, етолмайди ҳам.
Ҳазрати Билол буюк бир мужда билан шарафланган зотдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида жаннатда унинг қадам товушини эшитганлар. Сўнгра ундан: “Эй Билол, сен қандай амал қиласанки, қадаминг товушини мен жаннатда эшитдим”, деб сўраганларида, Билол розияллоҳу анҳу: “Мен таҳоратсиз юрмайман, таҳорат олган заҳотим дарҳол икки ракат намоз ўқиб оламан”, деб жавоб берган.
Ақлли одамнинг иши
Аллоҳ таоло: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эсланглар: “Қасамки, агар (берган) неъматларимга шукр қилсаларинг, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсаларинг, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7) деган.
Тинчлик – энг азиз неъмат. Унинг қадрига етиш учун, албатта, нотинчлик замонини кўриш шарт эмас. Атрофдаги бўлаётган воқеа-ҳодисалардан керакли хулоса чиқариб яшаш – ақлли одамнинг иши.
Бугун айрим давлатларда юз бераётган беқарорлик, нотинч вазият кишини чуқур ўйга толдиради, ҳар доимгидан кўра огоҳ бўлишга, ҳушёр тортишга, тинчликнинг нақадар улуғ немат эканини англашга чорлайди.
Юртимиз, қўшниларимиз тинчлиги, осойишталиги шукр қиладиган ҳолат. Албатта, шундай.
– Агар сиз фарзандингизни эрталаб боғча ёки мактабга кузатиб, кечки пайт соғ-омон кутиб олаётган бўлсангиз, кечқурун уйқуга бехавотир ётиб, тонгда тинч уйғонаётган бўлсангиз – бу неъматнинг шукронасини келтириш ва шу кунларнинг қадрига етиш керак. Зеро, шукр қилиш, айни пайтда ана шу тинчликни таъминлашга масъул бўлиб турган раҳбарларни дуо қилиш, уларнинг хайрли ишларига Аллоҳ таолодан баракот тилаш дегани ҳамдир.
Тинчликни Аллоҳ таоло суяди, динимиз тарғиб қилади ва бу онгли кишиларга ҳам хуш келади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, Сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг! Албатта, У эшитувчи ва билувчидир (Анфол, 61).
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.
Пушаймонлик – эзгуликка кўприк
Аллоҳ таоло кечиримли Зот. У бандаларини ҳам бир-бирининг айбу нуқсонларини, хато-камчиликларини кечиришга буюриб, Қуръони каримда: “Албатта, ким (ўзига етган озор-азиятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Аллоҳ учун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир” (Шўро сураси, 43-оят). Яна “Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир” (Аъроф сураси, 199-оят), деб таълим берган.
Убода ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларга Аллоҳ бандаларининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг”, дейишди. “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, деб марҳамат қилдилар.
Ислом динида ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр-тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб- билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликлар қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир. Адашиб жиноят кўчасига кириб қолганлар ҳам орамизда йўқ эмас, албатта. Кечиримлилик эса миллатимизга хос фазилат. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини муҳофазалаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганига ҳар биримиз гувоҳмиз.
Айтиш жоизки, бир неча йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қилган жиноятига пушаймон бўлганларга раҳм-шафқат кўрсатиш, бағрикенглик, кечиримлилик бўлиш анъанага айланди. Шу жумладан, хато қилганни суяш, унга тўғри йўл кўрсатиш, инсон сифатида қаддини тиклаб, қайтадан жамиятнинг фаол аъзосига айланиши учун кўмаклашиш давлатимизнинг одилона сиёсатларидан биридир.
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўрамиз. Агар ҳар бир кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Гоҳида бошқалардан бирор ёмонлик ёки зулм ўтса ҳам, синов деб қабул қилишимиз зарур. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилайлик. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлади ва мартабасини баланд қилади.
Муҳаммадсодиқ РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Урганч тумани “Эшон бобо” масжиди имом-хатиби
Тилло эмас, тупроқдир аслинг
Аллоҳ таоло Исломни инсониятни яхшиликка бошлаш, одам зотини энг гўзал фазилатлар соҳиби этиб тарбиялаш мақсадида нозил қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилганман”.
Демак, киши Ислом дини таълимотларига риоя қилиб яшар экан, унда энг гўзал ахлоқ ва фазилатлар намоён бўлиб, ўз-ўзидан иллатлар, ёмон феъл-атворлар йўқолиб боради.
Динимиз таълимотида инсонлар ўртасида зиддият ва адоват уруғини сепишга сабаб бўладиган иллатлар қораланади.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: “Эсланг, (эй Муҳаммад!) Биз фаришталарга: “Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб, такаббурлик қилди ва кофирлардан бўлди”.
Дарҳақиқат, такаббурлик куфр билан баробардир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса жаннатга кирмайди”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом асҳобларига: “Сизга дўзах аҳли кимлигининг хабарини берайми? деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”, дейишди. У зот: “Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар”, дедилар.
Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимай тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни кўрмайдиган, қулоғини ҳақиқатни эшитмайдиган қилиб қўяди.
Кибрланиш Аллоҳ таолога хос хислат бўлиб, банда зинҳор кибру ҳаво қилишга муносиб эмас.
Аллоҳ таоло: “Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас” (Луқмон сураси, 18-оят).
Кибр шунчалик улкан гуноҳки, биз мўмин-мусулмонлар кибрланишга мутлақо йўл қўймаслигимиз, ҳамиша хокисору камтар бўлиб, ҳаётимизни Аллоҳга чин бандалик қилиш билан безашимиз лозим.
Мақтанчоқлик ва кибр – эгизак тушунчалар ҳисобланади. Агар бирор киши мақтанчоқ бўлса, демак унда кибр бор, шунингдек, кибрли кимса албатта мақтанчоқ бўлади.
Агар биз солиҳ инсонлар ва улардан кейин ўтган улуғ зотлар ҳаётига назар солсак, кўп ибрат оламиз. Улар – биз учун йўлчи юлдуздирлар. Улардан ўрнак олиб, юксак одоблар ила зийнатланамиз, чин инсон бўлиш бахтига эришамиз.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг елкасида бир меш сув кўтариб кетаётганини кўрдим ва: “Эй мўминлар амири, бу иш сизга тўғри келмайди”, дедим. У киши бўлса: “Менинг олдимга турли одамлар итоат этган ҳолда таъзим қилиб келишганида, ўзимда манманлик аломатини сезгандек бўлдим. Энди ўшани синдиришни хохлайман”, дедилар.
Кибр – кўпчиликнинг ичида қадр-қиммати баландлиги ва ноёблик ҳисси, буларнинг бари бировдан ўзини устун қўйишдан келиб чиқади. Ўта кучайиб кетган такаббурлик, бировдан нафратланиш, кимнидир камситмоқликни туғдиради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат кунида мутакаббир кимсалар, киши суратидаги чумолиларга ўхшаш ҳолда қайта тириладилар. Уларни ҳар томондан хорлик эгаллаб олади. Улар жаҳаннамдаги "Булис" деб номланадиган зиндонга ҳайдаладилар", деганлар.
Бандалардан илми туфайли такаббурлик қиладиган ва ўзини бошқалардан афзал деб биладиган кимса, энг ёмон мутакаббир, унинг илми ҳам бефойдадир. Зеро, кимки охират учун илм талаб қилса, илми уни босиқ, тавозеъли қилиб қўяди, қалби хушуга тўлади ва нафси хотиржам бўлади. Илм унинг нафсига қўриқчи-посбон бўлиб олади ва ялқовлик қилмасдан ҳар вақт уни назорат қилиб, ҳисоб-китоб қилиб туради. Борди-ю, ғафлатда қолса, нафс ҳақ йўлдан бўйин товлайди ва ҳалок этади.
Кимда-ким фахрланиш, бошлиқ бўлиш, мусулмонларни аҳмоқ қилиш, масхаралаш ва ўзини устун қўйиш учун илм талаб қилса, юқоридаги оят ва ҳадисларда айтилганидек жаннатга кирмайди.
Ҳаддан ташқари кеккайиш, мағрурлик ёки кибру ҳаволаниш одамлар ва жамиятдан ажраб қолишга сабаб бўлади.
Авжига чиққан кибрнинг айрим аломатлари қуйидагилардир:
доимо ва ҳар бир нарсада “ҳақ” бўлиш;
доимо “ғолиб” бўлиш;
барча нарсалар унинг хоҳиш истаклари бўйича бўлиши;
бировларнинг хатти-ҳаракати ва тақдири учун жавобгарликни бўйнига олиши;
маслаҳатга қулоқ солмаслик;
ёрдам кўрсатиш зарурати туғилса, назар-писанд қилмаслик;
ҳеч ким сўрамаса ҳам, маслаҳат бериш;
айтган гапи ва фикрида қатъий туриб олиш;
бировга чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириш.
Кибр туфайли атрофдагиларга бўлган нафрат ва одамлардан кўнгил совиб кетиши ҳолатлари юз беради. Бундай одам бошқалар билан муносабатда ички зиддиятлари туфайли кўпроқ низо ва жанжалларга учрайди.
Кибрни ўлдириш йўллари:
- Ўзингизга ёқмаган ишларни бажариш.
Ўзининг қадр-қимматидан паст ҳисобланган ишларни бажариш, кибрни йўқотиш учун муҳим ўрин тутади.
- Хаёлан таъзим қилиш.
Бирортаси билан учрашганда унга хаёлан таъзим қилинг. Таъзим қилиш азалдан бировни ўзидан юқори олиш таомили ҳисобланган.
- Гапираётган одамга эътиборли бўлиш.
Аввал уни тушунишга ҳаракат қилиш ва уни тушуниш. Суҳбатдошни жимгина тинглаб, дарҳол жавоб қайтармай, ҳар бир сўзининг маъносига эътибор қаратиш.
- Одамларни тушуниш.
Ҳар ким ҳам сиз айтгандек бўлавермайди. Одамларни қандай бўлса шундай қабул қилиш керак, ҳаттоки сизга ёқмаса ҳам.
- Ҳар куни миннатдорчилик билдиринг.
Сизга қилинган ҳар қандай яхшиликлар учун билдирилаётган миннатдорчилик, чин кўнгилдан бўлсин. Ҳаттоки, арзимас бўлса ҳам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан илгари яшаб ўтган бир кишини такаббурлик билан изорини судраб юрганида ер ютди. У қиёмат кунигача ер қаърига кириб кетаверади", деб марҳамат қилганлар.
Шоир айтганидек:
Фахрланма шеванг билан,
Ё топган пул-молинг билан,
Асли наслинг қора тупроқ,
Кеккаймагин кибринг билан.
Ойдан гўзал бўлса-да васлинг,
Ким бўлса-да насабинг-наслинг,
Тилло эмас, тупроқдир аслинг,
Кимлигингни билмоқ истасанг.
Агар бўлсанг, ҳаммадан ҳам зўр,
Пашша ясаб, жон киргизиб кўр,
Фиръавиннинг тарихини сўр,
Кимлигингни билмоқ истасанг.
Ҳою ҳавас ўтгинчи мато,
Фариштаман, деб қилма хато.
Момо Ҳаво ва Одам Ато,
Кимлигингни билмоқ истасанг.
Бу дунёни сўраганлар ким,
Ер остида ётибдилар жим.
Тафаккур қил, кўзларингни юм,
Кимлигингни билмоқ истасанг.
Қуръонда кўр, қисматлар баён,
Неки қилсанг, Аллоҳга аён.
Ўйла, сўнгги манзилинг қаён,
Кимлигингни билмоқ истасанг...
Олимжон КАРИМОВ,
Пешку туман "Бобо-Араб" жоме масжиди имом-хатиби
Қирғизистон Президенти Ўзбекистонга келди
Бугун, 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.
Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиб, Сооранбай Жээнбеков Мустақиллик майдони тинчлик, дўстлик ва эзгуликни тарғиб қилишда, ўзбек халқининг буюк келажакка ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга меъморий мажмуа эканини алоҳида таъкидлади.
Олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.