muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 17 نيسان/أبريل 2017 00:00

Ният - амаллар пойдеворидир

“Ният” арабча сўз. Ўзбекчада “мақсад”, “ўй”, “мўлжал”, “ўйлаб қўйилган иш”  маъноларини англатади. Истилоҳда эса ниятга Муҳаммад Амин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Раддул Мухтор” китобида қуйидагича таъриф берган: “Ният бирор амални бажаришда Аллоҳ таолога яқинликни ҳосил қилиш ва тоатни қасд қилишдир”.

 Уламонинг аксари ниятнинг ўрни қалб эканига иттифоқ қилган. Лекин ўша ниятни тил билан изҳор қилиб қўйишни маъқул санаганлар. 

Улар амалларга киришишдан олдин ният қилишнинг бир неча ҳикматларини қуйидагича баён қиладилар: “Ниятнинг ҳикмати шуки, у билан ибодатларни одатда қилинадиган амаллардан ажратиш, ибодатларнинг баъзиларини бошқаларидан фарқлаш, Аллоҳ учун бўладиган амалларни бошқалар учун бўладиганларидан ажратишдир”. Масалан, овқат емаслик парҳез учун бўлиши ҳам мумкин ёки рўза учун бўлиши ҳам мумкин. Ана шу икки амалнинг орасини ният ажратиб беради.

Ният қалбнинг иши бўлиб, уни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Ниятнинг яхши-ёмонлигига қараб, мукофот ёки жазо берилади. Чунки амаллар ниятга боғлиқ бўлади.

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّمَا الْأَعْمَالُ  بِالنِّيَّاتِ 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: “Амаллар ниятга қараб баҳоланади”, дедилар”.

Ҳар қандай амалнинг зоҳири ва ботини мавжуд. Амалнинг зоҳири Аллоҳ ва Расулининг шариъатига мувофиқ бўлса, ўша амал тўғри бўлади. Агар амалнинг зоҳири шариъатга хилоф бўлса, бу амал бекор бўлади. Амалнинг ботини эса, қасд ва ният ҳисобланади. Аллоҳ таоло берадиган мукофотлар ҳам айнан ўша ботинга асосланган бўлади.

عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ  ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " أَلا إِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلُحَتْ صَلُحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلَّهُ أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ...

 Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “...Огоҳ бўлинг! Тананинг ичида бир парча гўшт бор. Агар у соғлом бўлса бутун тана соғлом бўлади. Агар у яроқсиз бўлса, тананинг ҳаммаси яроқсиз бўлади. Билингки, у – қалбдир...”, деб ҳар нарсанинг аввалида қалб ва ундаги ният туришига урғу берганлар (Бухорий ривояти).

Шунинг учун ҳам ният амалнинг руҳи ҳисобланади. Мусулмонларнинг бир-бирига ниятингни тўғрила, ниятни холис Аллоҳ учун қил, деб эслатишлари ҳам бежиз эмас. Чунки ботин тўғри бўлса, зоҳир ҳам тўғри бўлади. Ботини ҳам, зоҳири ҳам тўғри бўлган амал эса, Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлади. Аллоҳнинг розилиги сабабли икки дунё саодатига эришилади.

Одамларнинг нияти ҳар хил бўлади. Баъзилар Аллоҳнинг азобидан қўрққанидан ибодат қилади. Яна бир тоифа Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиб амал қилади. Бу иккаласидан ҳам юқори турувчи тоифа эса Аллоҳнинг тоатга, ибодатга лойиқ, улуғ Зот экани учун ибодат қилади. Бу ниятларнинг энг улуғи ва кучлисидир. Дунёга рағбат қўйган кишиларнинг бундай ният қилиши у ёқда турсин, уни тушуниш ҳам осон эмас. Бу мақомга эришган инсон Аллоҳга бўлган муҳаббати сабабли Раббисини зикр қилишдан ва Унинг улуғлиги тўғрисида тафаккур қилишдан ортмайди. Ниятсиз бўлган амал гўё қилинмагани каби  эътиборсиздир. Ихлоссиз ният эса, риёнинг аломатидир. Аллоҳга ибодат қилишни хоҳлаган ҳар бир банда, энг аввало, ният нима эканини билиб олиши керак. Сўнгра нияти билан ихлос ва амални бирлаштириб, нажот томон интилиши зарур. Шундагина унинг амаллари охиратда фойда беради.

Инсон учун берилган неъматлар бисёр. Шулардан бири азиз умримиздир. Аммо бир марта бериладиган бу омонат умрни қандай сарфлаётганимиз билан бир-биримиздан фарқланамиз ва Яратган ҳузурида даража топамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимни ўртача ёши 60 билан 70 орасидадир...”-деганлар (Термизий ривояти). Ҳа, жуда қисқа бир фурсат!

Тадқиқотчи олимлар фикрича, агар инсон  70 йил умр кўрса, ўртача куйидаги жадвалда келтирилган амалларни бажаришга вақти сарфланар экан. 

Амаллар

Бир кунда сарфлайдиган

вақт

70 йилда сарфлайдиган

вақт

Уйқу

6 соат

17.5 йил

Таом

1 соат

3 йил

Ҳожат ва ҳаммом

30 дақиқа

1.5 йил

Иш

8 соат

23 йил

Жами

15.5 соат

45.5 йил


Аммо яратган Аллоҳнинг фазли ила шу қисқа умрни ният ва ихлосли амалларимиз ила зиёда қилиш имкони бор. Бу эса номаи аъмолимизга “ибодат” дея ёзилиши учун улкан имконятдир.

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Албатта, дунё тўрт кишиникидир:

1) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳамда илм берган бўлса, у киши Раббисига тақво қилиб, қариндошлари билан алоқаларини боғласа ва бу топган мол-дунёсида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билса, шу киши энг афзал мақомдадир.

2) Аллоҳ таоло бир бандасига илм берган бўлса-ю, мол-дунё бермаган бўлса, аммо бу кишининг нияти холис бўлиб, агар менда ҳам мол-дунё бўлганида эди, фалончи киши каби яхшиликлар қилар эдим деб айтса, бу қилган нияти ила юқоридаги биринчи киши билан савоби тенгдир.

3) Аллоҳ бир бандасига мол-дунё берган бўлса-ю, аммо илм бермаган бўлса, у киши молни андишасиз, пала-партиш ишлатиб, Раббисига тақво қилмасдан, қариндошчилик алоқаларини узиб ва бу топган молида Аллоҳнинг ҳаққи борлигини билмаса, шу киши энг ёмон мақомдадир.

4) Аллоҳ таоло бир бандасига мол-дунё ҳам, илм ҳам бермаган бўлса, бу киши: “Агар менинг мол-дунёйим бўлганида, фалон киши каби (яъни учинчи кишидек) ишлатар эдим”, деб айтса, бу киши мана шу нияти билан учинчи шахс каби гуноҳи тенгдир”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, амалларнинг қабул бўлиши, албатта, ниятга боғлиқдир. Ҳар ишимизда ва ҳар онда яхши ниятлар қилиб, шулар асосида ҳаёт кечириш барчамизга насиб этсин.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири

Инсоннинг “кошки” дейдиган ҳолати унинг маънавиятига дахлдор аломатни кўрсатади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу зиммасидаги масъулият оғирлигини ҳис қилиб, шохдан шохга учиб-қўниб юрган қушга ҳаваси келиб: “Кошки шундайгина бир қуш бўлсайдим”, деган эканлар.

Аммо у буюк зотнинг бу иши воқеа содир бўлгандан кейинги надомат эмас, шуурли бўлмоқ маъносида ва зиммасидаги масъулият жиддийлигидан андишани ҳис этиш юзасидан бўлган “кошки” дир...

Хўш, бизнинг кошкиларимиз қандай? Таассуфки, бизнинг кошкиларимиз пушаймонликни, ожизликни ифода этади...

Ишларимизнинг аксари бизга “кошки” дейишимизга мажбур қилади. Баъзида эса бирор ишни бажаришни истаб уддалай олмаганимиз, кўп йиллар бажара олмаслигимизни тасаввур қилганларимиз...  Ўзимизни ожиз, кучсиз ва чорасиз ҳис этганимизда “кошки” бир армонни ифода этади.

Биз фақат ўз имконимиз етадиган ишга масъул бўлганимизни билганимиз ҳолда баъзида бизга боғлиқ бўлмаган ишларнинг ҳам ҳасратини чекиб: “Кошкийди бой бўлсам ва мўл-мўл эҳсонлар қилсам” қабилида орзу-ҳаваслар қиламиз. Бундай “кошки”лардан ҳеч қандай  фойда йўқ эканини биламиз. Шуни била туриб ҳам уларга чалғиб қилишимиз мумкин бўлган ишларнинг вақтини ўтказиб қўямиз.

“Кошки”ларимизнинг кўпи аллақачонлар бизга боғлиқ бўлиб-бўлмаган ҳолда юз берган манбалардан, яна бир оз танбаллигимиздан озиқ олади. Масалан, “Кошки, эди болалигимдан илм ўргансам эди, энди кеч бўлди, каллага кирмайди”, деб афсус қиламиз. Бироқ ҳазрати Абу Бакрнинг иймонга қирқ ёшда кирганини, Пайғамбар алайҳиссалом қошида бир ўқувчи бўлиб ўтириб, оятларни тинглаб ёд олгани ва уларга астойдил амал қилгани, шу ёшдан сўнг илми ва амали беҳад  юксалиб “Пайғамбарлардан сўнг ишончда энг комил мўмин” даражасига етганини, Хадича онамизни илм ўрганишдан ёшининг улуғлиги тўхтата олмаганини, ҳазрати Сўфи Оллоёрнинг қирқ ёшида илмга кириб, уч тилда мукаммал илмий асарлар ёзганини, Лев Толстойнинг етмишдан ошганда Шекспир асарларининг немисчага таржимасини ўқиб кўриш учун олмон тилини ўрганганини ўйламаймиз. Уларга монелик қилмаган ёш бизга нега монелик қилсин!

Фойдасиз “кошки”ларга иштиёқмандлигимиз боис ўзимизнинг ишимиз қолиб бошқаларнинг ҳисоби билан машғул бўламиз. Масалан, Кошкийди фалончи эмас, писмадончи бошлиқ бўлсайди, ўшанда ундай эмас, бундай бўларди каби қиёслашлар қиламиз...

  Энг маъносиз “кошки” асло орқага қайтариб бўлмайдиган ва биздан сўралмайдиган нарсалар устидан кошкиламагимиздир. Ҳолбуки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бевосита ўзимизнинг ишларимизга ҳам “Агар бошингизга бир иш келса, “Кошки бундай қилсам эди, унда шундай бўлар эди” деманг. Аллоҳнинг тақдири шу экан, У истаганини қилди, денг. Зеро, кошки бундай қилсам эди сўзи шайтоннинг васвасасига йўл очади” (Муслим ривояти), дея бу ишдан бизни қайтарганлар.

Демак, инсон ўз хатоси сабабли ҳис этган надомат ҳам “кошки” билан чалғишига сабаб бўла олмайди. Хатолардан ибрат олиб илгари қадам ташлашда давом этмоқ керак. Ўтмишда бўлган ишлардан пушаймон бўлиб, қўлидан чиққан имкониятлар ҳасрати ва чорасизлик ичида изтироб чекиб тураверилса, бугунги ишлари ҳам қолиб кетади... Бир неча йиллар аввал бўлиб ўтган, ишларни муҳокама этишдан маъни йўқ. Чунки ўша ишлар учун масъул бўлган одамлар Аллоҳнинг ҳузурида жавобини бераётибди. Аксинча, бурунги янглишлардан ибрат олиб уларни қайтармасликка ҳаракат этмоғимиз лозим.

“У кунда золим икки қўлини тишлаб: ”Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!” дер; “Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди”, дер (Фурқон сурасининг 27-28 оятлари).

Ана ўша кун нажотга етишганлар сафида бўлмоқ учун бугундан дўсту душманни ажратиб олмоғимиз керак. Йўқса, гуноҳимиз жуда катта бўлади ва ўшанда “кошки” деганимиз ҳам фойда бермайди.

  Шуни унутмайликки, “кошки” пушаймонлик ифодаси бўлгани каби ибрат олмоқнинг, хатоларни кўриб тузатмоқнинг ҳам ифодасидир... Фойдасиз кошкилардан эса Аллоҳга сиғинайлик.

 Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

الإثنين, 17 نيسان/أبريل 2017 00:00

Китоб бу – қалбларни ёритган чироқ

Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар у ёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий китобларни ўқиб берган. Матбаачилик ривожланмагани, китоблар хаттотлар томонидан қўлда кўчирилганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ёйган. Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни пухта ўрганиш, инсонларга фойда келтирувчи барча илмларни ўзлаштириш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришамиз.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармойишлари айни муддао бўлди.

Ҳозирги кунда кўпчилик ёшларимиз мактаб дарсликларида берилган Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз», Ойбекнинг «Навоий» каби асарларидан келтирилган парчалар билан таниш, холос. Ҳатто баъзилари дарсликда берилган парчани ўқиб, «Мен фалон асарни ўқиганман» ҳам дейди. Бу ҳолат гўё Навоийнинг «Лисон ут тайр» достонидаги «Кўрлар ва фил ҳикояти»ни эслатади. Асарнинг бир қисми билангина таниш талабалар бутун бошли асар ёки адабиёт ҳақида бемалол фикр билдираётганини кўрсангиз, кўз олдингизга ўша ҳикоятдаги филнинг қайси аъзосини ушласа, фил дегани шу экан деган кўрлар келади…

Китоб ўқишнинг инсонга берадиган фойдалари, инсон хотирасининг имконияти ҳамда ёшларнинг нега китоб ўқимаслик муаммолари ҳақида сўз юритсак, кўпчилик китоб ўқишни билмайди ва кўп кишилар нима учун ўқиётганини тузукроқ тушунмайди. Баъзилар бу ҳолатни ўқимишли бўлишнинг қийин, бироқ ягона йўли деб билади. Улар учун ҳар қандай китоб кишини «ўқимишли» қилади. Бошқа бировлар учун эса ўқиш – дам олиш, шунчаки вақтни ўтказиш ва уларга нимани (мақола, роман, шеър, хабар ва ҳоказо) ўқиш барибир. Зерикарли бўлмаса, бас. Ҳар биримиз, қайси касб эгаси бўлмайлик, шароитимиздан келиб чиқиб, китоб билан муайян даражада мулоқотда бўламиз.

Албатта, китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, газета ва журналларни мутолаа қилиш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенгроқ бўлади. Мисол учун иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади.

Олимлар, зиёлилар, ёзувчию шоирлар ўз вақтида кўп ва хўб китоб мутолааа қилгани туфайли шу даражага эришганлар. 

Билимли инсон агар тижорати ёки бошқа хусусий тирикчилиги тўхтаб қолган тақдирда ҳам осонлик билан ўзига бошқа ризқ эшигини оча олади. У қайсидир ишхонага ходим сифатида жойлашиши, ўқув муассасаларида ишлаши ёхуд ижодий ишлар билан шуғулланиб, китоб ёзиб ўз тирикчилигини яна қайтадан юргизиб юбориши мумкин. Демак, билимли инсон билан билимсиз инсоннинг имкониятлари орасида катта фарқ бор экан. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло: “Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!”, дея билимнинг нақадар катта ҳаётий аҳамиятга эга эканига ишора қилади (Зумар сураси, 9-оят).

“Илм” сўзи Ислом динининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримда саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган отларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур (Мужодала сурасининг 11-ояти).

Китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисоб. Аввало, мутолаа турли-туман маданиятлар ва билимларни ўрганиш учун инсонга асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Ўқиш тилни тўғрилаш, оғзаки нутқни ривожлантириш, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши канчалик кўп мутолаа қилса, шунчалик равон ва бехато сўзлайдиган бўлади, дунёқараши кенгаяди, маданий савияси ўсади. Китоб, газета ва журналлар мутолаа қилишга одатланиш кишига мустақил таълим олиш маҳоратига эга бўлишга ёрдамлашади. Ҳозирги кунда мустақил таълим олиш услуби ҳаётий заруратлардан бирига айланиб улгурдики, усиз киши тараққиёт карвонидан ортда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Масалан, телевизорми, телефонми, кир ювиш машинасими ёхуд ҳар қандай техника воситаларидан фойдаланиш учун ҳам ўқиш, зарурий атамаларни билиш талаб этилади. Уларнинг ҳар бирини таништирувчи китоблар бор. Шундай экан, ўқиш бугунги куннинг энг долзарб заруратларидан бири десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Ундан ташқари, киши кўп ўқиган сари билими ошади, ҳамма соҳадан маълум маънода хабари бўлади. Натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

Донолардан бири “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, деган эди. Агар биз ҳам шу нуқтаи назардан ўзимизга баҳо берадиган бўлсак, натижани билиб олишимиз мумкин. Тўғри, бировнинг бошига нуқиб китоб ўқитиб бўлмайди. Бу ҳар кимнинг ўз ҳафсаласи, имкони ва қизиқишига боғлиқ иш. Аммо икки тоифадаги кишилар бизни мутолаага мажбур қилса, ҳаққи бор. Улар: ота-онамиз ва устозимиз. Фарзанди келажагига қайғурган ота-она ва шогирди камолига масъул устозлар агар қўлингизга китоб тутқазиб мутолаага ундашса, бундан фақат хурсад бўлинг. Улар сизга ва келажагингизга бефарқ эмаслар.

Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман васвасаларни киши онгидан қувиб чиқаради. Китоб ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабабларидан воқиф бўлади ва уларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз китоб ўқишга, илм олишга чанқоқ бўлмоғимиз, фарзандларимизни ана шундай руҳда тарбияламоғимиз даркордир. 

Муҳаммадали  Каттабоев,  

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти АРМ мудири

الإثنين, 17 نيسان/أبريل 2017 00:00

Таҳажжуд қандай намоз?

Савол: Ассалому алайкум, Таҳажжуд (тунги намоз) қандай ўқилади: неча ракат бўлади, қачон дуо қилинади ва уни ўқишнинг энг маъқул вақти туннинг қайси вақти?

Жавоб: Таҳажжуд – хуфтон намозидан кейин ёки тунда бир неча соат ухлаб туриб ўқиладиган нафл ибодат. Шу боисдан уни “тунги намоз” ҳам деб атайдилар.  Агар бу намоз туннинг бир қисми ухлаб ўтказилгандан сўнг ўқилса, ана шунга “таҳажжуд” деб аталади. Таҳажжуд намозининг энг ками икки ракат, энг кўпи ўн икки ракат бўлади. Энг афзали, бу намозда ҳар икки ракатдан сўнг салом айтилганидир, деган олимларимиз.

Таҳажжуд қандай ўқилади?

  1. Ният қилинади;
  2. Ҳар икки ракатдан сўнг салом айтиб саккиз ракат ўқилгани маъқул. Бу билан азза-базза тунда уйқудан туриб, таҳорат олиб намоз ўқиган одам саждаларининг сонини кўпайтириб олади;
  3. Ибн Обиддиннинг “Раддул Мухтор” китобида айтилишича, таҳажжудни ҳар тўрт ракатда салом айтиб ҳам ўқиса бўлади.
  4. Таҳажжуд тўрт ракат қилиб ўқилганда тўрт ракатли бошқа намозларга ўхшаб ўқилаверади.

Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу масъият ишлардан қайтаради” (Термизий ривояти), дейилган.  Аллоҳ таоло Расулига хитобан: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79), деб марҳамат қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон қочирмаганлар. Ҳатто оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

Top