Россияда ўзбек мигрантлари дуч келаётган асосий муаммолар қайси? – миграция бўйича юрист билан суҳбат

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги бугунги кунда Россия Федерациясида меҳнат қилмоқда. Баъзида қулоғимизга “депорт бўлибди ёки бўлмаса Россияга киришга тақиқ олибди” қабилидаги гап-сўзлар чалиниб туради. Хўш бугунги кунда Россиядаги ватандошларимиз Россияда яшаш ва ишлаш давомида дуч келаётган асосий муаммолар қайсилар?

Саволларимизга жавоб топиш мақсадида Москвада меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган ва муҳожирлар ҳаёти ҳамда муаммоларидан кўпроқ хабардор ватандошимиз, миграция бўйича юрист Азиз Ҳайитов билан суҳбат уюштирдик.

- Ҳозирги вақтда Россияда меҳнат мигрантлари билан боғлиқ қандай муаммолар бор?

– Ҳозирги кунда меҳнат муҳожирларимизда биринчи муаммо бу – тилни билмаслик ва ҳуқуқий билим йўқлиги. Бунинг ортидан эса бошқа муаммолар келиб чиқмоқда. Биламизки Россияга киришда миграцион карта берилади. Ана шу картани тўлдиришда исми-шарифини ёки келишдан мақсадни кўрсатинг деган жойини хато тўлдирса, унинг учун муаммо бошланади. Бу хатолик регистрация ва патент олишга ҳам таъсир қилади. Агар меҳнат моҳожири миграцион картани тўғри тўлдирса демак, у рус тилини тушунади ва ёзишни билади. Демак асосий муаммо бу – тилни билмаслик.

- Депортация ва Россия ҳудудига киришга тақиқ қўйиш муаммосига ҳам тўхталиб ўтсангиз

– Депортация охирги 4-5 йилда жудаям оммалашиб кетди. Бу муаммо ҳам асосан тил билмаслик оқибатида келиб чиқади. Яъни рус полицияси меҳнат мигрантини тўхтатиб, ҳужжатларини сўраганида меҳнат муҳожирининг ҳужжатлари тўғри бўлса ҳам гапира олмайди. Гапира олмагани учун ҳам муаммо бўляпти. Биз кўп суд жараёнларида иштирок этамиз. Судларда ўзбекистонлик фуқарони ҳимоя қилиб, судьяга ватандошимизнинг ҳуқуқбузарлик содир этмаганини тушунтирамиз. Шунда судья “ватандошингни ҳимоя қилгунча, бориб рус тилини ўргат. Сен бу ерга келиб унинг ҳуқуқини ҳимоя қиляпсан, лекин ватандошларинга тилни ўргатмаяпсан. Яхшиямки депортация қилибди. Бошқа туҳмат билан қамаганда сен ҳам мен ҳам ёрдам бера олмасдик” – деб тўғридан-тўғри бизга айтишади. Бу гаплар ҳақиқатдан ҳам тўғри. Суд жараёнида мен судьяга вазиятни тушинтиряпман шунда судья тўхтатиб, мигрантнинг ўзидан сўради. Мигрант эса менинг гапимга қарама-қарши гапирди. “Ҳа” дейиши керак бўлган жойда “йўқ” деди. “Йўқ” дейиши керак жойда “ҳа” деди. Шундан сўнг менинг ишим тескари бўлиб кетди.

Россияга келишда миграцион картадан кейин асосий муаммо регистрация ҳисобланади. Ўзбекистон фуқаролари Россияга киргандан сўнг етти иш кунида регистрация қилдириб, уни базага туширишлари керак бўлади. Ҳозирда регистрация қилиш бир муаммо. Уни базага киритиш яна бир муаммо. Кўпчилик ҳолатда етти иш кунида фуқароларимиз регистрация қилишга улгуришмайди ҳам. Масалан фуқароларимиз ўз турадиган жойига регистрация қилдиришади. Лекин ички ишлар ходимининг касбига совуққонлиги сабаб базага киритилмай қолади. Ва натижада бу депортацияга олиб келади.

- Меҳнат муҳожири чегарадан ўтгандан сўнг етти иш кунининг еттинчи куни регистрация қилдиришга квартира топди дейлик. Регистрация яна бир ҳафтага чўзилади. Агар шу вақтда полиция ходими тўхтатса, меҳнат мигрантини депорт қиладими?

– Ўзбекистон фуқароси етти иш кунида регистрация қилишга улгурмади. Саккизинчи куни нима бўлади? Агар сиз еттинчи куни регистрация қилиш учун ҳужжатларни топширсангиз, сизга саккизинчи куни регистрациянгизни чиқариб бермайди. Сизга регистрацияни камида 10-15 кунда чиқариб беришади. Бундай ҳолатларнинг баъзиларида 5 минг рубль жарима олиб, қўйиб юборишади. Баъзи ҳолатда эса судга олиб бориб, депортация қилишади. Биринчи марта келганларни жарима қўллаб, қўйиб юбориши мумкин. Агар хориж фуқароси кўп марта кирди-чиқди қилган бўлса яъни анча вақтдан бери Россия ҳудудида юрган бўлса, протокол тузилиб, 5 минг рублдан 7 минг рублгача жарима ва суд қарори билан Россия ҳудудидан чиқариб юборилади.

Чегарада қонунни бузсангиз улар Россия ҳудудига киришга тақиқ қўйишади. Бошқа ҳолатларда Ички ишлар органлари томонидан тақиқ қўйилади.

Сўнгги вақтларда Россиядаги иқтисодиётининг пасайиши сабаб кўплаб фуқароларимиз 3 ой давомида ҳужжат қилмаяпти. Бунинг оқибатида улар кичик жиноятлар содир этмоқда. Яъни Россияда ҳужжатсиз юришади. Натижада фуқароларимиз озодликдан маҳрум қилиш колонияларига тушиб қолишади. Колониядан чиққанидан сўнг Ички ишлар органлари ёки Адлия вазирлиги томонидан Россия ҳудудига киришга тақиқ қўйишади. 

 

Манба: https://kun.uz

Read 2501 times
Top